1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сирли суҳбат

12:40 / 17.03.2019 5961 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Қачон сирли суҳбат қилсангиз, гуноҳ, душманлик ва Пайғамбарга маъсиятга сирли суҳбат қилмангиз. Яхшилик ва тақвога сирли суҳбат қилингиз. Ҳузурига тўпланиб борадиганингиз Аллоҳга тақво қилингиз», деган (Мужодала, 9).

Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар ўзаро суҳбатларида доимо бир-бирларини яхшиликка ва тақвога чорлашлари лозим. Афсуски, ҳозир бу Қуръоний таълимот бизнинг орамиздан йўқолиб боряпти. Ўзаро суҳбатлар ёлғон, бўҳтон, туҳмат ва ғийбатдан иборат бўлиб қолмоқда. Бу эса, мусулмонларнинг на одобига, на шаънига тўғри келади.
Ушбу оят тафсирида уламоларимиз Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган қуйидаги ҳадисни ҳам келтирадилар:
«Савфон ибн Миҳроз айтадилар: «Мен Абдуллоҳ ибн Умарнинг қўлидан ушлаб кетаётган эдим, бир одам йўлни тўсиб чиқиб:
«Пайғамбар алайҳиссаломдан қиёмат кунида нажва (сирли суҳбат) ҳақида нима эшитгансиз?» деди.
Абдуллоҳ ибн Умар:
«Расулуллоҳ алайҳиссаломдан қуйидагиларни эшитганман, у зот айтдилар: «Аллоҳ мўмин бандани ўзига яқинлаштириб, уни бағрига босади ва одамлардан тўсади-да, нажва қилиб, сирли гаплашади. Гуноҳларига иқрор қилдиради. «Бу гуноҳингни биласанми? Мана бу гуноҳингни биласанми? Бунисини-чи?» дейди. Токи банда гуноҳларига иқрор бўлиб, энди ҳалок бўлдим, деганида, Аллоҳ: «Бу гуноҳларингни ёруғ дунёда беркитган эдим, бугун эса, мағфират қиламан», дейди. Сўнгра унга яхшиликлари китобини беради.
Аммо кофир ва мунофиқларга қараб:
«Гувоҳлар, манавилар ўз Роббиларига ёлғон гапларни айтганлар. Золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дейди».

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон учта бўлсангиз, икки киши учинчини қўйиб, сир(ли) суҳбат қилмасин. Бу уни маҳзун қилади», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Уч киши ўтирганда улардан иккитаси пичирлашиб гаплашса, учинчи кишига ноқулай бўлади. Худди иккиси уни ёмонлаётгандек ёки унга ишонмаётгандек кўринади. Шунинг учун уч киши ўтирганда иккиталари сирли суҳбат қилишларига изн берилмаган.
Агар кўпчилик бўлса, икки киши пичирлашиб гаплашса бўлаверади. Уч киши бўлганда учинчи кишининг изни ила иккитаси пичирлашса ҳам жоиз.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга сир айтдилар. Мен бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермадим. Батаҳқиқ, мендан Умму Сулайм сўраганда унга ҳам хабар бермадим».
Икки шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг оналари бўлади. Бировнинг сирини ҳеч кимга айтмаслик кераклиги шу ҳадиси шарифдан маълум бўлади. Биров томонидан сўзланган сир омонат ҳисобланади. Ўша сир эгасининг изнисиз уни бошқа одамга айтиш хиёнатдир. Аммо ўша гапни эгасининг номини зикр қилмай айтса бўлади.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу воқеани тошкентлик бир танишимиз сўзлаб бердиларndash Бир йили муҳтарама онамиз билан ҳажга борган эдик. Онамизнинг ёшлари анча ўтиб қолган, қийналиб қадам давоми...

5828 06:07 / 07.08.2020
СаволБарча ўзбек хонадонларида таомдан кейин дуолар ўқилиб, юзга фотиҳа тортилади. Исломда айни шу дуонинг аҳамияти қандай Ва бу ўринда ўқиладиган махсус дуолар давоми...

4391 08:30 / 02.03.2020
.Риё ҳаромми, макруҳми ёки мубоҳми, деган саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Бунинг тафсилоти бор.1. Риё ибодатларда бўлса, ҳаромдир. Намози, садақаси, давоми...

4719 07:00 / 01.02.2019
Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг давоми...

2863 12:02 / 10.11.2018
Аудиолар

232077 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150586 09:35 / 11.08.2021