1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 04 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

РИБО ВА САРФ ҲАҚИДА

05:00 / 03.03.2017 7602 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Рибо» луғатда зиёда маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишга айтилади. Рибо (судхўрлик) бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз беришнинг ўрнига, судхўрлик юзасидан муомала қилади.

Яъни, мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман, сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан, дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.
Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар. Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжга чиқади. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади.
Ислом жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан ҳеч бирига қарши рибога қарши ўт очгандек, ўт очмаган. Қуръони Каримда бу ҳақда бир қанча оятлар келган. Жумладан, ҳозир ўрганиладиган оятларимиз ҳам.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади: «Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши, уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки, яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар», (275-оят).
Бизнинг тилимизда «рибо» сўзи судхўрлик деб таржима қилиб келинган. Яхшироқ тушуниш, маънонинг Қуръони Каримдагига янада яқинроқ бўлиши учун айтиш керакки, араб тилида «рибо» сўзи зиёда бўлди, кўпайди маъносини англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган зиёда рибодир.
Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввал бошдан яхшилаб сингдириш мақсадида, ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматдаги ҳар бир одамнинг сиртқи ҳолидан иши қандоқ экани билиб олинади.
Худди ўша куни одамлар қабрларидан тураётганларида, судхўрлар, албатта, ўзларига хос бир ҳолатда турар эканлар. Уларнинг қабрдан турушларини кўрганлар биров танитмаса ҳам, анавилар судхўрлар, дер экан. Уларнинг бу ҳолини ояти карима қуйидагича васф қилади:
«Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар».
Яъни, уларнинг ўзларини тутишлари, соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди.
Одатда, жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Ана ўша ҳолат судхўрларда ҳам бўлар экан.
Баъзи тафсирчиларимиз судхўрларнинг бу ҳолатлари фақат қиёмат кунига боғлиқ эмас, балки бу дунёда ҳам шундай бўлади, деганлар. Уларнинг бундай аянчли ҳолатга тушишларининг сабаби келгуси жумлада баён қилинади.
«Бундай бўлиши, уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир».
Судхўрлар рибони, ҳалол, деб эътиқод қиладилар ва уни тижоратга ўхшатадилар. Тижоратда молиявий муомала ортидан фойда келганидек, судхўрликда ҳам фойда келади, деб ўйлайдилар. Боз устига, уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да» дейишларидан, рибо аслида ҳалол қилинган нарса, тижорат ҳам унга ўхшаб ҳалол қилинган, деган маъно келиб чиқмоқда. Ваҳоланки:
«Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган».
Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар тортишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани билан бир вақтда куйиб қолишни ҳам бўйнига олган ҳолда иш бошлайди. Меҳнат қилиб одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади.
Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай, жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъий назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ.
Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, тижорат инсон ҳаётида қўлланишга ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.
Ушбу ояти карималар тушаётган пайтда кўп молиявий муомалалар рибо асосида юритилар эди. Шунинг учун, ушбу ояти каримадан келиб чиққан ҳукмдан аввалги ишлар ўз ҳолича қолдирилди. Акс ҳолда, аввалги иқтисодий алоқаларнинг ҳаммасини қайта кўриб чиқишга тўғри келарди.
«Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола».
Яъни, Аллоҳ рибонинг ҳукмини баён қилгандан кейин рибовий муомалалардан тўхтаса, эски ишлари ўзига, у муомалаларни қайта кўришга ҳожат йўқ. Ўтган даврдаги муомалалари Аллоҳга ҳавола: хоҳласа кечиб юборади, хоҳласа иқобига олади.
«Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар».
Рибонинг ҳаромлиги ҳақида Аллоҳ томонидан оят келганига ҳам қарамай, кимки яна рибога қайтса, ундай одам, албатта, дўзахи бўлади, дўзахи бўлганда ҳам, ундан ҳеч қайтиб чиқа олмай, абадий қоладиган дўзахи бўлади.
Келаси оятда судхўрликнинг касофати фақат охиратдагина бўлмасдан, балки бу дунёда ҳам уруши эслатилади:
«Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас», (276-оят).
