1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Зиддиятнинг сабаби нима? ечим нимада?

04:03 / 01.09.2020 2918 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Беморликда ҳикмат кўп. Айниқса, ҳозирги тожсимон вирус касаллиги жуда кўп ҳақиқатларни яхши тушуниб, ҳаётни теранроқ англашга сабаб бўлмоқда.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда шифокорларга нисбатан турлича ёндашувларнинг гувоҳи бўляпмиз. Кўпчилик улардан хурсанд бўлиб, олқишлаяпти, лекин айримлар уларни жуда оғир сўзлар билан ҳақорат қилиб, қарғаб, ёмонлашяпти. Шу мазмундаги постлар остидаги мулоҳазаларда ҳам айни ҳолат: кимдир шифокорлардан мамнун, кимдир норози.

Бир одам: «Фалон шифохонага онамни олиб боргандим, шифокорлар умуман одамни бир тийинга олмаяпти, булар фақат пул учун ишлайди, ҳаммасини Худога солдим», деб ёзғирса, бошқаси: «Шифокорлар барака топсин, шуларнинг эътибори, хизмати сабабли тузалиб қолдим, Илоҳим, ҳеч қачон дард кўришмасин», деб ташаккур айтяпти. Ҳар иккисини ҳам қўллайдиганлар етарлича. Жуда ҳам қизиқ ҳолат.

Аммо шифокорлар ҳақидаги салбий гапларга кўпчилик ниҳоятда қаттиқ раддиялар берган, «Сенларга яна нима керак? Бу бечоралар касалларни даволайман деб, қанчасига касал юқиб, ҳатто ўлиб ҳам кетди-ку!» деган гапларгача айтилган. Лекин даъвогарлар ҳам ўз сўзида қолаверган.

Хўш, кимнинг гапи тўғри? Бу зиддиятнинг негизи қаерда?

Ҳар икки тарафни ҳам ёлғончига чиқара олмайсиз, қайсидир маънода уларнинг гапи ҳам тўғри бўлиши мумкин. Лекин бу ерда танқидчиларда айрим хатолар бор:

1. Шифокорларнинг ҳолатини, вазиятини яхши англамаслик. Ҳеч кимнинг ҳолатини юзаки назар билан тўкис англаб бўлмайди. Шифокорлар ҳам ўзидан ўтганини ўзи биляпти, уларнинг ҳолатини тўлиқ тушуниш учун, қисқа қилиб айтганда, уларнинг ўрнида ишлаб кўриш керак.

2. Бир-иккита ҳолатни умумийлаштириш. Ўзи ёки қайсидир яқини гувоҳ бўлган бир неча ҳолатни умумийлаштириб, барча шифокорларга яксар баҳо бериш. Бу энг катта хато.

Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, айрим шифокорларда ахлоқ, билим, фидойилик етишмайди. Лекин бу – ушбу соҳадаги ҳамма ҳам шундай дегани эмас.

3. Ўз қобиғига ўралиб олиб, бошқаларга эътибор бермаслик. Ўзи маълум бир ноқулай вазиятга тушиб қолади-да, ҳамма нарсага шу кайфиятда баҳо беради, ҳаммадан хафа бўлиб, барча муваффақиятсизликларга бировларни айбдор қилишга шошилади.

Яқинда Андижондаги яқинларимиздан бири иситмалаб, касалланиб қолди. Ишонсангиз, роса қидириб ҳам яхши шифокор топиб бўлмади, ҳамма ўзи билан овора, ўзининг, оиласининг ташвишида. Яқин кишилар ҳам ёрдам қила олмади. Ҳатто укол қилгани ҳамшира чақирилса, чиққани кўнмаяпти. Беморнинг иситмаси борлиги учун шифохоналар ҳам қабул қилмади. Ниҳоят, беморни юқумли касалликлар шифохонасига аранг жойлаб олдик.

