1446 йил 23 жумадис сони | 2024 йил 25 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
«Ҳилол» журнали

«Ҳилол» журналининг навбатдаги 2 (23)-сони сотувда

17:36 / 16.02.2021 7197 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мўмин ва мўминанинг илм олиши фарз. Лекин ҳар ким ҳам илм олиш машаққатига бардош бериши мушкул. «Ҳилол» журналининг навбатдаги 2(23)-сонини ва унда берилган ибратли мақола ҳамда суҳбатлар, сиз азиз ўқувчиларни илм олиш йўлидаги машаққатни оз бўлса-да енгиллаштиради деб умид қиламиз. Ўқувчиларга диний-маърифий, ижтимоий-адабий йўналишда маърифат улашаётган «Ҳилол» журналининг бу галги сони ҳам сизни бефарқ қолдирмайди.

Муҳаррир минбари, ҳадис шарҳи, тарих, мулоҳаза, Мовароуннаҳр уламолари, ибрат, жаннат райҳонлари, саломатлик сирлари ва тазкия каби рукнларида берилган илмий ва оммабоп мақолалар бир-биридан қизиқарли маълумотларга бой экани билан ажралиб туради. Жумладан, «Қамровни кенгроқ олинг» сарлавҳали мақола бугунги кундалик ҳаётимизда рўй бераётган воқеаларга теран назар ташлашга ундайди. Хусусан, «...Дунёда ҳамма нарса умумлашиб, оламшумуллик касб этаётган ҳозирги замонда «Менинг уйим энг чеккада, бошқалар билан нима ишим бор!» деган хаёлда ҳамма нарсадан узилиб, фақат ўз муаммоларимиз билан ўралашиб юриш унча хайрли иш эмас. Мусулмон киши фақат ўзини ўйлайдиган худбинлар каби бўлмайди, аксинча динимиз ўзингиз яхши санаган ишни ёки нарсани бошқаларга ҳам раво кўришни таълим беради. Бир мусулмоннинг дардини ўз дардимиз сифатида қабул қилиш, бир халқнинг бошига тушган мусибатдан қайғуриш, дард чекиш фақат Ислом умматига тегишли хислат. Шундай бўлгач, сал қамровни кенгроқ олмаймизми? Ташвишларимиз, қайғуларимиз, дардларимиз, қизиқишларимиз кўламини сал катталаштирмаймизми? Маиший майда-чуйдалар ҳақида бош қотиравермай, умматнинг ночор аҳволи ҳақида ўйлаш муҳимроқ ва зарурроқ эмасмикин?» деган жумлалар ҳақиқатда бугунги оғриқли нуқталаримиз.

Саҳобалар рукни остида Умму Ҳоний (Ҳонеъ) Фотима бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳо ҳақларида билиб оласиз: «...Умму Ҳоний розияллоҳу анҳонинг насаби Расулуллоҳникига бориб тақалади, бу саҳобия у зотнинг амакилари Абу Толибнинг Фаҳита исмли қизи бўлиб, ҳазрати Алийнинг опаларидир. Исми ҳақида турлича фикрлар бор: Ҳинд, Атиқа ёки Фотима деювчилар ҳам бўлган. Лекин энг машҳури Фаҳитадир. У Расулуллоҳдан бир неча ёш кичик, гўзал ахлоқли аёл эди».

Шунингдек, бу галги «Ҳилол» меҳмони Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар «Қориравот» жоме масжиди имом-хатиби Сайдулло домла Рўзиев билан «Аллоҳ ёмон кўрадиган ҳалол талоқдир» мавзусида суҳбат уюштирилиб, оила ва талоқга оид муҳим савол-жавоблар ҳақида сўз юритилган. Жумладан, «...Ёшларга насиҳатимиз Аллоҳ таолонинг ҳукми ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари билан ҳалол-покиза қилиб олган жуфти ҳалолларини бир оғиз сўз орқали ўзларига ҳаром қилиб қўйишмасин. Албатта, ҳаётда ҳар хил ҳолат бўлади. Шунда дарҳол тилимизга талоқ сўзини олмайлик. Кейинги пушаймондан фойда йўқ. Қанча-қанча йигитлар ўртада фарзанд бор, деб йиғлаб келишади. Чунки талоқ айттиргандан кейин шайтон уни ўз ҳолига ташлаб қочиб кетади. Хатосини тушуниб етганда эса кеч бўлади. Шайтоннинг энг катта ютуқларидан биттаси оилада талоқ сўзини айттириш, эр-хотиннинг ўртасини ҳаром қилиш бўлар экан.

Демак, талоқ қўйган йигит билсинки, у шайтоннинг айтганини бажо келтирди, унга ёрдам берди, уни семиришига хизмат қилди. Шайтонни хурсанд бўлишига хизмат қилди. Хотин унга ҳаром бўлганидан кейин ҳам у билан яшашда давом этган киши Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг ҳудуди-чегараси бузган бўлади. Унинг оқибати яхшилик билан тугамайди», деб фикр-мулоҳазаларини баён этади суҳбатдош.

