1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Отаси борлар, уларни ғанимат билинг!

16:00 / 29.01.2021 3215 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

«...Қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга етганида: «Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ амал қилишимга муваффақ этгин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Мен Сенга тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман», деди» (Аҳқоф сураси, 15-оят).

Кимда қанақа билмайману, мен баъзида отам билан суҳбатлашгим келади. Уйга қўнғироқ қилиб, овозларини эшитгим, янгиликларни айтиб ўтиргим, айрим масалаларда маслаҳатларини олгим, тўғрисини айтганда, овозларини эшитгим келади.

Биламан бу имконсиз, амалга ошмайдиган ҳаёлгина холос, соғинч ва қўмсашнинг бир аломати... Сабаби, меҳрибоним отам 11 йил аввал вафот этганлар. Энг оғири, на мен ва на укам отамизнинг жанозаларида ҳозир бўлолганмиз, таъзиянинг бошида туриб, тобутларини елкага ололганмиз.

«Исмимиз қулаб йиқилмаслиги учун, унинг ортиданоқ оталаримиз исми қўйилади», деган экан мутафаккирлардан бири. Айнан шундай. Отамиз биз суянадиган, бутун оилани тутиб турадиган устунимиз, хавфсиз қўрғонимиз бўлар экан ҳаётда... Унинг борлиги, ҳаётда мавжудлиги ҳиссиёқ фарзандга хотиржамлик, муаммолардан беташвишликни бахш этаркан.

Албатта, бу ҳақиқатларни ёшимиз қирқдан ўтиб, ўзимиз ҳам ота бўлиб, ҳаётнинг аччиқ чучукларини тотиб ва энг аламлиси, отани йўқотиб, у билан дийдор энди қиёматга қадар қолганини ҳис қилишимиз жуда ва жуда оғриқлидир.

Масофа узоқ бўлмасада, етиб келиш ихтиёримиздан ташқари иш эди. Оилада тўрт ўғил бўлсакда, укам ва ўзимни зикр этганим сабаби, катталаримиз - икки акамиз отамиз ҳаётлик чоғлари, бирлари 15 ёшида автофалокат оқибатида, иккинчиси эса 29 ёшида оғир хасталик сабаб мусофирликда вафот этган эдилар.

Ота учун фарзанд доғини кўтариш, унинг оғир юкини елкада ортиб юриш қандайин залворли юк эканини уларнинг кўзларидаги мунг ва ҳузндан бироз англагандек бўлардим. Бизга ғамларини сездирмасликка ҳаракат қилсаларда, юраклари дош беролмаган, катта акам вафотидан қисқа вақт ўтиб, инсультни ўтказган эдилар.

Тақдирнинг аччиқ синовларига рўбаро келиб, устларимизга Яратганнинг оғир синовлари дўл каби устма-уст ёғилганда ҳам мардона турган, ўзинида унутган, ортимиздан елиб - югурган жафокаш ота эдилар.

Отам 33 йил ўрта мактабда ўқитувчилик қилиб нафақага чиққанлар. Биз яшаган ҳудудда Аҳмаджон домла деса, танимайдиган бирон киши йўқ эди десам муболаға бўлмайди. Шундай, ўта камтар, ҳалол, хушмуомала ўта маданиятли киши эдилар.

Зиёли, ҳар нарсага илмий ва бироз ижодий ёндошардилар. Мактабдаги касбий фаолиятларидан ташқари ҳовли тутишлари, деҳқончилик ва боғдорчиликдаги билим ва маҳоратлари дипломли агрономдан кам эмасди. Ҳар бир ишни дид билан, тартиб билан пухта бажарардилар.

Ёшликда отасиз ўсиб, етимликнинг аччиқ таъмини тотган инсон бўлганлари учун бўлса керак, тўрт ўғилни биронтамизга қўл кўтармаган, тўполон ва инжиқликларимизга сабр қилган, биз учун оғзидаги ошини, қўлидаги нонини тутган, ўзини батамом унутган фидойи оталардан бири бўлганлар.

Барча оталар, барчамизнинг оталаримиз шундай. Исмлари, кўринишлари, характерлари турлича бўлиши мумкин. Лекин, улар отадирлар. Улар ана шундай меҳрибон, жонкуяр, оила ва фарзандлар учун, уларнинг парвариши, тарбияси, таълими борасида ўзини бағишлаган фидокорлардир.

Ушбу сатрларни ўқиётган ҳар биримиз ўзимизнинг отамизни, болалигимизни, ёшлигимизни, ўша ёқимли дамларимизда ёнимизда бўлган азиз оталаримизни эслаётганимиз аниқ.

Отаси борлар, уларни ғанимат билинг! Вафот этган бўлсалар, уларнинг ҳақларига икки оят тиловат қилиб дуолар қилинг, номларидан имкони бўлса садақалар қилинг.

Уларни унутманг, фарзандларингизга уларни фазилатлари, яхшиликларини сўзлаб беринг, ўрнак қилинг. Ва дуо қилинг: «... Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин...» (Исро сураси, 24-оят).

(Давоми бор)

Бобур Аҳмад

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом дини отаоналарга фарзандлар устидан ҳақ бергани каби, фарзандларга ҳам отаоналар устидан ҳақ берган. Ҳар бир отаона ўз фарзанди олдидаги бурчини адо этиши давоми...

2121 13:38 / 04.05.2025
Уйга бирор нарса олиб келсангиз, отангиз олдида нархнаво ҳақида гапирманг. Бу ҳақда гапиришингиз гўё олиб келган нарсангизни таъна қилишдек туюлиши мумкин. давоми...

1728 13:03 / 01.06.2025
Умму Саъид бинт Мурра Феҳрий отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мен ва етимнинг кафили жаннатда худди ушбу иккиси кабидир. Ёки бу билан бу давоми...

2602 16:17 / 25.01.2020
176. Ҳилол ибн Ясофдан ривоят қилинади.Сувайд ибн Муқарриннинг ҳовлисида ипак сотаётган эдик. Шу пайт бир жория чиқиб, бир кишига ниманидир айтди. У киши эса унинг давоми...

2087 18:30 / 06.08.2020
Аудиолар

230197 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148775 14:35 / 11.08.2021