1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Пайғамбарликни даъво қилганлар (биринчи мақола)

15:04 / 22.07.2020 3277 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Токи дажжоллар ва каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Улар ўттизга яқиндирлар. Уларнинг барчалари ўзининг Аллоҳнинг расули эканини даъво қилади», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Дажжол-макрчи, адаштирувчи ва алдовчи.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Токи менинг умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилмагунча ва бутларга ибодат қилмагунларича қиёмат қоим бўлмас. Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Мендан кейин набий келмас», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоятларида каззоблар йигирма еттита бўлиши ва улардан тўрттаси аёл кишилиги айтилган. Улардан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлик даврларида чиққан учталари; Мусайлиматул Каззоб, ал-Анасий ва Ибн Сайёдлар ҳақидаги ривоятлар келаси сатрларда келади.

Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин ҳам пайғамбарлик даъвосини қилганлар чиққан. Мазкур каззоблар ичида Мухтор ас-Сақафий, Ғулом Аҳмад Қодиёний, Баҳоуллоҳ ва бошқалар бор.


Мусайлима ва ал-анасий каззоблар

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мусайлиматул Каззоб Набий алайҳиссаломнинг даврларида Мадинага келди ва «Агар Муҳаммад менга ўзидан кейин ишнинг ярмини берадиган бўлса, унга эргашаман», деди. У ўз қавмидан кўп киши билан келган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом у томон бордилар. У зот билан бирга Собит ибн Қайс ибн Шаммос ҳам бор эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қўлларида хурмо шохининг бўлаги бор эди. У зот шериклари ичида ўтирган Мусайлиманинг устига келиб тўхтадилар ва: «Агар мендан мана шу бўлакни сўрасанг ҳам бермайман. Аллоҳнинг иши сенга ўтмайди. Агар қайтсанг, Аллоҳ сени бўғизлайди. Менимча сен тушимга кирган одамсан. Мана бу Собит менинг ўрнимга сенга жавоб беради», дедилар ва ўгрилиб кетдилар.

Ибн Аббос айтади: «Абу Ҳурайрадан Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Менимча сен тушимга кирган одамсан» деган гаплари ҳақида сўрадим. Бас, у: «Расулуллоҳ алайҳиссалом «Мен ухлаб ётганимда икки қўлимда иккита тилло билакузукни кўрдим. Уларнинг ҳоли мени ташвишга солди. Менга тушимда «уларга пуфла» деб ваҳий қилинди. Бас, мен иккисига пуфладим. Иккиси ҳам учиб кетди. Мен иккисини мендан кейин чиқадиган икки каззобга таъвил қилдим. Улардан бири ал-Анасий ва бошқаси Мусайлима», дедилар», деди».

Бошқа бир ривоятда:

«Мен иккисини мен ўрталарида бўлган икки каззобга; Санъо соҳиби ва Ямома соҳибига таъвил қилдим», дейилган.

Икки шайх ривоят қилишган.

Бани Ҳанийфа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда уларнинг ичида машҳур бузғунчи Мусайлиматул Каззоб ҳам бор эди. Бу нобакор аввалроқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юборган эди. Мактубда қуйидагилар айтилганди:

«Аллоҳнинг Расули Мусайлимадан, Аллоҳнинг Расули Муҳаммадга. Аммо баъд; Мен бу ишда сенга шерик бўлдим. Бу ишнинг ярми бизгадир. Унинг ярми Қурайшгадир. Қурайш адолат қиладиган қавм эмаслар».

Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуйидаги жавобни ёзгандилар:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан, Мусайлимага. Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд; Албатта, ер Аллоҳнинг мулкидир. Уни Ўз бандаларидан кимга хоҳласа ўшанга мерос қилур. Оқибат тақводорларникидир».

Бани Ҳанийфа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганларида Мусайлимани У зотдан кийимлари билан тўсиб турган эдилар. Бу каззоб шу ерда ҳам ўз нобакорлигини қилганди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз султонлари остидаги нарсанинг бир қисмини беришларини сўраганди. Шунда У зот қўлларидаги чўпни кўрсатиб:

«Сенга мана шу чўпни ҳам бермайман», дегандилар.

