Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Бухоро фатҳи (биринчи мақола)

11:00 / 16.12.2020 5109 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарихчи Муҳаммад Афанди Инабасовнинг интернет сайтларидан бирида эълон қилган мақоласида ёзишича, Бухорони биринчи бўлиб ҳижрий 54 йили (милодий 674 йил) Ислом халифаси Муовия ибн Абу Суфённинг Хуросондаги амири Убайдуллоҳ ибн Зиёд фатҳ қилган. Шундан кейин кўп ўтмай бухороликлар Ислом динини тарк этиб, ота-боболарининг эски динига қайтишди. Сўнгра Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўғли Саъид ибн Усмон уларни яна Ислом динига киритди. Бухоро аҳли яна мусулмон бўлишни истамади. Ана шунда улар устига яна бир Ислом фотиҳи Қутайба ибн Муслим Боҳилий юриш бошлади. Қутайба қўшинидаги араблар шаҳарда муқим ўрнашиб қолишди ва шундан кейин бухороликлар Исломни тарк этишмади, аксинча Бухоро мусулмон дунёсининг мустаҳкам қалъаларидан бирига айланди. Бухоронинг фатҳи биринчи умавий халифа Муовия ибн Абу Суфён ҳукмронлиги даврида бўлди.

«Тарихи Табарий»да Бухоро фатҳи ҳақида бундай маълумот зикр қилинади: «Ҳижрий 54 йили Муовия саркардалардан Убайдуллоҳ ибн Зиёдни ўзининг Хуросондаги амири қилиб тайинлади. Халифа амирни Хуросонга қуйидаги сўзлар билан жўнатди: «Аллоҳдан қўрқ, Ундан бошқадан асло қўрқма, чунки Аллоҳдан қўрқув бошқа ҳаммасининг ўрнини босади. Шарафингни қаттиқ асра, уни булғама! Ваъда берсанг, албатта вафо қил! Кўп нарсани арзонга сотма ва пухта ўйламай буйруқ берма! Душманинг билан тўқнашганда қўл остингдагилардан баланд бўл ва ўлжани улар билан баҳам кўр!»... (Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий. «Тарихур-русул ва вал-мулук» («Тарихи Табарий»), 2-жилд).

Убайдуллоҳ Хуросонга етиб келди ва дарёдан кечиб ўтиб, туяларда Бухоро тоғлари томон юрди. У қўшинга бош бўлиб, Бухоро тоғларидан ўтганларнинг биринчиси эди. Амир Бухорога қарашли Ромтин (Ромитон) ва Бойканднинг ярмини эгаллади ва ўша ердан бухоролик камончиларни даф қилиб турди. У Бухорога кириб борганида у ерда туркларга тўқнаш келди. Уларнинг ҳукмдори Бухорхудот подшоҳнинг завжаси Кубож-хотин эди. Бухороликлар шаҳарни тарк эта боўлашганида мусулмонларнинг қўққис ҳужумидан ҳатто Кубож-хотин оёқ кийимларини тўла кийишга ҳам улгурмади ва бошмоғининг бир пойини ташлаб қочди. Мусулмонлар қўлга туширган бу бошмоқ икки юз минг дирҳамга баҳоланди.

Бу воқеа ҳақида Наршахий қуйидагиларни ёзади: «Убайдуллоҳ ибн Зиёд Муовия томонидан Хуросонга юборилиб, у Жайхун дарёсидан ўтиб Бухорога келган вақтида ўғли Тагшода кичик бўлгани учун Бухоронинг подшоҳи бир хотин киши эди. Убайдуллоҳ ибн Зиёд Бойканд ва Ромтинни эгаллаб, кўп кишиларни асир қилди. Тўрт минг бухоролик асирни шахсан ўзига олди. Бу воқеа эллик учинчи йилнинг охири ва эллик тўртинчи йилнинг бошида (милодий 673 йил ноябрь-декабрь) бўлган эди. У Бухоро шаҳрига келгач, аскарларини саф қилиб, палахмонларни шаҳарга тўғрилаб қўйди. Хотин мажусий туркларга одам юбориб, улардан ёрдам сўради ҳамда Убайдуллоҳ ибн Зиёддан етти кун муҳлат талаб қилди ва: «Мен сенинг итоатингдаман» деб, кўп ҳадялар юборди. Шу етти кунда турклардан ёрдам келмагач, Убайдуллоҳ ибн Зиёдга қайтадан одам юбориб, яна етти кун муҳлат сўради. (Ниҳоят) турк лашкари етиб келди ва бошқалар ҳам йиғилишиб лашкар кўпайди; кўп уруш бўлди ва охири кофирлар енгилиб қочишди, мусулмонлар уларнинг орқасидан бориб, кўпларини ўлдиришди. Хотин қалъага кирди, (йиғилиб келган) лашкар ўз вилоятларига қайтди. Мусулмонлар қурол, кийим-кечак, тилла ва кумушдан ишланган нарсалар ва асирлардан иборат кўп ўлжа қўлга киритишди. Улар хотиннинг бир пой этигини ҳам пайпоғи билан топиб олишди. Этик ва пайпоқ тилла (ишлатилиб тикилган ва) қимматбаҳо тошлар билан безатилган эди, баҳо қилганларида икки юз минг дирҳам турди» (Абу Бакр Наршахий, «Бухоро тарихи»,115-бет).