Олимжон Мазамов тайёрлаган «Дин барчамизники эмасмиди?» мақоласи кишини мулоҳазага чорлайди. «...Майли, фарзандимизга Қуръонни имом ё устоз ўргатсин. Аммо уларнинг ҳақиқий устози, мураббийи бўлишга, уларни мўмин қилиб вояга етказишда ҳар биримиз жавобгармиз. Барчамиз чўпонмиз, қўл остимиздагиларга масъулмиз. Барчамиз устозмиз, барчамиз имом, барчамиз муаззин, барчамиз мураббиймиз. Бунинг учун диплом, ваколат шарт эмас. Билмаган нарсамизга аралашмай, билганларимизни ўргатиб, ҳаётга татбиқ қилсак, шунинг ўзи кифоя... Бу вазифалар учун устоз бўлиш, ҳукуматдан ваколат кутиш шартми? Динни ёйиш учун мусулмон киши мусулмон бўлаётганида берган сўзлари билан ваколатли бўлган эмасмиди?!» деган жумлалар ўқувчини мулоҳаза юритишга чорлайди.

Айниқса, муслималар саҳифаси бўлимида устоза Одинахон Муҳаммад Содиқнинг «Китоб ўқи жон қизим» сарлавҳали мақола қизларимиз учун айни муддао бўлиб, унда қандай китоб ўқиш кераклиги ҳақида тавсиялар берилган. Мисол учун «Қизалоғим! Фаол, гўзал ахлоқли, дунёқараши кенг, атрофдагиларга таъсир эта оладиган инсон бўлишинг учун китобингга қайт! Анчадан бери бепарво ташлаб, ҳижронга қўйганингдан китобинг шикоят қилмоқда. Унга қулоқ тут, уни энг яқин дўстингга, бир умрлик ҳамроҳингга айлантир!.. Лекин баъзи таклиф ва мулоҳазалар борки, агар улар амалга ошса, юртимиз равнақига, унда истиқомат қилувчи аёл-қизлар турмуш даражасининг кўтарилишига ёрдам бериши шубҳасиз. Мисол учун, ўспирин қизларнинг таълим-тарбиясида, шахсиятини ривожлантиришда, маънавиятини шакллантиришда катта аҳамиятга эга бўлган илмий-амалий курслар очилса, улар қадрятларимизни, дину диёнатимизни, ахлоқимизни ва қизларимизни асрашга хизмат қилади. Шунингдек, аёллар орасида китобхонлик кечаларининг ўтказилиши, китоблар, мақола ва шеърлар ёзиш бўйича мусобақалар уюштирилиши, уларнинг электрон сайтларда фаол иштирок этиши. Бундай тадбирлар хоҳ аёлларга хос мавзуларда бўлсин, хоҳ умумий муаммолар хусусида бўлсин, ёшларни маълум мақсад сари юзлантириб, уларнинг ахлоқи ва таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз».

Бундан ташқари «Масжидга кетаётганда ўқиладиган дуо, «Шайх Исмоил Махдум Мулла Сатти Охунд ўғли», «Яхшилик ерда қолмас», «Занжабилнинг шифобахш хусусиятлари», «Мусулмоннинг таърифи», «Ўзбеклар ва Россия мусулмон уммаси», «Улкан минорали муҳташам масжид» сарлавҳали мақолалар ўрин олган. Танлов бўлимида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг олти жилдлик «Тафсири Ҳилол» китобларидан таъсирланган Раъно Содиқованинг дил кечинмаларини қоғозга туширилган.

«Мана ўн бир йилки деярли ҳар куни «Тафсири Ҳилол»ни варақлайман. Ҳар сафар улкан-улкан маънавий озуқа, ҳаловат, руҳий қувват оламан. Тафаккурим ўсишида, Ислом динимизга оид билимларим ортишида, дунёқарашимнинг тўғри шаклланишида айнан ватандошимиз, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ўрни беқиёс бўлганини айни дамда жуда яхши биламан.

Ҳаётимнинг ўша қийин дамларида айни «Тафсири Ҳилол» асари билан танишишим, уни қўлимга олишим меҳрибон Аллоҳнинг менга кўрсатган марҳамати, фазли эканини ва Қуръони Карим маъноларининг ҳикматларига ошно этиш орқали Роббим мен учун улкан неъматларидан бирини насиб этганини мулоҳаза қиламан», дея муаллиф ўз кечинмаларини баён этади.

Мухтасар қилиб айтганда, журналнинг 2(23)-сони залворли ва ранг-баранг. Бу эса, иншааллоҳ, ўқувчида қониқиш ҳиссини уйғотиб, унинг маънавий камолотига хизмат қилади.

Хуршид Маъруф тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Журналимизнинг ушбу сони илм ва унинг фазилатларига баҳғишланадиЯқинда Қашқадарёдан бир отахон кўнғироқ қилиб, журналимиз ҳақида фикрмулоҳазаларини айтиб давоми...

6361 17:13 / 15.10.2019
Журналимизнинг ушбу сони илм ва унинг фазилатларига баҳғишланадиДинимиз ҳамиша илм олишга тарғиб қилиб келган. Қуръони Каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам давоми...

5161 17:13 / 16.09.2019
Журналимизнинг ушбу сони Қуръон ва унинг фазилатларига бағишланади Мусулмонлар орасида Қуръони Карим сураларини ёд олмаган, уни қироат қилолмайдиган ёки эшитиб давоми...

5082 17:12 / 15.08.2019
Дунё тарихида оддий ҳақиқатнинг бири шуки, илму фансиз ҳеч бир юрт, ҳеч бир халқ, ҳеч қандай жамият тараққиётга эриша олмайди. Ислом маданиятининг гуллабяшнаши, давоми...

2643 15:22 / 15.05.2019