1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қалбим аро чарақлаган нур...

15:30 / 19.08.2020 1732 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақларидаги биринчи таассуротим онам Махфиратхон Зокиржон қизидан бошланган. Онамнинг падари бузрукворлари бобом раҳматли Зокиржон Собиржон ўғли Иккинчи жаҳон урушига отланганида волидам ҳали чилласи чиқмаган чақалоқ экан. Бобом гўдакнинг оғзига туфлаб, қоп-қора кўзларига термулганча: «Ҳали сени кўраманми-йўқми буни фақат Аллоҳ билади», деб хайрлашибдилар. Уруш йиллари окоп ичида намоз ўқиган, фашистлар қорни ҳам заҳарлагашганда рўза тутиб олиб жангга кирган, етти йилдан сўнг Ватанга қайтганлар. Бобомнинг уруш хотиралари ёзилса, катта бир китоб бўлади. Урушдан кейинги йиллари ҳам ҳалол меҳнат билан покиза умр кечирдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига мухлис бўлганлари учун набираларининг исмини Муҳаммад Содиқ деб қўйдилар.

Бобом айтган таъсирли ҳикоят ва ривоятларни эндиликда динимизга доир манбаларда ўқиб ҳайратда тушяпман. У зот жума куни водийнинг жуда кўп масжидларига жума намозини ўқиш учун борардилар. Онам ота уйларига келсалар, икковлари иймонлашиб, бир-бирларига Қуръон тиловат қилиб беришарди. Бобом Исломнинг бешинчи рукнини адо этганларидан сўнг ёруғ дунёни тарк этдилар.

Онам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг адашмасам, 90-йиллар бошида республика хотин-қизларининг «Саодат» журналининг муқовасида босилиб чиққан суратларини, саҳифадаги суҳбатни, қизлари Одинахон ва ўғиллари Исмоилжон билан бирга тушган суратларини узоқ вақт шахсий архивларида сақлаб юрганлар. Ҳазратнинг «Руҳий тарбия» китобларининг 2-жузини сотиб олганимда волидам оғир юрак хуружини бошларидан кечириб, шифохонада даволаниб чиққан, вақтинча бизникида турардилар.

Китобни уйга олиб келган кунимоқ волидам мендан уни сўрадилар. Жудаям ўқигилари келаётганини айтдилар. Ҳозир сизга таъсирланиш мумкин эмас, юрагингизга куч келади, дам олинг, дея китобни китоб жавонимга қўйиб ишга кетдим. Ҳар куни ишдан келсам, волидам менга ибодатга доир янги гап топиб айтиб берардилар. Мен уларни тинглаган кўйи, айтганларини бажаришга ҳаракат қилардим.

Омонатларини топширишларидан уч-тўрт кун аввал 15 ёшли қори бола келиб онам ётган уйда Қуръони Каримни хатм қилди. Қуръонни, кичкинагина ён дафтарчаларини қучоқлаб роса йиғлагандилар ўшанда онам. Қори болани узоқ дуо қилдилар. Шундан кейин орадан бир-икки кун вақт ўтди. Жума тонги отмай таҳорат олдилар. Кейин аҳволлари оғирлашиб қолди. Онам атрофларида парвона бўларканмиз, улар менга Ёсин сурасини ўқиб туришимни буюрдилар. Онагинам Ёсинга интиқ турган эканлар, суранинг ярмига етганимда омонатларини топширдилар. Аллоҳ сизнинг жойингизни жаннатда қилсин, волидам...

Ўшанда 2010 йилнинг 24 декабри, жума тонги отиш арафаси эди. Жума кунларда, жимгина кетиб қолсам, дердилар. Айтганларидек бўлди. Орадан бир-бир ярим соат вақт ўтиб, бомдод намозини ўқидик.

Онагинамнинг вафотларидан кейин «Руҳий тарбия» китобининг 2-жузини қўлимга олдим. Ундан гўё онамнинг нафаси уфургандек бўлди. Китобни аста варақлайман. Мушфиғим уйда йўқлигимдан фойдаланиб, шу китобни мутолаа қилибдилар. Китобхон онамнинг бир одатлари бор эдики, китобда ўзларига ёққан жумлани қалам билан белгилаб қўярдилар. Мунисимнинг меҳроб бармоқлари теккан саҳифаларда ана шундай белгилар бор эди... «Олиймақом таваккулчи», «Хавф ва ражо», «Хавфни жалб қилувчи даво баёни», «Тақво», «Шукр», «Сабр» бобларидаги айрим ҳадис ва матнлардаги белгиларга кўзим тушди. Ҳа, ўшанда волидам мендан яшириб китобни ўқиб олибдилар, таъсирли жумлаларни белгилаб, унда баён этилган суннат амалларни баҳолиқудрат адо этишга киришибдилар ва мени ҳам уларга даъват этишга улгурибдилар.

Онаизоримнинг шайхга мухлислик даъвоси ўша йиллари менга кўчди. Ойлик маошимдан ҳазратнинг китобларини сотиб олишга ҳаракат қила бошладим. Қариндош-уруғларнинг тўйларига тўёна қилиб шайхнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобларидаги «Поклик» жузини олиб борардим. Негаки, мусулмон инсон энг аввало, покликни одат қилиши керак, поклик ибодатнинг дебочаси деган мақсадда шу китобни тақдим этишни хуш кўраман.

