1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Мерос: Аллоҳ таолонинг адолати ва одамларнинг бировлардан кўрган зулмлари

16:00 / 11.11.2021 2170 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

لِّلرِّجَالِ نَصِيبٌ مِّمَّا تَرَكَ الْوَالِدَانِ وَالْأَقْرَبُونَ وَلِلنِّسَاءِ نَصِيبٌ مِّمَّا تَرَكَ الْوَالِدَانِ وَالْأَقْرَبُونَ مِمَّا قَلَّ مِنْهُ أَوْ كَثُرَ ۚ نَصِيبًا مَّفْرُوضًا۝

«Эркаклар учун ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Аёллар учун ҳам ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Озидан ҳам, кўпидан ҳам. Фарз қилинган насиба ўлароқ» (Нисо сураси, 7-оят)/

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мерос масаласини батафсил баён қилиб берган. Кимлар мерос олади, кимга қанча улуш тегади, ҳаммасини очиқ-равшан таълим берган. Мерос масаласи Роббимиз томонидан тўла-тўкис баён этилган.

Мусулмон бўлмаган давлатларда мерос масаласи стамкор урфлар ёки зулмдан иборат васиятлар орқали бошқарилади. Ана шундай стамкор урфларга мисол тариқасида катта ўғилнинг бир ўзига мероснинг ҳаммаси берилишини, оиланинг бошқа аъзолари мерос олишда шерик қилинмаслигини айтиб ўтамиз. Бундай урф яқингача Британияда устувор эди. Бундай низомда катта ўғил, мол, обрў, лақаблар ва салтанатни эътирозсиз бир ўзи олади. Бу зулм оиланинг бошқа аъзоларини ўша катта ўғилдан қутулиш учун тил бириктириб, фитна уюштиришига ундар эди.

Васият эса гоҳида ўзининг зулмкорлиги, стамкорлигида жорий урфлардан ҳам ошиб тушарди. ОАВ ўз бойлигини ўзи тарбия қилган итга ёки мушукка ёки бўлмаса хизматини қилган ходимига ёхуд никоҳсиз муносабат ўрнатган аёлга васият қиладиган бойлар ҳақида бизни тез-тез хабардор қилиб туради. Ваҳоланки, ўша бойларнинг фарзандлари, оила аъзолари, қариндошлари очликдан қийналаётан бўлади.

Аммо улуғ Ислом дини мерос қолдирувчи кишига қолдираётган меросининг учдан бири миқдорида васият қилиш ҳуқуқини берган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ворисга васият қилиш йўқ» деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, «Молимни итга беринглар» деганга ўхшаш дин, ақл ва соғлом мантиқ кўтармайдиган васиятлар ҳам жоиз эмас.

Исломда мерос масаласи Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб, белгилаб берган масала бўлиб, уни ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Мерос қолдирувчи одам ворисларидан бирортасини мерос олишдан маҳрум қилишга ҳаққи йўқ. Мерос қолдирувчининг молида ворис учун Аллоҳ таоло белгилаб берган ҳақ бордир. Ворисларнинг ёши катта ёки кичиклигининг, кучли ёки заифлигининг аҳамияти йўқ.

Ислом дини аёлни икром қилиши мерос масаласида ҳам кўринади. Аёл киши эри ҳаётлик пайтида маҳрини тўлиқ олмаган бўлса, эри вафот этгач, маҳрининг қолган қисмини олиш ҳаққи бор. Бу жараён мерос тақсимланишидан олдин бўлади. Ушбу маҳрнинг қолдиғининг аёлнинг меросдаги улушига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шундай қилиб, аёл киши эри вафот этгач, ҳам маҳрининг қолган қисмини олади, ҳам меросдан улуш олади. Бу Ислом динининг аёлга кўрсатган икромидандир.

Аммо мусулмон кишининг тириклик чоғида бировга ҳеч нарса тамаъ қилмай берадиган нарсаси ҳадя дейилади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан қўрқинглар ва фарзандларингиз орасида адолат қилинглар»дедилар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингиз орасида ҳадя беришда тенг тутинглар. Агар бирор кишини устун қўйганимда, аёлларни устун қўйган бўлардим» дедилар.

Бу Аллоҳ таолонинг набий ва расулларнинг сўнггиси бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган динидир! Аллоҳ таоло Қуръони Каримни қиёматга қадар ваҳий тили бўлмиш араб тилида сақлашини баён этган. Қуръони Каримнинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас.

Бизга Ислом неъматини берган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин! Бизга Қуръони Карим неъматини ато этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Бизга инсонларнинг энг яхшисини Пайғамбар этиб юборган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар ва шукрлар бўлсин! Севикли Пайғамбаримизга, у зотнинг оли байтлари ва саҳобаларига ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қиёматга қадар яхшилик билан эргашганларга Аллоҳ таолонинг саловоти, саломи ва баракоти бўлсин!

Доктор Зағлул Нажжорнинг мақоласи асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ бир кишидан сўрадиЁшингиз нечадаУ .Олтмишда, деб жавоб берди.Фузайл .Сиз олтмиш йилдан бери Роббингиз томон юриб, Унга етишингизга оз давоми...

4921 19:00 / 23.10.2022
1933 йилда Франклин Рузвельт Америка Қўшма Штатларига президент этиб сайланди. У пайтлар Америкага ҳавас қилиб бўлмас эди. Мамлакат ҳар томонлама касодга учраган давоми...

1835 16:00 / 29.10.2023
Тиббиёт соҳаси тараққий этиши натижасида бугунги кунда тана аъзолари, ички органларни ўзгаларга кўчириб ўтказиш амалиёти дунёнинг кўплаб давлатларида давоми...

1599 11:03 / 11 январь
Фараз қилинг, ёзнинг бир кунида қумлоқда кетяпсиз. Қуёш пешона, қўл ва елкаларимизни қиздираётган бир пайтда денгиз суви оёқларимиздан салқинлик юборади. .Қизиқ, давоми...

1555 14:31 / 18 июнь