1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ибратли воқеалар: Aёлларга гўзал муомала

11:00 / 06.11.2020 1815 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирининг уйида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бири ходими орқали товоқда таом юборди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турган уйнинг бекаси хизматкорнинг қўлига бир урган эди, товоқ ерга тушиб бўлиниб кетди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам товоқнинг бўлакларини бирлаштириб, тўкилган таомни унга солдилар ва: «Онангиз рашк қилди», дедилар. Сўнг хизматкорни тўхтатиб туриб, у зот шу уйдаги аёлларидан бутун товоқ олиб, идиши синдирилган хотинларига бериб юбордилар. Синган товоқни эса уни синдирган аёлнинг уйида олиб қолдилар (Бухорий ривояти).

Шарҳ: Бу воқеа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза завжалари Оиша розияллоҳу анҳонинг уйларида бўлган эди. Таомни мўминларнинг яна бир оналари Сафийя бинт Ҳуяй юборганлар. Оиша розияллоҳу анҳо унинг ҳақида: «Сафийядан кўра ширин таом тайёрлайдиган аёлни кўрмаганман», деганлар. Ўша куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Оишанинг уйида саҳобалар билан бирга турган эдилар. Шунда Сафийя онамиз бир идишда таом юбордилар. Буни кўрган Оиша розияллоҳу анҳонинг рашклари келиб, идишни олиб синдирдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум билан саҳобаларга: «Оналарингиз рашк қилди», дедилар. Сўнгра Оиша онамизнинг бутун идишларидан бирини олиб, Сафийяга юбордилар ва «Таомга таом, идишга идиш», дедилар. Шу билан муаммо барҳам топиб, бир табассум билан бўлажак можаро ҳал бўлди.

Бу воқеада набавий ахлоқнинг гўзал бир кўриниши намоён бўлмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам товоқни синдирганни койимадилар, саҳобалар олдида ўзларини кўрсатиб, таомни йиғиштириб олишни бошқаларга буюрмадилар. «Оналарингиз рашк қилди» деб изоҳ бердилар-да, ҳеч нарса бўлмагандай таомни йиғиштириб солдилар. Бу орада аёллари ўртасида адолат бузилишининг ҳам олдини олдилар: синган товоқ ўрнига янгисини олиб чиқишни хизматкорга тайинладилар.

Демак, оиладаги можароларни даф қилишда, унда тинчлик, аҳилликни таъминлашда эр-хотин баравар масъул бўлиши, бунда аҳилликда ҳаракат қилиши, бир-бирининг феъл-атворини эътиборга олиши лозим. Масалан, аёл киши асабийлашганида эр оғирроқ бўлиши, эрнинг жаҳли чиқиб турганида аёл ўзини жиловлаши керак. Дарров ғазабдан жазолашни бошлаб юбормаслик, арзимас бир иш учун талоқ сўзини оғизга олмаслик зарур. Талоқ қилиш зарур бўлса, кейин ҳам талоқ қилишнинг имконияти бўлади. Шунинг учун эр жанжал пайтида ўзини қўлга олиб, кейинроқ муносиб вақт бўлганда аёлининг хатосини ётиғи билан тушунтириши лозим бўлади.

Иймон келтириб, Аллоҳдан ва охират кунидан умид қилувчи мусулмонларга Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир. У зотнинг ҳаракату саканотлари, қилган ишлари, бошқаларга муносабатлари, айтган сўзларигача бизларга чиройли ва ибратланарли намунадир. Биргина ушбу воқеада у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилада ўзларини қандай тутганлари ҳар бир мўмин киши учун яхшигина оилавий ҳаёт сабоғи бўла олади.

Олийжанобликнинг чўққиси

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хайбарга келдик. Аллоҳ у зот учун қўрғонни фатҳ қилгач, у зотга Сафийя бинт Ҳуяй ибн Ахтабнинг жамоли зикр қилинди. Унинг эри ўлдирилган, ўзи эса келинчак эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзларига танладилар ва уни олиб йўлга чиқдилар. Садди Саҳбога (жой номи) етганимизда у (ҳайздан) покланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан қовушдилар. Кейин кичкина бир чарм дастурхонда ҳайс (таом) қилиб бердилар. Кейин менга: «Атрофингдагиларга эълон қил!» дедилар. Мана шу Сафийяга қилиб берган валиймалари бўлди.

Кейин Мадинага йўлга чиқдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг учун орқаларига бир абоани (уст кийимни) ўраб қўйганларини, сўнгра туялари олдида ўтириб, тиззаларини тутиб турганларини ва Сафийя у зотнинг тиззаларига оёғини қўйиб, уловга миниб олганини кўрганман» (Бухорий ривояти).