Куни кеча ўзим ҳам бетоб бўлдим, ўзимизга яқин бўлган шифокорлардан телефон орқали маслаҳат ола бошладим. Ҳаммалари ҳам жуда яхши, касбига вафоли, мухлис инсонлар. Бирор марта илтимосимизни рад этишмаган. Бироқ, бу гал иситма борлигини, бу касалликнинг айрим аломатлари ҳам борлигини эшитгач, баъзи шифокорларимиз уйга келиб муолажа қилишга чўчишди, ўзларини эҳтиёт қилишди. Илтимос қилинганда ҳам масофадан маслаҳат бериш билан чекланишди. Бир-иккита шифокорларгина муолажа қилиш учун ёрдамга кела олди. Уларнинг ҳаммаларидан Аллоҳ рози бўлсин!

Ана шунда мен ҳам вазиятни ўзимча таҳлил қилдим, ҳеч кимдан хафа бўлмадим, андижондагиларни ҳам, бошқаларни ҳам тўғри тушундим.

Келмаганлар ҳақида яхши гумон қилдим: балки шифохонадаги раҳбарлари мижозларнинг хавфсизлиги учун клиникадан ташқарида бемор кўришни уларга тақиқлагандир. Ёки улар ўзлари ҳам касал бўлиб, энди тузалаётган бўлишса, ҳали жисмонан қувватга кирмаганини ҳисобга олишгандир. Ўзини ўйламаса ҳам, уйидаги кекса ота-онасининг, оила аъзоларининг саломатлигидан ташвишлангандир... Балки ўзида ҳам айни шу касаллик борлиги аниқ бўлса, бировга юқтириб қўйишдан сақлангандир...

Кейин ўзимча ўйладим: тўғри-да, уларни хатарга солишига нима ҳаққим бор? Нима, мен уларни ўқитиб ёки тарбиялаб қўйган жойим бормики, улар мен учун бунчалар фидокорлик қилишса? Қарагани учун пул берадиган бўлсам, бу хизмат ҳаққи, аммо ҳаётини, соғлигини сотиб олмаганман-ку! Мабодо касал бўлиб қолса, мен уларга нима ёрдам қила оламан? Ҳеч нарса! Аллоҳ кўрсатмасин, бирортаси касал юқтириб олиб, вафот этиб қолса, унинг ўрнига болаларига оталик қила оламанми? Йўқ, ҳеч қандай ёрдам бера олмайман. Минг ёрдам қилганда ҳам, ота‑онанинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Мана, бир қанча шифокорлар беморлардан вирус юқтириб олиб, ўзлари вафот этиб кетишди. Қайси биримиз уларга ёки уларнинг оила аҳлига ёрдам бера олдик? Инсоф билан ўйлаб кўрайликчи, ўзимиз бошқага қанчалик фидокорлик қила оламиз ўзи? Шундай экан, бошқалардан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ, ҳар ким ўзининг ҳаётини, соғлигини эҳтиётлашга ҳақли...

Эҳтимол, бизни кўришга келган шифокорларда мазкур муаммолар йўқ бўлгандир, ўзларига ишонишгандир ёки вирусни бартараф этиш чоралари борлиги учун касал кўришга журъат эта олишгандир? Ёки касбига содиқ бўлгани учун, хавф-хатарни билиб турса ҳам, таваккул қилиб, бир одамнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўзидан кечиб келгандир? Бу албатта таҳсинга сазовор, аммо буни ҳеч кимдан талаб қила олмаймиз, ўзи ҳиммат қилса, бошқа гап.

Шундай қилиб, ўзимни ҳам, уларни ҳам хафа қилмадим. Бунинг учун менга кўп нарса керак бўлмади, яхши гумон қилишга, вазиятни тўғри тушунишга ҳаракат қилдим, холос.

Ушбуларни тааммул қилар эканман, бугунги кунда аҳли илмлар, имом-домлалар билан айрим кишилар ўртасида кечаётган зиддиятлар ёдимга тушади. Агар эътибор берилса, ушбу жабҳада ҳам юқоридаги ҳолатнинг ўзига хос нусхаси такрорланмоқда.

Шифокорларни қоралаётгаларнинг ҳаммаси ҳам ғаламис, ичи қора пасткашлар эмас, асли ёмон одамлар эмас. Улар одамларнинг ҳаёти, соғлиги ҳақида қайғуриб, виждони қайнаб гапиришмоқда. Бироқ, кўплари вазиятни англамагани учун нотўғри, ноҳақ гапларни айтиб ташлашяпти. Энг ёмони – аччиқ  устида ҳақоратга ўтиб, чегарадан чиқиб, бировларнинг шаънига ботадиган гап айтишяпти, шахсиятга тегишяпти, шаръий нуқтаи назардан қараганда бир мусулмонга зулм қилишяпти.

