1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Биз билмаган тарих: Амир Темур ва Ислом (биринчи мақола)

15:00 / 18.12.2020 4257 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўҳна тарих жуда кўп ҳукмдорлар, фотиҳлар ва саркардаларнинг турфа ишларига гувоҳ бўлган, уларнинг хизматлари ва қилмишларини ўз саҳифаларига абадий муҳрлаб қўйган. Мовароуннаҳр заминида ҳам қанчадан-қанча ҳукмдорлар, подшоҳлар, саркардалар ўтган. Булар ичида айниқса соҳибқирон Амир Темурдек машҳури, қудратлиси, фозили ва ҳайбатлиси, улкан салтанатни қуриб, унга моҳирона раҳбарлик қилгани кам топилади. Худди шунингдек, Амир Темурдек ноҳақ кўп маломат ва танқидга учрагани, турли салбий сифатлар билан васф қилингани ҳам бўлмаса керак. Айниқса, айрим муаррихлар салоҳиятли ва юксак иқтидорли саркардани диний аҳкомларга бепарволик қилишда, Ислом дунёсига катта зарар етказишда, Ислом фатҳларига тайёргарлик кўраётган Усмонли салтанат ҳукмдори Боязидга қарши қилган юришларда қаттиқ танқид қилишган.

Аслида ҳам шундай бўлганмикин? Амир Темурни динсизликда, Ислом шариатига қарши иш тутишда айблаш тўғримикин? Унинг жанговар юришлари Ислом шавкатини сўндиришга қаратилганмиди? Агар бу саволларга холис туриб жавоб берадиган бўлсак, иш тамоман бошқача юз берганига гувоҳ бўламиз. Амир Темурнинг қилмишларига ўз замони ва маконидан айри ҳолда баҳо беришга шошилмаслик керак. Қисқаси шуки, Соҳибқирон ўзи яшаган замон таомилига ва талабига кўра иш тутган. Эҳтимол, ушбу таомилда бошқалардан устун бўлгани учун кўпчилик замондош подшоҳлар устидан ғолиб келгандир? У ҳам бошқалар каби уруш қилган, у ҳам бошқа саркардалар каби ўзга мамлакатларни ўзига бўйсундиришга ҳаракат қилган, итоат этмаганларни жазолаган. Амир Темур ҳам бошқаларга ўхшаб ўзига қарши кўтарилган итоатсизлик ва исёнларни шафқатсизларча бостирган, бу ишда балки бошқалардан қаттиққўлроқ ҳам бўлгандир?

Амир Темурга кўп маломат тошлари отилишининг маълум сабаблари ҳам бор. Булардан бири – унинг араб ерларига қилган юришлари ҳамда Усмонли турк султони Боязид Йилдиримни енгиб, асир олишидир. Ўша пайтларда араблар ва усмонли турклар салтанати ўзига хос ташвиқот марказлари бўлиб, улар хоҳлаган фикрларини дунёга ёйиш, тарғибот қилиш имконига эга бўлишган. Амир Темурнинг зарбасига учраган бу икки тараф ҳам уни мақтамасликлари, аксинча қоралаб, камчиликларини фош этишлари табиий ҳол эди. Айнан шу омил дунёда Амир Темур ҳақида салбий фикрларнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган дейилса, ҳақиқатга хилоф иш тутилмаган бўларди.

Амир Темурни динсизликда айблаш кўпроқ Мовароуннаҳр ерларини босиб олиб, узоқ вақт истибдодда ушлаб турган рус истилочилари томонидан амалга оширилди. Бу ҳам табиий ҳол эди. Маълумки, рус истилочилари қўл остиларидаги юртларни паст, халқларни қолоқ санаш асосида иш олиб, ўз мустамлакаси бўлганларга «Сизлар ҳеч ким эмас эдинглар, биз сизга илм-маърифат, фан-маданиятни ўргатгани келдик», деб даъво қилишди. Улар бу даъволарининг пуч эканини яшириш мақсадида тарихни бузиб кўрсатишга ҳаракат қилишди. Устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Тарих омонатдир» китобларида бундай сатрларни келтирадилар: «Рус истилочилари Мовароуннаҳрнинг исломий тарихини бузишга, сохталаштириб, қолоқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишарди. Мовароуннаҳр тупроғидан чиққан буюк давлат арбоби, муҳташам салтанат асосчиси Амир Темурнинг шуҳрати мустамлакачиларга тинчлик бермаслиги турган гап эди. Шунинг учун улар Амир Темурни қоралашда, «ёвуз, маданиятсиз, йиртқич, одам ўлдиришдан бошқани билмайдиган шахс» сифатида кўрсатишда ҳеч нарсадан қайтишмади. Чор Русияси ўрнини олган большавой мустамлакачилар эса динни «халқлар афюни» деб эълон қилишди, динга боғлиқ ҳамма нарсани зарарли, эскилик сарқити» дейишди, диндорларни эси паст санашди. Шу билан, Ислом асосида дунёга донг таратган Мовароуннаҳр маданияти, давлатчилиги, буюк шахслари, жумладан Амир Темур ва унинг ишлари ҳам афюн, қолоқлик, даҳшат деб васф этила бошлади».

Соҳибқирон Амир Темурни мусулмон экани, унинг Ислом юрти ҳисобланган Мовароуннаҳрдек заминда туғилиб-яшагани ҳам дин душманларига ёқмас, шу боис уни Исломга қарши, унинг равнақига тўғаноқ бўлган лашкарбоши сифатида кўрсатиш ҳам мустамлакачилар режасида асосий ўринни эгалларди. Агар ҳақиқатнинг кўзига тик қарайдиган бўлсак, Амир Темур асло динга қарши бўлмагани, аксинча бутун ҳаётида, ҳар бир қадамида Ислом шариатига оғишмай амал қилгани, динни ҳар томонлама ҳимоя қилгани яққол аён бўлади.

(Давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад

«Ҳилол» журналининг 12(21) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб бир юртдан иккинчи юртга инсонпарварлик ёрдамини уюштирган шахсдирлар. Ибн Абдул Ҳакам Лайс ибн Саъддан ривоят давоми...

880 16:47 / 12 июль
Икки муҳожир тортишиб қолишди. Уларнинг бири суриялик бошқаси эса ироқлик эди. Бир мунча ўзаро фахр талашишганидан сўнг кўп ўтмай суриялик шундай деб қолди .Одам давоми...

6589 13:57 / 26.05.2017
Тириклигида жаннатла қувонтирилган ўн нафар саҳобадан, Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган, саккиз нафар мўминдан, Кенгашнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

4031 19:04 / 07.04.2021
.Зотур риқоъ, сўзи луғатда .ямоқли, деган маънони билдиради. Айрим тарихчиларнинг фикрича, бу ғазот иштирокчилари оёқларига латталарни боғлаб олганлари учун давоми...

2365 11:03 / 29.08.2021
Аудиолар

137647 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57717 14:35 / 11.08.2021