1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исломни гўзаллигини қаранг! (иккинчи мақола)

15:28 / 14.08.2020 2334 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёхуд Пайғамбарнинг куёви бир яҳудий билан тортишиб қолганида адолат истаб Ислом қозисининг олдига бормаган ва қози ҳам айб яҳудийда экани аниқ бўлгандагина: «Яхшиямки, Али ҳақ бўлиб чиқди, акс ҳолда яҳудий фойдасига ҳукм қилиб виждоним қийналган бўлур эди», деб изтироб чекмаган бўлур эди.

Ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир ўғрини авф қилишни сўрашганида «Агар қизим Фотимани тутиб келганларингда ҳам қўлини кесган (яъни жазолаган) бўлур эдим» деб ҳукм чиқартирмаган бўлур эди.

Аллоҳ ҳузурида Исломдан бошқа дин йўқ. «Албатта Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир» (Оли Имрон сураси, 19-оят). Яҳудийлик, насронийлик каби самовий динлар Аллоҳ ҳузурида эътиборини йўқотган, буддавийлик, зардуштийлик ёки шунга ўхшаш бошқа ҳар хил эътиқодлар эса самовий дин бўлмай, инсон изланишлари маҳсулидир. Уларга эътиқод ва амал қилаётганлар адашиб-улоқиб, азиз умрларини беҳуда совуриб юришибди.

Қуръони каримда: «Динга мажбур қилиш йўқ», (Бақара сураси, 256-оят) дейилган. Чунки зўравонлик, мажбурлаш билан тарқатилган ақида, ғоя ва мафкураларнинг умри қисқа бўлади. Илк даврлардаги динга даъват ва таклифни ҳисобга олмаганда Ислом динига ҳеч ким, ҳеч қачон мажбурлаб киритилмаган. Ҳамма инсонлар ҳамиша Исломга ўз ихтиёри, ишончи, ихлоси, итоати, ақидаси, ақли билан кирган.

Ислом асли фитратдир, жибиллиятдир. Эътиқодлар ичида энг софи ва бузилмагани ҳам Исломдир. Масалан, инсонга фитрий, соф нарсалар (масалан, пахта, жун, ипак каби табиий матолар ёки гўшт, нон, мева-сабзавот каби емишлар) ёқади, фойда беради, азият етказмайди. Аксинча, кимёвий йўл билан олинган сунъий газлама, таом ва буюмларнинг инсонга албатта бир зарари ёки озори бор. Шу каби сунъий ғоя, мафкура ва эътиқодлар ҳам қанчалик жозибали кўринмасин, манфаатдор томон уни тарқатиш ва онгларга сингдириш учун қанчалик қаттиқ ҳаракат қилмасин, улар инсониятга фойда келтирмайди, унга саодат эшикларини очиб бера олмайди.

Бир ҳамкасбимиз яқинда бундай мулоҳаза билдириб қолди: «Дунёда насронийлик ёки бошқа мазҳабларни тарғиб қилиш учун миллиардлаб доллар маблағ сарфланади. Бунга қанча-қанча илмий-тадқиқот институтлари, матбуот, радио-телевидение ижтимоий тармоқлар хизмат қилади. Миллионлаб нусхада фильм, китоб-журналлар текинга тарқатилади. Минглаб миссионерлар дунёнинг ҳамма бурчагида изғиб, даъват билан машғул. Аммо бунча ҳаракат ва харажатдан кейин ҳам кўзлаган мақсадларига эриша олмай гаранг. Масалан, Оврупа ва Америкадаги черковлар ҳувиллаб ётибди: қавмни кўпайтириш учун бутхоналарда уюштирилаётган поп-мусиқа концертлари, турли кўнгилочар тадбирлар ҳам иш бермаяпти.

Бироқ Исломдачи?

Шунча тақиқ-камситишларга қарамай, бирорта мусулмон (ҳа, бирорта мусулмон, чунки миссионерлар фитнасига учиб иймонини сотаётган айрим кимсаларнинг мусулмонлигига шубҳамиз бор) Исломидан воз кечаётгани йўқ. Аксинча Исломга кирувчилар сони тўхтовсиз ортиб бормоқда. Агар дунёда бошқа динлар тарғиботига қилинган саъй-ҳаракатлар ва харажатларнинг ўндан бири Исломга нисбатан қўлланганида борми, билмадим, ҳозир Ер юзида мусулмон бўлмаган одам қолармикин?

Унинг мулоҳазаларига раддия билдириш инсофга хиёнат бўлиб туюлади.

Ислом дини эса ҳар қандай тузумда ҳам инсониятнинг ахлоқий ва маънавий қалқони (иммунитети) бўлиб келган ва қиёматгача шундай қолаверади. Унинг ўн беш асрдан буён барча замонлар, барча жамиятлар талабига бирдай жавоб бериб келаётгани бежизга эмас. Чунки у Аллоҳ таолонинг бутун инсониятга юборган ягона илоҳий дастури ва инсонларни қиёматгача ҳидоятга чорловчи ёрқин маёғидир.

Мусулмон бўлишнинг яхшилигини кўринг: ғарблик ғайримуслим ҳатто ота-онаси, туғишганларидан ҳол сўрашга имкон топа олмаётган бир замонда мусулмон киши олис ўлкадаги мазлум биродарига нажот тилаб дуо қилади, бегона қўшнининг ҳолидан доимий хабардор. Бир ғайримуслим чув тушмаслик, зарар кўрмаслик учун атрофидаги одамларнинг ҳаммасидан шубҳаланиб, қўрқиб, хавфсираб юрган бир пайтда мусулмон ҳаммани ўзи каби ҳалол, омонатдор, тақволи санаб, барчага баравар ишонч, муҳаббат, вафо кўрсатади.

