1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Бухоро фатҳи (иккинчи мақола)

11:00 / 17.12.2020 2263 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саъид ибн Усмон уларни Мадинага келтирди. Аммо бухоролик асирлар тутқунликдаги ҳаётдан ўлимни афзал кўришди ҳамда Саъиднинг саройида уни ўлдиришди ва ўзларини ҳам ўлимга топширишди. Бу воқеа умавий халифалардан Язид ибн Муовия халифалик қилиб турган вақтда (ҳижрий 60 – 64, милодий 680 – 684 йилларда) бўлган эди.

Ҳикоя қилишларича, подшоҳнинг хотин эрининг хизматкорларидан бирига ошиқ эди. Одамлар «Унинг ўғли Тагшода ўша кишидан бўлган ва хотин бу болани эридан бўлган деб кўрсатади, аммо бола Бухорхудотдан эмас», деб гапириб юришарди. Унинг лашкарларидан бир гуруҳи эса: «Биз унинг мамлакатини ҳеч бир шаксиз подшоҳзода бўлган бошқа бир худотзодага олиб берамиз», деб юришар эди. Кубож-хотин бу режадан огоҳ бўлиб, уларни ўзидан даф қилиш учун бир илож қидириб юрган эди. Саъид билан сулҳ тузилиб, Саъид ундан гаров талаб қилгач, хотин ҳийла қилди ва нияти бузилган ўша гуруҳни фотиҳга гаровга бериб юборди. У бир ўқ билан икки қуённи урган эди: ҳам ўзига хусуматда бўлган лашкардан халос бўлди, ҳам Саъиднинг зуғумидан қутулди. Саъид Бухоро ишларидан фориғ бўлгач, Самарқанд ва Сўғдга бориб, кўп жанглар қилди ва зафар унинг томонида бўлди. У вақтда Самарқандда бирон подшоҳ йўқ эди. Саъид Самарқанддан ўттиз минг кишини асир қилиб, кўплаб ўлжани қўлга тушириб қайтди.

Муслим ибн Зиёд ибн Абийҳ Хуросон амири қилиб тайинланди ва у 681 йили Хуросонга келиб, тўрт йил бу ерда амир бўлди. Муслим катта лашкар тузиб, Бухорога борди. Кубож-хотин бу яхши қуролланган ва катта тажрибага эга қўшинни кўриб, Бухоро лашкарининг уларга қарши туролмаслигини англади. У сўғд подшоҳи Тархунга одам юбориб: «Мен сенга ўзимни топшириб, хотин бўлай. Бухоро сенинг шаҳринг, келиб менга ёрдам бер, бу мамлакатдан арабларни ҳайдаб чиқар», деди. Тархун бир юз йигирма минг кишилик қўшин билан келди, турк подшоҳи Бидун ҳам Туркистондан катта лашкар билан келди. «То бу лашкар етиб келгунича хотин Муслим билан сулҳ тузиб, унга дарвозаларни ва ташқаридаги кўшк эшикларини ҳам очиб берди. Бидун Бухорога етиб келди ва сойнинг нариги томонига тушди. Муслимга Бидуннинг ёрдамга етиб келгани, хотиннинг унга таслим бўлгани ва шаҳарнинг барча дарвозалари беркитиб қўйилганининг хабари етиб келди. Шунда Муслим яқинларидан Муҳаллабни маълумотларни билиб келиш учун Бидун қўшинига айғоқчиликка юборди. Аммо пистирмада турган тўрт юз нафар мусулмон жангчи унинг яширинча айғоқчиликка кетаётганини тушунмай, сирни ошкор қилиб қўйишади. Бидуннинг айғоқчилари уларни кўриб қолиб, ҳужумга ўтишди ва шу жангда ўша тўрт юз жангчи ҳалок бўлди. Қолган жангчилар бир амаллаб Муслим лашкаргоҳига етиб олишди. Муҳаллаб бошлиқ бир гуруҳ жангчи эса қуршовда қолган эди, кўп ўтмай уларга ёрдам етиб келди ва бундан уларнинг шижоати кучайиб, Бидун қўшини билан қатииқ жангга киришди. Шу жангда Бидун ўлдирилди. Бунга мусулмонлар такбир айтиб юборишган эди, гулдираган овоздан қўрқиб кетган кофирлар бирдан қоча бошлашди. Мусулмонлар уларнинг кетидан қувиб бориб, бирма-бир қиличдан ўтказишди. Ниҳоят, уларни бутунлай енгиб, кўп ўлжалар олишди. Ўлжаларни тақсим қилинганда ҳар отлиққа икки минг тўрт юз дирамдан тегди. Шунда подшоҳ хотин одам юбориб, сулҳ талаб қилди, Муслим у билан сулҳ тузиб, жуда кўп хирож (араб фотиҳларининг ерли аҳолидан оладиган солиғи – муаллиф изоҳи) олди. Муслим ушбу жангда ғалаба қозониб, катта ўлжалар билан Хуросонга қайтиб кетди.

