1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ислом дипломатиясининг илк васиқалари

09:00 / 17.07.2022 3221 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳудайбия сулҳи тузилиб, тинчлик ҳукм сура бошлагач, Ислом даъватини кенг миқёсда ёйиш учун қулай имконият туғилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чор атрофдаги подшоҳлар ва араб амирларига мактуб ёзиб, уларни Аллоҳнинг динига чақиришга қарор қилдилар. Бу муҳим тадбир ҳижрий еттинчи йилнинг бошида амалга оширилди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг подшоҳ ва амирларга юборган мактублари Исломнинг оламшумул дин эканини, барча халқларнинг барча муаммоларини қиёматгача ҳал қилиши муқаррар эканини яна бир бор таъкидлади.

Юборилган мактублар Ислом дипломатиясининг илк васиқалари бўлди. Уларни чет эл раҳбарларига етказиш, улар билан халқаро алоқалар қилиш ўша дипломатиянинг биринчи қадамлари эди. Шунинг учун ҳам соҳа мутахассислари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг подшоҳ ва амирларга юборган мактубларини синчиклаб ўрганишлари лозим бў­лади.

Ўша вақтда Рум давлати дунёни ларзага солиб турган икки давлатдан бири эди. Бу давлат ўша вақтда оламнинг ярмига ўз ҳукмини юритиб турарди, деган одам муболаға қилмаган бўлади.

Ўша даврда бу давлатнинг шарқий қисми – Византия императори Ҳирақл I бўлиб, у асли юнонлик оилада туғилган эди. Ҳирақлнинг отаси Рум давлатининг Африкадаги бўлагига ҳокимлик қиларди. Шунинг учун ҳам Ҳирақл Африканинг Картонж шаҳрида ўсди. Кўп курашлардан сўнг милодий 610 йил ҳалокат ёқасига келиб қолган Византия давлатига бош бўлди.

628 йил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини саҳобалардан Диҳятул Калбий розияллоҳу анҳу Бусронинг ҳокимига олиб бориб бердилар. У эса ўз навбатида Ҳирақлга етказди.

Мактуб билан танишиб бўлгач, Ҳирақл давлат арконларига қасрига киришга изн берди ва қасрнинг эшикларини қулфлатиб қўйди. Ке­йин ўртага чиқиб: «Эй Рум улуғлари! Агар сиз нажотни, рушди ҳидоятни ва мулкингиз собит қолишини истасангиз, ушбу пайғамбарга байъат қилинг», деди. Улар қочиб, ўзларини эшикка уришди. Эшиклар қулфланган эди. Ҳирақл уларнинг қочишини кўриб, иймон келтиришларидан ноумид бўлгач: «Уларни олдимга қайтариб келинглар», деди ва: «Мен ҳалиги гапларни сизларнинг динингизда мустаҳкамлигингизни синаб кўриш учун айтган эдим ва буни кўрдим», деди. Уларнинг барчалари ҳукмдорнинг оёғига йиқилишди ва ундан мамнун бўлишди.

Шундай қилиб, Ҳирақл подшоҳликни ҳидоятдан устун кўрди ва яна айшу ишратга берилиб кетди. Охири милодий 641 йилда Қустантинияда вафот этиб, ўша ерга кўмилди. Унинг мулки мусулмонлар сабабидан заволга учради. Византия империясининг Осиё ва Африкадаги мулклари Ислом давлати ихтиёрига ўтди.

* * *

Ўша пайтда Форс империяси дунёни ларзага сол­ган икки давлатдан бири эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Форс империяси бошида Кисро (Хусрав) II турарди. Унга милодий 591 йил отаси Ҳурмуз IV нинг қатлидан кейин тож кийдирилган эди.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Кисро II даври Форс империясининг энг кучга тўлган, равнаққа эришган, сарҳадлари жуда кенгайган даври бўлган.

Шунинг учун ҳам Кисро II Парвез – Музаффар лақабини олган эди. У энг бешафқат, ўзбилармон ва уддабурон подшоҳлардан эди.

Кисро II ҳою ҳавасга берилган, айш-ишратга, бойликка муккасидан кетган одам эди. Тахтга ўтирганига ўн уч йил тўлганида унинг саккиз юз саксон миллион тилла тангаси бор эди. Бошқа бойликлари ҳам шунга мос эди. У ўттиз етти йил подшоҳлик қилди.

628 йил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Ҳузофа Саҳмий розияллоҳу анҳу орқали юборган мактублари билан танишган Кисро уни парчалаб ташлади ва: «У менинг қулим бўла туриб, менга мактуб ёзадими?!» деб бақирди.

Бу гап Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етганда: «Аллоҳ унинг мулку салтанатини парчаласин», дедилар.

Кисро ўзининг Ямандаги ҳокими Бозонга у зотни олиб келишни амр қилди. Бозон икки одамини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Улар келиб у зотга: «Подшоҳларнинг подшоҳи Кисро Бозонга мактуб йўллаб, сени олиб келгани одам юборишга амр қилди. У сени олиб кетиш учун бизни юборди», дейишди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Кисрога ўғли Шеравайҳни душман қилди. У отасини ўлдирди», дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари ўнгидан келди. Кисро ўғлининг амрига биноан хору зор қилиб ўлдирилди. Шеравайҳ ҳам отасидан кейин олти ойча яшади, холос. Тўрт юз йилча давру даврон сурган Сосонийлар давлати тез суръатларда парчалана бошлади. Шеравайҳдан кейин ўнта подшоҳ тахтга келди. Ниҳоят, Яздажир III нинг даврида бу империя мусулмон фотиҳлар томонидан фатҳ қилинди.

«Ислом тарихи» биринчи китоби асосида тайёрланди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уҳуд ғазотида Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. У машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг отасидир. Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу давоми...

2905 09:00 / 09.01.2022
Солиҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Убайд бўлиб, насаблари Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади. У зот боида араблардан бўлмиш Самуд қабиласига давоми...

4434 17:10 / 31.05.2019
Бир нарсани тақдирлаш ва уни ўзига муносиб жойга қўйишнинг икки хил ўлчови бўлади. Биринчиси ndash сон жиҳатидан ўлчов. Иккинчиси ndash сифат жиҳатидан ўлчов. Ушбу давоми...

1675 16:26 / 22.10.2022
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб, вафотлари яқинлашганини ҳис қилганларида, мусулмонлар ичида ихтилоф чиқмаслиги учун аввалдан халифа тайинлаб қўйишни ирода давоми...

2260 22:57 / 05.05.2024
Аудиолар

210897 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130160 14:35 / 11.08.2021