1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

ИСЛОМ ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ

05:00 / 03.03.2017 9720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоният тарихида инсонлар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузулишига сабаб бўлган омиллардан бири бир дин вакилларининг бошқа бир дин вакилларига диний айримчилик асосида қарашидир. Ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, ўзга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашга олиб борган. Бу омилдан эса сиёсатчилар доимо ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келганлар. Қайси бир урушни олиб кўрсак ҳам унинг келиб чиқишида асосий айб сиёсатчиларда бўлиб, ўша сиёсатчилар ким бўлишидан қатъий назар, ҳатто ўзи динсиз бўлса ҳам ўз мақсадига эришиш учун кишилардаги диний омилни яхшилаб ишга солиш пайидан бўлганлар. Сиртдан эса, бир дин билан иккинчи дин уришган, диний уруш деб номланган урушлар бўлиб кўринган.

Ҳозирги кунимизда эса, инсонлар динлари қандоқ бўлишидан қатъий назар тенг ҳуқуқли эканликлари шиори олдинга сурилмоқда. Ўз-ўзидан Ислом бу масалага қандоқ қараган, деган савол пайдо бўлади. Баъзи кишилар, саволга ўрин йўқ, ҳамма нарса маълумку, дейиши мумкин. Нима маълум? десангиз, Ислом мусулмонларга ғайри динларни ўлдиришни фарз қилган, жиҳод фарз, мусулмон одам қаерда ғайри динни кўрса ўлдириши керак, ҳозирги тинч-тотув яшаш ҳақидаги гаплар замоннинг зайли билан айтилаётган гаплар холос, дейишади.
Ҳақиқатдан шундоқми? Келинг, бир холисона ўрганиб чиқайлик. Инсоният тарихида бошқа дин вакиллари билан қандоқ қилиб тинч тотув яшаш мумкин, деган савол Исломгача ташланган эмас. Тарихда биринчи бўлиб Ислом дини турли динга эътиқод ва амал қилувчилар биргаликда, бир жамиятда яшашлари мумкинлиги фикрини олдинга сурди ва бу фикрни ҳаётда татбиқ қилди.
Агар Исломдан олдин бу масалани кўтарган, унга амал қилган дин ёки тузум бўлса, унинг исботи бўлса биладиган кишилар раддия қилсинлар, марҳамат!
Ислом эса самовий динларнинг барчасини асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан деб эълон қилди.
Аллоҳ таоло «Шўро» сурасида: «У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга (эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсани, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсамизни шарият қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар, дедик», дейди. (13 оят)
Демак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дин юборган Аллоҳ, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни пайғамбар қилиб танлаб олган. Шу билан бирга Аллоҳ томонидан юборилган мазкур пайғамбарларга Аллоҳ томонидан бир хил фармон ҳам бўлган. У фармон, «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар», деган амри илоҳийдан иборат бўлган.
Албатта, бу эълон дунё динлари тарихида янги саҳифа эди. Бу маънони Исломгача бирор дин ёки тузум эълон қила олмаган эди. Ушбу қоидага биноан мусулмонларга барча самовий динларга Исломга иймон келтиргандек иймон келтириш фарз қилинган. Агар мусулмон киши мазкур динлардан бирортасини инкор қилса, уларга ҳурматсизлик назари билан қараса, диндан чиқади.
Шунингдек, мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларга бирдек иймон келтирмоғи, улардан бирортасини фарқлаб четга чиқариб қўймаслиги лозимлиги қаттиқ таъйинланган.
