1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Касаллик етганда мўмин киши ўзини қандай тутиши керак?

10:51 / 27.06.2022 2578 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи қисм)

Мўмин киши касаллик, дардга йўлиққан вақтда ўзини қандай тутиши лозимлиги ҳақида сўз юритишдан аввал Ислом дини ҳаётда асли бизга нимани таълим беришини англаб олиш муҳимдир. Бизнинг ер юзида мавжуд бўлишимиз, ҳаёт кечиришимиз – бу бошқа ҳаётдаги ҳақиқий ҳаётимиз сари йўлдаги вақтинчалик қўналғамиздир.

Бизнинг доимий масканимиз жаннат ёки дўзахда бўлади. Бу дунёдаги ҳаёт одил ҳукм ва имтиҳонлар жойидир. Аллоҳ ушбу ер юзини бизнинг қувончимиз, шодлигимиз учун бино қилди. Лекин шу билан бирга бу ер фақатгина дунё роҳатлари учунгина эмас, балки ундан катта ғоя учундир.

Айнан шу ерда биз ўзимизнинг энг муҳим вазифамизни амалга оширамиз: биз ҳаётни Аллоҳга ибодат қилган, бандалик қилган ҳолда яшаймиз. 

Биз куламиз, биз йиғлаймиз, биз ҳис қиламиз ва қайғурамиз, лекин барча ҳис-туйғулар, ҳар қандай ҳолимиз бу Аллоҳнинг бизга битган тақдиридан, Унинг томонидандир. Биз уларнинг барига сабр ва миннатдорлик ҳамда, абадий мукофотга умидворлигимиз ила жавоб берамиз, таслим бўламиз.

Биз жаҳаннамнинг абадий азобу уқубатларидан қўрқамиз ва барча фазлу марҳаматнинг ва афву мағфиратнинг манбаи – Аллоҳнинг ҳузурида эканига аниқ ишонамиз. «Бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидан иборатдир. Агар билсалар, охират диёри, ана ўша ҳақиқий ҳаётдир», (Анкабут сураси, 64-оят).

Аллоҳ таоло лаззатлару ҳаёт синовлари билан ўзимизни ёлғиз қолдирмади балки, бизга таълим беришлари учун элчи ва расулларни юборди. Шу билан бирга, бизни ҳидоятга юришимиз учун очиқ ойдин баёнотлар, илоҳий китоблар ва рисолатлар ҳам туширди.

У шу билан бирга ададсиз неъматлар ҳам берди. Агар бир дақиқага ўзимизнинг ҳаётдаги борлиғимиз ҳақида ўйласак, кўп нарса ойдинлашади. Ёғаётган ёмғирни томоша қилиш, қуёшнинг тафтини танамизда ҳис этиш ва кўксимизда уриб турган юрак дуккиллашини сезиб туриш – буларнинг бари неъмат ва марҳаматлардир. Биз тинч уйимиз, фарзандларимиз ва саломатлигимиз учун шукр этишимиз лозимдир.

Шу билан бирга, Яратган Зот бизга айрим синовлардан ўтишимиз кераклигини эслатади. У марҳамат қилиб: «Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер«, дейди. (Бақара  сураси, 155-оят).

Аллоҳ таоло бизга машаққат ва синовларни собитлик билан ўтказишимизни тавсия қилади. Инсон йўлиқадиган машаққатларга чидам билан туриши оламдаги барча нарсалар Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошишини яхши англамагунча жуда қийин. Аллоҳнинг изнисиз дарахтдан бирон барг узилиб тушмайди. Унда Аллоҳнинг иродаси бўлмас экан, бирон тижорат касод бўлмайди, бирон автомобиль аварияга учраб, шикастланмайди, бирон оила ажрашиб кетмайди.

Аллоҳнинг хоҳишисиз инсонга бирон касаллик етмайди. У барча инсонлар ва барча нарсалар устидан ҳукм юритувчидир. Аллоҳ ҳар бир ишни биз тушуна олмайдиган ва бир қарашда кўринмайдиган сабаблар ила амалга оширади.

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ва раҳмати сабабидан биз бандаларига фақат яхшиликни истайди. Ва ниҳоят, жаннатдаги абадий роҳат ичра кечадиган абадий ҳаёт – биз учун ҳозирланган энг яхши неъматдир.

«Роббилари уларга Ўз тарафидан бўлган раҳмат, розилик ва ичида уларга аталган доимий неъматлар бор жаннатларнинг башоратини беради» (Тавба сураси, 21оят).

 Навбатдаги синов билан тўқнашар экан, мўмин киши Аллоҳ таоло унга фақат яхшиликни ирода этаётганини англаши лозим. Бу яхшилик унга ҳаёти дунё лаззатлари кўринишида ҳам, ёки ўлимидан кейинги ҳаётида бериладиган неъмат кўринишида ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминнинг ишига ажабланаман. Ҳар бир иши ўзи учун яхшиликдир. Бу фақат мўминга хос. Севинтирувчи иш бўлса, шукр қилади, бу унга яхшилик бўлади. Балога учраса, сабр қилади, бу ҳам унинг учун хайрлидир», деганлар.

Имом Муслим ривояти.