Бандалар пул-молларининг зиёда бўлиши учун рибохўрлик қилишади ва ўзларига келган фойдани санаб юришади. Аслини олганда ишлари бунинг тескариси.
«Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур».
Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади.
Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ
«садақаларни зиёда қилур».
Агар ҳисобда садақа қилувчининг моли ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати, албатта, озайишга қайтади», деганлар.
«Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас».
Шундан кўриниб турибдики, рибохўр бўлганлар, кофир ва гуноҳкор ҳисобланар эканлар.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасидаги бошқа бир оятда:
«Эй, иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг», деган (278-оят).
Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло рибодек нохуш, ҳаром нарсани йўқ қилишда, бошқа ҳолатларга ўхшаб, аввало мусулмонларнинг руҳий-маънавий тарбиясига алоҳида эътибор берган.
Яна мусулмонлар учун маҳбуб бўлган
«Эй, иймон келтирганлар!» деган хитоб ишлатилмоқда. Кетидан:
«Агар мўмин бўлсангиз», деб яна иймонни орага солмоқда ва ниҳоят,
«Аллоҳга тақво қилинг», деб тақводор бўлишга чақирмоқда. Охири келиб, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилишга амр этмоқда.
Исломда ҳукм юритишнинг энг таъсирчан йўли ташқи кучларни ишга солиш эмас, балки ҳар бир одамнинг қалбини ўзига кузатувчи қилиб қўйишдир. Бу ҳолатда ҳар бир кишининг виждони ўзига қоровул бўлади.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни рибонинг ўзи уёқда турсин сарқитидан, қолдиғидан ҳам қайтармоқда. Бу маънони алоҳида таъкидлаш учун кейинги оятда гапнинг пўст - калласини очиқ-ойдин айтиб қўймоқда.
«Агар ундоқ қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас», (279 оят).
Яъни, агар иқтисодий муомалаларингизда ўртадан рибони кўтариб, унинг сарқитларини тарк этмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизга қарши қаттиқ уруш очади. Агар тавба қилиб, рибохўрликдан қайтсангиз, сармоянгизни оласиз, шунда сиз судхўрлик билан бировга зулм қилмаган бўласиз ва сизга ҳам зулм қилинмаган бўлади.
Ибн Ҳиббон ва бошқа ҳадис олимлари Зайд ибн Асламдан ривоят қилишларича, жоҳилият даврида Бани Сақиф ва Бани ал-Муғийра қабилалари ўртасида рибо асосида муомала бўлган экан. Исломга кирганларидан сўнг Бани Сақиф қабиласи Бани ал-Муғийрадан рибо олмасликларини илтимос қилибди. Бани ал-Муғийра ўзаро маслаҳатлашиб, Исломда бўлганимиздаги муомалалардан рибо олмаймиз, ундан аввалгисидан оламиз, дейишибди. Ўша пайтда Маккаи Мукаррамада бошлиқ бўлиб турган Итоб ибн Усайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломга хат ёзганларида:
«Эй, иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг...» оятлари нозил бўлди.
Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бу ҳақида Итоб ибн Усайд розияллоҳу анҳуга хабар бердилар ва у кишини Бани ал-Муғийра рибохўрликни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилишга буюрдилар. Хабар етганда, Бани ал-Муғийра:
«Тавба қиламиз, рибонинг сарқитини тарк этамиз», дедилар.
Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунларидаги хутбаларида жоҳилиятдаги барча риболарни бекор қилганликларини, биринчи бўлиб амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг риболарини қарздорлар бўйнидан туширганликларини эълон қилдилар.
Демак, Исломда рибо асосида моявий алоқа олиб бориш мутлақо ҳаром қилинган. Ночор ҳолга тушиб, турмуш ўтказиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган шахс билан хайри-эҳсон ёки яхши қарз бериш ила моявий алоқа олиб бориш лозим.
Суннатда рибо ҳақида келган баъзи ҳадисларни иншааллоҳ ушбу бобда ўрганилади.
Ижмоъга келсак, Ислом уммати доимо рибонинг ҳаромлигига иттифоқ қилиб келган.
Имом Мовардий Исломдан бошқа барча самовий шариатларда ҳам рибо ҳаром қилинганини айтганлар.

