1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Икки ёки бир қиз боққан киши

05:00 / 04.03.2017 3380 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу бобда ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари, уларнинг фарзандларига нисбатан маданияти ҳақида сўз юритилади. Албатта, болага меҳр-муҳаббат кўрсатиш, унга нисбатан ўзини масъулиятли деб билиш нафақат инсон зоти, балки барча ҳайвонотга ҳам Аллоҳ таоло ато қилган хислатлардан бири. Аммо бу туғма туйғуни бошқалари каби тўғри ривожлантириш ва ундан тўғри фойдаланиш керак.

Ана ўша масалада Ислом таълимотлари бошқалардан устун туради. Фарзандга нисбатан ота-она қилиши лозим бўлган ишлар Исломда одат мартабасидан ибодат мақомига кўтарилади.

Инсоният тарихининг Исломдан олдинги бос¬қичи–жоҳилият даврида бу масала ҳам бошқалари каби инсон зотига ор-номус бўладиган шармандали ҳолатга келиб қолган эди. Бу борада фақат биргина мисол билан кифоялансак етарли бўлар, деган умиддаман. Жоҳилият аҳли қиз фарзандни ор деб билар ва уни тириклай кўмиб юборишни ўзига эп кўрар эди.

Мазкур жоҳилий одатга қарши ўлароқ Ислом, жумладан, қуйида ўрганиладиган ривоятларда келадиган таълимотларни тақдим этди.

Турли сабабларга кўра ҳаётимизда бир оз эътиборсизликка учраган бу масалани аҳамият билан ўрганишга ҳаракат қилайлик. 


Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Кимнинг учта қизи бўлса, уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади», – дедилар». 

Шарҳ: Бу ҳадисда фарзандга, айниқса қиз фарзандларга яхши қараш, уларни сабр билан ўстириш, едириб, кийинтиришнинг катта савоблиги айтилмоқда. Қизлар кўп бўлса, уларни тарбиялаб, вояга етказиб, жой-жойига қўйиш қийин. Қиз болага тўғри тарбия бериш, одоб бериш, иймон-Исломни танитиш, едириш, ичириш, кийинтириш катта машаққатдир. Бунинг учун ота-онадан улкан сабр талаб қилинади. 

Шунинг учун, ҳадиси шарифда «ким бунга сабр қилса» дейиляпти. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бунга сабр қилган одамларга жаннатни ваъда қиляптилар. 

Албатта, уч қизни туғиб, тарбиялаб вояга етказиш осон иш эмас. Аммо бу машаққатли иш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъда қилаётган мукофотлар ҳам оз эмас. 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Уч қизни тарбиялаш катта савобли иш экани.

2. Қизлар тарбиясида сабр кераклиги.

3. Қизларни кийинтириш савобли иш экани.

4. Қизлар қиёмат куни уларни боқиб катта қилган ота-оналари учун дўзах ўтидан парда бўлишлари.


Шураҳбийлдан ривоят қилинади:

«У киши Ибн Аббосдан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Бир мусулмон кишига иккита қиз берилган бўлса ва у киши қизлари суҳбатини гўзал қилса, бу икки қиз уни албатта жаннатга киритади», деганларини эшитган эканлар». 

Шарҳ: Аввалги ҳадисда «учта қизни тарбияласа» дейилган эди, бу ҳадисда «иккита» дейиляпти. Демак, иккита қизни тарбиялаб, вояга етказиб, ўз вазифасини гўзал равишда бажарган ота-она ҳам, иншоаллоҳ, жаннатий бўлар экан. 


Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Кимнинг учта қизи бўлса, уларни жойласа, кифоясини қилса, раҳим-шафқат қилса, ўша одамга албатта жаннат вожиб бўлади», – дедилар». 

Шунда қавмнинг ичидан бир одам: 

«Ё Расулуллоҳ, иккита бўлса-чи?» – деди.

«Иккита бўлса ҳам», – дедилар». 

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам фарзандларни, айниқса қиз фарзандларни яхши парвариш қилган, яхши тарбия берган, нафақасини ўрнига қўйган кишига жаннат ваъдаси борлигини таъкидлаб келмоқда. 

Бу ҳадиси шарифда аввалги иккала ҳадисдаги маънолар бирданига таъкидланмоқда.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин..У Зот хоҳлаган давоми...

3669 05:00 / 15.02.2017
Уйланишга танланадиган аёлнинг сифатлариСавол Эр уйланиш учун танлаётган аёлнинг қайси сифатларига эътибор бериши керакЖавоб Қуйидаги сифатлар1. Диндор давоми...

3350 05:00 / 15.02.2017
ИЙЛОНИНГ БАЁНИИйлонинг луғавий ва шаръий маъноси Ийло луғатда аҳд қилмоқ, қасам ичмоқ деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда тўрт ой ёки ундан ортиқроқ давоми...

3588 05:00 / 15.02.2017
Бизнинг исломий адабиётимизда ва халқ орасидаги диний сўзлашувимизда ҳам оз бўлсада, .силаи раҳм, истилоҳи ишлатиб келинади. Аслида бу бобдаги .раҳм, сўзи биздаги давоми...

3771 05:00 / 15.02.2017