Аллоҳ таоло бу ҳақда мусулмонларга хитоб қилиб «Бақара» сурасида: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб, Асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан биронтасини фарқламаймиз ва биз унга мусулмонлармиз», деб айтинглар». (136 оят)
Ушбу ояти каримага биноан ҳар бир мусулмон шахс Аллоҳ томонидан юборилган ҳамма пайғамбарларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиргандек иймон келтириши, Аллоҳ томонидан туширилган китобларга Қуръони каримга иймон келтиргандек иймон келтириш лозим. Агар улардан бирортасига иймон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса мусулмонлиги қолмайди. Бу ҳам дунё динлари ва тузумлари тарихида улкан янгилик эди.
Лекин Ислом мазкур масалада фақат ақийда масаласидаги кенгбағирлик билан кифояланиб қолмади. Балки, ҳаётнинг барча соҳаларида ҳам турли дин вакиллари бир жамиятда, биргаликда яшашлари учун керак бўлган қонун қоидаларини йўлга қўйди.
Мисол учун энг нозик масалалардан бўлмиш оила ва озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳамма динлар, ҳамма тузумлар бу икки масалага алоҳида эътибор берадилар. Ислом эса, бу икки нарсага ҳаммасидан ҳам кўра нозик иш сифатида қарайди. Шундоқ бўлса ҳам турли дин вакиллари бирга яшашлари, бир-бирларига кўнгил қўйишлари, бир бирларини меҳмон қилишларини ҳисобга олиб мусулмонларга бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриш ва улар сўйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилишни ҳалол қилди.
Аллоҳ таоло бу ҳақда «Моида» сурасида: «Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфа аёллар ҳам (ҳалолдир)» (5-оят).
Ушбу ояти карима ҳукмига биноан мусулмон шахс самовий китобга эга дин аҳлларининг таомини тановул қилса ва уларга ўзи таом берса, шуниндек уларнинг аёлларига уйланса бўлади.
Ислом давлати соясида яшашни хоҳлаган бошқа дин вакиллари «Аҳли зимма» деб номланадилар. Яъни, мусулмон жамияти кафолатидаги кишилар, деганидир. Аҳли зимма учун шахсий ҳуррият, фикр эркинлиги, ақийда эркинлиги, жон мол, обрў ва бошқа нарсалар дахилсизлиги тўлиқ кафолатланади. Бу маънодаги умумий қоида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Уларга бизга бўлган имтиёзлар бор ва уларга бизга қўйилган мажбуриятлар бор», деганларидир.
Демак, Ислом давлати соясида бошқа дин вакиллари ҳам худди мусулмонлар эга бўлган имтиёзларга эга бўлади ва уларга юклатилган мажбуриятлар олдида масъул ҳам бўлади. Фақат Арабистон ярим оролида яшовчи араб мушрикларигина аҳли зимма бўла олмайдилар. Улардан Исломдан бошқа нарса қабул қилинмайди. Бу ўзи алоҳида бир масала. Лекин шу масалани Ислом душманлари нотўғри талқин қилиб умумлаштириб юборганларини айтиб ўтишимиз лозим.
Бошқа мушриклар, яъни, аҳли китоб бўлмаганлар ҳақида эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларга аҳли китобга қилинган суннатни қилинглар. Фақат аёлларига уйланманг ва сўйишларини емаган ҳолда», деганлар.
Демак, самовий бўлмаган, кишилар ўзларича эътиқод қилиб юрган дин вакиллари ҳам тўлиқ ҳақ-ҳуқуқларга эгадирлар. Ушбу маъноларни Ислом ўн тўрт аср илгари, дунёда биринчи бўлиб жорий қилган. Қандоқ қилиб жорий қилганини эса, қуйида ўрганамиз иншааллоҳ.
Ислом дини дунё тарихида илк бор ўз дини ва эътиқодидан ўзга дин ва эътиқодларга қарши мутаассибчиликдан холий бўлган жамият қурди. Бу жамият ўз аъзоларининг барчасига баробар назар билан қараб, уларга тенг шароит яратиб берди. Бу маънолар мусулмонлар ўз динларига тўлиқ амал қилган чоғларида бутун гўзаллиги ила намоён бўлди.