Рибо икки хил бўлади:
1. Насия рибоси:
Қарзни адо этишни кечга суруш эвазига олинадиган фойда. У оддий қарз бўлса ҳам сотиб олинган нарсанинг нархи бўлса ҳам бари-бир.
2. Савдо рибоси:
Олтин, кумуш, буғдой, арпа, туз ва хурмоларда бир жинсдаги нарсани алмаштиришда зиёда олишдир. Буни Рибо ал-Фазл ҳам дейилади.

Сарлавҳада келган иккинчи сўз «Сарф» эса луғатда «Зиёда» маъносини билдиради.
Шариатда - нақд пулни нақд пулга, хоҳ бир жинсдан бўлсин, хоҳ турли жинсдан бўлсин, сотишга айтилади.
Бу икки молиявий муомаланинг тафсилотлари ушбу бобни ўрганишимиз давомида аён бўлади.

Аллоҳ таоло: «Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас», деган (Бақара: 276).
Шарҳ: Демак, рибо аралашган жойдан барака ўчади. Барака ўчиши, молу мулкнинг бефойда бўлиши, эгасига юқмаслиги, турли бало-офатларга сабаб бўлиши билан юзага чиқади.
Садақа эса сиртдан молнинг озайишига ўхшаб кўринса ҳам аслида, Аллоҳ таоло садақаси қилинган молни баракали қилиб қўяди. У эгасига юқади, бахт-саодат келтиради ва бало - офатлардан сақлайди.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг баҳосидан, қоннинг баҳосидан, хол қўювчилик баҳосидан ва хол қўйишдан, рибо ейишдан ва беришдан наҳий қилдилар. Ва сувратчини лаънатладилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда шариатимизда ман қилинган бир нечта нарсалар ҳақида сўз бормоқда:
1. «Итнинг баҳоси».
Яъни, ит сотиб, унинг баҳосини ишлатишдан наҳий қилинган. Ушбу ҳадисдаги маъно шу. Лекин, биз олдин ўрганиб ўтганимиздек, итнинг баҳоси ҳақидаги масала битта шу ҳадис билан ҳал бўлмайди. Чунки, бу масала бўйича кўпгина бошқа ҳадислар ҳам келган.
Мазкур ҳадисларнинг ҳаммасини ўрганиб, текшириб чиққан уламоларимиз, бир пайтлар шариатимизда итнинг баҳоси ҳаром қилинганлиги, уни боқиб бўлмаслиги, кўрган жойда ўлдириш кераклиги ҳақида ҳукм бўлганлигини айтганлар.
Аммо, бу вақтинчалик ҳукм бўлган. Кейинчалик, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам итдан қўриқчилик ва ов қилишда фойдаланишга рухсат берганлар. Бундан уламоларимиз уни боқишга ва сотишга, сотиб олишга ҳам рухсат бўлган, деганлар.
Шу ерда яна бир бор, бир ёки бир неча ҳадисни ўқиб олиб, дарҳол ўтган уламоларга таъна тоши отишга ошиқиб, мана ҳадисда бундоқ дейилса ҳам, фалончилар тескарисини айтган, дейишга шошилмаслигимиз кераклигини эслаб қўйишимиз лозим.
2. «Қоннинг баҳоси».
Яъни, сўйилган ҳайвондан оққан қоннинг баҳоси ҳаромдир. Чунки, у нажасдир.
3. «Хол қўювчилик баҳосидан».
Биз, хол қўйиш, деб таржима қилган маънони арабчада «вашм» - ажнабий тилларда «татуировка» дейилади. Аввалги жоҳилият пайтида ҳам, ҳозирги жоҳилиятдагига ўхшаб, инсон баданига игна санчиб туриб ундан пайдо бўлган жароҳат ўрнига сурма сепиб рангли из қолдириб турли белгилар ясаш одати бўлган. Ана ўша иш учун олинадиган баҳо ҳам ҳаром.
Чунки бу иш Аллоҳ яратган нарсани ўзгартиришдан иборатдир. Бу ҳаром ишдир. Ҳаром ишнинг баҳоси ҳам ҳаромдир.