Мусайлиматул Каззоб Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин бош кўтарди. У яна пайғамбарлик даъвосини қилди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл лашкарини ўша Нажд тарафдаги, Ямомадаги Мусайлиматул Каззобга юборди. Унинг ортида мадад учун Шурҳабийл ибн Ҳасанани яна бир лашкар билан юборди. Икрима Шурҳабийл ибн Ҳасанани кутиб турмасдан, ўзи ишни битирмоқчи бўлиб, шошилиб Мусайлиманинг аскари билан тўқнашди ва енгилди. Абу Бакрнинг ундан аччиғи чиқди ва Мадинага қайтиб келмасдан Яманга бориб Ҳузайфа ва Аржафага қўшилишга, улар билан бирга Аҳли маҳарга қарши уруш қилишга амр қилди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга одам юбориб уни Мусайлима томон юришга амр қилди. Унга муҳожир ва ансорлардан иборат катта лашкарни мададга юборди. Шурҳабийл ибн Ҳасанага одам юбориб Холидни кутиб туришга амр қилди. Мусайлиманинг қирқ минг кишилик лашкари бор эди.

Мусайлима ва Бани Ҳанийфаликлар Холиднинг келаётганини эшитиб Ямоманинг четига аскаргоҳ қилиб одам тўпладилар. Уларга жуда кўп одам қўшилди.

Холид ҳам яқинлашиб келарди. Унинг лашкари олдида Шурҳабийл ибн Ҳасана борарди. Бани Ҳанийфанинг аскаргоҳига бир кечалик йўл қолганда уларнинг Омирдан ўч олиб келаётган бир жангчи гуруҳини учратди. Бу гуруҳга Бани Ҳанийфанинг улуғларидан Мажоъа ибн Марора бошлиқ эди. Холид амр қилиб бошлиқларидан бошқасини қатл этдирди.

Сўнгра Холид бориб муртадлар лашкари ила тўқнашди. Икки томон қаттиқ жанг қилди. Дастлаб мусулмонларнинг иши юришмади. Муртадлар Холиднинг чодиригача етиб келдилар ва унинг хотинини асир олмоқчи бўлдилар. Уларни Мажоъа бу ишдан қайтарди. Сўнгра мусулмонлар бирлашдилар ва Аллоҳ уларга Ўз сакинасини нозил қилди. Холид ўз одамлари ила ҳамла қилиб муртадларни ортига қайтарди.

Бани Ҳанийфаликлар аччиқланиб шиддатла жанг қилдилар. Холид уруш Мусайлиманинг зиддига бўлаётганини англади. Уни яккама-якка олишувга чақирди. У олишувга чиқди ва иши оғирлашиб қолганда қочди. Унинг одамлари ҳам қочишга турди. Холид мусулмонларга нидо қилди. Улар бирдан ҳамла қилиб муртадларни шармандаларча муғлуб этдилар. Муртадларнинг қолганлари Мусайлиманинг Ҳадийқатур Роҳман номли боғига кириб олишди. У қўрғонга кириш мусулмонлар учун қийин бўлди. Ансорийларнинг шижоатлиларидан Барроо ибн Молик, мени боғнинг ичига отинглар, деди. Шерикларни уни ўша боғнинг ичига улоқтирдилар. Унинг ёлғиз ўзи дашман билан жанг қила туриб эшикни очди. Мусулмонлар ундан кириб душманни қатл қилдилар. Қатл этилганлар ичида Мусайлима ҳам бор эди. Уни Ҳамза ибн Абдулмуттолибнинг қотили Ваҳший билан яна бир ансорий ўлдирдилар. Ўша вақтда Мусайлима юз эллик ёшда эди.

Шунингдек, Яманлик Асвад ал-Анасий номли каззоб ҳам пайғабарлик даъвосини қилиб чиққан эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Муҳожир ибн Абу Умайя бошлиқ лашкарни Асвад Ал-Анасийнинг аскарларига қарши юборди. Муҳожир уларни енгиб Ислом ҳукмини қайтадан ўрнатди.

(Давоми бор)

Islom.uz портали таҳририяти

 

Мавзуга оид мақолалар
8савол. Мусулмонлар Муҳаммадни бегуноҳ тасвирлашади, ва унга ҳар бир нарсада эргашишини талаб қилишади, шунингдек шафқатсизликда ҳам. Лекин Қуръонда Муҳаммад давоми...

3639 20:38 / 22.04.2017
3савол. Биз ҳақиқатда 7 та хил қуръон бўлган, фақат Пайғамбар вафотидан кейин одамлар ўзларича улардан битта умумий қуръон қилишди, деб ўқидик. Пайғамбар замонида давоми...

4079 20:35 / 22.04.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимМуқаддима олдидан кириш сўзиУшбу китоб салафийларнинг раьйлари ва уларни машҳур қилган мафкуралари хусусидаги бирор мунозарани ўз давоми...

3106 05:00 / 13.03.2017
20савол. .Ислом босқинчилик дини, қаранг бир неча ўн йил ичида қандай катта ҳудудни эгаллаб олишди, Халифалик тузишди. Буни фақат қилич ёрдамида қилиш мумкин холос. давоми...

5872 20:46 / 22.04.2017