Ислом дини мусулмонларга бошқа самовий динларга, уларнинг пайғамбарларига, муқаддас китобларига иймон келтиришни фарз қилиш билан бирга, ўша динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслик, улар билан яхши муомалада бўлиш, яхши қўшничилик қилиш, зиёфатга чақириш, оилавий алоқалар ўрнатишга ҳам ижозат берди.
Шунингдек, Ислом дини мусулмон давлатга бошқа дин вакиларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилишни, уларнинг диний-ақийдавий масалаларига аралашмасликни, ҳукмда уларга жавр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди.
Бу маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким аҳли зиммадан бир кишининг ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб турар», деган ва «Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигигиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан» деган ҳадисларининг ўзи кифоя қилади.
Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин киши учун бундан ҳам ортиқ кафолот бўлиши мумкинми?
Айтилаётган маънолар қуруқ гап эмаслиги исботи тарзида воқеъликдаги ҳужжат-далил ва мисолларга назар солайлик.
Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур. Бу маъно ҳатто баъзи ўзини билмаган кишилар томонидан суъистимол қилингани ҳам маълум. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудий аёл заҳар солиб берган қўй гўштини еб заҳарланганлари ҳеч ким учун сир эмас.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва «Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман, деб шахсан ўзларии уларга хизмат қилганлар.
Шунингдек, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодатларини қилишга рухсат берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом давлатига бошлиқ бўлган шахслар ҳам бошқа динлар вакилларига нисбатан бағри-кенглик сиёсатини давом этдирганлар. Ҳазрати Умар Байтул Мақдисга келганларида у ердаги масийҳий динидаги аҳолининг шартларини қабул қилган ҳолда аҳднома тузганлар.
Ғайридинларга берилган кенглик, омонлик ва ҳуррият борасида зарбулмасал бўлган мазкур ахдноманинг матни қуйидагича:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ушбу Аллоҳнинг бандаси, амирул мўминийн Умар томонидан Илиё аҳлига берилган омондир. Уларнинг жонларига ва молларига, канисалари ва бутларига, шаҳарнинг бемору соғ барча миллатига омонлик берур. Уларнинг канисаларида биров истиқомат қилмас ва уларни бузилмас. Уларга ва уларга тегишли жойларга, шунингдек, уларнинг бутларига ва молу-мулкларига ҳеч бир нарсага нуқсон етказилмас. Уларнинг бирортасига ҳеч ким қасддан зарар етказмас. Илиёда улар билан бирорта ҳам яҳудий бирга яшамас. Аҳли Илиё ҳам, Аҳли Мадоин каби, жизия ўтарлар. Улар у ердан румликлар ва ўғриларни чиқаришлари керак. Улардан ким бошқа томон чиқса, тинч жойига етиб олгунча жони ҳам, моли ҳам омонда бўлур. Ким туриб қолса, омонликдадир. У ҳам Аҳли Илиё мислича жизия ўтайди. Илиё аҳлидан жонини ва молини олиб, ибодатхонаси ва бутларини қолдириб Румликлар билан кетмоқчи бўлганларнинг ўзларига ибодатхоналари ва бутларига тинч жойларига етиб олгунларича омонлик берилур. Фалончининг ўлдирилишигача ер эгаси бўлганлардан ким ўтириб қолишни хоҳласа қолиб, Аҳли Илиё каби жизия ўтасин. Хоҳлаганлар Румликлар билан кетсин. Ким хоҳлаб ўз аҳлига қайтиб келса, ҳосилни йиғиб олгунларича улардан ҳеч нарса олинмайди. Ушбу ёзилганларга Аллоҳнинг аҳди, Унинг Расулининг, халифаларининг ва мўъминларнинг зиммаси бўлур. Агар Аҳли Илиё ўзларига белгиланган жизияни ўтасалар.
