1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қуръон ва суннатга хилоф нарсани даъво қилувчини тасдиқлаш ҳаром

23:41 / 02.12.2016 4058 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фолбин ва башоратчиларни ва Қуръон, Суннат ва ижмоъи умматга хилоф (нарсани даъво) қилганларни тасдиқ қилмаймиз. 

Шарҳ: Яъни, фолбин ва башоратчи айтган гапларга ёки Қуръон, Суннат ва ижмоъи умматга хилоф нарсани даъво қилганларнинг гапига ишонмаймиз.
Фолбин, араб тилида коҳин, дейилиб, келажакда бўладиган ишларни, махфий сирларни билишни даъво қилувчи одамдир.
Башоратчи, араб тилида арроф, дейилиб, баъзи аломатларга қараб, мисол учун сўровчининг гапига, ишига ёки ҳолига қараб, ўғирланган нарсанинг қаерда эканини, йўқолган нарсанинг жойини ва шунга ўхшаш нарсаларни билишни, даъво қилувчи шахсдир. (Мажмаъул Биҳор 4-450)
Далил:
1-Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким арроф - башоратчига келса ва ундан бир нарса ҳақида сўраса қирқ кунгача намози қабул қилинмас»-деганлар. (Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар).
2-Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аррофга - башоратчига-ёки кохин-фолбинга келсаю унинг айтганини тасдиқланса, батаҳқиқ Муҳаммадга нозил қилинган нарсага куфр келтирибди», деганлар. (Аҳмад ривоят қилган).
Мунажжим-юлдузга қараб фол очувчи-ҳам «Арроф» ҳисобланади. Сўровчининг ҳоли шу бўлса сўралувчиники қандоқ бўлар экан?
Имом Бухорий, Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида ва Имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида Оиша онамиздан қуйидаги ривоят келтирган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч нарсага арзимайдилар»-деб жавоб бердилар. Шунда одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, улар аҳёнан ҳақ нарсани айтадиларку?-дейишди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Ўша бир оғиз ҳақ сўзни жин илиб олиб, ўз дўсти қулоғига қуйиб қўйган бўлади. У эса унга юзта ёлғонни қўшиб айтади»-дедилар.
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида келтирилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жумалдан: «...ва коҳиннинг олган ажри ҳаромдир»-деганлар.
Фолбинлик учун олинадиган ҳақнинг ҳаромлигига ҳамма иттифоқ қилганини Имом Бағавий ва қози Иёз ҳамда бошқалар таъкидлаганлар.
Юлдузга қараб, турли нарсалар билан қуръа ташлаб, майда тошлар билан ва турли чизиқлар билан фол очадиганлар оладиган ҳақ ҳам, шунга биноан ҳаромдир.
Мунажжимлик (астрология) ҳунари-ердаги бўладиган ҳодисаларга фалакдаги ҳолатга қараб башорат қилиш-Қуръон ва Суннатда ҳаром қилинган ҳунардир. Балки, буни ҳамма Пайғамбарлар ҳаром қилганлар.
Ислом давлати болшиғига, ишбошиларга ва ҳар бир қодир одамга мазкур мунажжим, фолбин, башоратчи, ром очувчи, қуръа ва тош ташловчиларни йўқ қилиш вожибдир.
Мазкур нарсаларнинг ҳаромлигини билиб туриб, уларни йўқ қилишга қудрати етиб туриб, ўз бурчини адо этмаганларга: «Улар ўзлари қилган мункар ишдан бир-бирларини қайтармас эдилар. Қилган ишлари қандоқ ҳам ёмон» , (Моида сураси, 79) ояти кифоя қилади. 

ҚУРЪОН ВА СУННАТГА ХИЛОФ БЎЛГАН БУНДОҚ ИШЛАРНИ ҚИЛАДИГАН ШАХСЛАРНИНГ ТУРЛАРИ

Бундоқ ишларни қиладиганлар уч турга бўлинадилар:
1-Алдамчи, ёлғончи ва ҳийлакорлар тури. Булар содда одамларни турли йўллар, макр-ҳийлалар, ўзида йўқ хислатларни бор, дейиш билан алдаб кун кўрадилар. Булар қаттиқ уқубатга лойиқ кишилардир.
2-Бу ишларни сеҳр йўли билан қиладиганлар. Жумҳури уламолар, жумладан, Абу Ҳанийфа, Молик ва Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳилар сеҳргарни ўлдириш лозимлигига иттифоқ қилганлар.
3-Улардан баъзи турлари, шайтоний ҳолатлар, ёлғон кашфлар ва ғайбдаги одамларга хитоб қилиш ҳақида ва бошқа турли ғаройиб ҳолатлар ҳақида гапириб валийликни даъво қилувчилардир. Аслида эса, булар-мушрикларнинг биродарларидир. 

