1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Яхшиликка ташаккур айтиш

05:00 / 04.03.2017 5422 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
» деган (Роҳман, 60 - 61).


Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир. Бу оятдаги биринчи зикр этилган эҳсон бандадан бўлиб, иккинчиси Аллохдандир. Бандадан бўладиган эҳсон Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатида собитқадам бўлишлик билан юзага чиқса, Аллоҳнинг эҳсони ўша бандани жаннатга киритиш билан бўлади.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эҳсон—Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, албатта, У сени кўриб турганидек, ибодат қилмоғинг», деганлар.

Демак, мўмин киши ҳар лаҳзада, ҳар ҳаракат ва саконотда Аллоҳ таолонинг назаридан четда қолмаслигига тўла ишонган ҳолда яшамоғи, шундан келиб чиққан ҳолда ўзини тутмоғи зарур. Ана Шунда ўзи қилган ҳар бир яхшиликка яраша мукофот олади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур қилмайди», дедилар
».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Одамларга ташаккур қилмаган Аллоҳга шукр қилмайди», дейилган.

Шарҳ: Аллоҳ таолонинг яхшилигини билмаган нобакор банданинг яхшилигини билармиди! Бундай нусхалар доимо ва ҳар кимга нисбатан ношукр бўладилар. Аллоҳ таоло ўшалардан бўлишдан Ўзи асрасин! Омин!


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимга бир ато берилса, топса, унга яраша қайтарсин, топмаса, мақтов айтсин. Ким мақтов айтса, батаҳқиқ, шукр қилибди. Ким беркитса, батаҳқиқ, куфрони неъмат қилибди», дедилар
».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Бир жамиятда яшайдиган кишилар орасида бир-бирига маъруф иш - яхшилик қилиш Исломнинг муомала бобидаги бош таълимотларидан ҳисобланади.

Маъруф иш ҳадя бериш, қийин ҳолатда ёрдам бериш, обрўсини ҳимоя қилиш ва шунга ўхшаган мусулмонлар бир-бирларига қиладиган барча яхшиликлардир.

Бир одам иккинчисига маъруф иш қилди. Иккинчиси, яъни, бировнинг яхшилигидан баҳраманд бўлган одам бу ҳолатда ўзини қандай тутиши лозим?

Саволнинг жавоби ушбу ўзимиз ўрганаётган ҳадиси шарифда келмоқда.

«Кимга бир ато берилса, топса, унга яраша қайтарсин».

Ҳар бир яхшилик кўрган одам ўзига яхшилик қилган кишига унинг қилган яхшилиги учун мукофот бериши исломий одоб тақозоси экан. Ҳадя берганга жавоб ҳадяси берсин. Бошқача яхшилик қилганга ҳам қўлидан келганича мукофот бўладиган нарсани такдим қилсин.

«...топмаса, мақтов айтсин. Ким мақтов айтса, батаҳқиқ, шукр қилибди. Ким беркитса, батаҳқиқ, куфрони неъмат қилибди».

Мукофотга берадиган нарсаси бўлмаган чоғда бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам ўз миннатдорчилигини билдирсин. Ташаккур сўзлари қилинган яхшиликнинг шукри бўлади.

Агар шу сўзни ҳам айтмаса, унда мазкур одам яхшиликнинг тенги эмаслиги намоён бўлади. У ўзига етган неъматга куфрони неъмат қилган бўлади. Бу иш мусулмон киши учун зинҳор тўғри келмайди. Бу Ислом одобига зид нарса.

Бу ҳадиси шарифга амал қилароқ бировдан бирор ҳадя ёки совға олган киши ўша олган нарсасига яраша жавоб ҳадяси ва совғаси қилиши керак. Агар бергани бирор нарса топмаса, ўзига ҳадя берган киши ҳаққига яхши сўзлар айтмоғи керак.

Бошқача қилиб айтганда, яхшилаб ташаккур айтиши лозим. Агар шуни ҳам қилмаса, ўзига етган неъматга куфрони неъмат қилган бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1.    Ҳар бир маъруф қилган кишига мукофот бериш одобданлиги.

2.    Маъруф иш қилган одамга берадиган мукофоти бўлмаса, унга ташаккур сўзларини айтиш лозимлиги.

3.    Қилинган яхшилик эгасига мақтов сўзларини айтиш шукрона экани.

