1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Бошқага ўз тушунчаси бўйича «эй мунофиқ» деган кимса

05:00 / 03.03.2017 3131 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зубайр ибн Аввом билан бирга юбордилар. Иккимиз ҳам отлиқ эдик.
«Тезлаб юриб боринглар. Фалон боғнинг ёнига етганингизда у ерда бир хотин кишини кўрасизлар. Унда Ҳотибнинг мушрикларга ёзган мактуби бор. Ўшани менга олиб келинглар», дедилар.
Биз уни туяга миниб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган жойда кетаётганида топдик ва:
«Ўзингдаги мактубни бер», дедик.
«Менда мактуб йўқ», деди.
Биз унинг ўзини ва туясини тинтиб кўрдик. Шеригим:
«Кўрмаяпман», деди.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ёлғон гапирмайдилар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё ўзинг чиқариб берасан! Ёки кийимларингни ечиб бўлса ҳам, ўзим топаман», дедим.
Аёл қўлини енгнидаги жун кийимининг белбоғига солиб, хатни чиқарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдик. Шунда Умар:
«У Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хиёнат қилди! Қўйиб беринг, унинг бўйнидан чопиб ташлай!» деди.
«Нима сени бунга ундади?» дедилар У зот.
«Мен Аллоҳга иймон келтирган мўмин одамман. Бироқ ўша қавмнинг олдида менинг қўлим бўлсин, деган эдим», деди».
«Рост айтди! Ҳой Умар! Бу Бадрда иштирок этмаганмиди?! Шоядки, Аллоҳ уларга қараб туриб, истаганингизни қилаверинглар! Сизларга жаннат вожиб бўлган, деган бўлса!» дедилар.
Умарнинг кўзидан ёш оқди ва:
«Аллоҳ ва Унинг расули билувчи!» деди
».

