1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Дунёдаги ҳамма ёмонликлар икки сабабдан келиб чиқади

19:00 / 06 август 973 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ

«Сен: «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. Албатта, У Ўз бандаларидан хабардор ва уларни кўриб турувчидир», – деб айт» (Исро сураси, 96-оят).

Одамлар ҳақиқатни тушунмасалар, пайғамбарлик нима эканини англашни хоҳламасалар, улар билан тортишиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, уларни Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиб қўйиш керак. Кофирларга:

«Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир», – деб айт.

Орада бўлиб ўтган гап-сўзлар ва муомалаларга Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ. Пайғамбарнинг ихлос билан вазифасини адо этганига, одамларнинг озорларига чидаганига, тортган азиятларига ҳам Аллоҳ гувоҳ. Кофирларнинг Пайғамбарни ёлғончига чиқарганларига ҳам, унга озор берганларига ҳам, ундан турли мўъжизалар келтиришни ноўрин талаб қилганларига ҳам, «Аллоҳ башардан пайғамбар юборадими?» деб иймон келтирмаганларига ҳам Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ.

«Албатта, У Ўз бандаларидан хабардор ва уларни кўриб турувчидир».

Аллоҳ ҳар бир гап-сўз, қилинган иш, ният ва кўнгилдан ўтган барча ўй-хаёллардан хабардор Зотдир. Шу хабардорлиги асосида улар орасида ҳукм чиқаради. Аллоҳ таоло ҳар бир бандаси қаерда нима иш билан машғуллигини, нима деяётгани-ю, нима қилаётганини кўриб туради. Шу кўриб туриши асосида улар орасида ҳукм чиқаради. Бу ҳукм қиёмат куни чиқарилади.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧﭨ ﭩ ﭪﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, ўша ҳидоят топувчидир. У кимни адаштирса, уларга Ундан ўзга зинҳор валийлар топа олмассан. Уларни қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, соқов ҳолларида тўплаймиз. Уларнинг турар жойлари жаҳаннамдир. У қачон сокин бўлса, уларга ловуллаган олов ни зиёда қиламиз» (Исро сураси, 97-оят).

Аллоҳ таоло инсонни яратгач, унга турли истеъдод ва ақлни бериб, пайғамбар юбориб, ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатиб қўйиб, ихтиёрини ўзига берган. Ақлини ишлатиб, ҳидоят йўлини ихтиёр этган бандаларини ҳидоятга бошлайди. Ана ўша одам ҳақиқий ҳидоят топган одам бўлади. Ҳа,

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, ўша ҳидоят топувчидир».

Ҳавойи нафсининг гапига кириб, залолат йўлини ихтиёр этганларни эса залолатга кетказади. Ана ўшалар ҳақиқий залолатга кетган бўладилар. Аллоҳ залолатга кетказса, ундай кимсалар ўзларига ундан бошқа ёрдам берувчи топа олмайдилар.

«У кимни адаштирса, уларга Ундан ўзга зинҳор валийлар топа олмассан».

Уларнинг ҳоли, айниқса, қиёмат куни ачинарли бўлади.

«Уларни қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, соқов ҳолларида тўплаймиз».

Аллоҳ таоло ҳамма бандаларни қиёмат куни тирилтириб, маҳшарга тўплаганида, залолатга кетган ўша кимсаларни юзтубан, кўр, кар ва соқов қилиб тўплайди. Улар ҳеч нарсани кўра олмайдилар, ҳеч нарсани эшита олмайдилар ва ҳеч нарсани гапира олмайдилар. Азоб фаришталари уларни оёқларидан тутиб, юзларини ерга қаратиб, жаҳаннам томон судраб кетадилар. Ниҳоят, улар ўз турар жойларига эришадилар.

«Уларнинг турар жойлари жаҳаннамдир».

У ерда улар турли азоб-уқубатларга дучор бўладилар. Мабодо жаҳаннамда сокинлик бўлиб қолса, Аллоҳ дарров чора кўради:

«У қачон сокин бўлса, уларга ловуллаган оловни зиёда қиламиз».

Яъни аҳли жаҳаннам битмас-туганмас азобда ушлаб турилади. Уларнинг бунчалик азоб-уқубатларга дучор бўлишларининг сабаби кейинги оятда баён қилинади:

ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ

«Ана ўша оятларимизга куфр келтирганлари ва «Агар суяк ва титилган тупроқ бўлсак ҳам, албатта, янгитдан яратилиб, қайта тирилтириламизми?!» деганлари учун жазоларидир» (Исро сураси, 98-оят).

Ушбу оятда жаҳаннамийларнинг охират жазосига мубтало бўлишларининг сабаби бўлган иккита бош гуноҳлари эслатилмоқда.

Биринчиси – Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмаганлари.

«…оятларимизга куфр келтирганлари...»

Иккинчиси – қайта тирилишга ишонмаганлари.

«Агар суяк ва титилган тупроқ бўлсак ҳам, албатта, янгитдан яратилиб, қайта тирилтириламизми?!» деганлари…»

Дунёдаги ҳамма ёмонликлар ушбу икки сабабдан келиб чиқади, десак, муболаға бўлмайди.

Аллоҳнинг оятларига ишонмай, уларга куфр келтириш орқали ақийда масаласидаги ҳамма нарсалар тескари кетади. Инсон ўша илоҳий кўрсатмалар бўйича яшашдан бош тортгани учун ҳамма ишда нотўғри кўрсатмаларга амал қилиб, расвои олам бўлади.

Қайта тирилтиришга ишонмаган инсон бу дунёда хоҳлаган ёмонлигини қилаверадиган бўлиб қолади. Охиратга, унда қайта тирилиб, бу дунёдаги ҳар бир қилмишига жавоб беришига ишонмаган одам беш кунлик бевафо дунёнинг матоҳидан иложи борича кўпроқ фойда олиш пайидан бўлиб қолади. Табиийки, у мазкур жиловсиз хоҳишни ҳалол-пок йўл билан қондириши мумкин эмас. Натижада иймонсиз инсон ҳеч қандай ёмонликни киприк қоқмай қилаверадиган бўлиб қолади. Охир-оқибат келиб, бир оят юқоридаги

«Уларни қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, соқов ҳолларида тўплаймиз. Уларнинг турар жойлари жаҳаннамдир. У қачон сокин бўлса, уларга оловни зиёда қиламиз» деган илоҳий хабарда зикр қилинган жаҳаннамийлар қаторига қўшилади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Ва улар .Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон, ndash дерлар. Мулк сураси, Мулк сураси, 25оят.Айт .Албатта, давоми...

2671 20:05 / 30.09.2019
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Улар .Ҳа, дарҳақиқат, бизга огоҳлантирувчи келган эди. Лекин биз уни ёлғончига чиқардик ва .Аллоҳ ҳеч давоми...

3155 12:16 / 26.03.2019
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва сенга Китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги барча китобни тасдиқловчи ва уларнинг устидан назорат давоми...

731 19:00 / 08 октябрь
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри давоми...

3170 13:05 / 27.11.2019