Очиғини айтганда, бугун ижтимоий тармоқларда аҳли илмлардан, имом-домлалардан нималарнидир талаб қилаётганларнинг ҳаммаси ҳам ёмон ниятли, фитначи, ғаламислар эмас. Уларнинг ичида чиндан ҳам мусулмонларнинг, дин-диёнатнинг ғамини қилаётганлар ҳам бор. Тўғрисини айтиш керак, дин ишига эътибор бериб, мусулмонларнинг аҳволидан ташвишланишнинг ўзи таҳсинга лойиқ хислат. Зотан, халқ ва юрт ташвишида гапириш учун аввало инсон шу дардни ҳис қила олиши, виждони уйғоқ бўлиши керак. Бу ҳам ҳаммага эмас экан. Айниқса, ҳозиргидек худбинлик урчиган замонда дин-диёнат учун ташвиш қилиш кам топиладиган хислатлардан бўлиб қолди. Бироқ, бунда куюнчакликнинг, бир нарса талаб қилишнинг ўзи етарли эмас, балки аввало вазиятни тўғри фаҳмлаш, амалий ва тартибли ҳаракат қилиш керак.

Танқидчиларнинг энг ёмон одати – билиб-билмай, ўйламай-нетмай ҳақоратга, масхара қилишга ўтиб кетишдир. Оддий мусулмонни эмас, одамларга намозда имом бўлиб турганларни, аҳли илмларни, дин пешволарини ҳақорат қилиш ўтакетган беодобликдир, оғир гуноҳдир. Бу уларга нисбатан очиқ зулм, уларнинг шаънига тажовуз бўлиб, буни ҳеч бир мезонда оқлаб бўлмайди. Зотан, мўминнинг шаъни унинг қони каби муқаддас экан, агар ўша мўмин аҳли илм бўлса, диннинг шиори бўлиб турган шахс бўлса, бунинг гуноҳи қанчалар оғирлигини ўзингиз билиб олаверинг.

Шифокорларни танқид қилаётганлар уларнинг ушбу хавф ичида қандай руҳиятда ва босимда ишлаётганини тўлиқ ҳис қилмай гапиришяпти. Шу билан бирга, шифокорларнинг аксари қўлидан келган барча ҳаракатни қилса ҳам, умумий вазият, тизим чатоқлигидан кўп ишлар амалга ошмаётгани, кўзга ташланмаётганини ҳам инобатга олиш керак эди. Шунинг учун бундай танқидчилар асл ҳолатни англаган кишилар томонидан, хусусан, касб эгалари  тарафидан кескин қаршиликка дуч келишмоқда.

Имом-домлаларнинг иши ҳам осон эмас. Ҳамма соҳада бўлгани каби, уларда ҳам ўзига яраша муаммолар, қийинчиликлар бор. Кўпчиликлари бор имкониятини ишга солиб, қўлидан келганча хизмат қилишяпти. Қаерда илм-маърифат улашиш имкони бўлса, ундан фойдаланиб қолиш илинжида бўлишяпти. Аммо уларнинг хизматларини билмасдан, кўрмасдан, бир чеккада туриб олиб, ҳадеб танқид қилавериш ҳеч кимга ёқмайди. Айрим домлаларнинг аччиқланиб, тутақиб кетишлари шундан.

Шифокорларнинг ҳаммаси ҳам бирдек эмаслигини уларнинг ўзлари ҳам билишади. Касбдошларининг шаънига лой чаплаётган ярамаслар ҳар соҳада ҳам бор. Бироқ, бир-иккита одамга қараб, барчага бирдек баҳо бериш ҳар қандай инсофли ва басийратли одамни хафа қилади. Камига, табобатдан бир-иккита китоб ўқиб, битта-яримта дорини билиб олиб, ўзича шифокорликдан дарс айтиб, одамларнинг ҳаёти, соғлиги билан ўйнашаётган кимсаларни кўрганда соҳа мутахассисларининг асаблари ёрилиб кетай дейиши табиий. Тўғри, бунда айрим маслаҳатлар ўринли ҳам бўлиши мумкин. Бироқ, масалага билимсизлик билан, бир ёқлама ёндашиш ёмон оқибатларга олиб келади.

