1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Вақт кескир қиличдир...

06:00 / 14.01.2021 2735 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир китобда шундай жумлаларни ўқиган эдим: «Фалак ва Ер тиним билмай айланар экан, инсонлар ҳолати ҳам енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик, саломатлик ва хасталик, хурсандчилик ва маҳзунлик, машаққат ва роҳат орасида айланаверади. Ушбулар оқил кишиларга бир дарс, қалби борларга панду насиҳат, кўзи очиқларга ибратдир. Аммо ақл эгалари тафаккурдан, қалб соҳиблари шуурдан, кўз эгалари ибрат назаридан маҳрум бўлсалар, улар учун кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳеч қандай маъно касб этмайди».

Нақадар ибратомуз ва ҳикматли гап. Ҳақиқатан, вақтнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти жуда улкан. Вақт ҳаётнинг бир лаҳзаси, тансиқ умр ўлчови. Аҳли донишлар вақтни энг қимматбаҳо нарсага тенглашган. Бир соат, бир дақиқа вақтларини бекор кетказишса, аза тутишган, бойлигини йўқотган тижоратчидай довдираб қолишган.

Бизлар-чи? Вақтни беҳуда совуришда бизга етадигани йўқ. Қанчалаб қимматли соатларимизни кераксиз валақлашлар, ғийбат-иғво мажлислари, ўйин-кулги, эсноқ-мудроқлар билан ўтказиб юборамиз. Чойхоналарда эртадан-кечгача гап сотишиб ўтирган, бекорчиликдан нарда, қарта ўйнаётган кишилар орамизда йўқ дейсизми? Ишхоналарда қимматли вақтининг қадрига етмай, осмонга қараб эснаб ўтирган, машғулот топа олмай бошқотирма ечаётган, компьютер ўйинлари билан соатларини совураётган кишилар орамизда йўқ дейсизми? Уловни кутишлар... ваъдалашган кишимизни кутишлар... кун ўтишини кутишлар... тонг отишини кутишлар... Негадир ана шу энди асло қайтиб келмайдиган бебаҳо вақтимизнинг бекор ўтаётганига ачинмайдиган бўлиб кетганмиз?

Нега ана шундай пайтларда бирор фойдали машғулотни топиб олмаймиз? Нима учун бўш қолсак, китоб, газета-журнал ўқиб, билимимизни оширмаймиз, фикримизни кенгайтирмаймиз? Ёки бирор тилни ўрганиш учун луғат ёд олмаймиз? Ёхуд ўзимизнинг, борлиқнинг, махлуқотларнинг яратилиш ҳикмати ҳақида озгина тафаккур қилмаймиз? Ё инсониятга фойда келтирадиган бирор кашфиёт, янгилик тўғрисида бош қотирмаймиз?

Вақтини совурганлар икки дунё ноз-неъматларидан маҳрум бўлишади. Фақат уни фойдага алиштирганлар, ҳар лаҳзадан унумли фойдаланиб қолганларгина ютади. Ана шуларгина вақтнинг ҳисоб-китобида уялиб қолишмайди. Қози Аҳмад Ғаффорий бундай деган: «Вақт кескир қиличдир, у ҳеч нарсага қарамай шартта ўтади-кетади. Сен эса вой-войлаганингча қолаверасан».

Ҳозиргилар гўёки дунёда мангу яшаб қоладигандай вақтлари билан ҳисоблашишмайди, ўнлаб йилларини серҳашам уйлар қуриш, дабдабали тўйлар қилиш, шунга ўхшаш фойдасиз амаллар йўлида қурбон қилиб юборишади. Ана шу совурилган вақтларининг юздан, мингдан бир улушини Аллоҳ буюрган савобли ишларга сарфлашга қизғанишади.

Ўтган вақт асло ортга қайтмайди, бир-бири билан алмашмайди ҳам. Агар бир ишни, юмушни режалаган бўлсангиз-у, вақтида қила олмасангиз, демак, бугунингизни бой бердингиз. Жуда кўп кексаларни кўрдик: «Эссизгина умр-а, ёшлик йилларимни фойдали машғулотларга сарфламай, савобли, хайрли ишларни қилмай ўтказиб юборибман», деб афсус-нолага ғарқ бўлган. Жуда кўп инсонларни кўрдик: «Қанийди умр бошқатдан берилганида манави хатоларимни, гуноҳларимни такрорламаган бўлар эдим», дея надомат оҳларига ўралашган. Айни пайтда жуда кўп ёшларни кўрдик: «Ҳозир ёшман, вақт борида ўйнаб-кулиб қолай, ҳали олдинда қанча йиллар бор-ку», дея бепарволик булоқларидан сув ичиб юрган. Қанча инсонларни кўрдик: «Ҳозир мол-дунё топиб олай, муҳташам уйлар қурай, савобли ишларни нафақага чиққанда қиларман», дея ғафлат дарёсида сузган.

Вақтининг қадрига етмаганлар, уни беҳуда совурганлар вақтнинг ёлланма қотилларидир. Мол-дунёсини совурган одамни кечирса бўлар, аммо вақтини совурган кимсани асло кечириб бўлмас. «Эркак кишининг бекорчилиги ғафлатдир, аёл кишиники шаҳватдир», дейишган донишмандлар. Ҳақиқатан, эркак киши машғулотсиз қолса, умрини ғафлатда ўтказган бўлади, боқий дунё тадорикидан узилади, тансиқ йилларини бесамар ўтказиб, охири пушаймонлик ҳосилини йиғиб олади. Аёл киши бекорчи бўлиб қолса, нафс ва шаҳвоний истак-майлларига тутқун бўлиб қолади, холос.

«Ҳилол» журналининг 1(22) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. У Кунда, у ерда махфийлиги бўлмаган делолар, ошкор этиш тақиқланган ҳужжатлар бўлмайди ўта махфийrdquo, конфеденциалrdquo, деган муҳрларсиз ...ва қиёмат куни унга давоми...

3219 10:05 / 08.12.2021
Эркак, то тобутда кўтариб олиб кирилмагунча, намоз ўқиш учун масжидга кирмай юраверадимиАёл, то кафанликка ўралмагунча, авратини беркитмай давоми...

5194 06:00 / 18.02.2021
Пайғамбарлар қиссасидаги энг гўзал ҳиссиёт ndash уларнинг ҳам биз каби инсон бўлганликларидир. Аллоҳ таоло бизга иймон инсон табиатини ўзгартирмаслигини, балки уни давоми...

2246 10:07 / 26.12.2024
Бир киши Ҳотам Тоийдан сўради.Ўзингдан ҳам сахийроқ инсонни кўрганмисанҲотам деди Ҳа Той қабиласидаги бир йигит мени саховатда мағлуб қилган эди. Бир куни унинг давоми...

2607 19:18 / 07.12.2022