4. «Хол қўйишдан»
Яъни, иш ҳақини олмаса ҳам, хол қўйиш ишини қилишнинг ўзи ҳам ҳаромдир.
5. «Рибо ейишдан»
Яъни, одамлардан рибо орқали пул топишдан, судхўрлик қилишдан ҳам шариати исломия ман қилган.
6. «Рибо едиришдан» – бировга рибо бериш ҳам шариат бўйича ҳаромдир. Баъзи бир кишилар рибо емасак бўлди, берсак нима бўлар экан? десалар, рибони бериб ҳам бўлмаслигини тушунтиришимиз керак экан.
7. «Сувратчини лаънатдилар».
Яъни, қўл билан жонли нарсанинг сувратини чизувчи одамни лаънатладилар. Чунки ўша пайтда суврат чизиш деганда, бут ва санамлар, Аллоҳни қўйиб, чўқинадиган олиҳалар сувратини чизиш тушунилар эди. Бу масала Аллоҳ хоҳласа, келажакда батафсил ўрганилади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ва икки шоҳидини лаънатладилар ва улар баробардирлар», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан рибо қанчалар ёмон нарса эканини яна ҳам аниқроқ тушуниб оламиз. Унга аралашган ҳар бир киши Аллоҳнинг лаънатига қолишини билиб оламиз:
1. «Рибохўр»
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани еган одам, албатта, У зоти таолонинг лаънатига қолиши табиий бир ҳол.
2. «Унинг едирувчиси»
Рибо берувчи ҳам Аллоҳнинг лаънатига қолади. Чунки, у ҳаром қилинган йўл билан молиявий муомала қилди. Ҳолбуки, ҳалол йўл билан тасарруф қилиш керак эди.
3. «Котибини»
Яъни, рибо муомаласини ёзиб ҳужжатлаштирган шахс. Чунки, у Аллоҳ ҳаром қилган ишга хизмат қилди. Шундан касб қилди. Ҳаром ишнинг юришига ҳисса қўшди.
4. «Икки шоҳидни»
Рибо муомаласига шоҳид бўлиб турган одам ҳам гуноҳкордир. Чунки, у ҳам ҳаром иш учун хизмат қилди, унинг ривожига ҳисса қўшди. Бу ишга гувоҳ бўлишига рози бўлгани, ўша ҳаром ишни тан олгани аломатидир.
Исломда ушбу ёрдамчи ишларни қилувчилар ҳам асосий айбдорларга тенглаштирилиши бежиз эмас. Ҳар бир жамиятда бирор ёмон ишнинг тарқалишига асосий айбдор билан бирга, ёрдамчи айбдорлар ҳам баробар ҳисса қўшадилар.
Баъзи ҳолларда ишнинг юзага чиқишига айнан ўша ёрдамчилар сабаб бўладилар. Фараз қилайлик ҳамма, гуноҳ ишга ёрдамчи бўлишдан бош тортиб туриб олса, бир ҳаром иш ўша жамиятда кенг тарқалиши мумкинми?! Албатта, йўқ! Шунинг учун ҳам, ҳаром ишларга умуман яқинлашиш керак эмас.
Бирор сабабга кўра аралашиб қолганлар бўлса дарҳол тавба қилиб ўзини четга олиши керак. Ҳадиси шарифда «улар баробардирлар» дейилиши бежиз эмас.

Молик ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Юз динорни «сарф» қилмоқчи-алмаштирмоқчи бўлдим. Бас, мени Толҳа ибн Убайдуллоҳ чақирди, икковимиз келишдик, у менга алмаштириб берадиган бўлди. Тиллони олиб қўлида айлантириб туриб, хазиначим ўрмондан келсин, деди. Буни эшитиб турган Умар: «Аллоҳга қасамки, ундан олгунингча ажрамай тур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тиллога тилло (алмаштириш) рибодир. Магар, Ма! Ма! бўлса мустасно. Буғдойга буғдой рибодир. Магар, Ма! Ма! бўлса мустасно. Арпага арпа рибодир. Магар, Ма! Ма! бўлса мустасно. Хурмога хурмо рибодир. Магар, Ма! Ма! бўлса мустасно», деганлар» деди». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: «Сарф» қилиш, деганда саррофга мурожаат қилиш, пул алмаштириш тушунилади.
