1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Сабр, авф ва озорга чидаш

05:00 / 03.03.2017 4937 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.

Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:

Роғиб: «Сабр нафсни ақл ва шариат тақозо қилганидек тутиб туришдир ёки иккиси тақозо қилган нарсадан тутиб туришдир», деган.

Муновий: «Сабр ҳиссий ва ақлий оғирлик ва аламларга чидашдир», деган.

Сабрнинг таърифида айтилган гаплардан:

—    Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.

—    Сабр нафснинг фозил ахлоқларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан иборатдир.

—    Сабр Қуръон ва Суннат аҳкомларида собит туришдир.

—    Сабр бало етганда гўзал одоб ила туришдир.

—    Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.

Сабрнинг турлари:

Ҳилмий айтади:

«Сабр уч турлидир: Жабборнинг тоатига сабр қилиш. Жабборнинг маъсиятидан сабр қилиш. Жабборнинг имтиҳонига сабр қилиш».

Ибн Қаююм айтади:

«Сабр ўзи боғланган нарса эътиборидан уч қисмга бўлинади: Амр ва тоатларни адо этишга сабр. Наҳйи ва хилофларни қилмасликка сабр. Қазои қадарларга рози бўлишга сабр».

Ферузободий айтади:

«Сабр уч турлидир: Аллоҳга сабр. Аллоҳ билан сабр. Аллоҳ учун сабр»

Авф сўзи луғатда тарк қилиш, ўчириш ва йўқ қилиш маъноларини ифода этади.

Уламо ахди авфни қуйидагича таърифлайдилар:

Муновий: «Авф бир нарсани тановул қилишни қасд этиш ва гуноҳни ўтиб юборишдир», деган.

Кафавий: «Авф қудрати етиб туриб, зарар етказмасликдир. Ким уқубат беришга ҳақдор бўла туриб, уни тарк қилса, авф қилган бўлади», деган.

Авф билан мағфиратнинг орасидаги фарқ.

Мағфират иқобни соқит қилиб, савоб беришдан иборатдир. Бунга фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи қодир. Мағфиратга фақат мўмин бандагина сазовор бўлади.

Авф маломат ва мазамматни соқит қилса ҳам, савобга эришишни тақозо қилмайди. Авфни банда ҳам қилиши мумкин.

Авф уқубатдан олдин ҳам, кейин ҳам бўлаверади. Мағфиратда эса, уқубат умуман бўлмайди. Авф фақат қодир бўлган шахс тарафидан бўлади.

Авф уқубатни соқит қилади. Мағфиратда эса, гуноҳ беркитилади.

Аллоҳ таоло:

«Шубҳасиз, ким сабр қилиб, кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир», деган (Шуро, 43).

Бу ояти каримада сабр қилишга даъват бор. Яна кечиримли бўлишга даъват бор. Яхшилар сифати бўлган ушбу сифатларга такрор-такрор даъват бежиз эмас. АБвало, бу ишларни амалга ошириш осон эмас. Қолаверса, яхши сифатларга қанча тарғиб қилинса, шунча оз.

Дунёдаги ҳолатлар бошқача бўлиши мумкин. Баъзан жиноятчи, золим ва тажовузкорларга омад кулиб боққандек кўринади. Бундай қарасангиз, пичоқлари мой устида, кунлари шод-ҳуррамликда ва айш-ишратда ўтаётгандек. Улар дунёнинг ярмига, балки ҳаммасига эга бўлсинлар, аммо беш кунлик ўткинчи дунё матоҳларининг қиммати қанча? Унга эришганлар аслида нимага эришадилар ўзи?

Аммо сабр қилганлар мардлик ишларини амалга оширган бўладилар ва унинг ажрини тўла-тўкис оладилар.

Аллоҳ таоло яна:

«Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деган (Зумар, 10).

Баъзи уламоларимиз, сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда, ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади, деб таъвил қилганлар.

Аллоҳ таоло яна:

«Ва сабр қилган пайтларида улардан Бизнинг амримиз ила ҳидоятга бошлайдиган пешволар чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонардилар», деган (Сажда, 24).

