1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Нима учун тош жинси фақат тошбақада мавжуд?

17:00 / 03.12.2020 5564 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тошбақа узоқ умр кўрадиган, бардошли жонзот бўлиб, Аллоҳ таоло уни инсонни яратишидан 200 миллион йил олдин яратган ва Ўзининг қудратига далолат қиладиган кўплаб имкониятлар бериб қўйган.

Тошбақалар ер юзидаги энг қадимий жонзотлардан ҳисобланиб, жанубий қутбдан ташқари барча жойда яшайди. Баъзи тошбақаларнинг оғирлиги 700 килограммдан кўпроқ бўлади. Етти турдаги денгиз тошбақаларидан олтитаси соҳиллардаги қурилиш, ов, кемаларнинг ҳаракати сабабли тухум қўйишга имкони бўлмай инқироз ёқасида турибди. Денгиз тошбақаси тухум қўйган жойидан 12000 км узоқликка кетиб, кейин йўлидан адашмай ўша жойга келиши мумкин.

Тошбақа Ой атрофини айланган биринчи жонзот бўлиб, 1968 йилда собиқ иттифоқ Зонд 5 космик кемасини чиқарган. Унда бир жуфт тошбақа ҳам бор эди. Парвоз тугагач, тошбақаларнинг вазни 10 фоизга камайган ва баъзи қийинчиликларни кўрган бўлса-да, улар бу сафарга бардош берди, тирик қолди, иштаҳасини йўқотмади.

Тошбақаларнинг ҳид, таъм билиш, эшитиш, кўриш сезги органлари бўлиб, ҳатто улар гапиради ва овоз тўлқинларини тарқатади. 

Бошқа жонзотлар нафас олиш чоғида кўкраги кенгаяди. Тошбақанинг танасини ўраб турган тош нафас олиш чоғида кўксининг кенгайишига тўсқинлик қилади. Шу боис у нафас олишда бўйин ва танасининг бошқа мускуларини ишлатади.

Шунингдек, тошбақа устидаги тошни ташлаб юбора олмайди, чунки, унинг тоши умуртқа поғонаси билан бириккан.

Тошбақа қизил, сариқ ва апельсин рангни ёқтиради, рангларни ажрата олади, бу эса озуқа топиш ва душмандан сақланишига сабаб бўлади. Кўплаб йиртқичлар, масалан тулки, ит, денгиз қисқичбақаси ва чайка каби денгиз қушлари тошбақаларнинг тухумдан чиқишини пойлаб туради.

Тошбақа тухумларини қўйгач, етти ҳафта туради, ҳомилалар тухум ва унинг пўстлоғидаги кальцийни истеъмол қилади. Тухум ичидаги ҳомила тўлиқ шаклланиб бўлгач, бурнининг олд қисмида тухум пўчоғини синдириб чиқиши учун қаттиқ ўсимта ҳосил бўлади. Бу ўсимта тошбақа тухумдан чиққанидан сўнг йўқолиб кетади. Субҳаналлоҳ!

Ушбу ўсимтани муайян вақтда пайдо қилиб, кейин йўқотган ким?! Табиатми?! Тасодифми?! Табиат ёки тасодиф ўша ўсимтанинг қачон ҳосил бўлишини ва қачон йўқолиши кераклигини қандай билади?! Ўша ўсимтани керакли пайтда яратиб, кейин йўқ қилган табиат ҳам, тасодиф ҳам эмас, балки Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Агар ўша ўсимта тошбақа тухумдан чиққанидан кейин йўқолиб кетмаганда, унга кўп ноқулайликлар бўлишига сабаб бўлиши мумкин эди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَتَرَى الْجِبَالَ تَحْسَبُهَا جَامِدَةً وَهِيَ تَمُرُّ مَرَّ السَّحَابِ صُنْعَ اللَّهِ الَّذِي أَتْقَنَ كُلَّ شَيْءٍ إِنَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَفْعَلُونَ۝

«Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, У нима қилаётганингиздан ўта хабардордир». (Намл сураси, 88-оят)

Маями университети олимлари тошбақанинг мияси бир неча ой кислородсиз ишлаши мумкинлигини аниқладилар. Ваҳоланки, инсонга кислород келмай қолса, уч дақиқа ичида ҳалок бўлиши мумкин. Демак, инсондан кўра тошбақа қийин шароитларга кўпроқ чидайдиган қилиб яратилган.

