1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Изн сўраш ҳақида

05:00 / 04.03.2017 4252 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз.

Бас, агар у(уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманг. Агар сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир», деган (Нур, 27 — 28).

Жоҳилият даври арабларида кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига эрталабки салом, кечки салом, деб тўғри кириб боришаверарди. Уйда аёллар борлиги, уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари мумкинлиги ҳеч мулоҳаза қилинмасди. Бу эса, ўтакетган беодоблик ва турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолат эди. Шунинг учун ҳам Исломда ушбу ояти карима билан ҳар бир шахснинг ҳурмати, уйнинг дахлсизлиги ҳаққи собит этилди. Исломда биров яшаб турган жойга бошқа шахснинг, ким бўлишидан қатъи назар, ўша жой соҳибининг изнисиз киришга ҳаққи йўқ.

«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг».

Ушбу ояти каримага биноан, бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам уй эгасининг изни билангина ва у ердагиларга салом бериб кирмоғи лозим.

Шундай қилсалар, мўминларнинг ўзлари учун яхшидир.

«Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз».

Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилса,ина, турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Икки томон ҳам ҳижолатга тушади. Балки хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Баъзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши, устига бегона эркак кириб, орада иғво, бўҳтон, фитна чиқиши мумкин. Ёки, аксинча, ёлғиз эркак олдига бегона аёл киши кириб қолиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатлардан доимо узоқ бўлиш керак.

Исломда нафақат бировнинг уйига рухсатсиз кириш, балки назар солиш ҳам, ҳатто мактубини изнсиз ўқиш ҳам таъқиқланади.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар», деганлар.

Имом Абу Довуд ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади», деганлар.

Ушбу икки ҳадиси шарифдан Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилиниши кўриниб турибди. Бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёкда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас. Чунки кўз ташлаган одам ичкарида уй эгаси, унинг аҳли аёлини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқалардан сир тутган нарсаларидан воқиф бўлиб қолиши мумкин. Яна бошқа кўпгина ноқулай ҳолатлар вужудга келиши эҳтимоли бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бировнинг ҳовлисига рухсатсиз назар солган одамнинг кўзини ўйиб олса, уй эгаси хун бермаслиги ҳақидаги сўзлари эса, бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган одам катта жиноят қилганидан дарак беради. Одатда, бировнинг кўзига зарар етказган одамдан қасос олинади. Яъни, унинг ҳам кўзига зарар етказилади ёки хун ундирилади. Фақат тажовузкор тажовуз қилган пайтда ўзини ҳимоя этиб кўзини ўйиб олган бўлса, унда хун тўламаслиги мумкин. Бу масалада бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган хиёнаткор кўзни тажовузкор ҳисоб қилингандир.

Шунингдек, бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки зўрлик қилиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз назар солиш ҳам мумкин эмас. Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробар эканлиги оддий гап эмас.

Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаромдир.

Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Мусулмон кишилар ушбу исломий одобларга амал қилмоқлари лозим. Аввало, изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назар солмасдан, бошқа томонга қараб туриб изн сўраши керак.

Имом Абу Довуд Ҳузайл ибн Шурайҳбийлдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:

«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига қараб туриб изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир, дедилар».

Яъни, бировнинг уйига назар тушмаслиги учун изн сўраш жорий қилинган, ичкарига қараб туриб изн сўрашнинг нима кераги бор.

Шунинг учун ҳам изн сўрамоқчи бўлган кишилар эшикка юзма-юз ҳолатда эмас, балки ўнг ёки чап тарафлари билан турмоқлари лозим.

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр этилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикка юз тикиб турмас эдилар. Балки ўнг ёки чап томонлари билан турар ва: «Ассалому алайкум, ассалому алайкум», дер эдилар».

Имом Абу Довуд Амр ибн Маъд ас-Сақафийдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган:

«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб: «Кираверайми, кираверайми?!» деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Равза исмли хизматчи аёлга:

«Анавининг олдига чиқиб, ўргатгин, у изн сўрашни билмас экан, унга айт: «Ассалому алайкум, кираверайми, десин», дедилар».

Одоб бўйича, изн сўрайдиган одам исмини аниқ айтиб, очиқ изн сўраши ва салом бериб кириши лозим.