Аллоҳнинг дини йўлидаги машаққат ва қийинчиликларга сабр қилган даврларда одамларнинг ичидан Аллоҳ Ўз амри ила бошқаларни ҳидоятга бошлайдиган пешволар чиқарди. Бунда кофир ва мушриклардан озор чекиб, қийин-қистовга тушиб турган мусулмонларни ҳам сабр қилишга чақириқ бор.

«Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонардилар».

Ўша пешво бўлган шахслар Аллоҳнинг оятларига мустаҳкам иймони бор кишилар эдилар. Шунинг учун ҳам сабр қилдилар ва пешво бўлдилар.

Мўмин-мусулмонлар ҳам улардан ўрнак олиб, Аллоҳнинг оятларига аниқ ишонсинлар, Ислом-иймон йўлидаги қийинчилик ва азоб-уқубатларга сабр қилсинлар.

Сабр ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозиму лобуд сифатдир. Бу улкан хислатсиз инсон мўмин-мусулмонлик таклифларини, буйруқларини адо эта олмайди. Инсон бошига тушган мусибатларга бардош бериши керак. Орзу қилгани олий мақомларга етиш йўлидаги ишларда сабрли бўлиши лозим. Турли синовлардан, машаққатлардан фақат сабр ила ўтилади.

Аллоҳ таоло яна:

«Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир», деган (Анбиё, 85).

Ушбу оятда эслатилган зотлардан Исмоил алайҳиссалом маълум ва машҳурдирлар. У кишининг қиссалари бошқа сураларда батафсил келган. Бу оятда у зотнинг сабр-тоқатларига алоҳида урғу берилмоқда. Исмоил алайҳиссалом ҳақиқатда юқори даражада сабр намуналарини кўрсатганлар. У киши ўсимлик ўсмайдиган саҳроларда сабр қилиб ўсганлар. Байтуллоҳни қуришда оталари Иброҳим алайҳиссаломга сабр ва матонат билан ёрдам берганлар. Ўзларини қурбонлик учун сўйиш амри келганида ҳам сабр қилганлар.

Идрис алайҳиссалом ҳақида маълумотлар оз. Марям сурасида ҳам зикрлари ўтади. Унда қавмларининг кирдикорларига сабр қилганлари ҳақида сўз кетган. Ушбу оятда эса, у кишининг сабр сифатлари ёд этилмоқда.

Зул-кифл алайҳиссалом ҳақида маълумотлар яна ҳам оз. Ҳатто баъзилар у зотни Пайғамбарлар сафига қўшмайдилар ҳам. Лекин Анбиё сурасида машҳур Пайғамбарлар билан бирга зикр этилиши у зотнинг Пайғамбарлардан бўлганини кўрсатади. Шу билан бирга, ушбу оятда у киши ҳам сабр қилгувчилар қаторига қўшилмоқдалар.

Аллоҳ таоло яна:

«Магар сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор», деган (Ҳуд, 11).

Ушбу ояти каримада солиҳ бандаларнинг иккита сифати алоҳида таъкидланмоқда; сабр ва яхши амаллар қилиш.

Сабр доим керак. Яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда-борчилик пайтида ҳам. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилиқ тўқчиликка ҳамма ҳам сабр қила олмайди. Аслида эса, банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганида шукр ва яхшилик билан сабр қилиши керак.

Ҳам енгил, ҳам оғир пайтларда:

«яхши амалларни қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор».

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани қазо қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар.

Аммо одамларнинг кўплари бу ҳақиқатларни тушунмайдиганлар, дин йўлига юрмаганлар Пайғамбарлик моҳиятини ҳам англай олмайдилар. Шунинг учун бу ҳақда турли нотўғри тасаввурлар қиладилар.

Аллоҳ таоло яна:

«Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар», деган (Раъд, 22).

Яъни, ақл соҳиби бўлган бандалар Аллоҳнинг ризосини умид этиб, сабр қиладилар. Уларнинг сабрлари фақат Аллоҳнинг розилиги учун бўлади. Хўжакўрсинга, риё учун бўлмайди. Ўзига ўзи мақтаниб юриш учун ҳам бўлмайди.

