1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Инсон ҳар лаҳза Аллоҳнинг чангалида

17:00 / 31.12.2020 3364 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

لَوْلَا مَيَادِينُ النُّفُوسِ مَا تَحَقَّقَ سَيْرُ السَّائِرِينَ. إِذْ لَا مَسَافَةَ بَيْنَكَ وَبَيْنَهُ حَتَّى تَطْوِيَهَا رِحْلَتُكَ. وَلَا قَطِيعَةَ بَيْنَكَ وَبَيْنَهُ حَتَّى تَمْحُوَهَا وُصْلَتُكَ.

Агар нафсларнинг майдонлари бўлмаганида, соликларнинг сайри юзага чиқмас эди. Зотан, сен билан У Зотнинг орасида масофа йўқки, уни сенинг юришинг босиб ўтса. Сен билан У Зотнинг орасида узилиш йўқки, уни сенинг етишишинг маҳв этса.

– Нафсларнинг майдонлари – нафсларнинг бориб келадиган фазолари.

– Солик – тавба қилиб, шариат кўрсатмалари ва одобларига амал қилишга ҳамда шариат қайтарган нарсалардан қайтишга бел боғлаган банда.

– Соликларнинг сайри – тавба қилиб, нафсини поклашга, унинг кирларидан покланишга, офатларини йўқотишга, разилатлардан тозаланишга ҳаракат қилиш.

Нафс фазоларининг мадори уч ишдадир:

1. Ғафлат ила насибаларни талаб қилиш;

2. Суриштирмасдан, хато тасаввурга эргашиш;

3. Ҳақиқатсиз, очиқ даъво қилиш.

Ғафлатни кетказиш аввало тақво, кейин истиқомат ила бўлади. Бунинг сайри огоҳлик ва юмшоқлик билан бўлади. Унинг натижаси вараъ (парҳезкорлик) ва ўзини тортишдир.

Хато тасаввурларни кетказиш сабр ила шариатга эргашиш билан бўлади. Бунинг сайри илм ва яхшилаб суриштириш билан бўлади. Унинг натижаси хатони ҳақиқат ила кетказиш, кенглик ва торликда ўзини эҳтиёт қилиш билан бўлади.

Даъвони кетказиш маърифат ва тикланиш билан бўлади. Бунинг сайри Ҳаққа яқинлашиш ва халқдан қочиш билан бўлади.

«Агар нафсларнинг майдонлари бўлмаганида, соликларнинг сайри юзага чиқмас эди».

«Майдон» сўзи отчопарга далолат қилади. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида нафсларни отларга, уларнинг ҳаракатланадиган майдонларини отчопарларга ўхшатмоқда.  

Агар нафсларнинг шаҳватлар ва истаклар томон турли тарафларга чопиши бўлмаганда, соликларнинг сайрига ўрин қолмас эди. Шунинг учун ҳам баъзи машойихлар «Шайтон ва нафси бало ички неъматлардандир», дейишади. Банда шайтон ва нафсни енгиш учун ҳаракат қилар экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яқинлашади. Ҳақ субҳанаҳу ва таолога томон сайри сулук қилишни зинҳор моддий маънода тушуниб бўлмайди. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони замон ва макон чегаралай олмайди. Қандай қилиб улар У Зотни – ўзларини йўқдан бор қилган Аллоҳни чегаралаши мумкин?! 

«Зотан, сен билан У Зотнинг орасида масофа йўқки, уни сенинг юришинг босиб ўтса».

Ҳа, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан банданинг орасида моддий масофа йўқки, банда уни оёғи билан юриб босиб ўтса. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло билан банда орасида ҳеч қандай масофа йўқлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилиб қўйгандир.

Аллоҳ таоло Қоф сурасида марҳамат қилади:

 وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ وَنَعْلَمُ مَا تُوَسْوِسُ بِهِ نَفْسُهُ وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ۝

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз». (16-оят).

Бирор асбоб ёки буюмнинг устаси ундаги энг майда икир-чикирларгача яхши билади. Унинг хусусиятларини, афзалликларини, шунингдек, камчиликларию нуқсонларини ҳам яхши билади. Ҳолбуки, у яратувчи эмас. У бор-йўғи мавжуд нарсаларни бир-бирига қўшиб, улаб, кесиб, ўйиб ва бошқа усуллар билан асбоб ясайди. Яратувчи эса йўқдан бор қилади.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло:

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз», деб таъкидламоқда.

Демак, Яратувчи яратган нарсасининг ҳамма тарафини мукаммал билади. Шу билишини Аллоҳ таоло инсоннинг энг нозик жойларидан бирини тилга олиш билан билдирмоқда:

«ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз».