Калда ибн Ҳанбал исмли киши келиб, салом бермасдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Орқангга қайт! Ассалому алайкум, дегин», дедилар.

Имом Абу Довуд қилган ривоятда айтилишича, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсалар: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ, Умар кираверсинми?» дер эдилар.

Изн сўровчи уч марта сўраши, ундан оширмаслиги лозим.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин», деганлар.

Чунки уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган кишини қабул қилишга имконлари бўлмаслиги мумкин.

Изн деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган кишининг изни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди.

Изн сўровчи тихирлик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетмоғи лозим.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Қайс ибн Саъд ибн Убайда қуйидагиларни зикр қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйимизга зиёрат қилиб келдилар ва: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Шунда Саъд секингина жавоб қайтарди. Қайс унга: «Нима, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга изн бермайсизми?!» деди.

Саъд: «Жим тур! Бизга кўпроқ салом берсинлар!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Саъд яна секингина жавоб қайтарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб кета бошладилар. Шунда Саъд ортларидан бориб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен саломингизни эшитиб, секингина жавоб берган эдим. Сизнинг саломингиз бизга кўп бўлишини орзу қилувдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан бирга қайтиб келдилар».

Агар изн сўровчи уйда бировни топа олмаса, қайтиб кетади. Шунингдек, ичкарига киришга рухсат берилмаса ҳам қайтиб кетади.

«Бас, агар у(уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманг. Агар сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир».

Ояти каримадаги

«Бас, агар у(уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча, уларга кирманг», деган биринчи жумладан икки хил маъно чиқади.

Биринчиси, сиз чақирганингизда биров жавоб бермаса, уларга кирманг, яъни, уйда одам борлиги билиниб турса ҳам, жавоб бермаяптими, то изн бермагунча, уйга кирманг, дегани.

Иккинчи маъно, уйнинг эгаси ёки у вакил қилган одам йўқ бўлса, ўшалар биров орқали бўлса ҳам, изн бермагунча, кирманг, дегани.

Мисол учун, уй эгаси ташқарида бирор иш билан машғул, унга хабар борганда, меҳмон кириб ўтириб турсин, ҳозир бораман, деса, изн берган бўлади.

Агар уйда умуман одам бўлмаса, шубҳасиз, кириш мумкин эмас.

«Агар сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир».

Яъни, сиз киришга изн сўраган пайтингизда ичкаридан, қайтинг, деган жавоб бўлса, қайтинг, ўша қайтишингиз сиз учун пок ишдир.

Шу билан бирга, қайтувчи кўнглига олмаслиги, хафа бўлмаслиги, уй эгалари мени ҳурматсиз қилди, деган хаёлга бормаслиги керак. Чунки ҳар бир одам хоҳлаганини уйига киритиш ёки киритмаслик ҳаққига эга. Бирор иш билан машғул бўлиши мумкин. Яна уй эгасининг ўзигагина маълум бошқа сабаблар бўлиши мумкин. Ушбу ояти каримага биноан, изн бермагандан кейин эшик олдида турмасдан, қайтиб кетиш зарур.

«Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир».

Жумладан, изн сўраш, бировнинг ҳовли-жойига изнсиз назар солиш ва шунга ўхшаш ишларда ҳам қандай йўл тутаётганингизни Аллоҳнинг Ўзи яхши билади ва кези келганда ҳисоб-китоб қилади. Гарчи ояти каримада уй эгасига изн сўраб келган одамга «қайтинг» дейиш ҳуқуқи берилган бўлса ҳам, мусулмонлар меҳмондўстликлари, му-софирпарварликлари, бир-бирларини ва ўзгаларни жуда ҳурмат қилишлари туфайли бу рухсатдан фойдаланмаганлар. Яъни, уйларига келиб, киришга изн сўраганларга, қайтинг, деб айтмаганлар. Саҳобаи киромлардан баъзилари, ушбу оятга амал қилиш учун жуда кўп уриндиқ бировнинг уйига чақириб борганимизда, қайтинг, деган жавоб бўлсаю ортимизга дарҳол қайтиб, ояти каримага амал қилиш шарафига муяссар бўлсак, дердиқ аммо иложи топилмади. Қаерга борсак, киринг, деган жавоб олдиқ деганлар.


Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ансорларнинг мажлисларидан бир мажлисда ўтирган эдим. Ҳузуримизга Абу Мусо ташвишли ҳолда келди.
«Сенга нима бўлди?» дедик.
«Умар олдига боришимни сўраб одам юборган эди. Эшигининг олдига бориб уч марта салом бердим. Менга биров жавоб бермади. Ортимга қайтдим. (Кейин яна одам юборди. Олдига бордим.) Бас, у менга:
«Сени ҳузуримизга келишдан нима ман қилди?» деди.
«Мен ҳузурингга келдим. Эшигинг олдида уч марта салом бердим. Менга жавоб бермадилар. Шунинг учун қайтиб кетдим. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз уч марта изн сўрасю унга изн берилмаса, ортига қайтсин», деган эдилар», дедим.
Шунда Умар:
«Шу гапингга ҳужжат келтир! Бўлмаса, кунингни кўрсатаман!» деди.
Буни эшитиб Убай ибн Каъб:
«У билан бирга фақат қавмнинг энг кичиги боради», деди.
Абу Саъид айтади:
«Энг кичик менман», дедим.
«У билан сен бор!» деди.
Ўрнимдан туриб, Умарнинг олдига бордим ва:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапни айтганларини эшитганман», дедим.

Бошқа бир ривоятда:

«Бас, унинг олдига Убай бориб шу ҳақда гувоҳлик берди ва:
«Эй Ибн Хаттоб! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини азобловчи бўлма!» деди.
«Субҳаналлоҳи! Бир гапни эшитган эдим, шуни тасдиқлаб олмоқчи бўлдим, холос!» деди», дейилган.

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда энг муҳим ижтимоий одоблардан бири —бировнинг уйига киришда изн сўраш одоби ҳақида гап кетмоқда. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуни халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз ҳузурларига чорлаган эдилар. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бу чорловга жавобан, халифанинг уйларига етиб борганлар. У киши эшик ортидан туриб Умар розияллоҳу анҳуга уч марта салом бердилар. Унга ҳеч ким изн бермаган эди, орқаларига қайтиб кетдилар. Бундан бехабар Умар розияллоҳу анҳу яна одам юбориб:

«Нега чақирсам келмадинг?» деб сўради.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сиздан борортангиз уч марта салом берганда жавоб бўлмаса, ортига қайтсин», деганларини эшитган эдим», деди у.

Умар: «Ана шунга ҳужжат келтирасан, бўлмаса, кунингни кўрсатаман», деди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳу ранглари оқарган ҳолда суҳбат қуриб ўтирган саҳобалар ҳузурига келди, улар унга:

«Сенга нима бўлди?» дедилар.

У киши бўлган воқеани айтиб: «Сизлардан бирортангиз (ушбу ҳадисни) эшитганмисиз?» дедилар.

«Ҳа, ҳаммамиз эшитганмиз», дедилар.

Мазкур суҳбатни бошқариб турган улкан саҳобий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу:

«У билан бирга фақат қавмнинг энг кичиги боради», деди.

Шунда ушбу ҳадиси шарифнинг ривоят қилаётган саҳобий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу:

«Энг кичик менман», деди.

«У билан сен бор!» деди.

Ўрнимдан туриб, Умарнинг оддига бордим ва:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапни айтганларини эшитганман», дедим.

Бошқа бир ривоятда:

«Бас, унинг оддига Убай бориб шу ҳакда гувоҳлик берди ва:

«Эй Ибн Хаттоб! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини азобловчи бўлма!» деди.

«Субҳаналлоҳи! Бир гапни эшитган эдим, шуни тасдиқлаб олмоқчи бўлдим, холос!» деди», дейилган.

Албатта, бу ҳадисни ҳазрати Умарнинг ўзлари ҳам яхши билар эдилар. Лекин сиёсат учун, одамлар ҳадис ривоят қилишдек масъулиятли ишни осон санаб, эътиборсиз бўлмасликлари учун шундоқ қилганлар.

