1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Оғир айрилиқ

12:41 / 02.08.2020 2069 pdf Ўқиш режими + -

Халқимизга кўплаб олиму уламолар силсиласини етказиб берган қутлуғ хонадоннинг бекаси, шайх Исмоил Махдум ибн Сотти Охунд Намангонийнинг завжаи мутоҳҳаралари, ўзбек элининг ардоқли фарзанди, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қайноналари Саодатхон ҳожия ая улуғ айём кунида, ташриқ кунларида бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.

Ҳожия ая гўзал хулқ соҳибаси эдилар. У кишиинг илм аҳлига бўлган муҳаббати, эҳтиром ва ҳурмати чексиз эди. 2015 йили Ҳазратимиз вафот этганларида у кишини хотирлаб Саодатхон ҳожия ая гўзал бир мақола ёзиб, ўқувчиларда ўзгача таассурот қолдирган эдилар. Қуйида эътиборингизга мазкур мақолани тақдим этамиз. Унда Ҳазратга, илм аҳлларига бўлган кучли эҳтиром, ҳурмат, муҳаббат ўз ифодасини топган.

Азизлар, бу сатрларни ўқир экансиз, уларда қайнонанинг куёви ҳақида эмас, онанинг ўз жигарбанди ҳақида айтган самимий дил сўзларига гувоҳ бўласиз...

Куёв эмас, ўғил эдилар

У кишининг мақомлари улуғлигидан «куёвим» ёки «ўғлим» дейишга ҳам хижолат бўляпман

Шайх ҳазратлари бизнинг хонадонимизга ҳақиқий ўғил бўлиб кирганлар. Бу одамлар тилида бот-бот такрорланадиган «куёв эмас, ўғил», қабилидаги баланд парвоз сўзлар эмас. Аллоҳ барчаларини раҳматига олган бўлсин, қудаларимиз ўзлари ажойиб, самимий инсонлар эди, хўжа кўрсинга иш қиладиган кишилардан эмасдилар. Ўзлари йироқда бўлсалар ҳам, мақсадлари олий бўлгани учун ҳеч иккиланмасдан, қуда-андачилик йўлидаги барча қийинчиликларга рози бўлишган. Ўша пайтнинг шароитига кўра, Андижон билан Тошкент орасидаги масофа анча узоқ ҳисобланар, йўл шароитлари ҳам ҳозиргидагидек қулай эмас эди. Масофа узоқ, кўришиш оз бўлса ҳам, биз улар билан қалбан жуда яқин эдик. Чунки уларнинг ҳам, бизларнинг ҳам орзу-умидларимиз бир – фарзандларимизнинг дин равнақи йўлида хизматларини қўллаб-қувватлаш, бу ишда уларга кўмак бериш эди.