Имомлар орасида ҳам кимдир хато қилиши, янглишиши, ҳатто очиқчасига гуноҳга борган бўлиши мумкин. Лекин бундан ҳамма имомлар мана шундай деган хулоса чиқариш мумкин эмас. Тўғриси, бу каби ёмон ҳолатлар жуда ҳам ноёб деб ўйлайман. Имом-домлаларнинг аксари мухлис, динига хизмат қилишга ошиққан одамлар. Бўлмаса, бу соҳани танламас эди. Энди уларни яхши танимасдан, бир-иккита одамдан ёки вазиятдан хулоса чиқариб, бир ёқлама қараш, ҳамма имомларни ўринсиз танқид қилиш эътирозларга сабаб бўлади, албатта.

Шифокорларнинг бу оғир вазиятдаги шахсий эҳтиёткорлигини тушунмай, уларни бепарволикда, лоқайдликда айблаётганлар, қоралаётганлар ўша шифокорлар касалга чалиниб қолса, нима ёрдам қила олишлари мумкин? Бу танқидчиларнинг мана шу нарсани ўйламаётгани шифокорларни яна ҳам ранжитмоқда. Ахир қанчадан-қанча шифокорлар айнан сизу бизни даволайман деб, шу касалликни ўзига юқтириб олди, дард чекди, ҳатто вафот этиб ҳам кетди. Бу ҳолат соҳа вакилларини қайсидир даражада ўйлантириши табиий. Шунга қарамай, ана шундай қийин вазиятда инсонларнинг саломатлиги учун энг кўп фидокорлик билан хизмат қила туриб, яна таъна-дашномга қолиш шифокорларга ҳам алам қилади-да!

Инсоф билан айтганда, дин-диёнат масаласида халққа энг кўп хизмат кўрсатаётганлар айнан имом-хатиблар, аҳли илмлардир. Энг нофаол имом ҳам ҳар куни одамларга намоз ўқиб, тиловат қилиб беради, йиғинларда халққа қайсидир даражада насиҳат қилиб, лоақал битта ҳадисни ўргатади. Жуда кўплари атрофидаги кишиларнинг намоз‑ниёзига сабаб бўлган. Аммо уларнинг кўп хизматлари кўзга кўринмайди, бу хизматлар одамлар учун оддийлашиб ҳам қолган. Шу билан бирга, қанчадан-қанча имомлар, аҳли илмлар бу йўлда турли синовларга дучор бўлиб келган, буни ҳамма ҳам билавермайди. Яқин ўтмишимизга назар солинг, қанчадан‑қанча олимлар, зиёлилар қатағон қилинган, зулм остида қолган. Имомларга ташаббускорликни тавсия қилаётганлар уларга ҳеч бир вазиятда ёрдам бермаган ва бундан кейин ҳам ҳеч нарса қилиб бера олмайди, буни ўзлари ҳам жуда яхши билишади. Аксар ҳолатларда вафо ўрнига жафо қилишади. Аммо ушбу ҳақиқатлардан тамом кўзни юмиб, фақат камчилик ахтариш билан шуғулланиш – фитнадан бошқа нарса эмас. Аслини олганда, танқидчиларнинг ҳаммасини тўпласангиз, битта яхши аҳли илм одам динга қилган хизматнинг тўртдан бирини ҳам қилмаган бўлади. Бироқ, шу аҳволда соҳа етакчиларидан ҳам баланд келишга уриниб, уларга таъна етказиш ўтакетган одобсизлик, юзсизликдир.

Танқидчиларимиз бир қанча нуқталарда хатога йўл қўйишяпти:

1. Имомлар ва аҳли илмларнинг обрўсини тўкиш, айниқса, буни умумий равишда қилишга уриниш. Бу нарса ҳеч қайси суратда оқланмайди. Чунки бу иш динга қаршилик қилиш ҳисобланади, динимизнинг шиорларига тажовуз қилиш саналади. Мақсад муаммони ҳал қилиш, ислоҳ этиш бўлиши керак, нафратни сочиш, алам олиш, обрў тўкиш бўлмаслиги керак.