Молик ибн Авс розияллоҳу анҳунинг юз динор тилло пули бор экан, уни кумуш пул, дирҳамга алмаштиришга ҳожатлари тушиб, ким алмаштиради, деб одам излаганлар. Ана шунда у кишини Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўз ёнига чақириб, пулни алмаштириб беришга тайёр эканликларини изҳор қилганлар. Икковлари баҳолашиб нархга келишганлар. Молик ибн Авс розияллоҳу анҳу ўзларининг юз динор тиллоларини Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуга берганлар. У киши тилло пулларни олиб, қўлларида айлантириб туриб, хазиначим ўрмондан келса, дирҳамларни сенга бераман, дедилар, Молик ибн Авс розияллоҳу анҳуга.
Бу гапларни эшитиб турган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Молик ибн Авс розияллоҳу анҳуга Толҳадан ажрамай тур, хазиначиси келиб сенга дирҳамларни бергандан кейингина ажраб кетсанг бўлади. Бўлмаса, муомалангиз рибога айланиб қолади, деган маънода гап айтдилар.
Шунинг учун ҳам сарф-пул алмаштириш муомаласининг тўғри бўлиши учун қўйилган тўртта шартдан энг аввалгиси, муомала жойида туриб икки томон алмаштирган нарсасини қўлма - қўл олишдир.
Агар келишиб қўлма-қўл олмай ёки бири олиб иккинчиси олмай ажрашсалар, келишувлари ботил бўлади. Чунки, бу икки ҳолатда ҳам асосий шарт қўлма-қўл олиш бузилган бўлади ва муомала рибога ўхшаб қолади. Яъни, қўлма-қўл олмай туриб ажрашиш мумкин эмас.
Ажрашмасалар вақтнинг ўтиши эътиборга олинмайди. Бирга ухласалар, бир жойга борсалар майли. Лекин ажралишлари билан ботил бўлади.
Бу ҳукм келажак ноқулайликларнинг олдини олиш учун қилинган. Агар ажрашгандан кейин ҳам, бўлаверади, дейилса, баъзи фирибгарликлар учун катта йўл очиши мумкин бўлади. Мисол учун бир томон маблағни олиб, ҳали ёки эртага олиб келиб бераман, дейдида, олган маблағни дарҳол «айлантиргани» қўяди. Иккинчи томоннинг молини беришни кечга суруши ҳам мумкин. Орада хилоф чиқади, Биров пулини вақтида олмай зарар кўради. Бошқа эса бировнинг пулидан фойда кўради. Зарар тортган, ҳақ сўрайди. У ҳақни олса рибо бўлади. Олмаса, ичи куяди. Ҳозирги кундаги кўпгина муаммолар ҳам шундан келиб чиқади.
Яна ҳадис матнига қайтайлик, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Молик ибн Авсга алмаштирган пулингни олмагунингча Толҳа ибн Убайдуллоҳдан ажрамай тур, деганлари шаръий ҳукм эканлигини билдириш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини келтирдилар.
«Тиллога тилло (алмаштириш) рибодир. Магар, Ма! Ма! бўлса, мустасно».
Яъни, Ма! деб бири тиллони бериши керак, иккинчиси ҳам ўша мажлисда, Ма! деб қўлига қайтариши лозим. Буғдой, арпа, хурмоларни бир-бирига, яъни, бир жинсдаги нарсаларни алмаштиришда ҳам шу қоида ишлатилади.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тиллога тилло, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз ўхшашига ўхшаш, тенгма тенг, қўлма қўл. Қачон ушбу аснофлар ихтилофли бўлса, агар қўлма қўл бўлса, қандоқ хоҳласангиз сотаверинглар», дедилар». Бошқа бир ривоятда:
«Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам бари - бир», дейилган. Бешовлари ривоят қилган.
Абу Довуднинг лафзида:
«Тиллога тилло; ёмбиси ҳам, чекилгани ҳам. Кумушга кумуш; ёмбиси ҳам, чекилгани ҳам», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр этилган моллар рибовий молларга киради. Уларнинг жинси бир хил бўлганда алмаштиришда миқдори ҳам бир хил бўлиши ва қўлма-қўл айрибош қилиниши шарт, акс ҳолда рибога айланиб қолади.