Куёвимнинг ёшлик чоғлариданоқ илмга бўлган ўзгача муносабатлари яққол сезилиб турарди. Дадамиз Исмоил Махдум домла бўлажак куёвимизни бизга: «Бу йигит илмда пешқадам. Аллоҳ таоло унга ажойиб қобилият берган. Жўралари дам олиш кунларида ёки бўш пайтлари айланиб ёки фойдасиз ишлар билан вақт ўтказиб юришар, бу йигитнинг эса беҳуда юрганини ҳеч қачон кўрмаганмиз», деб таърифлаган эдилар. У киши олим одам бўлганлари учун куёвимиз ҳақларида кўп яхши башоратларни айтган, бу башоратлар ичида у кишининг келажакда китоблар таълиф қилишлари ҳам бор эди. Туш ҳам ажойиб нарса-да! Куёвим ва қизимнинг умр савдолари ҳақида бош қотириб турганимизда, бир яқин отинча дугонам тушимга кирдилар. У киши илмлари билан танилган аёл эдилар. Тушимда катта яшил китобни келтириб, менга тутдилар. «Мен ўқишни билмайман», десам, у киши: «Ўқитиб, эшитиб юрасиз», дедилар. Ҳозирда ҳар сафар боламнинг янги нашр бўлган китобларини олиб келишганда, ўша тушим ёдимга тушади (у кишининг мақомлари улуғлигидан «куёвим» ёки «ўғлим» дейишга ҳам хижолат бўляпман). Шуни айтиб ўтиш лозимки, тўй хусусида истихора қилинганда, кўпчиликнинг тушига китоб кирган, қизимнинг ўзи ҳам китоб кўрган экан. Аллоҳ таоло бизга шундай инсоннинг куёв бўлишини насиб қилиб, у кишидан жондан азиз, кўзимнинг қароси бўлган набираларимни ато этди. Бир муддат улардан айрилиқда яшаганимиз ҳаммага аён. Ўғлим оилалари билан хорижда яшаган кезлар Собирахон қудам билан бирга уларнинг зиёратига бордик. Қудамиз билан уларникида бир оз муддат яшаб, болаларимизнинг дийдорига тўйиш насиб қилди. Ўшанда куёвим билан бирга ҳамхона бўлиб яшаб, у кишининг илм, меҳнат ва ижодга ниҳоятда ҳарис эканликларига гувоҳ бўлдим. У киши ҳар куни бомдодни масжидда жамоат билан адо этиб, уйга қайтишда афғонлар новвойхонасидан иссиқ нон кўтариб келардилар. Биз эса уйда нонушта ҳозирлаб турардик. Болам уйга қайтиб, тез нонушта қилардиларда, ишга шўнғиб кетардилар. Жуда кўп ишлар эдилар. Вақтлари беҳуда ўтмасди. Биз меҳмонларнинг ташрифи у кишининг кун тартибларини, иш режаларини бузмаганди. Бир ёшларга кириб қолган кенжатой Оминахон ишлаётган отасининг атрофларида ўйнаб юрар, у киши азбаройи ишга шўнғиб кетганларидан уни сезмай ҳам қолардилар.

Ғурбатнинг ўзига яраша ташвишлари борлиги сир эмас. Соғинч азоби ҳам енгил нарса эмас. Қизим ватандан турли хабарларни эшитиб сиқилганида, у киши: «Ҳаммаси яхши бўлади, иншааллоҳ. Бу ишларнинг ҳаммаси яхшиликка», дея рафиқаларини юпатардилар. Авваллари ҳам овозлари ёзилган тасмаларни кўп тинглар эдим. Ўзлари биздан узоқда бўлганларида шуларни муттасил эшитиб, юпанардим. У кишининг ҳар бир соҳада чуқур билимга эга эканликларидан, айниқса диний уламо сифатида дунёвий билимлардан ҳам анчагина хабардорликларидан ҳайратга тушардим. Чунки ўзим билган диндор мулло кишиларнинг аксарияти бир томонлама илмга эга эканликларини кўп марта мулоҳаза қилганман. Мана, вафотларига ҳам бир йил бўлай деб қолди. Лекин у кишига шунчалар суяниб қолган эканмизки, бир дақиқа ҳам унута олмаяпмиз. Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло бу кишига буюк Устозлик шарафини инъом этиб, одамларга суянч қилиб, Ўзининг динини қувватлантириш учун сабаб қилган экан.

