1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом тарбиялаган улуғлар

19:00 / 08.01.2021 3428 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

مِنَ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ فَمِنْهُم مَّن قَضَى نَحْبَهُ وَمِنْهُم مَّن يَنتَظِرُ وَمَا بَدَّلُوا تَبْدِيلًا۝

«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан назрига вафо қилгани бор. Улардан интизор бўлиб турганлари бор. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар. (Аҳзоб сураси, 23-оят)

Содиқ саҳобаи киромлар уруш пайтларида орқага чекинмасликка, майдондан қочиб кетмасликка, балки ўз жойида, душман қаршисида собит туришга ваъда берган эдилар. Улар ана шу ваъдаларига содиқ қолдилар. Шунингдек, улардан кейин келган тобеинлар, табаъа тобеинлар, солиҳ мўминлар Ислом учун жонларини бериш, бу йўлда молу жонларини фидо қилиш борасидаги аҳдларига содиқ қолиб, ўша ваъдаларига вафо қилдилар.

Ислом тарихида ўчмас из қолдирган пахлавонлар болаликдан чиниқиб, чавандозлик, мерганлик, қиличбозлик каби соҳаларни маҳорат билан эгалладилар.

Софийя бинт Абдулмутталиб розияллоҳу анҳо ўғли Зубайр розияллоҳу анҳу от устидан йиқилиб тушса, парво қилмасди.

Фарзандларини ойлаб, йиллаб саҳроларга юбораётганда арабларнинг қалбларини қўрқув еб битирмасди.

Боланинг ўзи Макка водийларида кечаси қўйлар билан қолиши отасининг дилини оғритмасди.

Ўсмир йигитларнинг тижорат, ов мақсадида ўзлари сафарга чиқишлари, баланд тоғларга тирмашишлари, Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу каби арслонлар овига боришлари уларнинг оналарини қўрқувдан ўлдирмасди.

Танаси бақувват инсонлар Ислом динининг руҳий қуввати билан қувватланиб, янада шижоатли бўлдилар. Натижада Холид, Зубайр, Саъд, Али розияллоҳу анҳум каби пахлавонлар етишиб чиқдилар. Улар жангга чиқсалар, кисро ва қайсар каби раҳбарларнинг мулки билан қайтар эдилар.

Мурод II ҳарбий юришларидан бирида Қустантания яқинида тўхтаб, чодир тикиб, бир неча кун ўша ерда турди. Ана шу чоғларда унинг аёли тонг пайти ўғли Муҳаммадга Қустантания деворларини кўрсатиб: «Эй Муҳаммад, мана шу деворларни бузиб кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, бу шаҳарни фатҳ қиладиган одам сенсан. Чунки, сенинг исминг Муҳаммаддир» дерди.

Салоҳиддин Айюбийнинг отаси ёшгина ўғлининг кичик болалар билан ўйнаётганини кўрди ва уни улар орасидан шартта олдида баландга кўтарди.

Ота баланд бўйли киши эди. Ўғлини баланд кўтарганча: «Мен онангга гўдаклар билан ўйнаб юрадиган бола туғиши учун уйланмаганман. Онанг ҳам сени кичик болалар билан ўйнашинг учун туғмаган. Мен онангга Масжидул Ақсони озод қиладиган ўғил туғиши учун уйланганман. Онанг ҳам сени Масжидул Ақсони озод қилишинг учун туққан» деди-да, қўлини қўйиб юборди.

Бола баландликдан ерга йиқилди. Ота ўғлига назар солди ва унинг юзида оғриқ аломатини сезди. Ундан: «Йиқилиш сени оғритдими?» деб сўради. Болакай: «Ҳа, оғритди» деди. Отанинг «Унда нега бақириб, дод солмадинг?» деб берган саволига кичик Салоҳиддин: «Масжидул Ақсони озод қилувчи одамга бақириб, дод солиш ярашмайди» деб жавоб берди.

Ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ҳиммати сабаб забардаст пахлавонлар етишдилар ва Исломга кўплаб хизматлар қилдилар.

Абдураҳмон Носир 21 ёш: у ҳукмронлик қилган давр Андалусия тарихида «олтин давр» деб аталди. Илмий томондан юксалиш даври бўлди.

Муҳаммад Фотиҳ 22 ёш: кўп саҳобаи киромлар, тобеинлар, қўмондонлар фатҳ этишни орзу қилган шаҳарни – Византия пойтахти Қустантинияни фатҳ этди.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу 17-18 ёш: Румга қарши қуролланган мусулмонлар қўшинига қўмондонлик қилди. Қўшин орасида Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Умар розияллоҳу анҳу, Абу Убайда розияллоҳу анҳу, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу каби пешқадам саҳобалар, муҳожир ва ансорлар бор эдилар.