2. Имомларни танқид қилаётганларнинг ҳеч бири уларнинг вазиятини тўлиқ англамаган ҳолда, жуда жўн, саёз, юзаки ёндашишяпти.

3. Уч-тўртта имомнинг ҳолатини барчага умумийлаштириш жуда ҳам оммалашиб кетди. Бу эса айни зулм ва фитнадир.

4. Имомларнинг аксари аҳли илм кишилар, улар қачон қандай йўл тутишни бошқалардан кўра яхшироқ билишади. Аммо ҳамма гапни ҳам оммага тушунтира олишмайди. Шу билан бирга, уларнинг айрим тасарруфлари бизга хато кўриниши мумкин, лекин улар ўз билимлари асосида ўша ишни тўғри деб билган бўлиши мумкин. Бунга тўғри баҳо бериш учун эса вазиятни чуқур, тўлиқ англаш керак бўлади. Бундай ҳолатда холис бўлган, бор имконият билан қадам қўйган киши айбланмайди.

5. Ҳамма имомлардан ўта покдомонликни талаб қилиш ҳам ноўрин. Ҳеч қачон илм ва тақвода барча бир хил бўлмайди. Шу билан бирга, имом-домла ҳам инсон, у ҳам хато қилиб қўйиши мумкин. Аммо уламолар айтганидек, бир кишининг саноқли хатолари бўлса, бу нарса унинг улуғлигини билдиради, чунки ҳадиси шарифда айтилганидек, инсон зоти аслида кўплаб хатолар қилади. Имомлар халқ назарида бўлгани учун ҳам уларнинг камчиликлари намойиш бўлиб кетиши ҳам бор.

6. Сиёсий ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишни фақат имомлардан талаб қилиш ҳам бугунги замонавий жамиятда ўта билимсизлик ҳисобланади. Бундай кенг қамровли муаммолар борасида ўша имомлар ҳам оддий фуқаро ҳисобланади, айрим жиҳатларда эса уларнинг ҳолатлари яна-да нозик бўлади. Аслида одамлар кимга қанчали ваколат берган бўлсалар, ўшанга қараб талаб қилишлари керак. Кучи етганни қопиб, етмаганда думни қисиб ўтириш мўминнинг иши эмас. «Ҳолва ҳаким, калтакни етим ейди» қабилида йўл тутмаслик керак.

7. Танқидчилар билимсизлиги, вазиятдан бехабарлиги, бир ёқлама ҳайбаракаллачилик билан иш кўргани учун ўзлари билмаган ҳолда фойда ўрнига зарар келтиришяпти, қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйишяпти. Улар бадхулликлари, кўполликлари билан одамларга динни ёмон кўрсатиб, айрим қалблардаги ваҳималарга тасдиқ тақдим этиб қўйишмоқда. Аммо имомлар жамиятнинг барча қатламларидан бохабар бўлгани учун бу борада анча пешқадам.

Шу билан бирга, имом-домлаларни танқид қилаётганларнинг ҳаммасини ҳам дин ғамидаги, яхши ниятли, қалби соғлом одамлар дея олмаймиз. Кўпинча бу иш қандайдир шахсий адоватдан келиб чиқиб, қандайдир аламзадаликдан, қалбдаги касалликлар натижасида юзага келяпти. Баъзан эса айнан ғаразли мақсадларда, режа асосида амалга оширилади. Лўнда қилиб айтганда, аксар ҳолатларда ўзини кўрсатиш, одамларнинг олқишига, машҳур бўлишга ўчлик, дин аҳлига нафрат каби иллатлардан келиб чиқяпти. Ҳатто бу танқидчилар ушбу шайтоний қутқу ортидан даҳрийлар билан ҳамтовоқ бўлиб, уларга қўшилиб, ўз имомларини ҳақорат қилишдан ҳам орланишмаяпти. Бу эса ўтакетган пасткашлик, диний ғурурсизликдир. Бу шармандаликни кўриб, “Эссиз иймон” дегингиз келади.