Сабр турли хил бўлади. Энг улуғи Иймон-Ислом талабларини бажариш йўлидаги қийинчиликларга сабр қилиш. Одамларнинг ноўрин тасарруфларига сабр қилиш. Етган мусибатлар ва неъматларга сабр қилиш ва ҳоказолар.

Аллоҳ таоло яна:

«Албатта, Биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз», деган (Наҳл, 96).

Яъни, ахдига вафо қилиб, қасамига риоя этиш йўлидаги машаққатларга чидаб, сабр қилган одамларни энг яхши ажрлар билан мукофотлаймиз. Энг яхши амалига тегишли ажру савобимизни умумлаштириб, ҳамма ишларига берамиз.

Аллоҳ таоло яна:

«Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан 6ошқаларга жуда катта ишдир», деган (Бақара, 45).

Биз, ёрдам сўранг, деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди.

Сабр ҳам, кўпчилик хаёл қилганидек салбий маънода, яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир.

Энг бош сабр ҳавои нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир.

Намоз эса, бандани Аллоҳга боғлаб турувчи нарса бўлиб, инсон намоз орқали қувват, матонат, чидам ва бардошга эришади. Пайғамбар алайҳиссалом қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар.

Аллоҳ таоло яна:

«Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир», деган (Бақара, 153).

Ислом умматига Аллоҳ таоло улкан масъулиятни - бутун дунёни илоҳий йўлга даъват этишни юклаган. Бу жуда ҳам машаққатли иш. Бундай улкан масъулиятни адо этиш учун камида шундай улкан сабр керак бўлади. Шу боис Аллоҳ ушбу оятда мўмин бандаларини сабр-тоқатга чақирмоқда.

Қуръони Каримда сабрга даъват кўп такрорланади. Чунки Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни енгиш учун ҳам, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавои нафсни жиловлаш учун ҳам сабр керак ва ҳоказо. Ўтган уламоларимиздан бирлари сабрни умумий тарзда учга бўлганлар:

Биринчиси: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳлардан сақланишга сабр.

Иккинчиси: тоат ва қурбат ҳосил қилиш учун сабр.

Учинчиси: етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр.

Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта микдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга куч, қувватга қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир.

Шу боис Аллоҳ таоло қийинчилик ва машаққатлар остонасида турган Ислом умматини сабрга ва намозга чақирмоқда. Ва ортидан:

«Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир», деб таъкидламоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида:

«Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса ҳам, яхшилик бўлади. Хурсандлик етса, шукр қилади, яхши бўлади. Мусибат етса, сабр қилади, яхши бўлади», деганлар.

Аллоҳ таоло яна:

«Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда, «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар», деган (Бақара, 155—156).

Демак, мусибат етганда мусулмон киши сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Узи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:

«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтишни қисқача «истиржоъ» дейилади. Эътибор қилинса, «истиржоъ»да улкан маъно ётибди.

«Албатта, биз Аллоҳникимиз», яъни, барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани, қачон, қандай тасарруф қилишни Ўзи билади.

«Ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни, эртами-кечми, барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам. Шу боис истиржоъга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Умму Салама онамиз дейдиларки:

«Бир куни Абу Салама Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларидан келди-да, Пайғамбар алайҳиссаломдан бир гап эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, у киши: «Мусулмонлардан бирига мусибат етганда «истиржоъ» айтса ва сўнгра «Аллаҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойромминҳа» (маъноси: «эй Аллоҳ, менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин») деса, айтгани бўлади», дедилар, деб айтди.

Буларни мен ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида, «истиржоъ» айтдим ва ҳалиги дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча, менга Абу Саламадан яхшироқ эр қайда, дедим.

Иддам чиққандан сўнг Расулуллоҳ келиб киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У кишига ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлатилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг, менга уйланмоқчи эканликларини айтдилар. У киши гапларини тугатгач, мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, сизга ёқмайдиган нарса мендан содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Сўнгра ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим бор», дедим.

Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», дедилар.

Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни - Расулуллоҳни берди».

Имом Термизий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Аллоҳ таоло, эй ўлим фариштаси, сен бандамнинг фарзандини, кўзининг қорачиғини, қалбининг самарасининг жонини олдингми, дейди. Фаришта, ҳа, дейди. Аллоҳ, у нима деди, деб сўрайди. Фаришта, сенга ҳамд ва истиржоъ айтди, дейди. Шунда Аллоҳ таоло, жаннатда унга бир уй бино қилинглар ва «Ҳамд уйи», деб номланглар, дейди», деганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Бирортангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржоъ айтсин», дейдилар.

Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак. Кўзининг қорачиғи, жигарбанди, боласи ўлганда ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганда ҳам. Мусибат етгандан кейин дарҳол истиржоъ айтиб, сабр қилиш керақ ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиши керак.

Аллоҳ таоло яна:

«Илм берилгаилар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир. Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», дедилар», деган (Қасас, 80).

Доимо, ҳамма жамиятларда моддий дуёнинг туғёнларидан устун тура оладиган, унинг ҳой-ҳавасига учмайдиган, моддий бойликнинг ҳаётдаги ўрнини тўғри баҳолай оладиган кишилар ҳам бўлади. Улар бунда ўзларига берилган тўғри илмга асосланадилар. Улар молу дунё фитнасига учмайдилар. Бою бадавлат бузғунчиларнинг зебу зийнатларига ҳавас қилмайдилар. Аксинча, зебу зийнатга берилганларга насиҳат қилиб юрадилар.

«Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир».

Бу дунёда ҳой-ҳавасга, зебу зийнатга сабаб бўладиган молу мулкдан кўра, Аллоҳ таоло иймон ва солиҳ амали учун берадиган савоб яхши эканини одамларга эслатиб турадилар. Кишиларни иймонга, солиҳ амалига чақирадилар. Аллоҳнинг савобига эришиш учун сабр-чидам зарурлигини ҳам айтадилар.

«Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», дедилар».

Ҳа, Аллоҳнинг савобига эришиш учун сабр-бардош керак. Иймонли бўлиш, қийинчиликларига ва солиҳ амаллар йўлидаги тўсиқларга ҳамда ҳаёти дунё зебу зийнатларидан ўзини тийиш йўлидаги машаққатларга сабр қилиш керак. Молу дунё фит-насига учмаслик лозим. Ана ўшандагина Аллоҳ таолонинг савобига эришилади.

Аллоҳ таоло яна:

«Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир», деган (Луқмон, 17).

Аллоҳга иймон келтириб, охиратдан умидвор ҳар бир одам адо этиши лозим бўлган ишлар шулардир:

«Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил».

Намозсиз қаерга ҳам бориб бўларди? Намозсиз нима ҳам қилиб бўларди? Шунинг учун ҳам зарурий амаллар орасидан биринчи бўлиб намоз тилга олинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида:

«Намоз диннинг устунидир», дейилган.

Ҳа, устунсиз иморат бўлмайди. Намоз инсоннинг тили билан айтиб, дили билан тасдиқлаган иймонининг аломатларидан биридир. Намозни тўкис адо этган одам бошқаларни амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ҳаққига эришади.

«...яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар...»

Бу амал ҳам Аллоҳга иймон келтириб, охиратдан умидвор бўлган ҳар бир инсон учун намоз каби фарздир. Мўмин-мусулмон одам инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш мажбуриятидадир.

Албатта, бу осон иш эмас. Унинг улуғлигига яраша қийинчилиги ва машаққатлари ҳам бор. Амри маъруф ва наҳйи мункар қилган одам ҳаммага ҳам ёқавермайди. Тинимсиз қаршиликка учрайди. Одамлардан озорлар етади. Шундай ҳол рўй берса:

«...ўзингга етган мусибатга сабр қил».

Сабр қилмасанг, иш битмайди.