Бухоро аҳлининг Исломга қандай киргани ҳақида машҳур Ислом муаррихи Абу Бакр Наршахий бундай ёзади: «Бухоро аҳолиси ҳар сафар (Ислом лашкари келганида) мусулмон бўлар, араблар қайтиб кетганида эса улар яна диндан қайтишар эди. Қутайба ибн Муслим уларни уч марта мусулмон қилган, улар эса яна диндан қайтиб кофир бўлишган эди. Бу тўртинчи марта (келганида) Қутайба жанг қилиб, Бухоро шаҳрини олди, кўп қийинчиликлардан кейин (бу ерда) Ислом динини юзага чиқарди ва ҳар турли йўллар билан уларга қийинчиликлар туғдириб, дилларига мусулмончиликни ўрнаштирди. Улар эса Ислом динини юзакигина қабул этиб, ҳақиқатда бутпараст эдилар. Қутайба араблар бухороликлар билан бирга яшаб, уларнинг ҳатти-ҳаракатидан хабардор бўлиб туришса, улар заруратдан мусулмонликни қабул қилишади, деган мақсадда Бухоро аҳолисига уйларининг ярмини арабларга беришга ундаб буйруқ чиқаришни тўғри деб топди ва шу йўл билан мусулмончиликни ўрнатди ҳамда шариат ҳукмларини бажаришга мажбурлади. Қутайба масжидлар бино қилди, кофирлик ва оташпарастлик асарларини йўқотди. У кўп жидду жаҳд қилиб, кимда шариат ҳукмларини бажаришда камчилик содир бўлса, уни жазолар эди. У жомеъ масжиди бино қилди ва одамларга жума намозини ўқишга буйруқ берди, токи Худойи таоло бу яхши иш савобини Бухоро аҳолиси учун охират заҳираси қилсин!» (Наршахий, «Бухоро тарихи», 123-бет).

Бойканднинг қўлга олиниши ҳақида Абу Жаъфар Табарий бундай ёзади: «Ҳижрий 87 йили Қутайба мусулмон асирларни қайтариб бериш ва бунинг эвазига юртига кирмаслик шарти билан Бадгис ҳокими Низак Тархон билан сулҳ тузади ва Бухоро яқинидаги «тожирлар шаҳри» ҳисобланган Бойканд сари юриш бошлайди... У шаҳар кираверишида мустаҳкам ўрнашиб олганидан кейин бойкандликлар ёрдам сўраб сўғдликларга мурожаат қилишди. Улар жуда катта қўшин тортиб келиб, фотиҳнинг лашкарини ўраб олишди ва икки ой мобайнида Қутайбанинг бирорта одами ташқарига чиқа олмади ёки бирор элчи унинг олдига ўта олмади. Қутайбадан ҳеч қандай хабар ололмаган Ҳажжож қўшиндан хавотирга тушиб, масжидларда Аллоҳдан нусрат тилаб дуода бўлишни буюрди ва бу ҳақда ҳар куни жанг қилаётган мусулмон жангчиларига мактуб йўллади. Қутайбанинг араблардан бўлмаган Танзар исмли бир жарчиси бор эди. Юқори Бухоронинг аҳолиси унга пул бериб, Қутайбага етказишни сўради. У Қутайбанинг олдига келиб, «Сен билан хилватда гаплашмоқчиман», деди. Одамлар хонадан чиқиб кетишди ва биргина Дирор ибн Ҳусайн ад-Доббагина қолди. Уларга Танзар: «Ўрнингга янги амир келяпти, Ҳажжож тахтдан туширилибди, шунинг учун одамларинг билан Марвга қайтсанг, яхши бўларди», деди. Қутайба ходими Сайёҳни чақирди ва: «Танзарнинг бошини ол!» деб буюрди. У қўмондоннинг амрини бажарди. Шундан сўнг Қутайба Дирорга: «Мен ва сендан бошқа бу воқеанинг шоҳиди бўлган ҳеч кимса қолмади. Аллоҳга қасамки, бу юриш ниҳоясига етмагунча бирон кишидан шу ҳақда эшитсам, уни ҳам Танзарнинг ортидан жўнатаман. Тилингни тий, чунки бу нарса фош бўлса, одамларнинг шижоати пасаяди», деди. Кейин бошқаларнинг киришига ижозат берди. Улар кириб келишди ва Танзарнинг ўлимидан даҳшатга тушишди. Улар ерга қараган ҳолларида сукутга кетишганди. «Аллоҳ ҳалок қилган банданинг ўлимидан нега бунчалик қўрқувга тушяпсизлар?» деб сўради Қутайба. Улар «Биз унинг мусулмонларга нисбатан хайрихоҳ деб ўйлардик», дейишди хонадагилар. «Йўқ, у мунофиқ эди ва Аллоҳ шу гуноҳи учун уни ҳалок қилди. Энди у ўз йўлига кетди. Сизлар эса эртагаёқ жангга киринглар ва ҳозиргача душманингизни қандай кутиб олган бўлсанглар, шундай қаришланглар», деди Қутайба» («Тарихи Табарий», 2-жилд, 1185 – 1187-бетлар).