Мазкур молларни алмаштиришда зиёдага ва кейин беришга йўл қўйиб бўлмайди.
Мисол учун тиллога тилло сотиладиган бўлса, албатта, оғирлиги тенг бўлиши керак, қўлма-қўл олди - берди бўлиши керак. Яхши ёки ёмон навлигига қараб ёки кейин бериш шарти билан бирининг миқдорини ўзгартириб бўлмайди.
Агар савдодаги нарсанинг жинси ихтилофли бўладиган бўлса қўлма-қўл бўлиши шарт, бўлмаса рибо бўлади. Аммо, миқдори бир хил бўлиши шарт эмас. Мисол учун тилло билан кумуш алмаштириш, сотиш бўлса қўлма-қўл бўлса бўлади. Вазни бир хил бўлиши шарт эмас. Бу бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки икки жинсдаги нарса икки хил қийматга эга. Шунинг учун уларнинг қиймати ва миқдори икки тарафнинг ўзаро розилиги билан бўлади.
Бу ҳукм сиртдан қараганда ғалати туюлади. Чунки, бир хил жинсдаги нарсаларни алмаштиришда уларнинг миқдори бир хил бўлиши нима учун шарт қилинган? Ахир бир хил нарсанинг яхши ёмону борку? Яхшиси қиммат, ёмони арзонроқ бўлиши ҳам аниқку?! дейиш мумкин.
Мисол учун, маълум миқдордаги яхши буғдойга, ундан кўпроқ ёмон буғдойни алмаштириш нима учун ҳаром қилинган? Чунки, дейди уламоларимиз бу саволнинг жавобига, бу ишда катта ноаниқлик бор. Кимдир зарар кўриши ҳам аниқ. Лекин ким зарар кўради, қанча зарар кўради, билиб бўлмайди.
Шунингдек, бир жинсдан бўлган икки хил молни алмаштиришда зиёдага йўл қўйилмаслиги эса бўлажак ҳаром-хариш муомалаларнинг олдини олиш учундир. Чунки бир жинсдаги икки хил нарса, мисол учун тиллони тиллога алмаштиришда унинг сифатидаги, қуйилишидаги, оғирлигидаги ва яна қандайдир фарқларни эътиборга олиб қилинади. Шунга рухсат берилса, кейинчалик бошқа рибо даражаларига ҳам ўтишга йўл топадилар. Зиёдага йўл қўйилмаслиги эса бу эшикни ёпади. Шунинг учун ҳам, бу хилдаги муомала ҳаром қилиниши ҳикматини тушунишда баъзи кишилар қийналишлари мумкин.
Шунингдек, бу нарсаларни алмаштиришда, агар жинси икки хил бўлса ҳам, қўлма-қўл бўлишни шарт қилишда ҳам, ҳийла билан рибонинг эшиги очилишига йўл қўймаслик ҳикмати ётади. Агар жинси икки хил бўлса, ортиқ - камига келишилсин, аммо дарҳол қўлма-қўл берилсин.
Чунки, кейин берса ҳам бўлади, дейилса рибога йўл очилган бўлади. Биров бошқасидан тилло олиб туриб кейинроқ кумуш қайтариб беришга келишилади. Аммо, орада фарқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги рухсатни, вақт ўтгани учун олинадиган фойда ўрнига олиш учун ишлатишга ўтилади. Вақт ўтгандан кейин қайтариб берадиган кумушниг нархи олган тиллосининг нархидан кўп бўлади. Ана ўша кўп миқдор унга берилган муддатга қараб берилади.
Бундоқ рибовий ишларда олувчи ҳам, берувчи ҳам бароабар гуноҳкор бўлурлар.
Тилло билан кумушга келганда ёмби-ишлов берилмагани ҳам, танга қилиб чекилгани ҳам бари-бир.