Нафснинг васвасаси инсоннинг хаёлида кечади, унинг жараёнини ташқаридан ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло ўшандай махфий нарсани ҳам билиб тургандан кейин, бошқасини билиш Унга ҳеч гап бўлмай қолади.

Инсон ҳар доим, ҳар лаҳза Аллоҳнинг чангалида, Унинг сергак кузатиши остида туришини билдириш учун Аллоҳ оятнинг охирида:

«Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз», дейди.

«Жон томири» деганда биз қон томирини тушунамиз. Инсон шуни тўла ҳис қилиб олса, ҳар бир ҳаракати, гапи, сўзи Яратганни рози қилиш учун бўлиши лозимлиги ҳақида ўйлаб қолади. Ҳеч бир гуноҳга, ҳаром ишга яқинлашмай қўяди. Доимо ҳушёр, сергак яшайди.

«Сен билан У Зотнинг орасида узилиш йўқки, уни сенинг етишишинг маҳв этса».

Аллоҳ таоло билан банданинг орасида ҳиссий масофа йўқ бўлганидек, маънавий масофа ҳам йўқдир. Зотан, ҳиссий масофа тарафни тақозо қилади ва маънавий масофа ўхшашликни тақозо қилади. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло эса бу икки нарсадан ҳам покдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло  билан банданинг орасида ҳиссий ва маънавий узилиш ҳам йўқ. Зотан, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг сифатида насаб ва ўхшашлик йўқдир.

Аллоҳ таоло билан банданинг орасини ажратиб турадиган нарса нафсоний кирлар ва разилатлардан иборатдир. Агар ушбу ажратиб турадиган нарса бўлмаганида, Аллоҳ таоло томон сайри сулукнинг кераги бўлмас эди.

Аллоҳ таоло инсонни бу дунёда Ўзига бандалик қилиб – буйруқларини бажариб, қайтарганларидан қайтиб, ҳукмларига бўйсуниб яшашга амр қилган. Ушбу нарса шариат истилоҳида «таклиф» дейилади. Бошқача қилиб айтганда, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло инсонни «мукаллаф» қилган. Мазкур таклиф инсон учун шарафдир.  Ушбу сифат ила инсон фаришталардан ажраб туради. Фаришталар Аллоҳ таолога ўз-ўзидан итоат қиладилар. Улар инсонлар каби шайтон ва нафснинг тўсиқларини енгиб ўтмайдилар. Уларнинг табиатида гуноҳ қилиш қобилияти йўқ.

Инсон эса шайтон ва нафс қўйган тўсиқлардан иборат узун маънавий масофани кесиб ўтиб, Аллоҳ таолога етишади. Агар ушбу тўсиқлар бўлмаганида, банданинг Ҳақ субҳанаҳу ва таоло томон сайри сулук қилишига ҳожат қолмас эди. Ушбу маънавий масофани босиб ўтиш давомида банда турли синовларни ҳам бошидан кечиради.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

 وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ۝ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعونَ۝

«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир». (155-156-оятлар).

Банданинг ушбу узоқ ва синовларга тўла маънавий масофани сайри сулук ила кесиб ўтишидаги йўл озиғи Аллоҳ таолони доимий зикр қилиш ва У Зотга тинмай дуо қилишдан иборат бўлиши керак.

Аллоҳ таоло барчаларимизга агар нафсларнинг майдонлари бўлмаса, соликларнинг сайри юзага чиқмаслигини англаб етадиган бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин!

Зотан, биз билан У Зотнинг орасида бизнинг юришимиз босиб ўтадиган масофа йўқлигини, биз билан У Зотнинг орасида бизнинг етишишимиз маҳв қиладиган узилиш йўқлигини англаб етадиган бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин!

«Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобидан олинди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғийбатнинг таърифини ушбу ҳадисдан билиб оламизАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нимаrdquo деб сўрашди. Биродарингни давоми...

1587 09:00 / 05.05.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади.Албатта, куфр келтириб, кофир ҳолида ўлганларнинг бирортасидан, агар ер юзи тўла олтинни давоми...

2032 16:00 / 26.01.2023
Қуръони каримда олдинга сурилган асосий ғоялардан бири ndash ўзгаларни ҳурмат қилишдир. Чунки бу нарса жамиятнинг бирлигини сақлашда, унинг аъзолари орасида давоми...

3252 20:03 / 11.11.2018
Сабр уч турли бўлади1. Аллоҳга қилинган тоатибодатдаги сабр.2. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилишдаги сабр.3. Аллоҳнинг азоб берувчи қазоиқадарларига қилинган давоми...

1391 18:00 / 30.03.2023