Шунинг учун ҳам ҳодиса бўлиб ўтгандан кейин Абу Мусо розияллоҳу анҳуга:

«Мен сени бирор нарсада муттаҳам қилмоқчи эмасман. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ўта аниқлик лозимлигини билдириб қўймоқчи бўлдим», деганлар.

Демак, бировнинг ҳузурига кириш учун изн сўрайдиган киши уч марта изн сўраши керак. Ўша вақтда уйлар ва масканлар ўзига хос хусусиятларга эга бўлган. Ташқаридан туриб салом берилса, эшитилган. Аммо ҳозирдаги уйлар ва масканлар ҳам ўзига хос хусусиятга эгадир. Ҳозирги уйларда қўнғироқ ва сўзлашма мосламалари бор. Ана ўшалар орқали уйда бор кишилар эшитадиган қилиб, уч марта чақириш керак. Агар жавоб берилмаса, изн сўровчи ортига қайтиши лозим. Мабодо, уй ичида одам борлиги билиниб турган чоғида ҳам жавоб бермаса, уларнинг бирор узри борлиги сабабли бўлади. Узи хоҳламаётган кишини мажбур қилиб чақириш одобдан эмас.


«Бир одам уй ичида турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб:
«Кираверайми?!» деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматчиларига:
«Анавининг олдига чиқиб, изн сўрашни ўргатгин, «Ассалому алайкум, кираверайми, десин», дедилар».
Буни эшитиб турган ҳалиги одам: «Ассалому алайкум, кираверайми?» деди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга изн бердилар ва у кирди
».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, изн сўрашдан олдин салом бериш керак. Бўлмаса, изн сўраш одобига тўғри келмайди.


Умар розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан уч марта изн сўрадим. Бас, у зот менга изн бердилар», деди».

Шарҳ: Бундан биринчи ва иккинчи марта изн сўраганда жавоб бўлмаса, учинчи марта ҳам изн сўраш жоизлиги келиб чиқади.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Хотинлар устига кечаси эшик қоқиб боришдан наҳйи қилдилар. Бу наҳйидан кейин икки киши кечаси эшик қоқиб борди ва уларнинг ҳар бири ўз аёли билан бегона эркакни топди
».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Исломда аёл киши ўзининг барча ясан-тусан ва зебу зийнатларини эри учун қилади. Эрига ноқулай ҳолда, ўзига қарамасдан кўринмаслиги керак. Эр сафарга чиқиб, уйдан маълум муддатга кетганида, аёл ўзига қарамай қўйган бўлади. Шунинг учун аёлни ноқулай ҳолатга қўймаслиқ унга ўзини ростлаб олиш имконини бериш мақсадида сафардан қайтган эр уйига хабар бермасдан, бирданига кечаси кириб бориши маслаҳат берилмайди.

Иккинчидан, уйга билдирмасдан кириб бориш аёлга ишончсизлик белгиси, уни пойлаш ҳисобланади. Бу эса, покиза аёл учун ўзига хос иҳонат — хорлаш ҳисобланади.

Ишончсиз аёлни бошқа йўллар билан ҳам синаш мумкин. Аммо, ҳаммага маълум ҳолатда, яъни, сафардан қайтганда, олдин хабар бериб, кейин кириб бориш керак. Хабар келгандан кейин аёл киши ўзини тартибга солади. Эрининг кўзига хушҳол бўлиб кўриниш чораларини кўради. Уй-жойни саранжомлайди, эрига ёқадиган ҳолатга келтиради. Қувончли ва яхши бир ҳолатда уни кутиб олади.

Бу ишда ҳам шариатимиз аёлларнинг тарафини олган. Қуйидаги ривоятда ҳам худди шу маъно таъкидланади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эр ўз аҳлига тўсатдан кечаси эшик қоқиб келишини хуш кўрмас эдилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам сафардан қайтсалар, аввал хабар юборар эдилар, кейин масжидга кириб намоз ўқир, сўнгра уйга кирар эдилар. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаси киришингиздан олдин, то сочи тўзиган тараниб олгунча, эри ғоиб бўлган устара ишлатиб олгунча муҳлат беринг», дедилар».

Ушбу ривоятда нима учун ғоиб эркак уйга қайтганда тўсатдан кирмаслиги керак эканлиги очиқ-ойдин айтилмоқда.