Саҳобалардан Умайр ибн Ҳабиб розияллоҳу анҳу ўғилларига қилган васиятларида, жумладан, қуйидагиларни айтган эканлар:

«Қайси бирингиз амри маъруф ва наҳйи мункар қилмоқчи бўлса, аввало, мусибатларга ҳозирлансин ва Аллоҳ таолодан савоб келишига ишонсин. Чунки кимнинг Аллоҳдан савоб келишига қатъий қаноати бўлса, ўзига етган азиятни сезмас». «Албатта, булар азм этилажак ишлардандир».

Юқорида зикр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.

Аллоҳ таоло яна:

«Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Гуноҳинг учун истиғфор айт. Эртаю кеч Роббингга ҳамд ила тасбеҳ айт», деган (Ғофир, 55).

Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиш орқали ҳар бир мўмин бандага иймон йўлида зарур бўладиган зоди роҳила такдим этилмоқда.

«Бас, сабр қил».

Иймон йўлидаги курашда энг зарур амаллардан бири сабрдир. Сабрсиз бир нарсага эришиш қийин. Сабр фақат кофирлар, дин душманлари ва мунофиқлар томонидан бўладиган озорларга, азоб-уқубатларга бардош беришгина эмас.

Сабр улкан заруриятдир. Ҳавои нафсни жиловлаб олиш учун ҳам сабр зарурдир. Кишиларни иймонга чақиришда ҳам, Аллоҳнинг амрларини бажаришда ҳам, Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийилишда ҳам сабр зарурдир.

«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир».

Аллоҳ Пайғамбарига ва мўмин бандаларига нусрат беришни ваъда қилганми, албатта, ваъдасининг устидан чиқади. Сабр қилсанг, бас, нусрат келишига шубҳа йўқ.

«Гуноҳинг учун истиғфор айт».

Албатта, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам маъсум эдилар, гуноҳлари йўқ эди, лекин шундай бўлса ҳам, бу амрнинг келиши умматлари учун таълимдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда у зотнинг аввалгию кейинги гуноҳларини авф қилганини эълон этган бўлса ҳам доимо истиғфор айтар эдилар.

Мўмин киши гуноҳини эътироф қилиб, доимо истиғфор айтиб юриши унинг иймон йўлидаги курашида асосий қуролларидан биридир. Албатта, истиғфор маълум бир лафзларни, жумладан «Астағфируллоҳ»ни маъносига ҳам эътибор бермай, қуруқ такрорлаш эмас, балки бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда иймон ва эътиқод ила тавба қилишдир.

«Эртаю кеч Роббингга ҳамд ила тасбеҳ айт».

Доимо, хусусан, эрталаб ва кечқурун Аллоҳга ҳамду сано айт. У Зотни турли айб ва нуқсонлардан поклаб ёд эт.

Аллоҳ таоло яна:

«Бас, чиройли сабр қил», деган (Маъориж, 5).

Яъни, кишиларнинг истеҳзо қилишларига, озор беришиларига сабр қил, сабр қилганда ҳам чиройли сабр қил. Уларга азоб келишига шошилма.

Чиройли сабрни имом Қуртубий:

«Чиройли сабр - ичида жиззакилик ва Аллохдан бошқага шикоят қилишлиги йўқ сабрдир», деб таъриф қилганлар.

Шайх Али Мансур Носиф матнда авф қилиш ҳақидаги оятлардан келтирмаганлар. Биз бу борадаги баъзи ояти карималарни келтириб ўтсак яхши бўлар деган умиддамиз.

Аллоҳ таоло:

«Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», деган (Аъроф, 199).

Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. қилган хатоларини авф этувчи, кенг бағирли бўл.

Ҳақиқатда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул зот ҳақидаги ривоятларда кишини ҳайрон қолдирарли даражадаги ҳолатлар зикр этилган. Ул зотнинг саҳобаи киромлари, ҳақиқий мўмин-мусулмонлар ҳам доимо ояти каримада таъкидланганидек бўлишга, ана шу қоида асосида яшашга астойдил ҳаракат қилганлар.

«Яхшиликка буюр».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақириқлари яхшиликка буюрадиган чақириқдир. Ислом динида яхшиликка буюриш ҳар бир мусулмон эр ва муслима аёлга фарз қилингандир.

