1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қуш ризқлангани каби...

17:00 / 02.01.2021 2711 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида ҳаж қилдилар. У зот ҳаж мавсумида зод-роҳиласиз ҳажга келган бир қанча кишиларни кўриб қолдилар. Улар кишилардан у-бу нарса тилаб юрган эди. Умар розиёллоҳу анҳу улардан:

-Сизлар кимсизлар?-дея сўрадилар.

Улар:

-Биз таваккул қилувчилармиз, дейишди.

Умар розияллоҳу анҳу уларга:

-Сизлар ялқовларсиз. Таваккул қилувчи олдин ерга уруғни қадаб сўнгра Аллоҳга таваккул қилади, -дедилар.

Кўп инсонлар Аллоҳга таваккул қилишни нотўғри фаҳмлашади. Таваккулни сабабларини тарк қилиш деб ўйлашади. Булар уни ё унутишади ёки ўзларини унутганга солишади. Сабаблар Аллоҳнинг қадарида воқе бўладиган ишлардир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу борлиқда биз риоя қилишимиз лозим бўлган қонунларни жорий қилган. Инсон қодир бўлганича бу қонунларга риоя қилиши лозим. Ана шундан сўнггина ишончини Аллоҳга боғлайди. Аллоҳ изн бермаса бу сабаблар зарар ҳам фойда ҳам бера олмаслигига эътиқод қилади.

Ҳа! Аллоҳ шифо берувчидир. Аммо шифокорга бормаслик ва даволаниш чорасини кўрмаслик аҳмоқликдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам энг Аллоҳга ишончи мустаҳкам инсон эдилар. Аммо бунга муқобил ўлароқ, у зот сабабларни ҳам энг қаттиқ тутувчи инсон эдилар.

Мадинага ҳижрат қилганларида йўл кўрсатувчи қидирдилар. «Мен пайғамбарман. Аллоҳ менга йўл кўрсатиб боради», демадилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлар Аллоҳнинг қўлида эканлигига иймон келтирган бўлсаларда, Уҳуд жангида икки қават совут кийдилар. «Аллоҳ мени сақлайди», демадилар. Бизга сабабларни тутиш маданиятини таълим бердилар.

Агар бирор-бир ғазотга чиқмоқчи бўлсалар уни яширин тутар эдилар. Қайси йўлдан боришларини яширар эдилар. Аслида ғалаба Аллоҳники эканлигига иймон келтирган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сиз Аллоҳга таваккули ҳаққича таваккул қилганингизда эди худди қушларни ризқлантиргани каби ризқлантирар эди. Улар қоринлари бўш ҳолда кетиб, қоринлари тўлиб қайтишади», дейишлари билан фақатгина ёлғиз Аллоҳнинг ўзи бизларни тирилтиришини, ўлдиришини, ризқ беришини, шифо беришини таълим бермоқчи бўлар эдилар. Аммо бунинг муқобилида бу дунёнинг сабаблар дунёси эканлигини бизга сингдирар эдилар. Қушларнинг ризқ талабида бўш қорин билан учиб чиқиши айнан сабабдир. Қушлар инларида ризқини кутиб ўтиришмайди. Очлигини қоплаш учун дон қидиради. Аммо улар ҳам Аллоҳ тақсим қилган ризқни олишади холос.

Баъзи инсонлар сабабларсиз мўъжизалар кутишади. Улар сенга Мусо алайҳис саломнинг асолари қандай қилиб денгизни иккига бўлганини гапиришади. Юнус алайҳиссаломни кит ютган бўлсада у зотга ҳеч нарса қилмаганини гапиришади. Иброҳим алайҳиссаломни оловга улоқтиришганда олов у зотни куйдирмаганини эслатишади. Улар билишмайдики, мўъжизалар Аллоҳ бу борлиқдаги қонунларни бузиш учун пайғамбарларга берилган одатдан ташқари ишлардир. Сабаблар Аллоҳга ўтмайди, бандаларига ўтади.

Агар ҳозирда биз асомиз билан денгизни иккига бўлмоқчи бўлсак кишилар бизни аниқ жинни дейишади. Агар ўзимизни оловга отсак куйиб ўламиз.

Сабабларни олмасдан, фақатгина уларга ишонишдан ёмон иш йўқ дунёда!

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ўзига қайтган солиҳ бандасини севади. Бу севги онанинг боласига бўлган муҳаббатидан ортиқ. Ҳабибнинг маҳбубасига бўлган севгидан зиёда. Чўпоннинг давоми...

1337 16:00 / 10.11.2022
Инсон ўз атрофида яхшилик билан ёмонлик кураш олиб бораётганига гувоҳ бўлиб яшайди. Кўпинча бу курашда ёмонлик ғолиб чиқади. Бир одам ўзининг қисқа умри давомида давоми...

4911 16:08 / 02.12.2018
Ҳар бир жамиятнинг мустаҳкамлиги ва унинг аъзолари орасида ўзаро ишонч ҳукм суриши учун садоқат зарурдир. Шунинг учун ҳам садоқат жамият тузилишидаги асосий давоми...

2874 17:00 / 09.12.2018
иккинчи қисм Мавзунинг биринчи қисмида синов ва имтиҳонларда собит туриш лозимлиги ва ҳеч нарса Аллоҳнинг изнисиз амалга ошмаслигини муҳокама қилгандик. Аллоҳ давоми...

1932 17:02 / 29.06.2022