1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Фарзанд доимо ота-онага ширин сўзларни айтиши вожибдир (учинчи мақола)

18:02 / 02.08.2020 2327 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


8. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири – олдиларига кирганда ва чиққанда уларга салом бериш.

Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайрани Марвон ўз ўрнига қўйиб кетар эди. Унинг уйи Зулҳулайфада эди. Онаси бир уйда, у бир уйда яшар эди. У уйидан чиқмоқчи бўлса, онасининг эшиги олдига бориб:

«Ассалому алайкум, онажон ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» – дер эди. Онаси ҳам:

«Ва алайка, ўғилгинам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» – дер эди.

«Кичиклигимда тарбиялаганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» – дер эди.

«Катталигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» – дер эди онаси.

Кейин уйга кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Мадинанинг ҳокими бўлган Марвон ибн Ҳакам исмли одам бирор ёққа кетса, ўзининг ўрнига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни ҳоким қилиб қўйиб кетар эди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Ислом оламида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг тутган ўринлари қанчалар улуғ эканини яққол кўрсатиб туради.

Энди ўша улуғ саҳобий, катта обрў эгаси бўлган, амирлар унинг олдида таъзим қиладиган зот онасининг олдида ўзини қандай тутишини кўриб қўйинг!

Уйидан ҳар чиқишида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчага чиқар эди.

Уйига ҳар киришида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб кўчадан келганининг хабарини берар эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гўзал иши асрлар оша кўплаб мусулмон фарзандларнинг одатига айланганлиги фахримиз боисидир. Бу ишни фақат мусулмон фарзандлар, «мадрасаи Муҳаммадия»нинг талабалари қилишлари мумкин, холос.

9. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири – уларни энг ёқимли лафзлар ила чақириш.

10. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – уларга динлари ва дунёларида манфаат берадиган гапларни айтиш.

11. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – динда улар билмайдиган нарсаларини ўргатиш.

12. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – иккисининг барча вожиб ва мандуб амрларига итоат қилиш.

13. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – иккиси тарк қилишга амр қилган нарсалардан ўзига зарар келтирмайдиганларини тарк қилиш.

14. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – ота‑онанинг олдига кирганда фақат уларнинг изни билангина ўтириш.

15. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – ота‑она билан ўтирганда уларнинг рухсатисиз чиқиб кетмаслик.

16. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – ота‑онадан содир бўлган нарсани, агар улардан беморлик ёки қарилик туфайли бавл қилиб юборишга ўхшаш ишлар бўлса ҳам, қабиҳ санамаслик.

17. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – ота‑онанинг муҳаббатини қозонган кишиларнинг ҳурматини қилиш.

18. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири уларнинг нафақасини яхшилаш, ҳадялар бериб туриш, уларни сўрашга муҳтож қилмай ёки миннат қилмай, иззат кўрсатишдир.

Ота‑оналари заифлашган, қартайган вақтларида фарзандлари уларнинг ҳаққини адо қилишларини Ислом биринчи ўринга қўяди.

(Давоми бор)

Иккинчи мақола

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир,, дедилар.Термизий ривоят давоми...

5853 11:05 / 21.12.2019
.Таълийқ, сўзи .илиш, ва .боғлаш, маъноларини англатади. Талоқни бирор нарсага боғлаб қўйиш .талоқни таълийқ қилиш, ёки .муаъллақ талоқ, дейилади. Бунда талоқ давоми...

2145 11:00 / 11.03.2023
.Идда, сўзи луғатда .санаш,, .ҳисоблаш, маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашганидан сўнг сақлаши лозим бўлган давоми...

2103 16:00 / 28.07.2023
Ҳазилмутойиба ва кўнгилхушлик қилишга ўхшаш ишларда мўътадиллик бўлиш шарт.Бу масалада аёлларга жуда ҳам эрк бериб, одоб доирасидан чиқиб кетишларига, шариатга давоми...

3238 09:05 / 22.07.2019