Шарҳ: «Саҳиҳи Бухорий»да келган ушбу ҳадис билан танишганимда каминани бир-бирига қарама-қарши ҳис-туйғулар чирмаб олди. Бир томондан ўн беш асрдан буён Аллоҳнинг динига ва Унинг Пайғамбарига туҳмат-бўҳтон ўқларини отаётган дин душманларининг «Ислом дини ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга шафқатсизларча муносабатда бўлган, уларни ҳар жиҳатдан хорлаган, тўрт девор ичида сақлаган» деган иддаоларининг ғирт туҳмат эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилган бўлсам, иккинчи томондан аёлларга олийжаноблиги (рицарлиги) билан мақтанадиган ва уларнинг бор «меҳрибончилиги» уловнинг эшигини очиб туриш ва уст кийимини кийдириб қўйиш билан чекланадиган ғарблик эркакларнинг олийжаноблиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Сафийя бинти Ҳуяйга қилган биргина олийжанобликлари олдида ҳеч нарсага арзимаслиги яққол намоён бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимматларини кўрингки, кечагина уйланган завжалари Сафийя розияллоҳу анҳонинг ўтиришига қулай бўлсин дея туя устига уст кийимларини солганлари, унинг туяга миниши осон бўлиши учун улов олдида тиззаларини тутиб, «зинапоя» қилиб турганлари ҳар қандай олийжанобликнинг ҳам энг чўққиси эмасми? Аёлига бундай гўзал эҳтиром кўрсатиш нафақат дин душманлари, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосида юрган биз мусулмонларнинг ҳам қўлидан келармикин? Аёлларига ўта нописандлик ва ҳурматсизлик кўрсатадиган, уларнинг ҳаққи ва иззат-нафсини поймол қиладиган айрим кимсалар Аллоҳнинг Пайғамбари ахлоқида мана шундай гўзал ибратлар борлиги ҳақида ўйлаб кўришармикин?

«Биллурни эҳтиёт қил!»

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умму Сулайм юк(ортилган туя)лардан бирида эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қули Анжаша уларни ҳайдаб борар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳой Анжаш, биллур олиб кетяпсан, эҳтиёт бўлиб юр!» дедилар» (Бухорий ривояти).

Шарҳ: ушбу ҳадисдан аён бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат покиза завжалари, балки барча аёлларга ўта эътиборли, шафқатли ва меҳрибон бўлганлар, уларнинг риоясини, ҳурматини қилганлар. Бу ўринда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл зотини сал бепарво бўлинганда, эҳтиётсизлик кўрсатилганда синиб кетадиган биллурга ўхшатмоқдалар. Шунинг учун туя ҳайдаб кетаётган хизматкорлари Анжашага туяни секинроқ, эҳтиёткорлик билан ҳайдашни буюрмоқдалар. Бундан хулоса чиқадики, биз – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламинг умматлари аёлларимизга ҳамиша ўта меҳрибонлик билан, эҳтиётини қилиб муомалада бўлишимиз, зарур пайтларда уларни ҳар жиҳатдан ҳимоя этишимиз, дилларини оғритмаслигимиз зарур.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланган барча аёллар у зот вафотларидан кейин «мўминлар онаси» сифатида ҳурмат-эътиборда бўлишди, у зот хонадонига муносиб равишда юксак ахлоқ ва чин инсоний фазилатларда намуна ҳолда умргузаронлик қилишди. У зотнинг оилавий ҳаётлари бошқа фазилатлари ва ахлоқий комилликлари каби инсоният учун ибрат бўлиб қолаверади.

Маҳмуд Маъмуржон тайёрлади

«Ҳилол» журналининг 10(19) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қатода ҳақида Абу Мутиъ шундай деди .У Қуръонни етти кунда бир марта хатм қиларди. Рамазон ойи келса, ҳар уч кунда бир марта хатм қиларди. Охирги ўн кунлигида эса давоми...

1477 08:00 / 07.02.2021
.Хоҳлайман, деб айтадиган нарсаларимизни аслида ҳақиқий хоҳишистак ила хоҳламаймиз, ҳолатимизга розимиз. Ўзимизни эшитиб кўрсак, хоҳиш бор эмиш, ҳиммат йўқ эмиш. давоми...

2422 11:05 / 11.09.2019
Азон китоб, суннат ва ижмоъ билан собит бўлган Ислом шиоридирАбу Бакр ибн алМунзирнинг наздида жамоат намозлар учун сафарда ҳам муқимликда ҳам азон айтиш давоми...

13360 11:15 / 25.02.2019
Самъонийнинг .Алансоб, номли китобида Ҳоким Шаҳиднинг таржимаи ҳоли ҳақида қуйидагилар келган .Абул Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий Балхий Ҳанафий давоми...

1886 13:05 / 18.12.2019