1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Мусибатда айтиладиган нарса

05:00 / 01.03.2017 7031 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар.

Ана ўшаларга Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир», (Бақара, 156—157) деган.


Шарҳ: Албатта, беморлик ҳар бир банда учун мусибат ва синовдир.

Катта масъулият қийинчиликларини кўтара олиш учун турли синовлардан ўтиш керак. Қийинчиликларда, синовларда одам тобланади. Ушбу оятдан олдин келган ояти каримада ўша синовлардан баъзилари саналди.

«Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз».

Қўрқинч деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нави синовидир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло мол-мулкка: ўғри олиш, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон, яқин кишиларни, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан, меваларга офат етказиш, мусибат билан синаб кўрамиз, дейди. Бошга бундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб кўрсатма бермоқда:

«Ва сабрлиларга башорат бер.

Улар мусибат етганда, «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар».

Демак, мусибат етганда мусулмон киши сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:

«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтишни қисқача «истиржоъ» дейилади. Эътибор қилинса, истиржоъда улкан маъно ётибди.

«Албатта, биз Аллоҳникимиз», яъни, барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани, қачон, қандай тасарруф қилишни Ўзи билади.

«Ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни, эртами-кечми барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам. Шу боис истиржоъга кўп савоблар ваъда қилинган.

Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак. Мусибат етгандан кейин дарҳол истиржоъ айтиб, сабр қилиш керак, ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиши керак.

Юқорида зикр этилган машаққатларга сабр қилиб, истиржоъни айтиб, унинг маъносини ақида этиб яшашнинг мукофоти келаси оятда зикр қилинади:

«Ана ўшаларга Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир.

Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб Аллоҳнинг саловотлари, меҳр-шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар дои­мо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақиданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Қайси бир бандага мусибат етганда «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун» деса ва сўнгра «Аллаҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойром-минҳа» (Эй Аллоҳим, менга мусибатимда ажр ва унинг ўрнига яхшироғини бергин) деса, албатта, Аллоҳ унга ажр беради ва унга бунинг ўрнига яхшироғини беради», деганларини эшитдим.

Абу Салама вафот этганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга амр қилганидек айтдим. Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхши зотни, Расулуллоҳни берди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда юқорида ўрганиб чиққан ояти каримамизнинг истиржоъга «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун»ни айтишга тегишли қисми таъкидланиб келмоқда. Ҳа, мўмин-мусулмон ўзига мусибат етганда ҳам ёки баъзи ҳадиси шарифларда айтилганидек, оёқ кийимининг ипи узилганида ҳам истиржоъ айтмоғи лозим. Ундан сўнг эса ушбу ривоятда келаётган дуони ўқиши керак:

«Аллоҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойром-минҳа» (Эй Аллоҳим, менга мусибатимда ажр ва унинг ўрнига яхшироғини бергин).

Бунда етган мусибатга сабр қилиш, Аллоҳнинг иродасига таслим бўлиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан энг оғир пайтларда ҳам ноумид бўлмаслик сифатлари мужассам бўлган.

Ушбу ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятларида Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:

«Абу Салама вафот этганида, истиржоъ айтдим ва ҳалиги дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча, менга Абу Саламадан яхшироқ эр қайда, дедим. Иддам чиққандан сўнг Расулуллоҳ келиб киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У зотга ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлатилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг, менга уйланмоқчи эканликларини айтдилар. У зот гапларини тугатгач, мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, сизга ёқмайдиган нарса мендан содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Сўнгра ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим бор», дедим. Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», дедилар. Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни — Расулуллоҳни берди».

Умму Салама онамиз, бир эр бўлса Абу Саламачалик бўлар, мен бу дуони ўқисам ундан яхшироқ эр насиб қилармиди, деб дуони ўқимай қўйишлари ҳам мумкин эди. Лекин ўша хаёл ўтган бўлса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига амал қилиш иштиёқигина у дуони ўқишга ундади ва ўзлари кутмаган томондан Аллоҳ таоло у кишига дунёдаги энг афзал эрни ато этди. Шунинг учун динимиз амрларини суриштирмай амалга оширишга ҳаракат қилиш керак. Фақат шунда тўлиқ саодатга эришилади.


Дуолардаги Термизийнинг лафзи қуйидагича:

«Қачон бирингизга мусибат етса, «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун. Эй бор Худоё! Мусибатим савобини Ўз ҳузурингда ҳисоб қилгин. Ундан менга ажр бергин. Унинг ўрнига менга ундан яхшироғини бергин», десин.

Абу Салама ўлими олдидан: «Эй бор Худоё! Аҳлимга мендан яхши ўринбосар бергин», деди.

У қабз қилингандан сўнг Умму Салама, «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун. Мусибатим савобини Аллоҳнинг ҳузуридан умид қилурман. Ундан менга ажр бергин», деди. Аллоҳ иккисидан қабул қилди ва иккисига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни берди».

Шарҳ: Бу ерда аввалги ривоятнинг бир оз тафсилоти билан, хусусан, дуо қисмидаги бир оз ўзгариш билан келтирилмоқда. Бу масалада гапни чўзиб ўтирмаймиз. Чунки бу ҳақда жаноза бобида батафсил сўз юритганмиз. Фақат беморлик етган одам ушбу дуоларни такрорлаб туриши зарур эканини таъкидлаб қўймоқчимиз, холос.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг тилимизда розиликrdquo, рози бўлишrdquo шаклида ишлатиладиган маъно арабчада ризо дейилади ва сахат ndash норозиликнинг тескарисини англатади. Ризонинг давоми...

4403 05:00 / 02.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ходимингиз таомини олдингизга олиб келса, уни ҳам ўтиришга таклиф қилсин. давоми...

2918 05:00 / 03.03.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир иш қилдилар. Кейин бунга рухсат бердилар. Бир қавм ундан ўзини олиб қочди. Бу Набий давоми...

2953 05:00 / 03.03.2017
Ахлоқ ҳақида суҳбатлар Кўпинча ўзаро суҳбатлар чоғида ҳозирги пайтдаги Ислом оламининг таназзули, мусулмонларнинг тараққиётдан орқада қолиб кетаётгани, давоми...

7886 10:40 / 04.08.2020