«Жоҳиллардан юз ўгир».

Жоҳиллик нодонлиқ илмсизликдир. Ислом мусулмонларни нодонлик ва нодонлардан, илмсизлик ва илмсизлардан юз ўгиришга, ҳар қачон донолик ва доноларга, илму уламоларга юз тутишга чақиради.

Аллоҳ таоло яна:

«Ва агар авф этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз. Бас, Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдил Зотдир», деган (Тағобун, 14).

Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоят бундай: Бир гуруҳ кишилар Маккада иймонга келиб, Мадийнага ҳижрат қилишмоқчи бўлганларида хотин ва бола-чақалари, бизни ташлаб қаёққа борасан, деб тўсиқ бўлишган экан. Вақти келиб, Мадийнага боришса, улардан аввал ҳижрат қилганлар динда илғор бўлиб кетишибди. Шунда уларни ҳижратдан тўсган оила аъзоларига иқоб қилишмоқчи бўлганларида Аллоҳ таоло:

«Ва агар авф этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз. Бас, Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдил Зотдир», деган оятини тушириб, уларни бу ишдан қайтарган экан.

Демак, мусулмон одам авф этувчилик сифатига ҳам эга бўлиши керак экан.


Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзи эшитган озорга сабр қилишда Аллоҳ таолога тенг келадиган бирор зот йўқ. Улар У Зотга тенгдош қилурлар. Улар У Зотга бола қилурлар. Шундоқ бўлса ҳам У Зот уларни ризқлантирур ва авф қилур», дедилар
».

Икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Ўзига озор берганларнинг қилмишларига сабр қилиш ва уларни авф қилиб юбориш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экан. Аллоҳнинг хулқи ила хулқланиш лозимдир. Мўминлар ҳам имкони борича бу хулқни ўзлаштириб олмоқдари лозим.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсим қилдилар. У зот баъзи тақсимларига ўхшатиб тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши:
«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.
Бас, мен «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман», дедим-да, у зотнинг ҳузурларига бордим. У зот ўз саҳобалари билан эканлар. Мен у зотга у айтган гап ҳақида сир равишда хабар бердим. Бу у зотга оғир ботди. У зотнинг юзлари ўзгариб, ғазаблари чиқиб кетди. Ҳатто мен «хабар бермасам бўлар экан» дедим. Сўнгра у зот:
«Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб сабр қилган эди», дедилар.

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ривоятда номи зикр қилинмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ озор берган одам Меътаб ибн Қушайр номли мунофиқ эди.

Ушбу ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятини ҳам ўргансак, тўлиқроқ маълумот олсак ажаб эмас.

«Ҳунайн куни бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимлашда баъзи одамларни устун қўйдилар. У зот ал-Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя бердилар. Уяйнага ҳам шунча бердилар. Арабларнинг ашрофларидан баъзиларига ҳам бердилар ва уларни ўша куни тақсимлашда устун қўйдилар. Шунда бир киши:

«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда адолат қилинмади. Бунда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.

Бас, мен «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман» дедим-да, у зотнинг ҳузурларига бориб, у айтган гап ҳақида хабар бердим.

У зотнинг юзлари ўзгариб, тери бўяладиган қизил қонга ўхшаб кетди ва:

«Агар Аллоҳ ва Унинг Расули адолат қилмаса, ким адолат қилади?! Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб, сабр қилган эди», дедилар.

Шунда мен «Бундан кейин у зотга гап кўтариб келмасам бўлар экан» дедим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларини улфат қилиш лозим бўлган кишиларга ўлжадан кўп нарса берган эдилар. Уларнинг ичида ушбу ривоятда номлари зикр қилинган ал-Ақраъ ибн Ҳобис, Уяйна ва бошқа зодагонлар бор эди.

Тақсимлашдаги ҳикматни англаб етмаган Меътаб ибн Қушайр номли мунофиқ бу ишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни адолатсизликда айблашга бориб етди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тақсимлаш айни адолат эканини ва ҳалиги танқидчининг гапи озор эканини баён қилдилар. У зот ўзларига озор берган одамни жазолашга қодир бўлсалар ҳам сабр қилиб уни авф этдилар.


Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар
».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узун ҳадисларидан олинган иқтибосдир. Мазкур ҳадисда шулар айтилади:

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, У зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда У зот:

«Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши эканлиги тарғиб қилинган.

Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллохдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки, Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.

Мазкур ривоятлардан мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан ўзини қандоқ тутмоклиги лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар бермоқда:

Иффатли бўлиш.

Ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб, билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.

Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.

Бундай одамни Аллоҳ таоло кўзини тўқ қилиб қўйса, ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмас экан.

Кам бўлса ҳам ўзига берилган ризққа сабр қилиш.

Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг ато ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса, дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида умбалоқ ошиб, ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди.

Мусулмон одам унга Аллоҳ томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлади.

Ҳақиқий бойлик молу дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўкдигида.

Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда беш танга пул куйига тушиб одам ўлдирадиганлар, ўғрилиқ порахўрлиқ рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлиқ алдамчилиқ ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон уларга аралашмайдиган ва озорларига сабр қилмайдиган мусулмондан яхшидир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бундан одамларнинг озоридан қўрқиб, уларга аралашмай қўйиш дуруст эмаслиги чиқади. Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган одам савоб олади. У ўша аралашиши давомида уларга яхшилик ҳам қилиб юрган бўлади. Одамларга аралашмаган киши эса, кўпчиликка фойда етказишдан бош тортган бўлиши мумкин.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Садақа молни ноқис қилмас. Аллоҳ авф ила бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Ким Аллоҳ учун тавозуъ қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас», дедилар
».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бошқа бир ривоятда:

«Авф бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Бас, авф қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилур. Тавозуъ бандага юқориликдан бошқани зиёда қилмас. Бас, тавозуъ қилинг! Аллоҳ сизни юқорилатур. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизни бой қилур», дейилган.

Азизу мукаррам бўлайлик десак, авф қилишни одат қилайлик.

Олий мақомга етай десак, тавозуълик бўлайлик.

Бой-бадавлат бўлай десак, садақа қилишни одат қилайлик.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари ҳузурида Абу Бакр розияллоҳу анҳуни сўкди. Абу Бакр жим ўтираверди. Ҳалиги одам унга иккинчи марта озор берди. Абу Бакр яна жим ўтираверди. Сўнгра учинчи марта озор берганда Абу Бакр унга жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар. Абу Бакр:
«Мендан аччиғингиз чиқдими! Эй Аллоҳнинг Расули?» деди.
«Унинг сенга айтган гапининг ёлғонлигини билдириш учун осмондан фаришта тушган эди
Сен унга жавоб қайтарганингда шайтон ўтириб олди. Шайтон ўтирган жойда мен ўтира олмас эдим», дедилар
».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Озор берган кишини авф қилиш фариштанинг тушишига сабаб бўладиган олий ахлоқ экан. Икки мусулмоннинг бир-бири билан сўкишиши эса шайтонни хурсанд қиладиган нарса экан. Бас, биров билан сўкишмай, одамларни авф қилишга одатланайлик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан ичувчилар томоғидан осон ўтувчи соф сут давоми...

3164 05:00 / 03.03.2017
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирингизни эсноқ тутса, қўлини оғзига қўйсин. Чунки, шайтон ичига кириб давоми...

4292 05:00 / 03.03.2017
Саломлашиш деганда кишиларнинг учрашган чоғда биринчи бирshyбирларига тилак маъносида сўз айтишлари тушунилади. Саломлашиш ҳамма миллатларда қадимдан мавжуд. давоми...

4060 05:00 / 04.03.2017
Сўзлаётган пайтда ортиқча ҳаракатлар қилмаслик лозим.Бунга кўз, қош, қўл ва бошқа аъзоларнинг ҳаракати ҳам киради. Суҳбатлашаётганда, суҳбатдошини туртиб, давоми...

8382 11:30 / 11.05.2022