1447 йил 12 шаъбон | 2026 йил 31 январь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ризқни чиройли суратда топиш лозимлиги

05:00 / 03.03.2017 4468 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва (ризқни) чиройли суратда талаб қилинглар! Зеро, бирон нафс токи ризқини тўла олмагунича ўлмайди. Агар у (ризқ) кечикса, бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва уни гўзал тарзда талаб қилинглар, ҳалолни олиб, ҳаромни тарк этинглар!” (Ибн Можа ривояти).


Юқорида ҳар бир жонзотнинг ризқи Аллоҳ тарафидан кафолатлангани айтилган бўлса, ушбу бобда тақдирга ёзилган ризқни чиройли суратда, ҳалол йўллар билан топишга тарғиб қилинмоқда.

“Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва (ризқни) чиройли суратда талаб қилинглар! Зеро, бирон нафс токи ризқини тўла олмагунича ўлмайди”.

Яъни, эй мўминлар, Раббингиз Аллоҳга тақво қилинглар, У Зот буюрган амалларни ихлос билан бажариб, қайтарганларидан қайтинглар. Сизлар ризқ талаби ва касб-кор қилишни гўзал суратда, Аллоҳ рухсат берган йўллар билан олиб боринглар. Зеро, Аллоҳ ҳар бир жоннинг ризқини азалдан тақдир қилиб қўйгандир. У ўша ризқини охиригача олмай туриб дунёдан кетмайди. Бас, ризқ борасида қалбларингиз хотиржам бўлсин.

Бу ерда ҳалол ризқ топишга тарғиб қилишдан олдин Аллоҳга тақво қилишга амр қилинишдан шуни билиб олиш мумкинки, агар бандада Аллоҳдан қўрқиш ҳисси – тақво бўлсагина у ҳалол йўл билан ризқ талаб қилади ва ҳаромдан четланади.

“Агар у (ризқ) кечикса, бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва уни гўзал тарзда талаб қилинглар, ҳалолни олиб, ҳаромни тарк этинглар!”

Агар бирон сабабга кўра сизларга тақдир қилинган ризқнинг келиши кечикса, шошилманг, ҳаром йўллар билан тезроқ унга эришишга ошиқманг, балки Аллоҳга тақво қилинг, ризқни гўзал суратда талаб қилинглар.

Демак, мўмин банда қийинчилик ва оғир кунларда, ризқида танглик юз берган вақтларда ҳам ҳалол йўл билан касб-кор қилишни унутмаслиги ва Аллоҳга доимий тарзда тақво қилиши керак экан.


7 – Абу Умома розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Руҳул қудус менга токи бирон нафс ажали етгунича ва ризқини мукаммал тарзда олмагунича дунёдан кетмаслигини билдирди. Бас (шундай экан, ризқларингизни) чиройли суратда талаб қилинглар! Ризқнинг кечикиши сизларни Аллоҳга маъсият қилиш билан касб қилишга ундамасин! Зеро, Аллоҳ даргоҳидаги нарсага фақат Унинг тоати билангина эришилади” (Имом Табароний “Кабийр”да ва Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган. Ҳокимнинг ривоятида: “Зеро, Аллоҳнинг фазли Унга осий бўлиш билан олинмайди”, дейилган).

Ушбу ҳадиснинг аввалги жумласи ўзидан олдинги ривоятнинг маъносини таъкидлаб келмоқда. Ривоятнинг охири эса бироз фарқлироқ.

“Зеро, Аллоҳ даргоҳидаги нарсага фақат Унинг тоати билангина эришилади”.

Яъни, Аллоҳнинг ҳузуридаги ризққа, барака ва яхшиликка, қолаверса, жаннатга фақат ва фақат У Зотга ибодат қилиш ва итоат этиш билан эришилади, Аллоҳнинг раҳматига ва фазл-карамига ҳаром ҳамда ношаръий йўллар билан эришиб бўлмайди.


Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом хатиби Одилхон Юнусхон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий алайҳиссалом.Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатда мени кўрган бўлади. Чунки шайтон менинг мисолимга кира олмайди,, давоми...

10896 05:00 / 03.03.2017
Устоз ва мураббийларни ҳурмат қилиш, уларни қадрини кўтариш диннинг шиорларидан биридир. Зеро, олиму уламоларни эъзозлаш ва ҳурмат қилиш динимиз кўрсатмаси давоми...

2148 12:57 / 01.10.2024
У Кўрфаз давлатларидан бирида йигирма йилдан кўпроқ масжидда имомлик қилиб, ватанига, Мисрдаги кичик қишлоғига қайтишга қарор қилди.Қишлоққа келиб Аллоҳ насиб давоми...

2768 11:00 / 25.01.2022
Ушбу матнлар бундан тахминан минг йил аввал Андалусиядаги мусулмонлар шифохонасида даволанаётган француз йигитнинг Париждаги отасига ёзган мактубида акс давоми...

3001 16:30 / 16.10.2021