1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исро ва Меърож мўъжизаси (иккинчи мақола)

18:30 / 07 февраль 3320 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Меърож» луғатда «юқорига кўтарилиш» деган маънони англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул Мақдисдан Сидратул Мунтаҳога – Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишларига айтилади.

Меърожда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом ҳам бирга бўлдилар. Ҳар осмонга етганда у киши эшикни очишларини сўрар эдилар. Қўриқчи фаришталар:

– Ким? – деб сўрашарди. У киши:

– Жаброил, – деб жавоб берардилар. Улар:

– Ёнингдаги ким? – деб сўрашарди. Жаброил алайҳиссалом:

– Муҳаммад, – десалар, Улар:

– Шундайми? У Пайғамбар этиб юборилдими? – дея, эшикни очиб сўрашишарди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар осмонда бир Пайғамбар ва кўплаб фаришталар ила кўришдилар. Шунингдек, жаннат ва жаҳаннамнинг ҳолини кўрдилар. Сидратул Мунтаҳога ўтиб, Аллоҳнинг малакут оламида кўпгина ажойиботларни кўрдилар. Ўшанда беш вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра ортга қайтдилар. Бўлган воқеани борича ул зотнинг ўзлари Умму Ҳониъга айтиб бердилар: «Пайғамбарлар тўпландилар, уларга намоз ўқиб бердим», – дедилар. Сўнгра масжидга чиқмоқчи бўлиб, ўринларидан турдилар. Умму Ҳониъ у кишининг кийимларига ёпишиб олди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сенга нима бўлди? – дедилар. Умму Ҳониъ:

– Агар бу хабарни айтсанг, қавминг сени ёлғончига чиқаришидан қўрқаман, – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ёлғончига чиқарса ҳам майли – дедилар. Чиқиб бориб, Абу Жаҳлнинг олдига ўтирдилар ва Исронинг хабарини унга етказдилар. Шунда Абу Жаҳл:

– Эй Бану Каъб ибн Луай жамоаси, келинглар! – деб бақирди. Сўнгра уларга бўлган гапни айтиб берди. Улар ҳайрон бўлиб, таажжубга тушдилар. Бири қарсак чалса, бошқаси бошини ушлаб, ҳайронлигини билдирди. Иймон келтирганлардан баъзилари диндан қайтиб, муртад бўлди. Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг:

– Ул зот шу гапларни айтдиларми? – деб сўрадилар. Улар:

– Ҳа, – дедилар. У киши:

– Агар ул зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман, – деди. Улар:

– Шомга бир кечада бориб, яна тонг отмай туриб, Маккага қайтиб келишига ишонасанми?! – дейишди. Абу Бакр:

– Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман, – деди. Шундан сўнг Абу Бакрни «Сиддиқ» – Ўта тасдиқловчи деб атай бошладилар.

Одамларнинг ичида Байтул Мақдисга борганлари бор эди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша ердаги масжид, яъни ибодатхонани сифатлаб беришларини талаб қилдилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга масжид кўрсатилди. У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга масжидни – ибодатхонани васф қила бошладилар. Улар:

«Аммо васфини тўғри қилди, – дедилар-да, сўнгра: – Сен бизнинг карвонимиздан хабар бер», – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг карвонидаги туялар сони, аҳволи ҳақида тўлиқ хабар бериб, ниҳоясида:

«Карвон фалон куни қуёш чиқиш пайтида етиб келади. Олдинда кулранг туя бўлади», – дедилар. Ўша куни ҳаммалари шаҳар четига чиқиб, карвон келишини кута бошладилар. Улардан бири:

– Мана қуёш ҳам чиқди, – деди. Бошқаси эса:

– Мана, Аллоҳга қасамки, карвон ҳам кўринди. Олдинда, Муҳаммад айтганидек, кулранг туя келмоқда, – деди.

Аммо, шундай бўлса ҳам, иймон келтирганлари йўқ. Исро ҳодисаси буюк мўъжиза эди.

Аллоҳнинг ҳузурида «меҳмон» бўлиш мушрикларнинг азиятлари чўққисига чиққан пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга катта тасалли бўлди, бу иш туфайли у зотнинг кўнгилларидан тушкун кайфият ариди, умид ниҳоли гуркиради.

Айни чоғда, бу воқеа мусулмону кофир учун синов, имтиҳон ҳам бўлди. Бу имтиҳондан барча саҳобалар ўтишди, кофир-мушриклар эса, яна доғда қолишди.

Қадимда, Бану Исроил ҳам шундай қилган эди. Уларга Аллоҳ томонидан Мусо алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларида, у кишининг руҳий маркази Байтул Мақдис эди. У кишини ҳам Аллоҳ таоло мийқотга чақириб, ўзи билан алоҳида гаплашиб, муҳим нарсаларни тайинлаган эди. Аммо Бану Исроил бунга ишонмади. Қурайшликлар ҳам худди шундай қилдилар. Лекин улар Бану Исроилдан ўрнак олишлари, оқибат нима бўлишини ўйлаб кўришлари лозим эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ меърож кечаси ҳақида шундай деганлар: «Халқ орасида ражаб ойининг 27 кечаси меърож кечаси бўлиб, уни қадр кечаси каби ўтказиш керак, деган гап-сўзлар машҳур бўлиб қолган. Ҳатто баъзилар меърож кечасида ўқиладиган махсус намозлар борлигини ҳам айтиб юришади. Яна айтишларича, меърож кечасида ўқиладиган намозларнинг ҳар бир ракатида фалон, фалон хос суралар ўқилар эмиш. Меърож кечасида одамлар орасида яна қандай тафсилотга эга намозлар машҳур бўлиб кетганини Аллоҳ билади. Ҳар биримиз яхшилаб билиб олишимиз керакки, бу гапларнинг ҳеч бири шариатда бирор асосга суянган эмас. Меърож кечасида буюк воқеалар содир бўлганлигида шак-шубҳа йўқ. Чунки унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга кўтарилиб, у зотга «қурб мақоми», умматларга намоз туҳфаси ато этилган. Ҳеч қандай шаксиз у кеча улуғ кечадир. Ҳеч қайси мусулмон у кечанинг улуғлигига шубҳа қилмайди».

(Тамом)

Манбалар асосида Хуршид Маъруф тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий давоми...

2096 10:00 / 27.05.2019
Келинг, бу илмнинг аҳамияти қанчалик катта эканини ҳис қилиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган маълумотларнинг давоми...

3925 15:06 / 03.07.2019
Ҳофиз Силафий 576 санада жума куни вафот этди. Бир кун аввал, пайшанба куни қуёш ботгунига қадар тинмай ҳадис ўқиди. Жума куни эрталаб бомдод намозини ўқиб, кейин давоми...

1471 08:00 / 30.05.2020
Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳар бир амалимизда йўлбошчимиз бўлгани каби, дўстлик мавзусида ҳам бизга тўғри йўлни давоми...

4281 12:00 / 08.05.2022