1. Сочи тўзиган тараниб олгунча муҳлат бериш.

Эри йўқлигида, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, аёл киши ўзига қарамай қўйган бўлади. Эрга бундоқ ҳолда кўриниш эса, уни хотинидан нафратлантириши турган гап. Ана шунинг олдини олиш учун олдин хабар бериб, кейин уйга кириш шариатга киритилган.


2. Эри ғоиб бўлган устара ишлатиб олгунча. Яъни, ўзидаги ҳаром тукларни кетказиб олгунча. Демак, хабар бериб, орқасидан дарҳол ўзи ҳам етиб бориш керак эмас. Балки, хабар етгандан кейин аёл кишига ўзини ва уй-жойни саришталаб олишига ҳам муҳлат бериш керак.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отамнинг қарзи хусусида бориб эшикни тақиллатдим. Бас, у зот:
«Бу ким?» дедилар.
«Менман!» дедим.
У зот норози оҳангда:
«Мен, мен...» дедилар
».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Мен, дейиш билан иш ойдинлашмайди. Унинг ўрнига мен фалончиман, деб ўзини аниқ танитиш лозим. Унда ўз исмини, кунясини ёки маълум сифатини айтилса, яхши бўлади.


Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига изн сўраш учун келди ва эшик тўғрисида туриб олди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига чиқиб:

«Шундоқ турасанми? Бундоқ турма! Изн сўраш назар тушмаслиги учун жорий қилинган», дедилар».

Шарҳ: Шунинг учун изн сўровчи ҳовлига ёки хона ичига назари тушмайдиган бўлиб, эшикнинг ёнида туриши керак. Токи, ичкаридан эшик очилганда унинг назари уй эгаларининг ҳолига тушмасин.


Абдуллоҳ ибн Бишр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикнинг тўғрисида эмас, балки унинг ўнг ёки чап тарафида турар эдилар».

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ана шунда изн сўровчининг назари ичкарига тушмайди.


ИЗН СЎРАШ НАЗАРНИ МАН ҚИЛИШ УЧУН


Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларидаги тирқишдан қаради. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида соч тарайдиган мидро ила турган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Агар сени назар солиб турганингни билганимда буни икки кўзингга тиқиб олар эдим. Изн сўраш назар тушиши сабабидан жорий қилинган», дедилар
».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у томон мишқос ила турдилар ва сал бўлмаса уни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тўсатдан санчиб олгудай бўлганларини кўрдим», дейилган.

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Мишқос — учи ингичка камон ўқи.

Ушбу ривоятда зикри келаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоналарига назар солмоқчи бўлган киши Ҳакам ибн Умайя бўлган.

Исломда нафақат бировнинг уйига рухсатсиз кириш, балки назар солиш ҳам таъқиқланади. Илгари эслатганимиздек, имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар», деганлар.

Ушбу икки ҳадиси шарифдан Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилиниши кўриниб турибди. Бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёқда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас. Чунки кўз ташлаган одам ичкарида уй эгаларини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқалардан сир тутган нарсаларидан воқиф бўлиб қолиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бировнинг ҳовлисига рухсатсиз назар солган одамнинг кўзини ўйиб олса, уй эгаси хун бермаслиги ҳақидаги гаплари эса, бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган одам катта жиноят қилганидан дарак беради. Одатда, бировнинг кўзига зарар етказган одамдан қасос олинади. Яъни, унинг ҳам кўзига зарар етказилади ёки хун ундирилади. Фақат тажовузкор тажовуз қилган пайтда ўзини ҳимоя этиб кўзини ўйиб олган бўлса, унда хун тўламаслиги мумкин. Бу масалада бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган хиёнаткор кўзни тажовузкор ҳисоб қилингандир.

Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаромдир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишининг расули - чақириб келиш учун юборган одами унинг изнидир», дедилар
».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бир одам бошқа бировни чақириб келиш учун бирор кишини юборган бўлса, ўша хизматчи изн ўрнига ўтади. Яъни, у бошлаб кирса, ҳалиги одам изн сўрашига ҳожат йўқ.


Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Хайбарга тушдик. Хайбарнинг ҳокими ўзбошимча ва жабрчи эди. Бас, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Муҳаммад! Сизларга эшакларимизни сўйишга, меваларимизни ейишга ва хотинларимизни уришга ижозат берилганми?!» деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазаблари чиқди ва:
«Эй Ибн Авф! Отингга мин. Сўнгра «Огоҳ бўлинглар! Албатта, жаннат мўминдан ўзгага ҳалол бўлмас! Намозга тўпланинглар!» деб нидо қил!» дедилар.
Одамлар жамландилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан намоз ўқидилар ва кейин ўринларидан туриб:
«Сизлардан бирингиз ўз ором сўрисида ёнбошлаган ҳолида Аллоҳ ушбу Қуръондагидан бошқа нарсани ҳаром қилгани йўқ деб гумон қиладими?! Огоҳ бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, мен ваъз қилдим, амр қилдим ва бир қанча нарсалардан наҳйи қилдим. Албатта, улар Қуръон мислича ёки кўпроқдир. Албатта, Аллоҳ таоло сизларга, агар улар ўз зиммаларидаги нарсани адо этган бўлсалар, аҳли китобнинг уйига изнсиз киришингизни, Шунингдек, уларнинг аёлларини уришингизни ва меваларини ейишингизни ҳам ҳалол қилмаган!» дедилар
».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Одатда, ҳукмрон тараф аъзолари ўз ҳукмлари остида яшаётган озчиликни ташкил қилувчи тоифаларга нисбатан паст назар билан муомала қилишни хуш кўрадилар. Эҳтимол, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Хайбарга борган баъзи саҳобаи киромлар хаёлидан ҳам мана шу фикр ўтган ва улар Қуръонда ман қилинмаган ишни қилаверсак бўлса керақ деган хаёл ила хайбарлик яҳудийларнинг баъзи эшакларини сўйган, меваларини еган ва аёлларини урган кўринади. Шунинг учун ҳам Хайбарнинг бошлиғи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад! Сизларга эшакларимизни сўйишга, меваларимизни ейишга ва хотинларимизни уришга ижозат берилганми?!» деган саволни берди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гап нима ҳақида кетаётганини дарҳол пайқадилар. Баъзи мусулмонларнинг қилган номаъқул ишларидан у зотнинг ғазаблари чиқди ва Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуга: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, жаннат мўминдан ўзгага ҳалол бўлмас! Намозга тўпланинглар!» деб нидо қилишни амр қилдилар. Одамлар жамландилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга имом бўлиб намоз ўқидилар ва кейин ўринларидан туриб:

«Сизлардан бирингиз ўз ором сўрисида ёнбошлаган ҳолида Аллоҳ ушбу Қуръондагидан бошқа нарсани ҳаром қилгани йўқ деб гумон қиладими?! Огоҳ бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, мен ваъз қилдим, амр қилдим ва бир қанча нарсалардан наҳйи қилдим. Албатта, улар Қуръон мислича ёки кўпроқдир. Албатта, Аллоҳ таоло сизларга, агар улар ўз зиммаларидаги нарсани адо этган бўлсалар, аҳли китобнинг уйига изнсиз киришингизни, Шунингдек, уларнинг аёлларини уришингизни ва меваларини ейишингизни ҳам ҳалол қилмаган!» дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан жуда кўп ҳукм келиб чиқади:

1.    Ҳаром қилинган нарсалар фақатгина Қуръонда бўлиб қолмай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам бўлиши.

2.    Фақат Қуръонга амал қилиш керак деб суннатни инкор қилувчиларнинг гапи асоссиз экани.

3.    Расулуллоҳнинг суннатларида Қуръони Каримдагича ёки ундан ҳам кўпроқ ҳукмлар келгани.

4.    Ўз бурчини адо этиб турган зиммийларнинг уйларига мусулмонларнинг изнсиз киришлари мумкин эмаслиги.

5.    Ўз бурчини адо этиб турган зиммийларнинг аёлларини уриш мумкин эмаслиги.

6.    Ўз бурчини адо этиб турган зиммийларнинг меваларини ўзбошимчалик билан олиб емоқ мумкин эмаслиги.