Рибовий молларнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам баробар. Бир хил жинсдаги рибовий молнинг яхшисидан озроққа ёмонидан кўпроқ бериш мумкин эмас. Бу ҳам рибонинг олдини олиш учун қилинганлигини олдин ҳам айтиб ўтдик. Чунки, одатда одамлар икки бир-бирига тенг нарсани алмаштирмайдилар. Фақат орасида фарқ бор нарсаларгина алмаштирилади. Агар бу ишга рухсат берилса, рибога олиб бориши турган гап.
Рибовий моллар, деб соъ ва мудд каби оғирлик ўлчови билан ёки вазн билан миқдори белгиланадиган тилло, кумуш ва буғдой, арпа, хурмо, туз ва бошқа таом бўладиган маҳсулотларга айтилади. Ана ўшаларда бир-бирини зиёда билан, насияга алмаштириш мумкин эмас.
Аммо сон, узунлик ўлчови билан ўлчаланадиган нарсалар рибовий моллар ҳисобланмайди. Шунинг учун бир дона тухумни икки дона тухумга алмаштирилса бўлади. Чунки, бунда икки томон ҳам нима қилаётганини ва молининг миқдори, сифатини жуда аниқ ва яхши билган ҳолда тасарруф қилади. Шу маънода бир метр матони ўз жинсидаги бир ярим метр матога алмаштирса бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлчовини билинмаган хурмо уюмини маълум ўлчовли хурмога сотишдан наҳий қилдилар». Муслим ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Чунки уюмда қанча нарса борлигини билиб бўлмайди. Бир хил жинсдаги нарсани баробар бўлмаса бир-бирига алмаштириш мутлақо мумкин эмас. Агар шундоқ бўлса, рибо бўлиб қолади. Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни нарсани уюм билан, санамай, тортмай сотиш мумкинлигига далил қилиб олганлар.
Модомики, маълум ўлчовли хурмони уюмдаги миқдори номаълум хурмога сотиб бўлмас эканми, демак, хурмодан бошқа нарсага сотса бўлар экан. Хурмони хурмога сотиш рибодан қочиб ман қилинган. Жинси бошқа нарсаларда ортиқ - кам бўлса ҳам розилик бўлса, миқдори ноаниқ бўлса ҳам алмашиш жоиз.
Нарсаларни тўпи билан сотиш, яъни, ўлчовини аниқ билмай чама билан сотиш жоизлигига яна битта бошқа ҳадис ҳам далил қилиб келтирилади.
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилишган ривоятда айтилишича:
«Улар таомни чама билан бозорнинг юқори томонига олиб бормасдан туриб сотишни наҳий қилган эканлар».
Демак, чама билан сотишни наҳий қилмаганлар. Бу масала бошқа савдо масалалари қатори фуқаҳоларимиз томонидан тўла ва атрофлича ўрганилган. Нозик-нозик нуқталаригача батафсил баён қилинган.
Чама билан сотишдаги умумий қоида:
«Ўзаро зиёда - кам қилиб сотиш жоиз бўлган нарсаларни чама билан алмаштирса бўлади. Ўзаро зиёда кам қилиб бўлмайдиган нарсаларни чама билан ҳам алмаштириб бўлмайди».
Бу ҳам олдинги рибо масаласига боғлиқ нарса. Рибовий молларнинг бир жинсдагини тенгма-тенг, қўлма-қўл алмаштирмаса бўлмаганидек, чама билан ҳам алмаштириб бўлмайди.
Чама билан сотиш шаръий бўлиши учун бир неча шартлар мавжуд бўлиши керак.

1. Сотиладиган нарса савдо вақтида ёки ундан олдин кўз билан кўрилган бўлиши керак.
2. Сотувчи ҳам, олувчи ҳам сотиладиган нарсани на ўлчовини, на оғирлигини ва на сонини билмаслиги керак.
3. Сотиладиган нарса санаш қийин ҳолда кўп бўлиши керак.
4. Сотиладиган нарса чамаласа бўладиган нарса бўлиши керак. Бир-бирига аралашиб чамалаб бўлмайдиган нарса, мисол учун, учиб юрган қушлар тўпига ўхшаш бўлмаслиги керак.
5. Сотиладиган нарса ҳаддан ташқари кўп бўлмаслиги керак.
