1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръон ва замонавий илм

17:00 / 30.01.2021 2431 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим нозил бўлганидан бери мунтазам равишда бирор илмий ҳақиқат кашф этилади. Баъзи олимлар «Мана мен одамларга маълум бўлмаган илмий янгиликни кашф этдим. Кашф этишимдан олдин буни ҳеч ким билмасди, ҳеч қаерга ёзилмаган эди» деб ўйлашади. Кейинроқ эса ўша илмий ҳақиқат ҳақида Қуръони Каримда айтилганини кўриб ёки эшитиб, ақллари лол бўлиб, Аллоҳ таоло ҳидоят берса, иймонга келадилар, агар бермаса, залолатда юраверадилар.

Қуръоннинг сифатларидан бири – Ожиз қолдирувчи Китобдир. У ақлларни лол қолдиради, Қуръони Каримга қарши бирор нарса дейишдан ожиз қолдиради, одамларни иймон келтиришга, Қуръонни тан олишга ундайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар Қуръони Каримни ўқиб, ундаги оятларни Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтириб берганлари қадар тушуниб, ўша давр шароитидан келиб чиқиб фаҳмлаганлар. Йиллар ўтиб, илм-фан, технология тараққий этгани сари янгидан-янги илмий маълумотлар, кашфиётлар инсониятга эълон қилинмоқда ва ўша ҳақиқатлар борасида Қуръони Каримда очиқ-ойдин ёки ишора тарзида баён қилингани айтилмоқда.

Дунёга машҳур физик олимлардан, нисбийлик назарияси асосчиси Альберт Эйнштейн «Осмонга кўтарилиш ҳавонинг камайиб боришига сабаб бўлади, қанча кўп кўтарилса, ҳаво шунча камайиб бориб, охири инсон ҳаво етишмаслиги сабабли бўғилиб қолади» деган.

Эйнштейндан ўн тўрт аср олдин Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони Каримда шундай дейилган:

 فَمَن يُرِدِ اللَّهُ أَن يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ ۖ وَمَن يُرِدْ أَن يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقًا حَرَجًا كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاءِ ۚ كَذَٰلِكَ يَجْعَلُ اللَّهُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ۝

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилмоқни ирода қилса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир. Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга кирликни ана шундай ўрнаштирур» (Анъом сураси, 125-оят).

Бу оятда юқорига кўтарилган сари инсоннинг нафас олиши қийинлашиб, юраги сиқилиб, бўғилиб, ҳалок бўлиши ўзига хос тарзда баён қилинмоқда. Шу боис ҳам космонавтлар орбитага парвоз чоғида ҳаво етишмаслигидан ўлиб қолмаслиги учун махсус кийим (скафандр) кийиб, қўшимча кислород захираси олиб парвоз қиладилар.

Ўтган асрнинг машҳур астрономларидан Ҳаббл исмли олим «Коинот тўхтовсиз равишда кенгайиб, ҳажми ортиб бормоқда» деган.

Ҳабблдан ўн тўрт аср олдин Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони Каримда шундай дейилган:

وَالسَّمَاء بَنَيْنَاهَا بِأَيْدٍ وَإِنَّا لَمُوسِعُونَ۝

«Ва осмонни куч қудрат ила бино қилдик. Албатта, Биз уни Кенгайтирувчимиз» (Зориёт сураси, 47-оят).

Коинотдаги жисмлар худди совун пуфаклари каби бир-биридан узоқлашиб бораётганини бугун олимлар эътироф қилмоқдалар.

АҚШдаги Принстон университети қурилиш муҳандислиги соҳаси ўқитувчиси Каролин Фоулер «Ҳаракатсизлик ва ҳаракат нисбий нарсалардир. Чунки олам доимий ҳаракатдадир. Тоғлар ҳам ҳаракатланади» деган.

Ундан бир минг тўрт юз йил олдин Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилинган:

وَتَرَى الْجِبَالَ تَحْسَبُهَا جَامِدَةً وَهِيَ تَمُرُّ مَرَّ السَّحَابِ ۚ صُنْعَ اللَّهِ الَّذِي أَتْقَنَ كُلَّ شَيْءٍ ۚ إِنَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَفْعَلُونَ۝

«Тоғларни кўриб, қимирламай турибди, деб ҳисоблайсан. Ҳолбуки, улар булутнинг ўтишидек ўтурлар. Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, У нима қилаётганингиздан ўта хабардордир» (Намл сураси, 88-оят).

Тоғларнинг ҳаракати дегани Ернинг айланиши деганидир.

Яна бир олим (исми Кинглер ёки Кинглар) «Ернинг барқарорлигининг энг муҳим сабабларидан бири тоғларнинг Ернинг ичигача чўзилиб кетганидир» деган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَأَلْقَىٰ فِي الْأَرْضِ رَوَاسِيَ أَن تَمِيدَ بِكُمْ وَأَنْهَارًا وَسُبُلًا لَّعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ۝

«У Зот ер сизларни тебратиб юбормаслиги учун, унинг устига барқарор тоғларни ташлаб қўйди. Анҳорлару йўлларни ҳам. Шоядки, тўғри йўл топсангиз» (Наҳл сураси, 15-оят)