Аллоҳ бизни турли синов ва балолар билан синайди. Агар биз уларни мардонавор енгиб ўтарканмиз, биз олий мукофотни қўлга киритамиз. Вазиятларни ўзгартириб ва синовларини кетма-кет юбориб Аллоҳ таоло бизни иймонимиз даражасини кўради, бизни сабр қила олишимиз лаёқатини ажратади ва бизни гуноҳларимиздан поклайди.

Аллоҳ – энг олий Ҳикмат ва Раҳмат соҳиби бўлиб, бизни ўзимиздандан яхшироқ билади. Биз жаннатни Унинг изнисиз, фазлисиз ола олмаймиз. Унинг марҳамати бизнинг ҳаёт йўлимиздаги барча синовларда мужассамдир.

Бу дунё ҳаёти арзимас матодир. Биз учун энг фойдалиси эса, амалга оширишимиз мумкин бўлган солиҳ амаллардир. Оила – бу синовдир, у бизни ҳақ йўлдан оғдириши ҳам ва худди шунингдек, жаннатга элтиши ҳам мумкин. Фаровонлик ва тўкинлик – синовдир. Уни қаттиқ хоҳлаб, қизғанчиқ ва бахил бўлишимиз мумкин, лекин, бойлигимизни бошқалар билан бўлишиб, муҳтожларга эҳсон қилиб, эса Аллоҳга яқин бўлишимиз мумкин. Соғлик- саломатлик – бу ҳам бир синовдир. Яхши соғликка эга бўлатуриб, ўшанга суянган ҳолда биз ўзимизни беҳожат санаб, Аллоҳга муҳтожлигимиз йўқ деб қолишимиз мумкин. Ёмон соғлик, заифлик ва касаллик бўлса, бизга ўзимизни босиб олишимизга ва Аллоҳ таолога қанчалар эҳтиёжимиз бор эканини англатади, мажбурлайди.

Ҳаёти дунёнинг роҳат фароғатлари бирдан машаққату азобларга айланиб кетса нима бўлади? Касаллик ва дард етса, инсон ўзини қандай тутиши керак?

Албатта, биз бу ҳолатда тақдиримизга рози бўлишимиз алам, қайғу, машаққатларни собитлик билан ўтказишга ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки биз аниқ биламизки, шу тарзда Аллоҳ таоло бизга энг яхшисини ато этади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришими, етадиган бўлса, албатта Аллоҳ уларни унинг хатоларига каффорат қилур», дедилар».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти. 

Лекин шу билан бирга қусурли инсонлармиз. Ушбу сатрларни ўқишимиз ва унинг маъноларини англашимиз мумкину, лекин ҳар доим ҳам ушбу қоидалар асосида ўзни тутиш қийин. Ундан кўра нолиш ва  вазиятдан шикоят қилиш осон кўринади. Лекин Яратган Аллоҳ бизга барча кўрсатмаларни юбориб икки нарсани ваъда қилган: агар биз Унга ибодат қилсак ҳамда Унинг кўрсатма ва амрларига риоя қилсак – мукофотига  Жаннатга ноил бўламиз ва ҳар қандай машаққатдан сўнг енгиллик келгусидир. «Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир» (Шарҳ сураси, 5-6 оятлар).

Мўмин киши ўзининг жисми ва ақлини назорат қилмоғи ва саломатлигини муҳофаза этиши лозим. Касаллик етадиган бўлса, аввало Яратган зотнинг кўрсатмаларига риоя этмоғи, сўнгра эса соғлиги тикланиши учун тиббий ёрдамга мурожаат қилиб барча сабабларни тутмоғи керак бўлади. Шу билан бирга, Аллоҳга юзланиш ва ибодат ва дуолар ила ёрдам сўраши керак.   Ислом бу – ҳаётга комплекс ёндошув бўлиб, жисмоний ва руҳий саломатлик биргаликда, ёнма-ён кечади. Мақоламизнинг иккинчи қисмида касаллик вақтида мўмин ўзини қандай тутиш лозимлиги ҳақида батафсил суҳбатлашамиз.

(Давоми бор)

Муаллиф: Оиша Стейси.

Таржима ва таҳрир Бобур Аҳмад.

24.06. 2022 йил

 

Таржимон
Бобур Аҳмад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир жамиятнинг мустаҳкамлиги ва унинг аъзолари орасида ўзаро ишонч ҳукм суриши учун садоқат зарурдир. Шунинг учун ҳам садоқат жамият тузилишидаги асосий давоми...

2874 17:00 / 09.12.2018
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабрдан овоз эшитдилар ва .Қачон вафот этган, давоми...

1694 12:57 / 14 ноябрь
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ .Уйунул ҳикоёт, номли китобида келтиради.Бани Исроилдан бир обид олтмиш йил ибодатхонада ибодат қилди. Тушида бир киши кўриниб унга давоми...

2327 09:00 / 02.02.2023
Ҳақиқий бахтсаодатни инсон Аллоҳга итоат, Унга таслимият ва муҳаббат билангина топади, чунки Аллоҳ бандасини Ўзига муҳтож қилиб яратган. Бу муҳтожлигимизни давоми...

2233 14:00 / 26.01.2023