1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Қамровни кенгроқ олинг...

15:00 / 11.02.2021 1970 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон табиатан жуда қизиқ, ажабтовур хилқат. Унга на иссиқ ёқади, на совуқ, на тўқлигу, на очлик. Сал машаққатга чидамай, дарров «оҳ-воҳ»ни бошлайди. Қаттиқ хурсандчиликдан юраги ёрилиб ўлганлар ҳам бор. Худди шу каби айримлар жуда катта, оламшумул ғоялар қанотида парвоз қилиб юрса, бошқалари жуда арзимас, капалак қанотича ҳам қиймати бўлмаган муаммолар атрофида ўралашиб қолган.

Кундалик ҳаётимизга бир назар солинг. Ҳасрат ва нолишларимизнинг мазмунига бир қулоқ тутинг. Хунобимизни ошириб юрган муаммоларимизни бир таҳлил қилиб кўринг. Ана шунда нима демоқчи бўлаётганим бир қадар ойдинлашади.

Ташвишини қилиб, азият чекиб юрган муаммоларимиз ҳам фикрлашларимизга ўхшаб жуда «оламшумул». Қайғуриб, фиғон чекиб сўзлаётган дардларимиз аслида ҳеч нарсага арзимайдиган жўн ва сунъий кўринади. Атрофимиздаги яқинларимизга қилаётган муносабатларимиз ҳеч қайси қуюшқонга сиғмайди. Майда-чуйда икир-чикирларга ўралашиб, ўзимиз ҳам тобора майдалашиб боряпмиз. Шунга яраша фикрларимиз ҳам, дунёқарашларимиз ҳам, ҳаётга нисбатан муносабатларимиз ҳам майда-майда бўлиб боряпти.

«Газнинг нархи ошармиш, шунинг пулини тезроқ тўлаб қўйишим керак», «Кўчалардаги асфальт қор-ёмғир туфайли унда-бунда тешилиб кетибди, йўл идоралари қаёққа қараяпти экан?», «Ўғлим яна мактабидан ремонтга пул сўраб келибди, ремонти тугайдими ўзи?», «Электр тез ўчадиган бўлиб қолди, шам келтириб қўйиш эсдан чиқмасин», «Нонуштага сариёғ ва шакар тугади, дейсанми, нима бало болалар нон ўрнига ҳам сариёғ еяптими?», «Ҳозирги пайпоқларнинг сифати бунча расво, икки ҳафтага ҳам етмайди-я!» ва ҳоказо.

Агар бошимизни қотириб, оромимизни ўғирлаётган муаммоларни бир четга суриб, масалага сал кенгроқ қарайдиган бўлсак, иш биз ўйлагандан бошқачароқ экани маълум бўларди. Сиз электр ўчишидан нолиб турган бир пайтда дунёнинг жуда кўп ўлкаларида умуман электр нималигини билмаётганлар борлиги ҳақида бир ўйлаб кўринг (масалан, шундоқ қўшнимиз Афғонистон, Африка каби давлатларда). Сиз сариёғ ёки шакар тугаганидан ҳасрат қилиб турган бир пайтда жаҳоннинг жуда кўп ерларида бир бурда қора ноннинг ўзи учун эртадан кечгача икки букилиб ишлайдиганларнинг борлигини бир эслаб қўйинг. Болангизнинг мактабига ремонт пулини беришга қорнингиз «оғриб турганида» ер юзида миллионлаб болаларнинг ўқиш-ёзишни ўрганишга имкон топа олмаётганини биласизми? Сиз беш кишигина яшайдиган уйингизда тартиб ўрната олмаётганингиздан фиғонингиз фалакка ўрлаётганида бу кўҳна заминнинг турли жойларида қатлиом урушлари бўлиб, минглаб, миллионлаб одамларнинг ҳаёт шоми сўнаётгани билан қизиқиб кўрдингизми? Сиз ўғлингизнинг бир сафар ёмон баҳо олганидан куйиниб турганингизда жаҳоннинг турли бурчакларида миллионлаб мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва нафсониятлари поймол этилаётгани ҳақида озгина бош қотириб кўрдингизми?

Ўқиётган нарсаларимиз ҳам майдалашиб кетган: сон-саноқсиз қўшиқчиларнинг (санъаткорларнинг эмас!) нима еганию нима кийгани, боғча боласига мўлжалланган «бошқотирма»лар ва таги-туги йўқ «мунажжим башорати». Қизиқишларимиз ҳам майдалашган: об-ҳаво, бозордаги нарх-наво, кайфу сафо ва қўшиқ-наво... Суҳбатларимиз ҳам жўнлашган: ё бировнинг ғийбати, ё бошқанинг шуҳрати, ё қўшнининг кулфати, ё ғанимнинг нафрати...

Дунёда ҳамма нарса умумлашиб, оламшумуллик касб этаётган ҳозирги замонда «Менинг уйим энг чеккада, бошқалар билан нима ишим бор!» деган хаёлда ҳамма нарсадан узилиб, фақат ўз муаммоларимиз билан ўралашиб юриш унча хайрли иш эмас. Мусулмон киши фақат ўзини ўйлайдиган худбинлар каби бўлмайди, аксинча динимиз ўзингиз яхши санаган ишни ёки нарсани бошқаларга ҳам раво кўришни таълим беради. Бир мусулмоннинг дардини ўз дардимиз сифатида қабул қилиш, бир халқнинг бошига тушган мусибатдан қайғуриш, дард чекиш фақат Ислом умматига тегишли хислат. Шундай бўлгач, сал қамровни кенгроқ олмаймизми? Ташвишларимиз, қайғуларимиз, дардларимиз, қизиқишларимиз кўламини сал катталаштирмаймизми? Маиший майда-чуйдалар ҳақида бош қотиравермай, умматнинг ночор аҳволи ҳақида ўйлаш муҳимроқ ва зарурроқ эмасмикин?

«Ҳилол» журналининг 2(23) сонидан

Манба
"Ҳилол" журнали
Мавзуга оид мақолалар
Сўнгги пайтларда Селфиrdquo деган қилиқ роса оммалашди. Селфи selfie аслида инглизча сўз бўлиб мен ўзимrdquo, ўзим ўзимниrdquo деган маъноларни билдиради. Яъни, давоми...

3185 08:05 / 07.10.2018
Эй Одам болалари Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси ndash ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг давоми...

6525 11:00 / 12.07.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган.Ойни эса, токи эски хурмо шингили ҳолига қайтгунга қадар манзилларини бичиб қўйганмиз,. Ясийн сураси, 39оят.Шарҳ давоми...

2285 15:30 / 05.02.2022
Усмонлилар ҳукмронлиги даврида ажойиб одатлар, одобахлоқлар халқнинг турмуш тарзига сингиб кетган эди. Шулардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.Сув давоми...

4139 11:00 / 05.06.2022