Албатта, бу ҳукмларда Исломнинг инсон ҳуқуқларини, у ким бўлишдан қатъи назар, ҳимоя қилиши ёрқин равишда кўриниб турибди. Хайбар яҳудийлари мусулмонларга қарши жуда кўп ёмонлик ва хиёнатлар қилишгани маълум ва машҳур. Шунга қарамай, улар туфайли барча зиммийларга фойдали бўлган ҳукмлар жорий қилинди.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сенинг менинг ҳузуримга киришга изнинг парданинг кўтарилмоғи ва шарпамни эшитмоғинг. Бу то сени наҳйи қилмагунимча», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бундан баъзи хос кишилар учун ҳар сафар изн сўрайвериш ўрнига маълум аломатларни изн белгиси қилиб қўйиш мумкинлиги келиб чиқади.


ИЗНСИЗ НАЗАР СОЛГАННИНГ ҚОНИ ҲАЛОЛ


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир қавмнинг уй ичига уларнинг изнисиз назар солса, батаҳқиқ, уларга унинг кўзини ўйиб олиш ҳалол бўлади», дедилар
».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳукм ҳам Ислом инсон дахлсизлигини таъминлашга қанчалар катта эътибор берганини кўрсатиб турибди. Инсон ўзини энг эркин сезадиган жой унинг уйидир. У ўз уйида бошқанинг назаридан ва қулоғидан хавфсирамай яшамоғи лозим. Акс ҳолда, унинг уйидаги роҳати тўлиқ бўлмайди. Бундоқ эминликни таъминлаш учун ушбу ҳадиси шарифдаги каби шиддатли қонунлар керак бўлади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар бирор киши сенинг устингдан изнсиз кузатиб турсаю сен майда тош отиб, унинг кўзини чиқарсанг, сенга гуноҳ бўлмайди», дедилар
».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган.


Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким пардани очиб, унга изн берилишидан олдин ичкарига кўз тикса ва уй аҳлининг авратини кўрса, ўзига ҳалол бўлмаган чегарани бузган бўлади. Агар у ичкарига кўз тиккан пайтда қаршисидан бир киши чиқиб унинг кўзини ўйиб олса, мен қарши эмасман.
Агар бир киши ёпилмаган пардасиз эшик олдидан ўтаётиб назар солса, унга гуноҳ ёзилмас. Гуноҳ уй аҳлига бўлади», дедилар
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Чунки ҳар бир уй аҳли ўзини ўзи сатр қилиш мажбуриятида. Эътиборсизлик қилиб уйини очиқ-сочиқ ҳолда қолдирмаслиги лозим.


ҲОЖАТ УЧУН НАЗАР СОЛСА, ЖОИЗ


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умму Салама Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қон олдириш ҳақида изн сўради. Бас, у зот Абу Тийбага ундан қон олишга амр қилдилар. Менинг билишимча, у анинг эмикдош акаси ёки балоғатга етмаган болача эди».

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан бирлари бўлмиш Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо бемор бўлиб қолганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қон олдиришга изн сўраганлар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Тийба куняли, Нофеъ исмли, Бани Ҳориса қабиласининг мавлоси бўлган кишига Умму Салама онамиздан қон олиб қўйишга амр қилганлар. Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийларининг билишларича, Абу Тийба Умму Салама розияллоҳу анҳонинг эмикдош акаси ёки балоғат ёшига етмаган ёш бола бўлган. Уламоларимиз, агар ундоқ бўлмаганида ҳам Абу Тийба Умму Салама розияллоҳу анҳодан қон олса бўлаверар эди, чунки зарурат юзасидан шариат бунга изн беради, дейдилар.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотиманинг олдига унга ўзлари ҳадя қилган қулни олиб келдилар. Фотиманинг устида бир кийим бўлиб у билан бошини тўсса, икки оёғи очилиб қолар, икки оёғини тўсса, бошига етмай қолар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўнғайсизлигини кўрганларидан кейин:
«Ҳечқиси йўқ. У сенинг отанг ёки ғуломингдир», дедилар
».

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Баъзибир тарафлар ушбу ҳадиси шарифни ҳужжат қилиб, қул ўзининг хожаойимига назар солса бўлади, деганлар. Аммо жумҳур уламо қул ҳам бошқа ажнабий эркак каби бўлади. Хожаойими ундан қочиши лозим, деганлар. Чунки қул озод бўлганидан кейин хожаойимига уйланса бўлади. Иккинчи қавлга биноан ушбу ҳадиси шариф Фотима онамиз розияллоҳу анҳога хос бўлади.