УЧИНЧИ ТУРДАГИ АҲЛИ ЗАЛОЛАТЛАРНИНГ ФИКРЛАРИ

Улар уч фирқага бўлинадилар:
1-Биринчи фирқадагилар, ўзларига одамлар кўрингани, ўша кўринган одамлар уларга бўйсинишини айтганларини даъво қиладилар.
2-Иккинчи фирқадагилар, Аллоҳ таолога етишининг Пайғамбарлар йўлидан бошқа йўли ҳам борлигини даъво қилишади. Бу очиқ куфр ва равшан динсизликдир. Чунки, Аллоҳнинг наздида Исломдан бошқа дин йўқдир. «Ким Исломдан бошқани дин, деб изласа, асло ундан қабул қилинмас ва у охиратда зиёнкорлардандир». (Оли Имрон сураси, 85)
3-Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доираларидан ташқарида валийликни даъво қилувчилар. Улар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам зоҳирий ва ботиний тоифаларга пайғамбардир»-дерлар. Улар аслида У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динларидан жоҳилдирлар.
Ҳақиқатда эса, уларнинг барчаси шайтоннинг малайларидир. Ғойб одамлари, деганлари жинлардир. Жинлар ҳам, «одамлар»-дейилади. Қуръони каримда: «Албатта инсдан бўлган баъзи одамлар, жиндан бўлган баъзи одамлардан паноҳ тилар эдилар. Бас, улар аларга туғённи зиёда қилдилар», (Жин сураси, 6) дейилган. Инсни кўзга унс бўлганлари, яъни, кўринганлари учун инс, дейилади. Инсда кўздан йўқолиши-йўқдир. Аммо жин ва фаришталар кўздан йўқолурлар. Шунинг учун «Ғойб одамлари» фақат жинлардан бўлиши мумкин, холос.
Баъзи кишилар Раҳмон авлиёлари орасидаги фарқни билмаганларидан адашадилар.
Баъзилар, фуқаролар уларга ўз ҳолларини топширадилар, дейишади. Бу ботил гапдир. Вожиб шулки, уларнинг ишлари ва ҳоллари шариати Муҳаммадияга солиб кўрилиши лозим, мувофиқ келса, қабул қилинади. Мухолиф келса, рад қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким, бизнинг амримизда йўқ ишни қилса, у раддир»-деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тариқатларидан бошқа тариқат йўқ. У зотнинг динлари ҳақиқатидан бошқа ҳақиқат йўқ, У зотнинг шариатидан бошқа шариат йўқ. У зотнинг ақидаларидан бошқа ақида йўқ.
Ҳеч ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ботиндаю, зоҳирда эргашмасдан туриб, Аллоҳнинг розилигига, жаннатига ва кароматига эриша олмайди. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбарларга лозим бўлган сифатлардан бири уларнинг эркак кишилардан бўлишларидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга қуйидаги хитобни қилади давоми...

4077 17:30 / 28.02.2022
Зоҳирий мазҳабининг усулчи ва фақиҳлариИсмСанаИловаИбн Тумартҳ. 524м. 1130XI аср охири ва XII аср бошларида ҳозирги Мағриб, Тунис, Жазоир ва Андалус ерларига давоми...

2393 14:00 / 28.08.2021
Ислом мусулмонларни фаришталарга иймон келтиришга чақиради. Бу Иймон руҳий ҳаётнинг асосидир. Бундай ҳаёт эса кишиларни фақат яхшиликка ундайди. Бундан мақсад, давоми...

6683 22:39 / 02.12.2016
Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида .Аллоҳ ndash Ундан ўзга илоҳ йўқ. Энг гўзал исмлар Уникидир,, деган 8оят.Яъни Аллоҳ таоло Ўзининг борлигида, моликлигида, илмида ва ҳамма давоми...

7689 12:10 / 28.01.2019