Муҳаммад ибн Қосим 17 ёш: Синд (ҳозирги Покистон)ни фатҳ қилган мусулмонлар қўшинининг қўмондони бўлган. Ўша пайтларда у энг йирик саркардалардан эди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: Ислом йўлида биринчи қон тўккан ва Исломда биринчи ўқ отганларида ўспирин йигитлик чоғларида эдилар. Шўро кенгаши аъзоларидан бири эдилар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд келаётган эди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз тоғасини кўрсата олади!» дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу: 15-16 ёшларида Исломга кирганлар. Шу ёшларида Исломда биринчи бўлиб қилич яланғочлаган киши сифатида танилдилар.

Муоз ибн Амр ва Муавваз ибн Афро розияллоҳу анҳумолар тахминан 14-15 ёшлар атрофида бўлганларида Бадр ғазотида қатнашиб, Абу Жаҳлни ўлдиришган.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу 13 ёшларида Бадрда қатнашиш учун рухсат сўраганлар, аммо ёшлари кичик деб рухсат берилмаган. Шунда у киши ўқиш-ёзишни билганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котиблари, сурёний, иброний тилларини ўрганиб, таржимонлари бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 18-19 ёшли Аттоб ибн Усайд розияллоҳу анҳуни Маккага волий қилиб тайинлаганлар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу 100 дан ортиқ ҳарбий юришларда иштирок этиб, қўмондонлик қилиб, шу урушлардан бирортасида енгилмаган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид розияллоҳу анҳуга «Сайфуллоҳ» («Аллоҳнинг қиличи») деб лақаб бердилар. «Аллоҳнинг қиличи» енгилиб, мағлуб бўлармиди?! У зот Исломдаги улуғ қўмондонлардан бири бўлиб, Шом, Ироқ ва бошқа кўплаб ўлкаларнинг фатҳ этилишида саркардалик қилганлар.

Али розияллоҳу анҳу кичиклик пайтларидаёқ шижоатларини намоён этгандилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага йўлга чиқар эканлар, ўрниларига ёш Али розияллоҳу анҳуни қолдириб кетганлар. Севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш учун пайт пойлаб турган мушриклар у зот алайҳиссаломнинг уйларига кириб, ўрниларида Али розияллоҳу анҳу ётганларини кўрадилар. Қатл этилишлари эҳтимоли катталигини билсалар ҳам, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жойларида ётган эдилар. Кейинчалик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда иштирок этиб, фидокорлик кўрсатдилар. Хандақ, Хайбар ва бошқа ғазотлардаги шижоатлари машҳурдир.

Талҳа розияллоҳу анҳу Уҳуд ғазоти куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун тирик қалқон вазифасини ўтадилар. Ўша куни у кишининг таналарида етмишдан ортиқ жойга қилич, найза ва камон ўқи зарбаси теккан эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини юқоридаги оят остига кирувчилардан эканликларини баён қилганлар. Ҳатто бир сафар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Талҳа розияллоҳу анҳуни “ер юзида юрган шаҳид” деб атаганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни ер юзида юрган шаҳидга назар солиш хурсанд қилса, Толҳа ибн Убайдуллоҳга назар солсин», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Буларнинг барчалари Ислом тарбия қилган зотлардир.

Бугун биз Зубайрларни тарбия қиладиган Софийя каби оналарга муҳтожмиз.

Салоҳиддинларни тарбия қиладиган Нуриддин каби оталарга муҳтожмиз.

Аллоҳ таоло биз мусулмонларни ҳам пешқадам уммат қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Абу Шомадан ривоят қилинади .Менга шомлик муҳаддис Абул Қосим ибн Асокир ҳақида шундай дейишди .У зот ўша куни пешин намозини ўқидилар. Кейин аср намозига давоми...

2430 08:00 / 29.05.2020
Умар ибн Салоҳ айтади .Имом Аҳмаддан .Қалблар нима билан юмшайди, деб сўрадим. У менга бир қараб, бир муддат жим қолди. Сўнг .Нима билан дейсанми Ҳалол луқма ейиш давоми...

1781 08:00 / 29.09.2020
Андалус вазирининг ўғли ҳикоя қилади .Даҳлизда ўтирган эдим. Бир китоб кўчирувчига Абулфараж Исфаҳонийнинг .Ағоний, китобини кўчиришни буюргандим. У давоми...

3063 07:10 / 09.08.2019
Шу кунларда обҳавонинг кескин кўтарилиб кетиши оқибатида кўпчилик ўзини соясалқин жойларга, сув ҳавзалари бўйига, тоғ олди дам олиш масканларига уряпти.Маълумки, давоми...

3944 13:40 / 13.07.2019