Ватандан йироқда яшашганда баъзан уларнинг бу ердаги камтарона ҳовлиларига бориб турардим. Шунда хоналарига кириб, у кишининг буюмларини, жавонлар тўла китобларини, чет эллардан келтирилган ажойиб нарсаларни кўрганимда, болаларимнинг соғинчи юрак-бағримни ўртар, лекин «Ҳар бир ишда Аллоҳнинг ҳикмати бор», дея ўзимни юпатардим. Шундай пайтларда уларнинг ҳаққига Роббимга дуо қилишдан, Ўзигагина ёлворишдан ўзга чорам йўқлигини сезардим. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, бағримизни тўлдириб, қайтиб келишди. Ватанга қайтган пайтлари ўғлим зиёратимга келиб турардилар. Ҳайит кунлари ийд намозидан кейин қиладиган илк ишлари мени зиёрат қилиш эди. Одатда бизнинг кулбамизга йўл олганларини билишса ҳам, то етиб келгунларича менга билдиришмасди. Чунки жуда ҳаяжонланиб кетардим. «Келдилар», дейишса ҳам, шошиб қолардим. У киши қизғин кўришар, обдон ҳол-аҳвол сўрардилар. Юзларидан табассум аримасди. Ҳурмат, эътибор билан муомала қилардилар. Ҳазил-мутойибани ҳам канда қилмасдилар. У киши қадам ранжида қилишлари билан бағрим тўлиб, уйимиз нурафшон бўлиб кетарди. Тобим бўлмаган кезларда дам солиб қўярдилар. Дуо қилиб, дардимга шифо сўрардилар. Ҳар сафарги зиёратлари таассуротлари бир неча кунгача давом этарди. Умуман, уйимизда у киши ҳақларида кунда гаплашардик, ҳозиргача бирор кун уларни эсламай қўймаймиз. Мен сизларга у кишининг олимликлари, дин учун қилган ҳизматларининг ақл бовар қилмас даражада улканлиги, халқаро уламолар орасидаги мавқеларининг кўлами ҳақида сўзламаяпман. Чунки бу мавзуни менданда чиройли ёритиб берувчилар бор. «Азага келган хотин ўз дардини айтиб йиғлайди», дейишади-ку. Жанозамни табарругим ўқийдилар, деб умид қилиб, хотиржам юраверибман. Аллоҳ мени у кишининг ортларидан дуо қилувчи қилиб қўйишини қайдан билибман?! Инсончилик экан-да, баъзан шундай азиз ўғлим орамиздан кетиб қолганларини ўйлаганимда ўкинч ҳислари бостириб келиб, юрагимни эзиб кетади. Ота-она учун фарзандини йўқотишдан кўра оғир мусибат йўқ. Ёшим улуғлиги сабабли одатда яқинларимиздан бирорта одам ўтиб қолса, мендан яширишар, анча вақт ўтганидан кейин билардим. Лекин дунёларга баробар куёвимдан жудо бўлганимизни яширишмади, видолашиб қолмасам, армон бўлишини билиб шундай қилишди. Ўшанда тўсатдан кириб келиб: «Тоблари йўқ экан» дейишса, осмон устимга қулагандек бўлди. «Сизлар яширяпсизлар. Нимадир бўлган! Эй Худо!!!» деб дод солиб юбордим. «Бора оласизми? Қийналиб қолмайсизми?» дейишди. «Нега бормайман?! Нега боламнинг олдига бормайман?! Ўлсам ҳам майли! Бораман! Мен ўлсам нима бўпти?!» дердим, холос. Боламни кўрганимда: «Сизни бундай аҳволда кўришга қандай чидайман?! Сизнинг ўрнингизда мен ётсам бўлмасмиди?! Жанозамни ўқийсиз, деб юрардим-ку?!» дея зорландим. Кейин ҳар қанча оғир ҳолатда бўлсам-да, озор бермаслик учун бир амаллаб сукут сақлаб, дардимни ичимга ютдим. Охирги йилларда Ҳазрат жуда-жуда кўп ишладилар. Устма-уст кунига бир неча учрашувлар, маросимлар... «У кишини толиқтирмасликнинг бир йўлини қилмайсизларми?» дер эдим. Вафотларидан кейин эса фурсатни бой бермасдан, ҳамма ишларга улгуриб қолай, деб шошган эканларми, деб ўйлаб қоламан. Сўнгги пайтларда тўлин ойдек бўлиб кетгандилар.

