1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ҳақиқатни эшитиб инкор қилганлар

19:00 / 16 сентябрь 503 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯣ ﯤ ﯥ ﯦﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ

«Улардан сенга қулоқ тутадигани ҳам бор. Уни англамасликлари учун қалбларига парда ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик. Агар барча оятларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмаслар. Ҳатто куфр келтирганлар олдингга сен билан тортишувга келганларида: «Бу ўтганларнинг афсоналаридан бошқа нарса эмас», – дерлар» (Анъом сураси, 25-оят).

Қуръон тинглаб, унга фаҳмлари етмаган, унинг йўриқларига юрмаган баъзи одамларнинг ҳақиқий ҳолатини Аллоҳ Ўз Пайғамбарига билдиради:

«Улардан сенга қулоқ тутадигани ҳам бор».

Яъни улар ҳам Қуръонга қулоқ осадилар, уни тинглайдилар, аммо қалблари ундан таъсирланмайди. Чунки уларнинг қалблари парда билан чирмалган. Бу қалбларга Қуръон ҳидояти кирмайди.

«Уни англамасликлари учун қалбларига парда ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик».

Уларнинг қулоқлари Қуръон оятлари тиловатини эшитади, аммо ҳоллари эшитмагандан баттар. Чунки ибрат олмайдилар. Худди қулоқларида тўсиқ бор кар кишиларга ўхшайдилар. Уларнинг эшитганлари ўзларига фойда қилмаганидек, кўрганлари ҳам наф бермайди.

«Агар барча оятларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмаслар».

«Оят» сўзи «Қуръон ояти»дан ташқари, «белги», «аломат» ва «мўъжиза» маъноларини ҳам англатишини аввал эслатиб ўтган эдик. Демак, мазкур мушрик-кофирлар иймонли бўлишни тақозо этадиган кўпгина аломатларни кўрсалар ҳам, улардан ибрат олмайдилар. Худди ҳеч нарсани кўрмагандек, иймонга келмай юраверадилар.

Оятларни эшитиб, кўриб туриб, иймонга келмаганлари етмагандек, Ислом, Қуръон ҳақида ёлғон ва бўҳтон гаплар тўқийдилар:

«Ҳатто куфр келтирганлар олдингга сен билан тортишувга келганларида: «Бу ўтганларнинг афсоналаридан бошқа нарса эмас», – дерлар».

Бу уларнинг Қуръони Карим ҳақидаги бўҳтонларидир. Афсоналар аслида бўлмаган, мўъжизаларга, ғайриоддий ҳодисаларга бой ривоятлар экани ҳаммага маълум. Қуръони Каримда ўтган умматлар ҳақидаги қиссалар борлигини эшитган мушриклар улар ҳақида юқоридаги бўҳтонни тўқиганлар. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Қуръони Карим оятларини ўқиб бераётганларида баъзи мушриклар у зотнинг ёнларига ўтириб олар экан-да, Қуръон тиловатини тамом қилганларидан сўнг: «Муҳаммад сизларга бурунгиларнинг афсоналарини айтиб берган бўлса, мен ундан ҳам яхшиларини биламан», деб, форс афсоналарини айтишни бошлар экан. Мушриклар бу билан кифояланиб қолмасдан:

ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋﰌ ﰍ ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ

«Ва улар ундан қайтарурлар ва ундан узоқлашурлар. Сезмаган ҳолларида ўзларини ҳалок қилурлар, холос» (Анъом сураси, 26-оят).

Аввалги ва ҳозирги мушрик-кофирларнинг ҳоли ажабтовур: ўзлари «Қуръон ўтганларнинг афсоналаридир», – дейдилар. Бироқ

«Ва улар ундан қайтарурлар...»

Ҳа, одамларни ҳақиқий афсоналардан қайтармаган мушриклар уларни Қуръони Каримдан қайтаришга уринадилар. Уни эшитишга, ўқиб-ўрганишга йўл қўймайдилар. Бошқа турли-туман афсоналарни тарғиб қиладилар, Қуръони Каримни эса турли йўллар билан тақиқлайдилар. Мана шунинг ўзи ҳам уларнинг Қуръон ҳақидаги бўҳтонлари ноўрин эканига далилдир.

Улар одамларни, мусулмон бўлиб қолмасин, деб, Қуръондан қайтаришлари етмагандек, ўзлари ҳам:

«...ва ундан узоқлашурлар».

Улар агар Қуръонга яқинлашсалар, мусулмон бўлиб қолишларидан қўрқадилар. Бу ҳол уларнинг ўзлари ҳам мутлақо нотўғри йўлда эканликларини билишларини кўрсатади. Бу ишлари билан:

«Сезмаган ҳолларида ўзларини ҳалок қилурлар, холос».

Қуръондан узоқлашиш ва ундан одамларни қайтаришдан ҳам кўра каттароқ ҳалокат борми? Улар ўзларини эзгу ва улкан иш қилаётгандек ҳис этадилар. Аслида эса алданадилар, сезмаган ҳолларида ўзларини ўзлари ҳалок қиладилар.

Улар шу аҳволда яшаб, беш кунлик дунёдан ўтиб кетадилар. Уларнинг ҳоли охиратда қандай бўлишини бир кўрсанг эди.

ﰔ ﰕ ﰖ ﰗ ﰘ ﰙ ﰚ ﰛ ﰜ ﰝ ﰞ ﰟ ﰠ ﰡ ﰢ ﰣ ﰤ

Олов устида тўхтатилганларида: «Қани эди қайтарилсак, Роббимизнинг оятларини ёлғонга чиқармас эдик ва мўминлардан бўлар эдик», дейишларини кўрсанг эди.

Мушриклар ноқулай ҳолга тушиб қолганда – фаришталар уларни дўзах устида тўхтатганларида, ажойиб бир ҳолатни кўрасан!

«Қани эди қайтарилсак, Роббимизнинг оятларини ёлғонга чиқармас эдик ва мўминлардан бўлар эдик», дейишларини кўрсанг эди».

Уларнинг «Роббимиз», дейишларига қара! Уларнинг Робблари бор эмиш. Дўзах устида тўхтатилгунларича бунақа гапларни билмас эдилар. Қара-я, Роббларининг оятларини ёлғонга чиқармаган мўминлардан бўлар эмишлар. Бу гапларни энди айтишларига боқ!

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Китобда Бану Исроилга .Ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта даражада баланд давоми...

2354 19:00 / 17.10.2023
Бу дунёю у дунёда нажот топай, деган инсон Аллоҳга, Пайғамбарга ва илоҳий Китобга иймон келтириб, уларнинг кўрсатмаларига амал қилиб яшамоғи лозим ва давоми...

3528 11:45 / 05.09.2019
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай марҳамат қилади .У .Бу Роббим тарафидан раҳматдир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса, буни ер баробар қилур. Роббимнинг ваъдаси давоми...

3513 13:21 / 08.12.2018
.Эй Расул Оғизлари ила .Иймон келтирдик, деб, қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганлардан иборат куфрга давоми...

2309 19:00 / 28.09.2023
Аудиолар

210800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130065 14:35 / 11.08.2021