Ўғлим хонадонининг кириш эшигини янгилаётганида уста: «қулфни иккита ўрнатмасангиз бўлмайди, домчилик, яна ўғри тушиб юрмасин», деган маслаҳат берибди. Ўғлим: «Ташвиш қилманг, аждодларимизнинг ҳикоясига кўра ўтмишда мусулмон хонадонида қулф бўлмаган экан, бирор жойга кетишса, зулфини илиб қўйиш билан кифояланишар экан, Худога шукрки, домимизда ҳам асосан мусулмонлар туришади, бу томонидан кўнглим тўқ», деган жавобни берибди.

Икки ҳамкасбим ўртасида пул муомаласи бўлган экан, бири иккинчисидан олган қарзини узмоқчи эди. Қарз берган киши қайтарилган пулни санаб кўрса, юз минг сўм ошиқ экан. Бир тахлам пулни қайтариб берса, нариги шериги: «Мусулмонлик қандай яхши-я, пул муносабатларида ҳақинг кетиб қолишидан ёки алданишдан ҳеч қачон хавфсирамай яшайсан!» деб хитоб қилган эди.

Самарқандлик бир танишимнинг ҳикоясига қараганда, оврупалик бир сайёҳ шаҳар кўчаларини айланиб юрганида аждодларимиз тиклаган муҳташам обидаларни кўриб: «Мусулмонларнинг ҳатто қурган бинолари ҳам кишига ҳаловат ва хотиржамлик бағишлайди-я!» дея ҳайратланган экан.

Ўзининг зарарига бўлса-да ўзганинг ҳақи поймол бўлмаслиги учун қайғурадиган қилиб қўйган ҳам Исломдир.

Ўзи фақир бўлса ҳам қўшнисининг аҳволига ачиниб дастурхонидаги сўнгги нонни, киссасидаги охирги чақани қўшнисига тортиқ қилдириб қўйган ҳам Исломдир.

Ҳақ букилмаслиги учун қози ёки ҳукмдорни ўз фарзанди зарарига ҳукм чиқартирган ҳам Исломдир.

Хизматчисига билмай бир тарсаки туширганидан афсус чекиб, гуноҳга ботмаслик учун уни дарҳол озод қилишга мажбурлаган нарса ҳам Исломдир.

Нафақат мусулмон биродарига, ҳатто бошқа диндагиларга ҳам яхшилик ва хуш муомала қилиш, беморлигида бориб кўриш, қийналиб қолса ёрдамлашишга буюрган ҳам Исломдир!

Яхшиямки, Ислом бор, агар у бўлмаганида дунёдаги барча халқлар бир-бири билан урушиб, ер юзини қонга ғарқ қилган, шаҳар-қишлоқларни вайронага айлантирган бўлур эди.

Яхшиямки, Ислом бор, акс ҳолда инсоний муносабатлар батамом издан чиқиб, зўравонлар ожизларнинг молини тортиб олган, ўзини қул қилган, ҳамма ёқда зулм ва ҳақсизлик ҳукм сураётган бўлур эди.

Яхшиямки, Ислом бор, йўқса ҳамма бир-бирига хиёнат қилишдан, бир-бирини алдашдан, фаҳш ишлар билан шуғулланишдан, зулм ва ёмонлик қилишдан уялмаган бўлур эди.

Яхшиямки, Ислом бор, у бўлмаганида ахлоқ заволга юз тутган, ҳалол ва ҳаромнинг фарқи йўқолган, оила-никоҳ муносабатлари издан чиқиб, одамлар ҳайвонлардан ҳам баттар бўлиб кетар эди.

Яхшиямки, Ислом бор, акс ҳолда жамиятда ҳақлар поймол қилиниб, бойлар бойийверган, камбағаллар тобора қашшоқлашган, аслзодалар ўзидан тубан табақадагиларга паст назар билан қараган, аёллар, заифлар, етимлар хўрланган бўлур эди.

(Тамом)

Беҳзод Абдуррашид

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом ибн Жарир Тобарий муфассирлар, муҳаддислар ва муаррихларнинг шайхи ва улуғ мужтаҳид имомдир. Бу зот вақтдан унумли фойдаланишда ҳамда таълим олиш, таълим давоми...

2029 14:10 / 20.02.2019
Қози Абу Бакр ибн Абдулбоқий Баззор Ансорий Бағдодийдан ҳижрий 535 санада вафот этган ривоят қилинади .Макканинг яқинида яшар эдим. Бир куни жуда оч қолдим, аммо давоми...

2902 08:00 / 25.11.2020
Халқимиз ичида Аллоҳга муқарраб инсонлар кўп бўлган. Бутун вужуди, қалби покиза, муттақий зотларнинг дуолари боис элюрт осойишта яшаган, дастурхонлари давоми...

13031 21:00 / 01.02.2019
Курайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Умму Фазл бинти алҲорис уни Шомга, Муовиянинг олдига юборган эди. У айтадики.Бас, Шомга келиб, уУмму Фазлнинг ҳожатини давоми...

1723 17:00 / 09.05.2020