Убайдуллоҳ ибн Зиёд Бухоро ҳукмдорига ботил диндан воз кечиб, мусулмон бўлиш, бордию бунга кўнмаса, мусулмонлар қўл остида махсус солиқ (жизя) тўлаб яшаш, араб қўшинларига қарши чиқиб, уларга зарар етказгудай бўлишса, уларга қарши уруш очилиши ёхуд омонлик тиласа, маълум маблағ эвазига сулҳ ҳам тузиш каби шартлар билан мурожаат қилди. Вафот этган эри ўрнига Бухорога подшоҳлик қилаётган Кубож-хотин бошда фотиҳнинг талабларига кўнгандай бўлиб кўринган эса-да, асли унга ҳийла ишлатиб, вақтдан ютмоқчи, мажусий турклардан ёрдам сўраб, арабларни шаҳардан қувиб чиқармоқчи эди. Шунда Убайдуллоҳнинг фармони билан фотиҳлар йўлларидаги дарахтларни кесишди, қишлоқларни вайрон қилишди. Бухоро ҳам хатарда эди. Шунда Кубож-хотин унга одам юбориб, омонлик беришини сўради. Бир миллион дирҳамли мол баробарига сулҳ тузилди. Подшоҳ ваъда қилган бойликларини Убайдуллоҳга юборди. Убайдуллоҳ ибн Зиёд молни олиб қайтди ва мазкур тўрт минг бухоролик асирларни ҳам ўзи билан олиб кетди.

Табарий ёзади: «Муҳаммад ибн Ҳафс менга шуларни сўзлаб берди: «Мен Убайдуллоҳ ибн Зайддан кўра жасурроқ киши учратмаганман. Хуросонда бизни турк лашкари кутиб олди ва унинг қандай жанг қилишини ўз кўзим билан кўриб турдим. Убайдуллоҳ уларга ҳужум қилар, сафларни ёриб ўтар, кейин кўздан йўқолиб, бирдан яна қон томиб турган байроғини кўтариб чиқар эди. Убайдуллоҳ ибн Зиёд Басрага бошлаб келган бухорий камончилар икки мингдан ортиқ эди, улар ёғоч камонлар билан қуролланган энг аъло ўқчилар эди... Убайдуллоҳ ибн Зайд Хуросонда икки йил қолди ва 56 йили Муовия унинг ўрнига Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўғли Саъид ибн Усмонни амир қилиб юборди» («Тарихи Табарий», 2-жилд, 170 – 177-бетлар).

Ҳижрий эллик олтинчи йили (милодий 675–676) Убайдуллоҳ ибн Зиёд Хуросон амирлигидан озод қилинди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўғли Саъид ибн Усмон Хуросон амири бўлди ва Жайҳун дарёсидан ўтиб, Бухорога келди. Подшоҳ ўрнида бўлган Кубож-хотин унга одам юбориб: «Убайдуллоҳ ибн Зиёд билан тузган сулҳимда ҳали ҳам барқарорман», деди ва харж сифатида бироз миқдорда мол юборди. Ногоҳ шу аснода хотиннинг илтимосига кўра йўлга чиққан Сўғд, Кеш (Шаҳрисабз) ва Нахшаб (Қарши) лашкарлари етиб келди. Уларнинг сони бир юз йигирма минг эди. Хотин шошқалоқлик қилиб, сулҳ тузгани ва мол юборганига пушаймон бўлди. Шунда Саъид: «Мен ҳам шундай фикрдаман», деди-да, молни қайтариб юбориб: «Орамиздаги сулҳ бекор бўлди», деди.

Шундан кейин икки томоннинг лашкари тўпланиб, бир-бирига қарама-қарши саф тортди. Аллоҳ таоло кофир қавмларнинг дилига ваҳима солиб, уларнинг бор лашкари уруш қилишга ботина олмай, орқага қайтди. Бундан ташвишга тушган Кубож-хотин яна Саъидга одам юборди ва ундан сулҳ шартномаси тузишни сўради, унинг кўнглини олиш учун мол ва ҳадяларнинг одатдагидан кўпайтириб юборди. Саъид: «Мен энди Сўғд ва Самарқандга бораман, сен менинг йўлимдасан, (қайтишимда) менинг йўлимни тўсмаслигинг ва мени ранжитмаслигинг учун сен томондан бирор гаров бўлиши лозим», деди. Хотин подшоҳзодалар ва Бухоро деҳқонларидан (Бухоро тарихига оид илмий манбаларда «деҳқонлар» деганда йирик ер эгалари, аслзода амалдорлар тушунилган) саксон кишини гаров сифатида Саъидга қўшиб берди. Саъид Бухоро дарвозасидан қайтишга қарор қилди ва асирларни ҳам ўзи билан бирга олиб кетди.

(Давоми бор)

«Ҳилол» журналининг 12(21)сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биринчи. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотни араблар ичидан танлаб олди. Зотан, араб уммати ўртача уммат эди. Аллоҳ таоло у зотни Қурайш орасидан сайлади. Зотан, Қурайш давоми...

2323 11:05 / 29.08.2019
Асосий мақсадга ўтишдан аввал қисқача бўлсада, турли салбий сифатлари билан сифатланишига сабаб бўлган баъзи омиллар ҳақида фикр билдирайлик. Аввало, шуни айтиш давоми...

7465 05:00 / 06.01.2017
Ислом тарихида .Ҳажжож, исми эсланса, кўпинча унга .золим, сифати қўшилади. Унинг асл исми Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий бўлиб, у Умавийлар давлатининг қўмондонларидан давоми...

4009 17:00 / 16.02.2022
Умар розияллоҳу анҳу ўз даврларида ижтимоий таъминот ишларини энг гўзал тарзда йўлга қўйганлар ва бу ишга асос солганлар десак, асло муболаға қилмаган давоми...

1269 14:25 / 15 июнь
Аудиолар

135330 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55580 14:35 / 11.08.2021