Хулоса қилиб айтганда, эл-юрт, дин-диёнат борасида ташвишланиш, ғам чекиш яхши хислат, бу жуда ҳам керак нарса. Бироқ бу хислатни, бу туйғуни тўғри манҳажга йўналтириш лозим. Ана шунда бу ҳодисадан тўғри фойдаланиш мумкин. Акс ҳолда шундай яхши хислат фойда эмас, зарарга ишлаб қолади.

Биринчидан, аввало ҳар ким аввало ўзини, оиласини ислоҳ қилиши, ўзининг аҳволига қараши керак. «Мен ўзи кимман? Аҳли илмларни, имом-домлаларни танқид қилишга қанчалик ҳаққим бор? Билимим уларникидан ортиқми ёки камми? Уларнинг вазиятини қанчалик ўргандим ва тўғри баҳолай олдим? Ўзим нимани қойиллатиб қўйганман?» деган саволларни ўзига бериб кўриши лозим. Ушбу саволларга ижобий жавоб топа олмаган одам аввал ўзини эплаши керак.

Очиғи, мен бугун ўзича аҳли илмларни танқид қилиб, баландан келадиган айрим кишиларни яқиндан танийман. Ўзи ҳали намозни беш маҳалга олиб чиқмаган, уйининг рўпарасидаги масжидда азон айтилади, лекин жамоатга бепарво. Ким яхшироқ гапирса, у-бу нарса берса, ўша тарафга оғиб ҳам кетаверади. Яна айримлари бор, шахсий ҳаётида Аллоҳга тақво йўқ, фарзандларининг диний тарбияси бир аҳволда. Аммо шу туришига халққа пешво бўлиб турганларни муҳокама қилишдан чарчашмайди. Бу айнан динда фитнага тушишдир. Аллоҳ бу мусибатдан Ўзи асрасин!

Иккинчидан, ҳар бир ишни қилишдан олдин аввало ниятни тўғрилаш, қалбни поклаш керак. Ихлоссиз амал ҳеч қачон қабул бўлмайди ва муваффақият келтирмайди. Бир аҳли илмни, имомни танқид қилмоқчимисиз, айбини очмоқчимисиз? Қани, шу ишни Аллоҳ розилиги учун қилинаёган амал дея оласизми? Шу ишим “Бисмиллоҳ” деб бошлаб қилинадиган иш дея оласизми? Бу ишимнинг ўзимга, халқимга, динимга фақат фойдаси тегади, бирорта зарари тегмайди деб кафолат бера оласизми? Хўп, бирон жойга шу танқидларингизни ёздингиз, овозли ёки тасвирли қилиб жойлаб, тарқатдингиз ҳам дейлик. Тагидаги мулоҳазалардан, умуман, шу ишингиздан натижа қандай бўлди? Шундан сўнг жамиятда динга ривож етиб, мусулмонларга нисбатан ҳурмат-эътибор ортдими? Афсуски, кўпинча бунинг тескариси бўляпти, борган сари одамларнинг наздида имомларнинг ва уларнинг ортидан диндорларнинг обрўси тўкиляпти, жамиятда дин ҳақида, дин аҳли ҳақида салбий тушунчалар ҳосил бўляпти холос. Хўш, қилган ишингиздан фойда кўпроқ бўлдими, зарарми? Шуни бир холис ўйлаб кўрайлик, жон биродарлар.

Шайх Муҳаммад Аввоманинг устози, Шом диёрининг сўнги асрдаги энг етакчи, раббоний олимларидан Абдуллоҳ Сирожиддин раҳматуллоҳи алайҳ шогирдларига: «Болам, мен мусулмонлар мулки бўлган бир пиёлани бир жойдан бошқасига оладиган бўлсам, ўшани бешикаст кўчиришга юз фоиз кўзиб етгандагина бунга журъат қиламан. Акс ҳолда Аллоҳнинг ҳузурида нима деб жавоб бераман», дер эканлар.

Динга хизмат қилиш Аллоҳ таолога тазарруъ ва ихлос билан, синиқлик, хокисорлик, ёлвориш билан амалга оширилади, ана шунда фатҳу нусрат ёр бўлади. Бу йўлда баландпарвоз гаплар, катта кетиш, ҳақорату масхарабозликлар ўтмайди, фикрий курашларнинг ўзи етмайди. Балки дин хизмати энг улуғ ибодат бўлиб, уни мана шу руҳиятда, керакли шартларини амалга оширган ҳолатда бажарилгандагина Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул ва бандалар олдида манзур бўлади.

