1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

93-боб. Қулининг юзига тарсаки туширган уни озод қилсин, лекин бу вожиб эмас

18:30 / 06.08.2020 1662 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

176. Ҳилол ибн Ясофдан ривоят қилинади:

«Сувайд ибн Муқарриннинг ҳовлисида ипак сотаётган эдик. Шу пайт бир жория чиқиб, бир кишига ниманидир айтди. У киши эса унинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Сувайд ибн Муқаррин унга:

«Унинг юзига тарсаки урдингми?! Мен етти кишининг бири эдим. Фақат биттагина ходимимиз бор эди. Биттамиз унга тарсаки туширган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни озод қилишга амр қилдилар», деди».

Шарҳ: Демак, бу гуноҳнинг каффорати ўша юзига урилган қул ёки жорияни озод қилиб юбориш экан. Бу ҳам Исломнинг қулликни йўқотиш йўлидаги хизматларидан биридир.

Эҳтимол, ўша жория хожасининг жаҳлини чиқарадиган ёмон гап айтгандир, шунинг учун юзига ургандир. Бироқ, шундай бўлса ҳам, воқеанинг сабабини суриштирмай туриб юзига урган бўлсанг, уни озод қил, дейилиши қулларнинг тарафини олишнинг бир намунасидир.

177. Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қулининг юзига тарсаки туширган бўлса ёки ҳадга лойиқ иш қилмаса ҳам урган бўлса, бунинг каффорати уни озод қилишдир», дедилар».

Шарҳ: Шундагина мазкур золим хўжайиннинг бу гуноҳи кечирилар экан. Ҳад – маълум жиноят учун шариат белгилаган жазо.

178. Муовия ибн Сувайд ибн Муқарриндан ривоят қилинади:

«Мавлоларимиздан (озод қилган қулларимиздан) бирининг юзига тарсаки тортдим. У қочиб кетди. Шунда отам мени чақириб:

«Қасос олишига қўйиб бер», деди.

Биз, Муқарриннинг фарзандлари етти ака-ука эдик. Битта хизматчи – чўримиз бор эди. Биттамиз унинг юзига урди. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди.

«Уларга буюр, уни озод қилишсин», дедилар.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Уларнинг бошқа хизматчиси йўқ», дейишди.

«Хизматларини қилдириб тураверишсин, хизматга ҳожатлари қолмаганда озод қилишсин», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисдан ҳам ходимларни урмаслик кераклигини, агар урган бўлса, бунинг каффорати ходимни озод қилиб юбориш эканини ўрганамиз.

179. Сувайд ибн Муқаррин Музанийдан ривоят қилинади:

«У бир одам қулининг юзига тарсаки урганини кўриб қолиб:

«Сурат(юз)га уриш ҳаромлигини билмайсанми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давр­ларида мен етти ака-уканинг бири эдим. Еттовимизга битта ходима бор эди. Биримиз ўша ходиманинг юзига урганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ходимани озод қилишга буюрганлар», деди».

Шарҳ: Юз инсоннинг ҳақиқий суратини ифода қиладиган аъзо ҳисобланади. Инсоннинг чиройи ҳам айнан юзида жойлашган бўлади. Инсоннинг юзи унинг барча гўзалликлари жамланган аъзоси бўлади. Юзга уришда мазкур гўзалликларга футур етказиш хавфи бор. Шу билан бирга, инсон зотини беҳурмат қилиш бор. Шунинг учун ҳам юзга уриш қатъий равишда ман қилинган.

180. Абу Умардан ривоят қилинади:

«Ибн Умарнинг ҳузурида эдик. У ўзи калтаклаган ғуломини чақирди. Елкасини очиб туриб:

«Оғрияптими?» деди.

«Йўқ», деди у.

Шунда уни озод қилди. Сўнг ерда ётган бир чўпни олиб:

«Бу сабабли менга мана шу чўпчалик ҳам савоб тегмайди», деди.

«Эй Абу Абдурраҳмон, нимага бундай дейсиз?» дедим.

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким ўзининг мамлукини ҳадга лойиқ иш қилмаса ҳам урса ёки юзига тарсаки тортса, бунинг каффорати ўша қулни озод қилишдир», деганларини эшитганман», деди».

Шарҳ: Демак, Ибн Умар: «Мен уни калтаклаб қўйиб, кейин озод қилдим. Бироқ мен гуноҳимни ювдим, холос. Уни озод қилганим учун ажр олмайман», деган эканлар.

Ислом шу тарзда қулларга, ходимларга меҳрибон бўлиш, уларни урмаслик, урса, каффоратига уларни озод қилиб юбориш каби таълимотлар билан қулдорликка қарши курашган, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғоясини илк бор илгари сурган, инсонийликнинг олий намунасини намойиш этган.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Язийд ибн Абу Ҳабийбдан ривоят қилинади .Уламолар .Онанинг ҳаққи отанинг ҳаққидан афзал,, дер эдилар. Ҳар бирининг ҳам ҳаққи бор,. Шарҳ Отаонанинг давоми...

1211 09:23 / 12 июнь
. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Уч дуо мустажобдир. Уларда шак йўқ мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва давоми...

2150 14:07 / 31 май
Отаонанинг фарзанд олдидаги бурчи, отасиз қолган етим болага қилиниши лозим бўлган муомалалар баён қилиб бўлинганидан кейин, фарзанди вафот этган кишининг ўзини давоми...

4933 12:30 / 09.03.2020
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга ташаккур айтмаган киши Аллоҳга шукр қилмаган бўлади,, дедилар,.Шарҳ Бу жуда эътиборга давоми...

3487 14:00 / 10.06.2022