Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси уни туққан кундек қайтади», дедилар».
Шарҳ: Яъни, ҳаж ибодати даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиши лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда.
Ҳажни ният қилгандан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш лозим. Тайёргарлик кўриб олиб, ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, иншааллоҳ, ўша банда муродига етади.
Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. Ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар. У киши бу борада ҳаммага ўрнак бўлишлари керак.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар».
Иккисини бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳам умранинг, ҳам ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги умра ўзидан аввалги умрадан буён содир этилган Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлган маълум гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса бўлмас экан.
Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлган, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаждир. Ҳаж қиладиган одам жаннатга эришиш учун мислсиз катта имкониятга эга бўлади. Ҳаж қилувчи динимизнинг беш рукнидан бири бўлган ушбу улкан ибодатни адо этиш пайтида риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлса, ҳажни сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этса, мазкур ваъда қилинган нарсага эришади.
Бу ва олдин келган ҳадислардан ҳаж ибодатининг бошқа ибодатлар қатори, одоб-ахлоқ масаласига қанчалар боғлиқ эканлигини кўрамиз. Мусулмон инсон бу ибодатни адо этиш жараёнида ўзининг одоби ва ахлоқини сайқаллаш имконига эга бўлади.
«Оиша розияллоҳу анҳо:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» деди.
«Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали Байтга ҳаждир», дедилар».
Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.
Насаийнинг лафзида:
«Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», дейилган.
Шарҳ: Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг бу муборак ҳадисларида ҳаж ибодатини жиҳоддан ҳам юқори даражага қўймоқдалар.
Аввалги мусулмонларнинг барчаси энг афзал амални қилиш ва энг улкан савобни олиш иштиёқи ила ёниб яшар эдилар. Мана, уларнинг вакиласи Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» деб сўрадилар.
Демак, аёллар жамоаси ўзлари ўрганган ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан исломий амалларнинг ичида энг афзали жиҳод, деган хулосага келганлар. Аммо улар ўзбилармонлик қилиш дардидан холи бўлиб, ўзларига пешво бўлган, ўзларидан илмли зотлардан сўрамай, бирор иш қилмаганлар. Бу сафар ҳам Оиша онамиз ўзлари билган нарсани, яъни аёл кишиларнинг ҳам энг афзал амални қилиш ниятида жиҳод қилишлари лозим ёки лозим эмаслигини яна бир бор аниқлаб олиш мақсадида сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир», дедилар».
Демак, аёллар жамоасига ҳаж қилиш, ҳаж бўлганда ҳам, ҳажжи мабрур қилиш энг афзал жиҳод бўла олар экан.
Насаийнинг лафзида:
«Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали Байтга ҳаждир», дейилган.
Бу ҳадисдан ҳажжи мабрур энг гўзал ва энг яхши жиҳод эканлиги маълум бўлмоқда. Шунинг учун ҳаж қилиш бахтига муяссар бўлган ҳар бир банда ўз ҳажининг ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи, ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаж бўлиши учун ҳаракат қилмоғи зарур.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Арофат куничалик Аллоҳ бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. Албатта, У зот яқинлашиб келади ва фаришталар олдида улар билан фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди», дедилар».
Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж кунларидан бири бўлмиш Арофат кунининг фазли ҳақида сўз юритмоқдалар. Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан энг кўп озод қиладиган кун Арофат куни экан. Чунки Арофатда турган кишилар тавбани энг кўп қиладиган кишилар бўлиб, уларнинг ўзларини хору зор тутишларини кўриб, Аллоҳ таоло фаришталар олдида улар билан фахрланади. Шунинг учун Арофатда туриш бахтига мушарраф бўлган ҳар бир банда ўша куннинг улуғ фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилиши керак. Худди ана шу куни у Аллоҳ таоло дўзахдан озод қилган саодатмандлар жумласидан бўлиб қолиши мумкин.
«Албатта, У зот яқинлашиб келади ва фаришталар олдида улар билан фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди».
Бу ҳодиса ҳам Арофат куни бўлади. Аллоҳ таоло фаришталари олдида ҳажга борган бандалари билан фахрланади. Бу ҳажнинг улкан фазийлати бўлиб, бу мақомга фақатгина ҳаж қилган бандагина эришиши мумкин.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан олинди