Шарҳ: Қурайш қабиласи Ҳудайбияда тузилган аҳдномани бузгандан сўнг Расулуллоҳ Маккани фатҳ этишга аҳд қилдилар ва мусулмонларни ғазотга тайёргарлик кўришга буюрдилар. Аммо бу ниятни сир тутишга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Ўша пайтда У зот «Э бор худоё, бизнинг хабаримизни улардан беркитгин», деб дуо ҳам қилдилар.
Ҳотиб ибн Аби Балтаъа исмли саҳобий Маккадан Мадийнага ҳижрат қилиб келганди. У саҳобий Бадр уруши иштирокчиларидан эди. Маккада унинг бола-чақаси ва мол-дунёси қолганди. Ўзи қурайш қабиласидан бўлмай, уларга дўст тутинганлардан эди.
Ҳотиб ибн Аби Балтаъа Пайғамбар алайҳиссаломнинг ғазотга қасд қилганликлари ҳақида хат ёзиб, бир аёл киши орқали қурайш қабиласига юборди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг дуоларини қабул айлаб, бунинг хабарини у зотга билдирди.
Пайғамбар алайҳиссалом Ҳазрати Али ва Зубайр Ибн Авомларни чақириб, тезда йўлга отланинглар, сизларга бир боғ дуч келади. У ердан бир аёлни топасизлар, унда хат бор, ўша хатни олиб қайтинглар, дедилар.
Қолгани биз ўрганиётган ривоятда зикр қилганидек бўлди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шошилиб, Ҳотиб ибн Аби Балтаъа розияллоҳу анҳуни хоинликда айбладилар ва у кишини қатл этишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ижозат сўрадилар.
Ҳотиб ибн Абу Балтаъа ҳижрат қилиб келганлар билан, мушрик қавмларнинг ичида обрўли бир ҳимоячилари, гаплари ўтадиган одамлари йўқ бўлган. Хатда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга ундай қилмоқчилар, бундай қилмоқчилар, деган гап бўлган. Ҳотиб ибн Балтаъа ўзларича мушриклар: «Хотиб биз тарафда экан» деб, Маккада қолган қариндошларимга тегишмаса керак, деган фикрда бўлган эканлар.
Бироқ, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллаб-қувватлашига у кишининг иймонлари комил бўлган. Бу хатдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай зарар етмайди, деб ўйлаганлар.
Шунинг учун тоза кўнгил билан қариндошларимга зарар етмасмикан, деган хаёлда шу ишни қилган эканлар.
Бу маънони ушбу қиссанинг бошқа ривоятларида келган у кишининг қуйидаги сўзлари тасдиқлайди:
«Мен Қурайш аъзоси эмасман, бошқа муҳожирларнинг Маккадаги қариндошларини ҳимоя қиладиган кишилари бор. Мен ҳам насабдан бўлмаса-да, бирор йўл билан Маккадаги яқинларимни ҳимоя қилиш йўлини ўйлаган эдим. Буни кофирлигим учун ёки диндан қайтиб, муртад бўлганим учун қилганим йўқ».
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У тўғри айтди. Эй Умар! Кўриб қўй, Ҳотиб Бадр урушида иштирок этмаганми? Иштирок этган. Билиб қўйки, шоядки Аллоҳ таоло Бадр қатнашчиларига қараб туриб, «Нима ҳоҳласангиз, қилаверинг, сизларга жаннат вожиб бўлган» деган экан, нима қила оласан?» - деб, Ҳотиб ибн Абу Балтаъанинг мартабаларини кўтардилар.
Шунда ҳазрати Умарнинг икки кўзларидан дув-дув ёш тўкила бошлади ва «Аллоҳ ва Унинг Расули билади, биз билмаймиз», - дедилар.
Четдан қараганда Ҳотиб ибн Абу Балтаъа хиёнат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини мактубга ёзиб, улар томонга кетаётган аёлдан бериб юборган кишидир. Гўё энди у кишига нисбатан ҳар нарса қилса арзийдигандек.
Бироқ, ана шу шароитда ҳам шошилмаслик керак экан, сўраб-суриштириш керак экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини чақириб, сўрадилар. У киши тўғрисини айтди. Маълум бўлдики, у киши хоин эмас экан, балки хато қилибди. Шунинг учун бировни хоин деб, ўлдириб юборишга шошилмаслик керак экан.
Худди шунингдек, бировни дарров кофир, мушрик, мунофиқ, фосиқ, у-бу деб гапиришдан олдин ўйлаш керак, энг асосийси ўзидан «Биродар, бу гапни тушуниб айтдингизми ё йўқми?» деб сўраш керак. Тушуниб туриб айтган бўлса, бошқа гап. Лекин билмай айтган бўлса, дарҳол ўзини тўғрилаб олса, мен ундай деганим йўқ, каби гапларни айтса, алҳамдулиллаҳ.

Шунинг учун мўминман, мусулмонман деб турган, зоҳиран мусулмон бўлиб турган одамни бўлар-бўлмасга кофир, мунофиқ, осий, фосиқ деб турли сифатлар билан сифатлашга бировнинг ҳаққи йўқ.
Минг афсуски, ҳозирги кунда бундайлар жуда кўп. Ўзи билмайди, тушунмайди, ўзи билган озгина нарсага бировнинг бирор жиҳати тўғри келмаса, бу кофир, бу мушрик, бу дўзахга тушади, деявериш кенг тарқалган. Бироқ, ушбу ҳадисдан кўриб турибмизки, бу нарса мўмин-мусулмонларнинг сиймосига тўғри келмайдиган иш экан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир иш қилдилар. Кейин бунга рухсат бердилар. Бир қавм ундан ўзини олиб қочди. Бу Набий давоми...

2952 05:00 / 03.03.2017
Мискинга таом бериш Исломда кенг тарғиб қилинган ишлардан биридир. Бу хайрли амал ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар келган улардан баъзиларини ўрганиб давоми...

4154 05:00 / 03.03.2017
Пешкулик тадбиркор, .Мироншоҳ Мираҳмад медсервис, МЧЖ раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Эркин Болтаев буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган қадимий Афшона давоми...

1391 12:00 / 08.06.2021
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен тушимда боғни, боғнинг ўртасида устунни, унинг бошида ҳалқани кўрдим. Менга, кўтарил, дейилди. Мен, қодир давоми...

4603 05:00 / 03.03.2017