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. У зотнинг ҳузурларида Маймуна ҳам бор эди. Ибн Умму Мактум келиб қолди. Бу бизга ҳижоб амр бўлгандан кейин эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ундан ҳижобланинглар!» дедилар.
«Эй Расулуллоҳ, у кўр-ку, бизни кўрмайди ҳам, билмайдими ҳам», дедик.
«Икковингиз ҳам кўрмисиз?! Уни кўрмаяпсизларми?!» дедилар
».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бундан аёл киши ҳам эркакка қараши жоиз эмаслиги чиқади. Бу ҳақда батафсил маълумот аврат масаласида баён қилинган. Шу билан бирга, бу ҳукм ҳижобга амр қилинган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларига хос бўлиши ҳам мумкин.


Абу Усайд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга: «Орқага ўтинглар! Йўлнинг ўртасидан юрманглар! Йўлнинг четини лозим тутинглар!» деганларини эшитдим. Бас, аёл киши деворга яқин юрганидан кийими деворга ишқаладиган бўлди».

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ривоятдаги гапларни масжиддан чиққан одамлар аёллар билан кўчада аралашиб кетганларини кўрганларида айтганлар. Мусулмонлик одоби бўйича эркак ва аёллар аралаш-қуралаш бўлиб кетишлари яхши эмас. Балки ҳар ким ўзини билгани ва ўзига яраша ҳаракат қилгани яхши. Шунинг учун барча оммавий маконларда аёлларга алоҳида жойлар ажратилади. Муслима аёл кўчада юрганида барчанинг эътиборини тортиб, ўзига қаратадиган бўлмаслиги лозим. Балки камтарлик ила ўзини сақлаб юргани афзал бўлади. Шунингдек, ушбу таълимотлардан келиб чиқиб, ҳозирги кунларда ҳам муслима аёлларга мусулмон давлатларда алоҳида имтиёзлар яратилган. Мисол учун, навбат кутиш ҳар қанча оғир бўлса ҳам муслима аёлларга навбатдан ташқари хизмат кўрсатилади. Жамоатчилик нақлиётларидан ҳам аёллар учун алоҳида жойлар ажратилган ва ҳоказо.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эр киши икки аёлнинг орасида юришидан наҳйи қилдилар».

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бунда ҳам номаҳрам эркак-аёлларнинг аралашиб кетишлари бор.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, номаҳрам эркак ва аёллар иложи борича бир-бирларидан узокда бўлишга ҳаракат қилишлари лозим. Аксинча, фитна чиқиши бор. Фақат алоҳида ҳолатларда истисно тариқасида, номаҳрамга назар солишга рухсат берилган. Бу ҳам ҳожат доирасидан ташқарига чиқмаслиги керак. Мисол учун, аёл табибалар ожиз бўлган пайтда эркак табиб номаҳрам аёлнинг дардли жойига назар солиб даволаши мумкин. Шунингдек, гувоҳлик бериш ва муомала чоғида юзига назар солиш мумкин. Уйланишни хоҳлаган одамга ҳам ўзи совчи қўйган шахснинг юзи ва икки кафтига назар солишига рухсат берилган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Албидоя ванниҳая, номли китобида келтиради .Халифалик Аббосийларга ўтгач, Умавийлардан кўпчилик яширинди. Яширинганлар ичида давоми...

1536 11:00 / 21.03.2023
309. Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади.Абдуллоҳнинг бирор кимсани лаънатлаганини ҳеч эшитмадим. Фақат инсоннигина эмас бошқа нарсаларни ҳам,.Солим яна айтади давоми...

7992 19:04 / 11.08.2017
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бирбирини тўлдирувчи бир неча таърифларни давоми...

4938 05:00 / 03.03.2017
Футбол истаймизми, истамаймизми, бугунги кунда миллионлар ўйини бўлиши билан биргаликда, баъзилар учун ҳаёт мамот баҳсига айланиб бормоқда. Буни тил луғатида давоми...

3707 05:00 / 01.03.2017