6. Сотиладиган нарса турган ер текис бўлиши керак.

Абу Минҳол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бародан «сарф» - пул алмаштириш ҳақида сўрадим.
«Зайд ибн Арқамдан сўра у яхшироқ билади», деди. Зайддан сўрасам: «Бародан сўра у яхшироқ билади», деди. Сўнгра икковлари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кумушни тиллога қарзга сотишни наҳий қилганлар», дейишди
».
Муслим ва Бухорий ривоят қилган.
Бухорийнинг лафзида: «Агар қўлма-қўл бўлса ҳеч гап эмас. Аммо насия бўлса, бўлмайди», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда саҳобаи киромларнинг камтарликлари ва бир-бирларини ҳурмат қилишлари ёрқин намоён бўлмоқда. Баро ибн Озиб ва Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳумолар бир-бирларини ўзидан кўра илмлироқ деб ҳурмат қилишлари ва савол сўраб келган кишини ўз биродари томон юборишлари шуни кўрсатади.
Ушбу ҳадиси шариф қоидасига биноан саррофлик икки хил пул бирлигида, қўлма-қўл равишда бўлиши лозимлиги, насияга ҳеч нарса қолмаслиги кераклиги келиб чиқади. Ушбу қоида бузилса, рибо бўлади. Рибо эса ҳаром. Унинг оқибати нима бўлишини ушбу бобнинг аввалида ўрганиб чиқдик.
Устига зиёда қўйиб қарз бериш, устига зиёда қўйиб бир хил жинсдаги рибовий молларни алмаштириш рибо бўлади. Рибохўрлик ҳаромдир. Мусулмон одам, топганим ҳалол бўлсин, икки дунём обод бўлсин, деса, рибодан доимо ҳазар қилмоғи керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Бақийъда туя сотар эдим. Динорларга сотиб ўрнига кумуш олар эдим. Кумушга сотиб ўрнига динорлар олар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам Ҳафсанинг уйидан чиқиб келаётган эканлар. Бас, у зотдан ҳалиги масалани сўрадим.
«Қиймати билан бўлса ҳеч нарса эмас», дедилар
».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида: «Ўша куннинг нархида, иккингиз ажрашмай туриб, ораларингизда бир иш бўлиб турса ҳеч гап эмас», дейилган.
Шарҳ: Бу ерда пул бирликлари бир жинсдан бўлмаяпти. Балки тиллога кумуш ёки кумушга тилло бўлмоқда. Бу ҳолда алмаштириш мумкин. Аммо, аввал ҳам ўрганганимиздек олди - берди икки томон бир-биридан ажрамай туриб қўлма-қўл бўлиши шарт, бўлмаса рибо қаторига кириб қолади.
Бугунги кунда пул алмаштириш кўпайган бир вақтда бу масалаларни яхшилаб ўрганиб олиш жуда ҳам зарур.
Шунингдек, рибо масаласи ҳам жуда нозик масала. Ҳозирда Аллоҳнинг Ўзи сақламаса, бу ҳаром нарсадан қутулиш мушкул. Аллоҳ сақлаши учун эса, Аллоҳнинг айтганини қилиш керак. Унинг учун эса, Аллоҳнинг ҳукмини ўрганиш лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яхши танишларимиздан бири сўзлаб берди. У киши поездда кўп юрар экан. Поезд бир бекатга борганида, ҳар галгидек асал сотиб юрадиган бир йигит вагонга чиқибди. У давоми...

3156 05:00 / 17.02.2017
1696. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан нархини кейин беришга таом сотиб олдилар ва темир совутни гаровга давоми...

4214 17:46 / 19.09.2017
Электрон тижорати деганда у товар ва хизматларни интернет тармоғи орқали амалга ошириш тушунилади. У компютер, тармоқ, дастур ва электрон сайтдан иборат. давоми...

3269 05:00 / 17.02.2017
Бировга ўтказиш деганда, қарздор ўзида ҳақи бор кишига, фалончиниг мендан қарзи бор, сен мендаги ҳақингни ўшандан ол, дейишдир.Кафиллик, маълум нарса, биров давоми...

2938 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

133417 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53763 14:35 / 11.08.2021