1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Устозларга эҳтиром вожиб!

11:45 / 27.09.2019 3276 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Исломда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёсдир. Муаллимлик, мураббийлик ва устозлик мартабаси ‒ буюк шарафдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш пайғамбарлар ҳам муаллим ва мураббий қилиб юборилганлар. Дарҳақиқат, бу соҳа вакиллари жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек, уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият манфаатланади. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади:

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон.

“Муаллим” сўзининг маъноси “илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи” демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, шунингдек,  яхшиликка чақирганлар. Мана шунинг ўзи ҳам бу соҳа вакилларининг мартабалари нақадар юксак эканига далолат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун башариятга Устоз қилиб юборилганлари ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади:

У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жумъа сураси, 2-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Муаллим қилиб юборилганликларини ўзлари очиқ-ойдин баён қилганлар:

“Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, ‒ дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс муаллим бўлишини унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, шундай деганлар:

Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига дуо қиладилар(Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим услублари шу қадар мукаммал ва манфаатли бўлганки, У Зот берган таълимни ўзлаштирган толиби илмлар бутун жаҳонга машҳур бўлиб, етук зотлар бўлиб етишган. Буюк саҳобаи киром Муовия ибн Ҳакам ас-Суламий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг муаллимликларини мақтаб шундай деган:

“Ота-онам У Зотга фидо бўсин! У Зотдан олдин ҳам, кейин ҳам У Зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, У Зот мени жеркимаганлар ҳам, урмаганлар ҳам ва сўкмаганлар ҳам!” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши муаллим бўлганликлари учун бугунги кунимизда барча муаллимлар У Зотдан ўрнак олишлари айни муддаодир.

Маълумки, юртимизда ҳам устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлод баркамол, етук ва маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.

Ватанимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар таълим тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини кўтариш, уларнинг ойлик маошларини кўпайтириш каби ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, диний таълим тизимида ҳам кун сайин ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Масалан, 2018 йил 17 апрелда “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони чиқди, жорий йилдан “Ҳадис мактаби” ишга тушди. Келажакда бу мактаб етук ҳадис илми мутахассисларини етиштириб беради. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва барча диний-маърифий ташкилотларда фаолият кўрсатаётган нафақадаги ходимлар ойликлари билан бирга нафақа пулларини тўлиқ оладиган бўлди.

Ҳукуматимиз томонидан таълим соҳаси ва ўқитувчи-мураббийларга кўрсатилаётган бундай эътибор таҳсинга лойиқдир. Зеро, улар тарбиялайдиган билимли, ҳам маънавий, ҳам жисмоний кучли фарзандларимиз давлатимиз келажаги бўлади. Бизнинг мусулмонлик бурчимиз ‒ ҳар бир яхшиликка шукр айтиш ва бу хайрли ислоҳотларда фаол бўлиб, имкон борича қўллаб-қувватлашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки, вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Шундай экан, ҳар бир шогирд устози вафот этган бўлса, устозидан олган билимини бошқаларга тарқатиши ва устозини ҳаққига дуо қилиб туриши шогирдлик бурчларидан ҳисобланади.

Islom.uz портали таҳририяти 

Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ҳам ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи инсоният учун улкан давоми...

1969 18:30 / 07.04.2020
Абу Бакр Аттор айтади .Жунайд Абул Қосим жамоат билан намоз ўқиб турганида ўлим ҳозир бўлди. У намозни ўтириб ўқиётган эди. Сажда қилишга чоғланиб, оёқларига давоми...

2375 08:00 / 23.06.2020
Салама ибн алАкваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Урўзани қийналиб тутадиганлар зиммасида мискин таоми фидя бордир, ояти нозил бўлганида ким хоҳласа, оғзи давоми...

2308 15:00 / 11.05.2019
Қуръони Карим нозил бўлганидан бери мунтазам равишда бирор илмий ҳақиқат кашф этилади. Баъзи олимлар .Мана мен одамларга маълум бўлмаган илмий янгиликни кашф давоми...

2431 17:00 / 30.01.2021