Учинчидан, ҳар қандай ҳолатда бир нарса дейиш учун аввал вазиятни тўғри ва аниқ англаб олиш керак. Ташқаридан туриб баҳо бериш ярамайди.

Тўртинчидан, дин хизматида ҳар ким ўзбошимчалик билан эмас, балки ояти каримада таъкидланганидек, ишнинг кўзини биладиганлардан маслаҳат олиб, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиш лозим.

Бешинчидан, танқид ўринли бўлиши, илмий, асосли равишда ва одоб билан тақдим этилиши лозим. Шунчаки жавраш, даҳанаки жанг қилиш, пала-партиш, бақир-чақир танқид дейилмайди, балки шаллақилик бўлади ва ҳеч қандай фойда бермайди.

Олтинчидан, фақат танқиднинг ўзи билан чекланмай, амалий чоралар кўра билиш, ўринли таклифлар, жўяли маслаҳатлар ҳам бериш керак. Танқид қилиш осон, аммо амалий суратда ислоҳот олиб борилсагина ҳақиқий иш бўлади. Бошқача қилиб айтганда, бир камчиликни айтиб қўйишнинг ўзи муаммони ҳал қилиш дейилмайди. Шу камчиликнинг бартараф бўлишини астойдил истаган одамнинг мақсади фақат танқид қилиш эмас, балки унинг ечимини топиш, ечим топилса, уни рўёбга чиқаришда бевосита иштирок этиш бўлиши керак.

Еттинчидан, жамиятни ислоҳ қилмоқчи бўлган одам бу ишда тадрижийлик, яъни босқичма-босқич иш тутиш лозимлигини унутмалиги керак.

Бир куни Умар ибн Абдулазизнинг ўғли: «Отажон, мана, халифа бўлганингизга анча вақт бўлиб қолди, аммо жамиятда ҳануз адолатсизлик, маъсиятлар урчиб ётибди-ку! Бу аҳволда Аллоҳ таолонинг ҳузурида нима деб жавоб берасиз?» деб қолди. Шунда бешинчи рошид халифа унвонига сазовор бўлган ҳукмдор: «Ўғлим! Отангнинг ҳар куни бир бидъатни йўқотиб, бир суннатни тирилтираётгани етарли эмасми? Бирдан ислоҳ қиламан десам, одамлар биратўла қочиб кетишмасин деб қўрқаман», деган экан.

Саккизинчидан, ҳар бир ҳолатда ёмонини гапиришдан олдин яхшисини ҳам эслаб қўйиш адолатдандир. Юртда бўлаётган ижобий ўзгаришлар, диний эркинлик борасидаги ютуқлар, илм‑маърифат йўлида олиб борилаётган улкан ишлар, имом домлаларимизнинг беқиёс хизматларини бир четга суриб қўйиб, фақат муаммоларни бўрттириш инсофдан эмас, албатта. Шу боис, олдин эътироф, кейин эътироз бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг тўғри йўлига бошласин, эл-юрт хизматида, дин ташвишида айтилган сўзларимизни ҳақ узра собит айласин.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

01.09.20

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло дейдиquotТо қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги жаннатга келиб етганларида...quot Зумар, 73.Илм аҳлининг баъзилари жаннат эшиклари саккизта эканини давоми...

17576 12:00 / 11.12.2018
Ўша кеча нима бўлса бўлди. Қилмишимдан Аллоҳга тавба қилдим. Сизнинг шафоатингизга умид боғладим. Шу тавба ва умидим орқасида қайтиб оғзимга ичкилик олмадим, ё давоми...

1757 19:00 / 06.01.2022
Борлиққа нисбатан ер сайёраси океандаги бир томчи сувчалик ҳам эмас. Шундай бўлсада ана шу кичкина сайёрадаги бир бўккан одамча кишиларга .Мен сизнинг олий давоми...

1971 13:00 / 26.02.2022
Зикр қилинишича, бир ўғри Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳнинг деворларига тирмашиб, ҳовлига тушиб, ўғирлагани улбул нарса ахтарди. Лекин ҳеч нарса топа олмади. давоми...

2113 07:10 / 22.04.2019