Шундан кейин ҳам инсон кибр қилиши мумкинми?!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الْإِنسَانُ مَا غَرَّكَ بِرَبِّكَ الْكَرِيمِ۝

الَّذِي خَلَقَكَ فَسَوَّاكَ فَعَدَلَكَ۝

فِي أَيِّ صُورَةٍ مَّا شَاء رَكَّبَكَ۝

«Эй инсон! Карамли Роббинг хусусида сени нима алдаб қўйди?! У сени яратди, тўла-тўкис ва мўътадил қилди. Ўзи хоҳлаган суратда сени йиғди». (Инфитор сураси, 6-8-оятлар).

Тошбақалар инсонлардан анча олдин, бир неча миллион йиллардан бери ўзига хос жойни аниқлаш тизими (GPS)дан фойдаланади. У томонларни билишда Ернинг магнит майдонидан фойдаланади.

Тошбақалар ер остидаги тухум қўйиш жойидан чиққач, уммон сари йўл олади. Кейин 12000 минг километрдан кўпроқ масофани босиб ўтади. Шунча масофани босиб ўтганидан сўнг аввалги жойига адашмасдан етиб келади.

Янги ўтказилган тажрибада тухумдан янги чиққан тошбақани чалғитиш учун уни магнит майдонли жойга қўйилганда, митти тошбақа дарҳол илиқ сувли уммон сари юриб кетган. Хўш, тошбақани тўғри йўлга йўллаб турган, узоқ масофага кетган бўлса ҳам адашмай ўз уйини топиб келадиган қилиб қўйган ким? Бу саволга қуйидаги оятдан жавоб топамиз. Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ўртасидаги суҳбатни Аллоҳ таоло ҳикоя тарзида келтириб, шундай деган:

قَالَ فَمَن رَّبُّكُمَا يَا مُوسَى۝ قَالَ رَبُّنَا الَّذِي أَعْطَى كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَى۝

У (Фиръавн): «Иккингизнинг Роббингиз ким, эй Мусо?» – деди. У: «Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган Зотдир», – деди. (Тоҳа сураси, 49-50-оятлар)

Тошбақанинг ташқи кўриниши кишини тафаккурга чорлайди. Унинг ташқи кўриниши, танасини ўраб турган тоши даҳрийларнинг «тасодифан пайдо бўлган» деган даъвосини ботил қилади. Агар тошбақанинг тоши эволюция натижасида ҳосил бўлганида, жуда кўп жонзотларнинг устида ҳам шундай тош кўрардик. Хўш, нима учун бундай тош фақат тошбақада мавжуд? Барча жонзотлар қаторида тошбақаларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яратганини англашимиз, У Зот ҳар бир жонзотни ўзи яшайдиган муҳитга мослаб, керакли аъзолар, жиҳозлар билан яратганини билишимиз учундир.

Тошбақа ўнлаб ёки юзлаб тухум қўяди. Тухум қўйиш учун жойни танлашга катта эътибор қаратади. Тухумларни ёриб чиққан кичик тошбақалар дарҳол сув ҳавзаси сари, у ердан илиқ сув мавжуд бўлган тарафга қараб сузиб кетади. Хўш, тажриба, малакасиз, тухумдан энди чиққан жонзот ота-онасиз сув ҳавзасига қандай боради? Ким уни сув бор тарафга йўналтирди? Унга сузиш қобилиятини ким ато этди? Албатта, тошбақани сув бор тарафга йўналтирган ҳам, унга сузиш қобилиятини ато этган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир!

Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон ҳужайрасининг ҳозиргача олинган энг сўнгги тасвири. Расм манбаси Гарвард университети 2020 йил, декабрьРасмда битта ҳужайранинг ички тузилиши акс этган. давоми...

1809 12:30 / 11.03.2021
Она қорнидаги ҳомиланинг ривожланиши, ўсишига ҳомила ипи сабаб бўлади. Ҳомила ипининг узунлиги ўртача 50 см бўлади. Ушбу ипнинг ичида учта тешик бор. Улардан давоми...

2247 15:00 / 03.01.2021
120 йилдан бери олимлар нима учун зебраларда оқ ва қора чизиқлар мавжудлиги борасида баҳслашиб келардилар. Яқинда бунинг сабабини кашф этдилар. Аниқлашларича, давоми...

2418 14:00 / 24.05.2023
2016 йилда .Психология фанлари, Psychological Science журналида нашр этилган бир тадқиқот хулосасида айтилишича, олимлар эҳтирос, ҳиссиёт кўз орқали бир шахсдан бошқасига давоми...

2127 15:40 / 12.09.2021