1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тишга пломба қўйиш

18:32 / 09.08.2020 6015 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Бугунги кунда замонавий тиббиёт ҳар бир дарднинг давосини топмоқда, хусусан, тиш емирилишининг ҳам. Лекин айтишларича, қўйиладиган пломба таҳорат ва ғуслга монелик қилар эмиш. Шу гап ростми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Баъзи кишилар «Пломба таҳорат ва ғуслга монелик қилади, шунинг учун ҳаром, мутлақо мумкин эмас», деган гапни тарқатишмоқда. Ҳатто ўликларнинг тилла қоплама тишлари бўлса, ўлгандан кейин бўлса ҳам кўчириб ташлаб кейин ғусл қилдириш керак, деган гапларни такрор ва такрор айтмоқдалар. Ўз шогирдларига, мабодо олдинги қўйдирган қоплама тишлари бўлса, уларни ҳам олдириб, тишлари сарғайган ва емирилган ҳолда юргани афзал эканлигини таъкидлашдан чарчамаяптилар. Буларнинг ҳужжатсиз ва далилсиз айтадиган бирдан-бир гаплари айнан таҳорат ва ғусл пайтида касал тишга сув етмай қолишидир.

Лекин Ислом шариати кишиларнинг дардини зиёда қилиш ёки уни муолажа қилишни ман этиш учун Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган дин эмаслигини мазкур азизларимиз унутиб қўядилар. Ўтган уламоларнинг бу масаладаги ижтиҳодларига ва ёзган китобларига мурожаат қилмайдилар. Балки мана шу қаттиқ тутиш, худбинлик асосидаги гапларни ўзлари учун фахр деб биладилар ва бунга ҳамманинг амал қилиши лозимлигини даъво қиладилар. Бу кишиларнинг гапларига кирмасдан, аввалги мужтаҳидларнинг гапини олган, Ислом руҳидан келиб чиқиб, ҳадислардан, саҳобалар амалидан ўрнак олган, соғлиғи учун қайғуриб, тишини даволатиб, яхши бир ҳолатда юрган кишиларни маломат қиладилар.

Тишларга пломба, қоплама, хусусан, тилла қоплама қўйдириш муолажаси қадимдан қилиб келинаётган ишдир. Бунга фатволар, ҳадислар, ривоятлар бор. Тиш даволатганда пломба ёки қоплама қўйдириладими, уларни қўйдираётганда ғусл ва таҳорат билан қўйдирса, бу нарса худди бошқа аъзолардаги яра ёки шунга ўхшаш жароҳатларнинг устини боғлаб қўйганлик ҳукмига ўтади. Буни шариатда «жабира» дейилади. Мана шу нарса бўлса, ғусл ва таҳорат пайтида у ерга сув тегиши шарт бўлмай қолади. Шу қопланган нарсанинг устига теккан сув унинг ҳам покланишига сабаб бўлади.

Бунинг мумкин эканлигига ҳадислардан, ривоятлардан очиқ-ойдин далиллар келтирамиз. Яна айтиб қўйишимиз керакки, бунга ҳамма фуқаҳолар иттифоқ қилганлар ва барча китобларда бу ишнинг жоизлиги айтилган. Аммо «Бу иш мумкин эмас», деб ёзилган китобни ҳозирча кўрганимиз йўқ.

Энди далилларга келсак, Ислом оламида «саҳиҳ» деб тан олинган олти китобнинг учтасида ривоятлар келган. Ана шу ривоятларни буюк имомларимиздан Абу Довуд ас-Сижистоний ва имом Шуъайб Ан-Насоий ва имоми Абу Ийсо ат-Термизийлар ўз китобларида келтирганлар.

Абдурраҳмон ибн Торафадан ривоят қилинади:

«У кишининг боболари Арфажа ибн Асъаднинг Кулоб уруши куни бурунлари кесилди. У киши эса ўзларига кумушдан бурун қилиб олдилар. Лекин у (фойда бермасдан) сасиб кетди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига тилладан бурун қилиб олишни амр қилдилар. У киши эса тилладан бурун қилиб олди».

Мана шу Аржафа розияллоҳу анҳунинг ҳолатлари бошқа тарафларга қиёс қилинади. Тилла одамнинг баданига яхши таъсир қилиб, шифобахшлик хусусияти бор экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу нарса Аллоҳ таоло тарафидан билдирилган. Тилладан мазкур саҳобий бурун қилиб олганларидан кейин яралари битиб, ана шу тилла билан таҳорат ва ғусл қилиб юрганликлари ривоят қилинган.

Дардга малҳам бўлиш динимизнинг асосий мақсадларидан биридир. Тишнинг емирилиши ҳам оғир дардлардан биридир. Шу боис, ҳавас учун эмас, дардига малҳам топиш мақсадида тишни қаратиш ва қоплама қўйдиришга рухсат берилган.

Имом Табароний раҳматуллоҳу алайҳ ва имом Зайлаъий ўз китобларида улуғ саҳобий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тилладан тиш қоплатганлари ҳақидаги ривоятни келтиришган. Умар розияллоҳу анҳунинг бу қилган ишлари ҳам ушбу ишнинг жоизлигига энг кучли далиллардан биридир.

Шунингдек, иккинчи бир буюк саҳобий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам ўзларига тилла тиш қоплатган эканлар.

Яна улуғ саҳобалардан Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида 10 йил туриб, у зотнинг ҳар бир қилган ишларини ва ҳар бир айтган сўзларини синчковлик билан ўрганган, ўзлари таълим олган нарсаларни кейин бутун Ислом оламига ривоят қилган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам тилла тиш қўйдирган эканлар.

Мана шу айтилган нарсаларнинг улуғ саҳобийлар томонидан бажарилгани уни қилиш жоиз эканига очиқ-ойдин далилдир.

Аммо пломба ёки қопламалар қўйилаётган пайтда таҳоратли ва ғуслли бўлиш лозимдир.

Бу ҳукмни билишдан аввал қўйилганлари узрли ҳисобланади.

Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Бандаларини ёлғондан қайтарган Аллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинУмматларига ёлғон нималигини батафсил тушунтириб, унга йўл қўймаслик қандай давоми...

2757 19:17 / 20.10.2018
Суфён ибн Уяйна айтади .Бир куни халифа Ҳишом ибн Абдулмалик Каъбага кирган эди, у ерда Солим ибн Абдуллоҳни кўриб, .Мендан ҳожатингизни сўранг,, деди. Солим .Мен давоми...

1714 08:00 / 23.07.2020
Ҳасан ибн Абдулазиз Ҳошимий Аббосийдан ривоят қилинади .Тушимда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарирни кўриб, .Ўлим қандай бўлди, деб сўрадим. .Фақат яхшилик кўрдим,, деди. давоми...

1742 07:10 / 17.10.2019
156. Ҳар бир бахтли эркакнинг ортида солиҳа аёл бор.157. Аёл уч кишини ёқтирмайди1. Ўзидан чиройлироқ аёлни.2. Ёшини сўраган кишини.3. Ўтмишини сўраган кишини.158. Бойнинг давоми...

4572 18:36 / 25.04.2017
Аудиолар

135124 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55400 14:35 / 11.08.2021