Ушбуга Холид ибн Валид, Амр ибн Осс, Абдурраҳмон ибн Авф, Муовия ибн Абу Суфён гувоҳ бўлдилар. Ўн бешинчи санада ёзиб, тахҳир қилинди».
Ҳазрати Умарга насороларнинг Патриархи ўша ернинг бош канисасида Аср намозини ўқиб олиш мумкинлигини айтган. Аммо, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, мен бу ерда намоз ўқисам, кейин бошқа мусулмонлар ҳам, Умар намоз ўқиган жойда намоз ўқиймиз, деб сизларни безовта қиладилар, деб у ерда намоз ўқимаганлар.
Мисрлик бир масийҳий аёл Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Миср волийси Амр ибн Осс унинг ҳовлисини масжидга қўшиб олгани ҳақида шикоят қилади. Суриштирилганда, аёлнинг ҳовлисининг пули ортиқча нархи ила Байтул молда тургани маълум бўлади. Шундоқ бўлса ҳам ҳазрати Умар янги масжидни бузиб масийҳий аёлга ҳовли жойини тиклаб беришга амр қиладилар.
Бошқа томонларга кишиларни Исломга даъват қилиш учун борган фотиҳлар ҳам мазкур қоидаларга оғишмай амал қилар эдилар.
Миср, Сурия, Иордания, Эрон каби давлатларда Ислом 14 асрдан кўп муддат ҳукм сураётган бўлса ҳам туб аҳолининг Исломни қабул қилишни хоҳламаган қисми ҳозиргача ўз динида турганлиги Ислом дининнг бошқа динларга нисбатан бағри кенглигидандир.
Ҳиндистон ва Ливан каби юртларда мусулмонлар узоқ вақт ҳукм юритганларига қарамай озчиликни ташкил қилишлари эса, фикримизни яна ҳам қувватлайди.
Шариятни яхши тушунган Ислом давлатларда турли вазифалар кишининг динига ёки мазҳабига қараб эмас, шахсий қобилиятига, вазифани бажариш савиясига қараб берилар эди.
Машҳур халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Ассол исмли насроний табиб бўлган. Унинг котиби эса «Саҳнун» исмли масийҳий бўлган.
Халифа Марвон ибн Ҳакам Атанасиюс исмли насроний кишига Мисрда давлат мансабларини берган ва у охири келиб давлат девонлари раиси мансабига эга бўлган.
Бу ҳақиқатни кўплаб ажнабий тарихчилар ҳам тан олиб, китобларига ҳавас билан ёзганлар.
Мисол учун Марк Сайс Ҳорун ар-Рашид давридаги Ислом давлати васфида қуйидагиларни ёзади: «Масийҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар баб-баробар ҳукумат хизматида ишлар эдилар».
Илмий баҳслар, изланишлар ва мансаблар ҳақида ҳам худди юқоридаги фикрни айтиш мумкин. Ислом давлати соясида кишилар дини ва мазҳабидан қатъий назар тенг шароитда яшаб, ижод қилишар эдилар.
Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳиблари бўлган олимларни тўплаган, илмдан нимани хоҳласангиз баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик мушкилоти келиб чиқмаслиги учун бирингиз ўз диний китобидан далил келтирмаса бўлди», деган эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом дини ҳақидаги сафсаталарга жавобБир неча кун олдин .Кларин, аргентина медиа гуруҳи Сесар Видаль деган жанобнинг .Исломда террор қонун ҳимоясида, деган давоми...

10499 17:38 / 25.05.2017
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда гўё Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин .содир бўлган, бир воқеа бирдан тарқалиб кетди. Бу давоми...

4584 05:00 / 06.03.2017
25савол. Пайғамбарларинг тақводор ва Худонинг элчиси деб қандай даъво қилишларинг мумкин, ваҳолонки вояга етмаган ёш гўдакларни бузган бўлса, шу жумладан унга бор давоми...

9308 20:52 / 22.04.2017
Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда улуғ мужтаҳидлар, мазҳаббошиларга тош отиш, уларни камситишга уриниш ва шу йўл билан бемазҳабликни тарғиб қилиш ҳолатлари давоми...

2536 20:30 / 06.06.2021