1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Испаниялик йигитнинг мусулмон бўлиши

11:00 / 28.08.2020 5421 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу бўлиб ўтган қиссани Зағлул Нажжордан шахсан ўзим эшитган эдим. Олим шундай деган «Бир йили Маккада ҳаж амалларини бажариб юрган испаниялик мусулмон йигит билан учрашиб қолдим. Ёнида кичик ўғли ҳам бўлиб, у Қуръон ҳофизи эди. Ундан Исломга кириши қандай бўлганини сўрадим. У «Исломга киришимга мусиқа сабаб бўлди» деди. Мен уни ҳазиллашяпти деб ҳайрон бўлиб, «Ростданми? Бу қандай юз берди?», дедим. У жиддий оҳангда гап бошлади: «Ҳа, рост. Мен мусиқадан дарс берардим. Классик мусиқанинг асл келиб чиқиш сабабини билмоқчи бўлдим. Баъзилар «Бетховен ва бошқа ғарб мусиқачиларига бориб тақалади» дейишди. Бу гап мени қониқтирмади. Изланишда давом этдим ва охири мусиқанинг келиб чиқиши «Андалусия мувашшаҳлари»га бориб тақалишини аниқладим. (Мувашшаҳ – мусиқанинг бир тури). Сўнгра ушбу мувашшаҳлар тарихини ўргана бошладим. У ҳақида кўп ўқиб-изландим. Мувашшаҳларнинг кўпи Аллоҳнинг тавҳиди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфлари, ҳатто душманлари билан бўлган муомалада ҳам буюк ахлоқ эгаси бўлганлари ҳақидаги қиссаларни ўз ичига олишини билдим. Уларни ўқигач, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қолдим. Ўша кезларда отамдан ўқиш учун оиладан узоқроққа кўчиб ўтишга рухсат сўрадим. Буни қарангки, мусулмонлар яшайдиган бир маҳалладан яшаш учун уй топдим. Улар мени яхши кутиб олиб, гўзал муомала қилардилар. Намоз ўқиётганларида Қуръонни тинглардим. Тинглаётганимда ажиб бир ҳаловатни туярдим. Бошқа ҳеч бир нарсада бундай роҳат ва ёқимли туйғуни ҳис қилмаганман. Тиловатнинг оҳангида ҳеч қандай хато топмадим.

Марокашда ўтказиладиган «Андалусия мурашшаҳлари»га бағишланган конференцияга таклиф этилдим. Мен билан бирга борган мусулмонлар намоз ўқигани чиқишди. Масжид ёнида ўтириб, имомнинг қироатини тинглардим. У Қуръонни шундай ўқир эдики, қалбимни тешиб юборди. Қарасам, шу даражада қаттиқ йиғлаётган эканманки, намоздан чиққан дўстларим мени кўриб, аҳлидан бирор киши вафот этгани ҳақида хабар олибди шекилли деб ўйлашди. Мен уларга «Йўқ! Ундай эмас. Аммо нега йиғлаётганимни ҳам билмайман» дедим. Гранадага қайтганимдан сўнг Исломга кирганимни эълон қилдим. Саудиянинг Мадриддаги элчиси мени ҳаж ибодатини адо этишга таклиф қилди. Саудияда подшоҳ Холид билан учрашдим ва у мендан нима орзуим борлигини сўради. «Шу ерда, юртингизда Исломни ўрганиб, кейин юртим аҳолисига ўргатмоқчиман» дедим унга. Шундай қилиб, Саудияда тўққиз йил яшадим ва шу муддат давомида Исломий фанлардан магистр даражасини олдим, аёлим ҳам шу даражага эришди. Сўнгра Испанияга қайтиб, Исломий мактаб очдим. У ерда 1200 ўқувчи ўқияпти».

Зағлул Нажжор ўз ҳикоясини якунлаб, шундай деди: «Кейинроқ ўша йигит билан яна кўришдим. Бу сафар у Ислом даъватчисига айланган, ўғли ҳам катта йигит бўлиб, ўзи билан ўша мактабда дарс бераётган эди».

Мен ушбу қиссани мусиқани севадиган барчага илиндим ва уларга айтаманки, Аллоҳнинг Китобини ўқиш, уни жим туриб тинглаш улкан неъмат ва ҳар қандай куй-мусиқадан кўра энг ёқимли, ҳузурбахш нарсадир. Ўзингизни ҳар куни ана шундай лаззатбахш нарсадан маҳрум қилманглар. Бир қалбда Аллоҳнинг Каломига бўлган муҳаббат билан куй-қўшиқ муҳаббати жам бўлмайди. Аллоҳнинг Каломининг бошқа каломлардан фазли, устунлиги Аллоҳнинг бандаларидан фазли, устунлиги кабидир.

«Ибтисом Буқарий» ҳикоясини Нозимжон Ҳошимжон таржима қилди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тавба, истиғфор ва Аллоҳни зикр қилиш.Албатта Рамазон ойида тавба қилган, истиғфор айтган ва Аллоҳни зикр қилган мусулмон банда йилнинг қолган вақтида ҳам шундай давоми...

2145 16:00 / 15.05.2021
Ҳожилар ҳаж қилиш жараёнида ғусл қилишлари суннат бўлган ўринлари ўнта бўлиб, бунга ҳожилар амал қилишлари керак бўлади. Улар оддий покланиш ndash чўмилиш бўлиб, давоми...

2068 19:30 / 05.08.2019
Язид ибн Ҳорун айтади .Восит шаҳрида қозиликка ишончли бир муҳаддис тайинланди. У қозилик қилаётган даврда бир киши усти ёпиқ, муҳрланган ҳамён бир одамга давоми...

2978 08:00 / 22.09.2020
Тамийм адДорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, дин насиҳатдир. Албатта, дин насиҳатдир. Албатта, дин насиҳатдир,, давоми...

4083 21:45 / 16.02.2019