Ой тўлганидан кейин унинг қайтиши ҳам бор, дея юрагимга ғулғула тушарди. Ишлари жуда силлиқ кетяпти. Бирорта камчилик йўқ, ишқилиб хайрли бўлсин-да, дея хавотирланиб қўярдим. Шундай бўлса ҳам яшнаб турган одамни Аллоҳ таоло бирданига, кутилмаганда бизлардан олиб қўйиши хаёлимга келмаган экан.

Жоним болам бизга энди қўшни бўлдилар (бизнинг кулба Кўкчада, масжидга яқин жойда). Ўзимча хона ичида у киши томон юзланиб олиб, ўртанаман. Хаёлан суҳбатлашаман. Соғинчдан ва мусибат шиддатидан куйиб, кўз ёши қилиб оламан.

Мана, вафотларига ҳам бир йилга яқинлашяпти. Лекин қизим билан ҳали бу мавзуда юзма-юз суҳбатлашишга юрак бетламайди. Учрашганда бир-биримизни аяб, шунчаки борди-келди гаплардан у ёғига ўта олмаймиз. Қалбимиздаги оғир дардни бир-биримиздан яширишга ҳаракат қиламиз. Қизимга қараб туриб, отаси оламдан ўтган пайтлардаги ўзимнинг ҳолатимни эслайман. Чунки улуғ одамларнинг оиласи бўлиш аёл кишига нафақат улар ҳаётликларида, балки улардан кейин ҳам катта масъулият юклайди. Аллоҳим, қизимга чиройли сабр, ҳикматли ҳаёт, гўзал натижаларни ато қил. Омин. Зиёратимга келиб турадиган набираларимнинг кўзига қарайман. Исмоилжонимнинг елкасига тушган оғир юкларни ўйлайман. Ҳаққига дуо қиламан. Бундай отадан ажраш осон эмас. Энди ишлар унга қолди, оилада ҳам ота, ҳам ўғил. Кам гапириб, кўп ўйчан бўлиб қолган Одинахон қизимга қарайман. Охирги пайтларда «Ҳазратга қарашишим керак», деб кўп тиришарди, бу бежиз эмас экан. Кенжатойимиз Оминахоним энди битта фарзандли бўлганди, ҳали ўқиётганди, ёш эди. Минг шукрки, тўйини, фарзандини кўрдилар. Улар оталаридан кейин гўё бир зумда улғайиб қолгандек. Аллоҳ уларни Ўз паноҳида асрасин. Оталарининг ишларини давом эттиришда Ўзи ёрдамчи бўлсин. Нафақат Ҳазратнинг оилалари, балки менинг бошқа болаларим ҳам у кишидан кейин етимдек бўлиб, ҳувиллаб қолишди. Мендек бир муштипарнинг қиладиган асосий иши дуо экан, уларга тасалли бериб, қўлимдан келганича ҳақларига дуо қилиб яшаяпман.

Боламни Ўз раҳматингга олгин. Улуғ ажрингдан умидвормиз. Қолдирган ишлари давомли бўлишини сўраймиз. Бизларга эса гўзал сабр бергин. Омин.

Манба: Muslimaat.uz

Саодат ҳожиона.

“Омина” журналининг 1437/2016 йил, март сонидан олинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қозон шаҳрининг, Миллий кутубхонасида .Россияда Ислом V шаҳардаги мусулмонларнинг субъективлиги, халқаро ёзги мактаби очилди. Бу ҳақда ИА .Татаринформ, манбаси давоми...

1362 15:00 / 18.08.2021
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг .Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай давоми...

1728 15:30 / 29.12.2020
2023 йил 28 ноябрь куни шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари .Кўкалдош, ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни .Кўкалдош, ўрта махсус ислом билим юрти давоми...

822 11:41 / 28.11.2023
Афсонавий испаниялик футболчи Хави Барселона ҳужумчиси Лионел Мессининг келажаги ҳақида гапирди. .Месси қоладими Умид қиламанки, иншааллоҳ, .Барселона, га Месси, давоми...

3951 11:30 / 17.03.2021
Видеолар
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021