4.    Қилинган яхшилик эгасига мақтов сўзларини айтмаслик куфрони неъмат экани.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида муҳожирлар у зотнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Расулуллоҳ, биз ичларига келганимиз қавм каби кўп бўлса, сероб қиладиган ва оз бўлса, гўзал муомала қиладиган қавмни кўрмаганмиз. Етарли маишатнинг кифоясини қилишяпти. Фароғатга бизни шерик қилишяпти. Ҳатто ажрнинг ҳаммасини булар эгаллаб олмасалар эди, деб хавфсираб қолдик», дейишди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди», дедилар
».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Ансорийлар муҳожирларга инсоният тарихида мисли кўрилмаган яхшилик қилишди. Ҳижрат қилиб келганларида уларни очиқ қалб билан кутиб олдилар, уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминладилар.

Ансорийлар муҳожирларнинг барча эҳтиёжларидан хабар олиб туришган, уларга уйларининг ярмини бўлиб беришган. Ҳатто баъзи ансорийларнинг иккита хотини бўлса, эй биродар, хотинларимдан бирини танла, мен талоқ қилай, сен унга уйлангин, деган ҳолатлари ҳам бўлган.

Инсоният тарихида ҳеч бир қавм ансорийлар муҳожирларга қилган яхшиликни қилмаган. Ана шундай улуғ амалларни қилган ансорийларни кўриб, муҳожирлар, ансорийлар ажрсавобнинг ҳаммасини олишди, деган фикрга боришган ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга изҳор қилишган экан

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди», деб жавоб берганлар.

Шунинг учун биров яхшилик қилса, ҳеч бўлмаганда унинг ҳаққига дуо қилган одам ҳам савоб олар экан. Бу Ислом маданиятининг намуналаридан бири экан. Чунки одамларнинг яхшилигига шукр қилмаган, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Бу амал жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамланишига ҳам омил бўлади.

Демак, ўзига яхшилик қилиб турган кишига ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб туриш матлуб амалдир.


Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимга бир яхшилик қилинса ва у ўша яхшиликнинг қилувчига «Жазокаллоҳу хойран-Аллоҳ сени яхшилик ила мукофотласин» деса, баҳтаҳқиқ, мақтовни охирига етказган бўлади», дедилар
».

Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

Шарҳ: Худди шу ҳадиси шарифнинг маъноларига ўхшаш маънолар бошқа ҳадиси шарифларда ҳам келган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким сиздан Аллоҳ номи ила паноҳ сўраса, паноҳ беринглар. Ким сиздан Аллоҳ номи ила сўраса, сўраганини беринглар. Ким сизни даъват қилса, ижобат қилинглар. Ким сизга яхшилик қилса, мукофотини беринглар. Агар уни мукофотлайдиган нарсани топа олмасангиз, токи уни қилганига яраша мукофотладим дегунингизча ҳаққига дуо қилинг», дедилар.

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмонлар томонидан ўз дин қардошларига қилинадиган баъзи яхшиликлар зикри келмоқда.

«Ким сиздан Аллоҳ номи ила паноҳ сўраса, паноҳ беринглар».

Яъни, бирор киши ўзига етган зарарни даф қилишда сиздан Аллоҳ таоло учун ёрдам сўраса, унга ёрдам беринг. Дарҳақиқат, мусулмонлар бир тананинг аъзолари, биттасининг бошига тушган мусибат, ҳаммасининг бошига тушган мусибатдир. Шунинг учун ўз биродарларидан бирига етган зарарни даф қилиш учун дарҳол ҳаракат қилишлари лозим.

«Ким сиздан Аллоҳ номи ила сўраса, сўраганини беринглар».

Шунда Аллоҳнинг номини эҳтиром қилган бўласиз.

«Ким сизни даъват қилса, ижобат қилинг».

Тўй, маросим ва зиёфатга чақирса, албатта, боринг.

«Ким сизга яхшилик қилса, мукофотини беринглар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари у зотга ҳадя берган одамга, албатта, бирор нарса бериб мукофотлар, бирор нарса топа олмасалар дуо қилар эдилар.

Ушбу тўрт ишнинг жамият аъзолари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, дўстлиқ ўзаро муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳнинг .Мухтасару тарихи Димашқ, асарида келади.Абдуллоҳ ибн Зиёд вафот қилганида унинг хотини Ҳинд.Унинг юзини кўриш учун қиёматга давоми...

1279 11:00 / 25.01.2023
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар, сокинлаштиринг, нафрат давоми...

3415 05:00 / 03.03.2017
Тилни қабоҳатли гапсўзлардан тиймоқ ҳар бир инсон учун фарзи айндир. Чунки бу нарса катта гуноҳдир.Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .Набий саллаллоҳу алайҳи давоми...

3392 05:00 / 02.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мусулмонга қай бир мусибат ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, давоми...

4020 05:00 / 01.03.2017