Олимнинг ҳар бир китоби ҳаёт йўлим ва ижодий фаолиятимда беназир устозга айланиб қолди. Мен Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олганман. Салкам 29 йилдан буён журналистика соҳасида меҳнат қиламан. Шайхнинг китобларини ўқимасимдан аввал ёзган ҳикоя, эссе ва публицистикаларим қандайдир хира, таъсирчанлиги пастроқ эди. Чунки Ислом дини аҳкомларини яхши билмасдим. Қуръон тафсирларини ўқимагандим. Мен рус, жаҳон адабиёти намуналарини қалам билан ҳижжалаб ўқигандим. Ўнлаб шеър, ғазаллар ёдлардим.

Қуръонни ўргандим, шайхнинг китобларини мутолаа қила бошладим. Мен эндиликда бадиий ижод сурурини Аллоҳнинг каломи ва шайхнинг китоблари туфайли хис этмоқдаман. Шайх китобларининг илмий ва бадиий қимматини мен ўқиган барча китоблардан-да мўътабар биламан. Зотан, менга яшашни ўргатган, табиатимдаги қусурларни бартараф этган, кечалари таҳажжудга тургизган, йиғлатиб-юпатган, сахийликка, ваъдага вафо қилишга ундаган, ўз касбини Ислом дини билан боғлаган ҳолда шакллантиришга дадиллантирган беназир китоблар «Тафсири ҳилол», «Мукаммал саодат йўли», «Тасаввуф ва тасаввур», «Очиқ хат», «Иймон», «Сунний ақидалар» ва бошқа шайх қаламига мансуб китоблар бўлди.

2014–2015 йиллари шайхнинг «Очиқ хат», «Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар» китобларини ўқиб, янги ғоя ва фикрларим асосида янги журналистик асарлар ёздим. Дарвоқе, яқинда тобим қочиб таниқли кардиолог врач ҳузурига бордим. Буни қарангки, кардиолог шайхнинг мухлислари бўлиб чиқди. Муолажа жараёнлари ҳам шайхнинг китоблари ҳақидаги хулосалар билан олиб борилди. «Зикрни кўп айтинг, опа, Аллоҳнинг зикри билан қалблар ором олур», деди шифокор. Тиббий билимларни сув қилиб ичиб юборган шифокор пок эътиқоди ва шайхга бўлган эҳтироми билан мени ҳайратда қолдирди.

Бугун шайх ва у зотнинг қизлари Одинахон Муҳаммад Содиқ қизига эҳтиромим ўзгача. Шу иншонинг ёзяпману, фақат йиғлаяпман. Ўғлим ҳазратга мухлислик даъвоси билан шифокор бўлиб етишди. Қизим биолог, келиним филолог. Мўъжаз кутубхонамиздан шариат ва тариқатга, ҳаётимизда учраган муаммоларига шайхнинг китобларидан ечим топамиз. Ўзим у китобларда келтирилган ривоятлар, маълумотлар, ҳадислар ва ҳадис шарҳларидан таъсирланиб ижодий ишларимга қатъият билан киришаман.

Ҳа, ҳазратнинг китоблари том маънода тарбия воситаси. Гоҳида ўзим ҳайрон қоламан. Бу китобларда қандай мўъжиза борки, ўқиб бўлганингдан сўнг шуурингга аллақандай куч инади. Қаламинг чархланади, ёзган саринг ёзаверасан. Фикр, сўз дурларини худди уммон ичидан маржон тераётган ғаввос янглиғ териб олаверасан. Ҳар бир китобларини ўқисам, янги фикр, янги ғоя туғилади. Ҳар бир ижодкор илҳом манбасини турли омилдан олади. Менга эса Яратганнинг ўзи илҳомни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китоблари мутолаасидан кейин инъом этади.

Аллоҳ бу инсондан рози бўлсин. Қолдирган меросларидан халқимиз узоқ йиллар баҳраманд бўлсин. Жойларини жаннати наъимлардан қилсин.

Ҳар кунги намоздан кейинги Қуръон тиловатимда ҳазратнинг исми шарифларини эсга оламан. Негадир бу ном Имом Исмоил Бухорийдан кейин, падари бузрукворим исмларидан аввал тилимга келаверади. Нима учун шундайлигини ўзим ҳам билмайман. Балким буни билишим шарт эмасдир.

Менинг шайх китоблари ҳақида таассуротларим жуда кўп. Уларни давом эттирсам, ўқувчини зериктириб қўяманми деган истиҳолага бордим. Вақти келса, яна шу мавзуга қайтаман, иншааллоҳ...

Маъмура Абдураҳимова

«Ҳилол» журналининг 8(17) сонидан олинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар гуноҳ давоми...

1850 19:00 / 08.01.2022
Ҳасад динимизда қаттиқ қораланган иллатлардан биридир. Ҳасад ndash бировдаги неъматнинг ундан кетиб, ўзига келишини хоҳлашдир. Бу неъмат хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ давоми...

3143 13:30 / 02.05.2019
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир,, деб сўралди. .Оз бўлса ҳам, давомлиси,, давоми...

4670 08:45 / 28.01.2019
Аллоҳга қасам, Аллоҳдан мен учун ёрдам сўрашингиз учун аввало ўзимда эҳтиёж бор. Ўзим мана бу аҳволда бўлиб, аслида бу мактубни йўллашга Аллоҳдан ҳаё қилмоқдаман. давоми...

3893 11:00 / 04.12.2020