1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Бозордаги ростгўйлик

05:00 / 03.03.2017 4765 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот: «Қачон савдо қиладиган бўлсанг, алдаш йўқ, дегин», дедилар». Учовлари ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келаётган саҳобий розияллоҳу анҳунинг бошлари ёрилиб, бир оз фикрлари ва тиллари оғир бўлиб қолган эди. Тутилиб гапирар ва олди-сотдида алданиб қолар эдилар. Ўзларининг бу ҳолларидан шикоят қилганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олди-соттидан олдин савдолашаётган одамга, алдаш йўқ, деб огоҳлантириш бериб қўйишни тавсия қилдилар. Яъни, Ислом динида савдо-сотиқда бир-бирини алдаш йўқлигини эслатиб қўйишни ўргатдилар. Шояд шунда бошқа томон ўзига алдашни эп кўрмаса. Бундан савдо-сотиқда, молиявий муаммоларда бир-бирини алдаш ҳаром экани кўриниб турибди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Муслимнинг ривоятида: «Савдода кўп қасам ичишдан ҳазир бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.
Шарҳ: Баъзи бир савдогорлар ўз молини ўтказиш учун, ёлғон - яшиқ гапирадилар, ҳатто қасам ҳам ичадилар. Баъзи, харидорлар, унинг қасамига ишониб молини сотиб олади. Ҳалиги савдогор савдоим юришди, деб хурсанд бўлади. Аслида эса ёлғон гапиргани учун, ёлғон қасам ичгани учун молининг баракаси ўчади. Миқдори кўпайганга ўхшагани билан баракаси бўлмайди. Фойдаси камаяди. Балки, бошқа томондан бало-офатлар ҳам етади.
Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши керак, қасам ичиб молини ўтказишга уринмаслиги керак. Ростгўйлик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Эгасига юқади, фойда беради.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши бозорда туриб бир молни савдога қўйди ва мусулмонлардан бир одамни қизиқтириш учун, у(мол)га ўзига берилаётгандан кўп берганини айтиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичди. Шунда,
«Албатта, Аллоҳнинг аҳди ва қасамлари ила арзон баҳога сотиб оладиганлар...» ояти нозил бўлди.
» Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Оятнинг давомида: «Ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни уларга Аллоҳ гапирмайди ҳам, назар солмайди ҳам, уларни покламайди ҳам. Ва уларга аламли азоб бордир», дейилган.
Демак, одамларни қизиқтириб молини ўтказиш учун, бу мол менга ўзи бунчага тушган, деб ёлғон айтиб қасам ичиш охиратда ёмон оқибатларга олиб келар экан. Шунинг учун бу нарсадан ҳушёр бўлиш керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб, қандоқ сотаяпсан?» деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга, қўлингни у(таом)нинг ичига тиқ, деб ваҳий қилинди. У зот қўлларини тиқсалар ҳўл экан. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биздан эмасдир, ким алдаса», дедилар». Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Муслим ва Термизийнинг лафзида: «У зот: «Эй, таом эгаси! Бу-нима?!» дедилар.
«Ёмғир теккан эди, эй, Аллоҳнинг Расули», деди.
«Буни одамлар кўришлари учун таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди! Ким алдаса, мендан эмас!» дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги таом деб номланган, савдога қўйилган мол буғдой бўлган экан. Буғдойга осмондан тушган ёмғир тегса, шишиб оғир бўлиб қолади. Шунинг учун сотувчи ўлчовда ноўрин фойда кўради. Иккинчидан ёмғир теккан буғдой сақласа, турмайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун уни айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади.

Ушбу ҳадисдан савдо - сотиқ бўйича бир нечта фойдалар олинади:

1. Ислом дини савдо-сотиқ, иқтисодий ишларда ҳам ўз таълимотларига эга эканлиги.
2. Масъул кишилар савдо-сотиқ ишлари шариатга мувофиқ боришини кузатиб туруши лозимлиги. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўрашлари ва қўлларини солиб текшириб кўришлари шуни кўрсатади.
3. Савдо молида айби бўлса, уни харидорга айтиши ёки кўрсатиш лозимлиги. Айбини кўриб туриб олса, ўзининг иши.
4. Савдода алдамчилик қилиш савдогарни мусулмонлик доирасидан чиқариши.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан эмас» деганлари, менинг динимда эмас, деганларидир.
Энди бугунги катта-кичик савдогарларнинг қилаётган ишларига бир назар солайлик.
Савдонинг қайси тури бўлса, ҳаммасида харидорни яхшилаб алдаш услуби ишлаб чиқилган. Нима қилиб бўлса ҳам, харидорни алдаб молни ўтказиб олишдан бошқа қайғу-ташвиш йўқ.
Яхши сифатли молни кўргазмага қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб бериш энг осон услуб.
Аввалгиларга ўхшаб, ёмғир тегиб қолувди, дейиш йўқ, зироат маҳсулотини бозорга узиб ёки териб олишдан олдин, албатта, сув қўйилади томиридан сув ичиб тўйиб олган маҳсулот торозу босади, уни еган одамни эса дард алам босади.
Бозорда шеригининг ширин анорини сўйиб кўргазмага қўйиб, ўзининг аччиқ анорини пуллайдиганлар ҳам йўқ эмас.
Қўйнинг терисини оёғидан тешиб шишириб, олиб бориб сотганлар, уни олиб келган одамнинг уйида дами чиқиб кетганлар ҳам йўқ эмас.
Қўйингки, инсон боласининг ақлига сиғмайдиган нарсалар, ҳийла-найранглар бозорда учрайди. Ушбу нарсаларни касб қилиб олган алдамчилар ўзини мусулмонман, деб аташга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, дейишга ҳақлари бормикан?!
Аллоҳдан қўрқиш керак. Алдамчиликни ташлаш керак. Алдамчилик билан топилган молу-дунё ҳаром бўлади. Эгасига юқмайди. Бошига битган бало бўлади. Қиёматда ҳам шарманда қилади.

Қайс ибн Абу Ғарза розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида, даллол, деб номланар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар: «Эй, тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас уни садақа ила аралаштиринглар», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан Ислом тижоратнинг ва тижорат аҳлининг қадр - қийматини кўтарганини билиб оламиз. Ислом дан олдин савдогарларни, даллол, деб аталар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бу исмдан кўра яхши, «тожир» исми билан атаганлар. Бу нарсанинг ўзи катта нарсага далолат қилади.
Тожирлар иш давомида билиб - билмай турли беҳуда гап-сўзларни айтиб ёки ишларни қилиб қўйишлари, ҳатто қасам ичишлари ҳам мумкинлиги эътиборидан, ўшаларни ювиш учун тез-тез садақа қилиб турушлари керак.
Яхшилаб эслаб қолиш керакки, мазкур садақа фақатгина беҳуда гап сўз ва қасамлар эътиборидан, холос. Тожирнинг қилган садақаси, унинг алдамчилигини, ҳаромхўрлигини ювиб юбормайди. Бу ҳақиқатни ҳар-бир тожир яхши англаб етмоғи зарур.

Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас, у зот савдо қилаётган одамларни кўриб: «Эй тожирлар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарадилар. Шунда у зот: «Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар бўлиб қайта тирилтирурлар. Магар Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дейилган».
Икковини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Агар тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, тожирлик эгасига афсус надомат, охират шармандалигини келтирадиган касб бўлар экан. Ҳар бир тожир ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифат:

1. Аллоҳга тақво қилиш.
2. Яхшилик қилиш.
3. Ростгўй бўлиш сифатларини ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак.

Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди.
Аслини олганда тожирлик ҳам, шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат. Чунки, тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширадилар. Кўпчиликнинг оғирини енгил қиладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Хадийжа онамизнинг моллари ила тижорат қилганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижоратни ҳалол қилганини эълон қилган. Ҳатто ҳаж ибодати вақтида ҳам тижоратга рухсат берган.
Уламоларимиз тижорат, зироат ва саноатдан қайси бири афзал, деган савол берганларга, жавоб бера туриб, баъзи ҳолларда тижорат афзал эканлигини таъкидлаганлар.
Саҳобалардан баъзилари тижоратни вақти келса жиҳодга тенг бўлишини айтганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу, жиҳоддан кейин менга энг афзал ўлим савдо моллари ичида ўлишдир, деганлар.
Аммо, ушбу афзалликларнинг ҳаммаси тожирнинг тақводор, ростгўй ва омонатли бўлишига боғлиқдир. Ана ўшанда мўмин-мусулмон тожир қиёмат куни юксак мартабаларга эришади. Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.
Мана, ушбу ҳадис олдимизга тожирнинг икки хил ҳолатини кўндаланг қилиб қўймоқда.
Алдамчи, ёлғончи ва ҳаромхўр хили қиёмат куни фожир бўлиб тирилтирилади.
Тақводор, содиқ ва омонатли хили, қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга тирилтирилади.
Энди, ихтиёр ҳамманинг ўзида. Ҳар ким ниятига ва қилганига яраша топади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Мусулмон одам доимо карамли, саховатли бўлиши керак. Айниқса олди-сотди ва ҳақни талаб қилиш пайтида. Бундоқ пайтда мумсиклик қилиб, тийиннинг устида етти думалаб туриб олиш барака келтирмайди. Балки, сахийлик, очиқлик, бир оз ўтиб бериш ишлари Аллоҳнинг раҳматига, хайру баракага сабаб бўлади.
Ушбу ҳадисдаги зикр қилинган Аллоҳнинг раҳмати икки дунёга ҳам хосдир. Мазкур ишларда карамли, саховатли бўлган кишиларга Аллоҳ таолонинг бу дунёдаги раҳмати - молу мулкига, ризқу рўзига барака, ўзига соғлик-саломатлик, фаровон турмуш ва тинчлик омонлик беришида аксини топади. Охиратда эса жаннатга киришга сабаб бўлади.
Демак, сотувчи ҳам, олувчи олувчи ҳам карамли, саховатли ва хушмуомала бўлиши керак. Шунингдек, бировдан ҳақини сўровчи ҳам яхшилик, хушмуомалалик билан сўраши керак.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фаришталар сизлардан олдин ўтганлардан бирининг руҳини қабул қилиб олдилар. Сўнгра унга: «Бирор яхшилик амал қилганмисан?» дедилар.
«Йўқ», деди у.
«Эсла», дедилар.
«Одамларга қарз берар эдим. Йигитларимга камбағалга муҳлат беришни, бойдан осонлаштиришни амр қилар эдим», деди.
Аллоҳ таоло: «Унинг ҳам (ишини) осонлаштириб юборинглар», деди
».
Бошқа ривоятда: «Магар, мен молдор одам эдим ва одамларга қарз берар эдим. Бас, бойдан қабул қилар, камбағалдан кечиб юборар эдим». Бас, Аллоҳ:
«Бандамни кечиб юборинглар», деди» дейилган
».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Молиявий муомалаларда қийин ҳолга тушиб қолган одамга енгиллик яратиш қанчалик яхши ва савобли иш эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.
Охиратда ҳеч яхшилиги бўлмай, фақат, ҳақни талаб қилишда, ноилож ҳолда қолган одамни кечириш билан ҳам енгилликка эришиш мумкинлиги ушбу ҳадисдан очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Бой-бадавлат одамнинг имкони яхши бўлади. Қарздор эса доимо ноқулай ҳолатда бўлади. Ана шу ҳолатни эътиборга олиб, осонлик яратган бойга қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан осонлик яратилар экан.
Бойлар бу ҳолни яхши эслаб қолишлари керак. Қарздорлар ҳам кечиктирмай, яхшилик билан ўз қарзларини адо этишлари кераклиги ўз жойида зикр этилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қили нади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан баъзисини ўтиб юборса, Аллоҳ қиёмат кунида, Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда, Аршининг соясига олади», дедилар».
Термизий ривоят қилган ва, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Қарздор камбағалга қарзни топиб бериши учун муҳлат бериш ёки унинг қарзидан баъзи қисмини кечиб юбориш қанчалар яхши иш эканини очиқ-ойдин кўриб турибмиз. Энди шу ҳадисга амал қилиш қолди, холос.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Бир одамнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳақи бор эди. Ўша одам у зотга қўполлик қилди. Саҳобалар унга (ёмонлик) қасд қилиб қолдилар. Шунда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни тек қўйинглар. Ҳақ эгасининг гапи бўлади. Унга (туяси) ёшидагини сотиб олиб беринглар», дедилар. Улар:
«Биз униг ёшидан яхшироқ ёшдан бошқасини топа олмаяпмиз», дейишди.
«Ўшани, сотиб олиб унга беринглар. Албатта, сизнинг яхшиларингиз, қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийдан туя қарз олган эдилар. Ҳалиги одам келиб, аъробийлар одати бўйича қарзини у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қўполлик билан сўради. Шунда саҳобаи киромлар у беодобнинг танобини тортиб қўймоқчи бўлдилар. Аммо, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга йўл бермадилар. Саҳобаларга унга тегмасликни амр қилдилар. Ҳақ эгасининг гапиришга ҳақи бор, дедилар ва унга озор бериш ўрнига, унинг ҳақини яхшилаб қайтариш, қарзга берган туясига ўхшаш туя сотиб олиб бериш кераклигини таъкидладилар.
Бошқа ривоятларда айтилишича, қарзга олинган туя учта тиши чиққан туя экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу бориб унга ўхшаш туя топа олмаптилар. Тўртта тиши чиққан туя бор экан, шунинг хабарини берибдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша тўртта тишли туяни сотиб олиб ҳалиги аъробийга беришни амр қилдилар ва:
«Албатта, сизнинг яхшиларингиз, қарзни гўзал адо этув чиларингиздир», дедилар».
Шунинг учун бировдан қарз олган одам, уни ўз вақтида, ўзидан ҳам афзал этиб қайтаришга ҳаракат қилиши керак. Чунки, қарз берувчи унинг муҳтож бўлиб турган пайтида ноқулай ҳолатдан чиқишига ёрдам берган, ўз фойдасидан кечиб, унга яхшилик қилган одам. Унинг яхшилигини унутмаслик, ўрнида қайтаришлик лозим. Оғир пайтда ҳожатини чиқариб олиб, кейин қарзини бермай юриш инсофсизлик ҳисобланади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмоннинг (савдодаги) қайтишини кечирса, Аллоҳ унинг қоқилишини кечиради», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Бир одам нарса сотиб олгандан сўнг ўша нарса ёқмай қолиб ёки унга ҳожати йўқлиги маълум бўлиб қолиб, қайтариб олиб келганда, уни кечириб қайтариб олган тожирнинг гуноҳини Аллоҳ таоло кечирар экан.
Кишилар ва уларнинг ҳолатлари турлича бўлади. Шу билан бирга, турли кутилмаган вазиятлар ҳам рўй бериб туради. Чунки, одатда харидордан кўра, тожирнинг имкониятлари кўп бўлади. Қайтариб олган нарсасини ўша зоҳати бошқа харидор сотиб олиши мумкин. Аммо, харидорнинг эса имкони оз, агар тожир қайтариб олмаса, моли зое бўлиши ҳам мумкин. Умуман олганда тижорий ва бошқа молиявий, иқтисодий муомалаларда ўта кечиримли, сахий ва хушмуомалалик керак бўлади.
Мусулмонлик одоби шу. Дарҳақиқат, яхши мусулмон тожир, яхши мусулмон ходим ҳамдир. Ҳозирги кунимизда Индонезия, Малайзия, Фаластин, Сингапур, Фотоний ва бошқа томонларда юз миллионлаб мусулмонлар яшамоқда. Уларнинг юртлари мусулмон бўлишига асосан содиқ ва омонатли мусулмон тожирлар сабаб бўлганлар. Тижорат билан бориб омонат билан муомала қилганларини кўриб, ерли аҳоли бу фаришта сифат одамлар қандоқ одамлар эканига қизиқишган. Тожирлар эса ўзларида қай бир яхшилик бўлса, динлари Исломдан экани, агар хоҳласа ҳар ким ҳам шундоқ бўла олишини айтганлар. Шунда уларнинг харидорлари ҳам мусулмон бўлганлар.
Яхши мусулмон тожир Ислом дини ҳақида бошқаларда яхши таасурот қолдирганидек, мусулмонча ном билан аталган ёмон одам Ислом ҳақида бошқаларга ёмон таасурот қолдириши турган гап. Бу ҳақиқатни ҳар бир тожир англаб етмоғи лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялинибёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш давоми...

7305 11:12 / 12.11.2020
Киши молиявий фаолиятида бошқаларнинг қилганига қараб эмас, ўзининг билимига ва имконига қараб иш тутиши лозим. .Фалончи пистон ишни қилиб, бунча пул топган эмиш, давоми...

3881 05:00 / 17.02.2017
Нархни кўп оширмаслик ndash Нархни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик ҳам мусулмон савдогарнинг юксак одобидир.Баъзи савдогарлар иложи борича қиммат қилиш пайидан давоми...

3883 21:38 / 21.05.2017
.Васият, луғатда етказиш маъносини англатади. Чунки, у ила васият қилгувчи бу дунёдаги яхшилигини охиратига ҳам етказади. .Васият, шариат бўйича, ўлимдан кейин давоми...

5090 05:00 / 17.02.2017