Космик бино

Олимлар галактикалар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ва жипсликни кашф этганларидан сўнг фазо сўзининг ўрнига космик бино атамаси ишлатиладиган бўлиб қолди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ فِرَاشًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَأَنزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجَ بِهِ مِنَ الثَّمَرَاتِ رِزْقًا لَّكُمْ ۖ فَلَا تَجْعَلُوا لِلَّهِ أَندَادًا وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ۝ 

«У сизларга ерни тўшак, осмонни бино қилган ва осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган Зотдир. Бас, билиб туриб, Аллоҳга (бошқаларни) тенглаштирманг» (Бақара сураси, 22-оят)

Космик тутун

Шундай қилиб, олимлар биз биладиган тутунга ўхшаш космик чангни кашф этдилар ва у коинот пайдо бўлганидан бошлаб пайдо бўлган деб ҳисобламоқдалар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

ثُمَّ اسْتَوَىٰ إِلَى السَّمَاءِ وَهِيَ دُخَانٌ فَقَالَ لَهَا وَلِلْأَرْضِ ائْتِيَا طَوْعًا أَوْ كَرْهًا قَالَتَا أَتَيْنَا طَائِعِينَ۝

«Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга истиво қилиб, унга ва ерга: «Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» – деди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», – дедилар» (Фуссилат сураси, 11-оят).

Пулсарлар

Олимлар охирги йилларда янги бир юлдуз турини кашф этдилар. Бу юлдузлар ўзидан худди болғанинг урилишига ўхшаш овоз чиқаради. Айтишларича, ушбу юлдузларнинг овози коинотдаги ҳар қандай жисмни тешиб ўтар экан. Маълумки, арабча «сақбун» сўзининг маъноларидан бири «тешик», «ёриқ», «саақиб» сўзининг маъноларидан бири «ўтувчи», «тешиб ўтувчи»дир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَالسَّمَاءِ وَالطَّارِقِ ۝ وَمَا أَدْرَاكَ مَا الطَّارِقُ۝ النَّجْمُ الثَّاقِبُ۝

«Осмон билан қасам ва ториқ билан қасам. Ториқ нималигини сенга не билдирди? У нур сочиб турувчи юлдуздир» (Ториқ сураси, 1-2-3-оятлар).

«Ториқул бааб» сўзи «эшикни тақиллатувчи» деган маънони билдиради. Арабчада болға сўзи «митроқа» дейилиб, «торқун» масдаридан олинган. Оятда «ториқ» сўзи эшикни таққиллатиш эмас, балки юлдуз маъносида келмоқда. Пулсар ёки нейтрон юлдузлар ўзидан овоз чиқаришини ва уларнинг овози жисмларни тешиб ўтишини айтдик. «Саақиб» сўзи нур сочувчи, тешиб ўтувчи каби маъноларни англатишини ҳисобга олсак, оятда баён этилаётган юлдуз пулсар ёки нейтрон юлдузларга жуда яқин келишини тушуниб етамиз.

Сўзимизни Аллоҳ таолонинг ушбу ояти билан якунласак:

سَنُرِيهِمْ آيَاتِنَا فِي الْآفَاقِ وَفِي أَنفُسِهِمْ حَتَّىٰ يَتَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُ الْحَقُّ ۗ أَوَلَمْ يَكْفِ بِرَبِّكَ أَنَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدٌ۝

«Уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўзларидаги оят (белги) ларимизни яқинда кўрсатамиз. Токи, уларга унинг ҳақлиги равшан бўлсин. Роббинг ҳар бир нарсага шоҳид экани кифоя қилмасми?!» (Фуссилат сураси, 53-оят).

Ҳар бир инсон атрофга ва ўзига тафаккур назари ила боқса, Аллоҳ таолонинг азаматига, қудратига қойил қолмай иложи йўқ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам космонавт, астроном, биолог, географ, геолог бўлмаганларини, Қуръони Карим нозил бўлган пайтларда Арабистон ярим оролида расадхона, лаборатория, телескоп, ултратовуш воситасида ишлайдиган турли қурилмалар бўлмаганини эслатиб ўтамиз.

Бугун кашф этилаётган илмий ҳақиқатлар борасида Қуръони Каримда очиқ ёки ишора қилувчи оятларнинг келиши Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг Каломи эканига, Қуръони Каримни биз умматларига етказган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳақ Пайғамбари эканликларига ёрқин далиллардандир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Фойдаланилган манбалар:

Quran.ksu.edu.sa

Islom.uz

rqiim.com

almaany.com

translate.google.com

facebook.com

uz.kyaaml.org

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Мужаммиъ Таймий бир кийим тўқиди. Тўқиган кийимидан кўнгли тўлиб, яхши тўқидим деб ўйлаб, уни сотди. Сотиб олган одам Кийимнинг айби бор эканrdquo деб қайтариб давоми...

2917 18:02 / 23.11.2018
Роҳибнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом рисолатлари ҳақидабашорат берганиТарихчиларимиз, муҳаддислар ва сийратчиларимиз Буҳайро исмли роҳиб билан Абу Толиб давоми...

2450 17:04 / 24.11.2018
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўрашдан наҳий қилинган эдик. Бизга бадавий аҳллардан давоми...

1965 09:30 / 04.05.2019
Исломда мусулмон кишининг таниган ва танимаганга салом бериши суннат амалларидан бири ҳамда мусулмоннинг мусулмондаги вожиб ҳақлардан биридир. Зеро, саломлашиш давоми...

16940 11:30 / 09.10.2020