Эртасига тонгда мусулмонлар жангга кириб, ҳамма қўшиндаги ўрнини эгаллади. Қутайба саф олдида айланиб, аламбардорларни (байроқдорларни) жангга руҳлантирди. Аввалига найза тутган чавандозлар жангга кирди, ортидан қўшиннинг асосий қисми муҳораба бошлаб, қиличлар ишга тушди. Аллоҳ мусулмонларга беқиёс шижоат ато этди ва улар кун ботгунча шердай олишишди. Кейин Аллоҳ мусулмонларга нусрат берди ва бухорликлар шаҳар ичига қараб қочишга тушишди. Мусулмонлар уларни қувиб бориб, шаҳарга киришларига йўл қўймади ва улар ҳар томонга тарқалиб кетишди. Мусулмонлар қўлга тушган жангчини ўлдиришар, бошқаларини асирга олишарди. Шаҳарга кириб олганлар омон қолди, аммо улар озчилик эди. Қутайба шаҳар деворини бузиб ташлаш учун ишчиларни ташлади. Шунда шаҳарликлар фотиҳдан авф сўрашди, Қутайба бухорликлар билан сулҳ тузди ва ўғилларидан бирини шаҳарда волий қилиб қолдириб, ўзи ортга қайтди.

Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврида Қутайба ибн Муслим томонидан Бухоро фатҳ қилингач, у Бухоро ҳукмдори Бухорхудот вафот этганида унинг эмизикли қолган ўғли Тагшодани Бухорога ҳукмдор қилиб тайинлаганди. У вояга етгунича подшоҳлик вазифасини ўн беш йил мобайнида унинг онаси бажариб турди. Араб фотиҳлари айнан шу аёлнинг ҳукмдорлик даврида Бухорога келишди. Улар ҳар гал Бухорога келишганида аёл араблар билан сулҳ тузар, хирож тўлар, сўнг яна итоат қилишдан бош тортарди. Хотин доно ва тадбирли бўлгани учун Бухоро аҳли унга итоат қиларди.

Тагшода улғайиб, ўттиз икки йил ҳукмронлик қилди. Абу Муслим уни Хуросон амири бўлган Наср ибн Сайёр даврида Самарқандда ўлдирди. У то ўлдирилгунига қадар Қутайбадан кейин ўн йил ҳукмронлик қилган эди. Ундан кейин унинг укаси Сукон ибн Тагшода етти йил подшоҳлик қилди ва халифанинг фармони билан Фарахший (Варахша) қасрида ўлдирилди.

707 – 709 йиллар мобайнида Қутайба Бухорога бир неча бор юриш қилиб, унинг атрофидаги кўплаб қалъа ва деҳқончилик ерларини эгаллаб олди. У Бухоро ҳукмдори қилиб бухорхудот Тагшодани, амири этиб ўз яқинларидан бирини тайинлади. Амирга бухорхудотнинг ҳаракатларини назоратга олиш, Бухорога жойлаштирилган араб лашкарига қўмондонлик қилиш, аҳолидан хирож ва бошқа солиқларни йиғиб, вақтида хазинага топшириш вазифаси юкланган эди.

Сулҳ шартномасига кўра, бухороликлар ҳар йили халифага маълум миқдорда хирож тўлашлари, шунингдек, арабларнинг ўзларидан кўз-қулоқ бўлиб туришларини таъминлаш мақсадида турар жойларининг ярмини улар билан баҳам кўришлари керак эди. Наршахийнинг ёзишича, Қутайба Бухоро шаҳристонидаги уй-жойларни шундай тақсимлаган эдики, Атторон дарвозасидан Нав дарвозасигача бўлган қисми Робиъа ва Музор бадавийлари назоратида, қолган қисми эса яманликлар ихтиёрида эди. Бухоро марказидаги оташпарастлик ибодатхонасини Қутайба жомеъ масжидига айлантирди. Араблар сўғд тилида битилган зардуштийлик китобларини ширк манбалари сифатида йўқ қилишди.

(Тамом)

«Ҳилол» журналининг 12(21)сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбар алайҳиссалом ҳожилар шайтонга тош отадиган Ақаба номли жойда Ясрибда Мадинада истиқомат қилувчи Хазраж қабиласига мансуб бир гуруҳ кишиларга дуч давоми...

2152 11:40 / 01.05.2020
Бувайб жангиҳижрий 13 йил Рамазон ойи, милодий 634 йилБу жой Куфага яқин эди. Мусаннонинг қўмондонлигида мусулмонлар форслар устидан жуда катта ғалаба давоми...

1675 09:51 / 12 май
ҳижратдан аввалги 34 йил зулқаъда ойи милодий 590 йилЎша пайтларда Зубайд қабиласидан бир киши сотиш учун Маккага нарса олиб келди. Унинг нарсасини Қурайшнинг давоми...

2429 12:45 / 02.10.2019
ҳижрий 37, милодий 657 йил Сиффин жанги ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу билан Муовия розияллоҳу анҳу ўртасида бўлди. Бу икки саҳоба орасидаги элчиларнинг давоми...

1477 14:10 / 09 декабрь
Аудиолар

137644 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57711 14:35 / 11.08.2021