
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тасаввур қилинг, сизга бошлиғингиз: «Сен ажойиб ходимсан», деди. Шак йўқки, сиз бундан қувонасиз. Агар сизга бирор вазир «сен ўз соҳангда тенгсизсан», деса фараҳга тўласиз. Мабодо, давлат раҳбари ёки подшоҳ мажлисда сизнинг исмингизни эслаб ўтса, гўё қанот чиқариб учасиз, хурсандликдан ичингизга сиғмайсиз. Энди тасаввур қилинг, сизга «Аллоҳ таоло исмингни зикр қилди», дейилса, қандай аҳволга тушар эдингиз?!
Худди мана шу ҳолат ҳаётда содир бўлган.
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни чақириб шундай дедилар:
Аллоҳ таоло сенга «Лам якуниллазийна кафаруу...»ни ўқиб беришимни амр қилди! Убай розияллоҳу анҳу дедилар:
- Сизга менинг исмимни айтдими?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Ҳа, сенинг исмингни айтди!
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу йиғлай бошладилар. У умрининг охиригача «Раббим менинг исмимни айтди», дея фахрланиб юрдилар.
Нега энди Убай ибн Каъб?! Ахир, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алилар розияллоҳу анҳум ундан афзал-ку! Чунки Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида Қуръонни энг яхши ўқир эди. Шунинг учун Абу Бакр розияллоҳу анҳу муртадларга қарши жанглардан кейин Қуръонни жамламоқчи бўлганларида бу ҳайъатга Убай розияллоҳу анҳуни ҳам қўшиб қўйгани табиий эди. Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръон сўнгги бор жамланганида унда ҳам ҳайъат ичида Убай розияллоҳу анҳу бор эди.
Бу дунё ихтисос дунёсидир!
Умуман олганда, Абу Бакр розияллоҳу анҳу афзал бўлсалар-да, Убай розияллоҳу анҳуга Қуръондан ҳазрати Абу Бакрга берилмаган насиба берилган эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу умуман олганда афзал бўлсалар-да, Холид розияллоҳу анҳу уруш илмида у кишидан билимдонроқ эди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу умуман олганда афзал бўлсалар-да, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ҳалол-ҳаром илмида у кишидан билимдонроқ эдилар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу кўп афзал зот эдилар. Аммо Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳудан кўпроқ ҳадисни ёд билганлар.
Ислом инсонларни ўз ўрнига қўйган пайтида буюкликнинг чўққисига етган. Яъни, ким қайси майдонда кўзга кўринган бўлса, шунга мувофиқ мансабга қўйилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг афзаллигига шак қилмас эдилар. Аммо қўшинга бош қилиб, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни тайинладилар. Чунки Холид розияллоҳу анҳу уруш илмида Абу Бакр розияллоҳу анҳудан билимдонроқ эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга дедилар:
Эй Абу Зарр! Сен заиф инсонсан. Мен ўзимга истаганимни сенга ҳам истайман. Ҳеч қачон икки киши устида бўлса-да, амир бўлма. Етимнинг молига валий бўлма!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан Абу Заррни айбламаяптилар. Иш Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг шахсиятига алоқадор. Унинг нафси тузилишига, табиатига алоқадор. Абу Зарр розияллоҳу анҳу гапга уста, зоҳид, ростгўй, олим ва илмига амал қиладиган, ҳақни гапирадиган киши эдилар. Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Заррга ўхшаган ростгўй инсонга осмон соя солмаган, ер кўтармаган!» деган эдилар.
Беш вақт намозини масжидда ўқийдиган киши муборак ва муҳтарам кишидир. Аммо бу дегани, у вазирликка ёки омманинг ишига муносиб дегани эмас. Қуръони Каримни ёд олган киши покиза ва тақводор кишидир. Аммо бу дегани, у қўмондонликка ҳам муносиб дегани эмас!
Инсон қайси мансабда бўлмасин, чиройли хулқли, солиҳ ва гўзал хислатли бўлиши яхши, албатта. Аммо бир масъулиятни юкламоқчи бўлсангиз, аввало, ўша ишда моҳир бўлган кишини қидиринг. Сўнгра ундаги тақво, солиҳлик ва масжидга бориш сифатини солиштиринг. Аммо тақводор кишига билмайдиган ишини топшириб қўйсангиз, унга ҳам, бошқаларга ҳам зулм қилган бўласиз!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.