1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ёмонликларнинг онаси

05:00 / 02.03.2017 4088 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзининг каломи шарифида “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз”  деган Аллоҳ таолога беадад ҳам ду саноларимиз бўлсин.

Ўзларининг ҳадиси шарифларида “Хамрдан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир” (Имом Насаий ривояти), деган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб солавоту-дурудларимиз бўлсин.

Шариятимизнинг барча кўрсатмалари, яъни буйруқ ва қайтариқлари нафақат инсонларнинг, балки бутун мавжудоту махлуқотларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш, фаровонлаштириш, соғломлаштириш, ривожлантириш, хавфсизлигини таъминлаш ва ўзаро бир-бирлари билан муносабатларини тўғри йўлга қўйиш сабабли мутаносибликларини сақлаб қолиш учун хизмат қилади. Мазкур холатларни сақлаб қолишлик ва ривожлантиришлик маъсулияти Аллоҳ таоло тарафидан бошқа мавжудотларга эмас айнан, инсонларга топширилгандир.

Ушбу масъулиятли ва шарафли вазифани инсонлар адо этмоқликлари учун Аллоҳ таъоло барча имкониятларни уларга яратиб берди. Шунинг учун ҳам барча мавжудотларни инсонларга бўйинсиндириб уларга беминат хизмат қиладиган қилиб қўйди. Шу сабабли шариат  инсондан ўзидаги беш унсурни авайлаб асрашликни талаб этади.

Улар: кишининг дини, жони, ақли, насаби ва молидир. Аслида инсоннинг том маънодаги инсон бўлиб туриши учун мазкур беш унсур унда доимо сақланиб туриши талаб этилади. Агар уларнинг бирортасига путур етадиган бўлса, инсоннинг мартабаси ҳам сезиларли даражада тушади. Буни эса, уларнинг рўйхатдаги мартабасига, эгаллаган ўрнига қараб билиб олсак бўлади. Шариатимизда ушбу беш унсурни сақлашлик ўта муҳим бўлганлигидан, уларни ҳимоя қилаётиб жон таслим қилган киши шаҳидлик мақомига эришишлиги айтилган. Шунинг учун ҳам ҳар қандай замон ва маконда бўлса ҳам мусулмонлар ўзларидаги мазкур неъматларни ҳимоя қилишни ўзларининг муқаддас бурчлари деб қарашган.

Мазкур беш унсур инсонларга берилган неъматларнинг энг улуғларидандир ва мазкур неъматларни сақлашлик шариатнинг асосий мақсадларидандир.

Буни билишлик учун шариат аҳкомларига диққат билан эътибор берадиган бўлсак ҳаммаси аён бўлади. Масалан, Шариатдаги амрлар, бўйруқлар каттасидан тортиб кичигигача барчасининг замирида айнан мазкур унсурларни ҳимоя қилиш ҳикмати ётади.

Намоз диннинг устуни, иймоннинг ўзаги, барча ёмонликлардан ҳимоячи, барча яхшиликларга ундовчи, маънавий ва жисмоний соғликнинг гарови ва ҳокозолар. Бу рўйхатни ҳоҳлаганингизча ва ҳоҳлаган ибодатларингиз тўғрисида давом эттиришингиз мумкин. Фақат тафаккур кўзи билан назар солсангиз бўлди. Қайтариқларда ҳам айнан шундай ҳикмат ва мақсад мавжуд. Масалан, хамр(маст қилувчи нарсалар) динни кемирувчи, иймоннинг заволи, барча ёмонликларга бошловчи, барча яхшиликлардан тўсувчи, маънавий ва жисмоний соғликларнинг кушандаси, ақлни кетказувчи, наслни бузувчи, молиявий инқирозни чақирувчи ва ҳокозолар. Бу рўйхатни ҳоҳлаганингизча ва ҳоҳлаган қайтариқлар тўғрисида давом эттиришингиз мумкин. Биз эса рўйхатни давом эттиришдан тийилиб асосий мақсадга, яъни хамрни инсоният учун қанчалик зарарли нарса эканини ёритиб бермоқчимиз.

Хамрнинг маъносини “Маст қилувчи нарсалар“ деб таржима қилдик “ичимликлар“ демадик, чунки бугунги кунга келиб, маст қилувчи нарсаларни турлари шунчалик хилма-хилки уларнинг ҳаммаси ҳам ичимлик эмас, балки чекиладиган, ҳидланадиган, игна воситаси орқали юбориладиган, шимиладиган ва ҳоказолар. Бошқа ман этилган нарсаларга қараганда биз сўз юритмоқчи бўлган нарса, яъни “хамр“нинг зарари ўта хавфли ва кенг кўламлидир. Зотан, баъзи ман этилган нарсалар сақланиши лозим бўлган беш унсурнинг қайсидир бирига ёки баъзисига зарар етказиши мумкин. Лекин, хамр уларнинг барчасига ҳам баробар зарар етказади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида хамрни “Ёмонликларнинг онаси” деб атаганлар: 


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Хамр ёмонликларнинг онасидир. Кимики уни ичса Аллоҳ қирқ кун намозини қабул қилмайди. Агар хамр унинг ичида эканлигида ўлса, жоҳилият ўлимида ўлган бўлади” дедилар” (Доримий ривояти).

Одатда бу дунё сабабият олами, яъни ҳар бир нарсанинг пайдо бўлиши ёки дунёга келиши учун бир неча сабаблар бир жойда жамланиши шарт қилинади. Аллоҳ таоло хоҳласа, бу сабабларсиз ҳам ҳамма нарсани йўқдан бор қилиб қўяверади. Лекин, ўзининг илоҳий иродаси ва ҳикмати билан бу дунёни сабабият олами қилиб яратди. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳар бир жонзот ўз онаси орқали бу дунёга келади. Эътибор берадиган бўлсак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида хамрни “Ёмонликларнинг онаси“ деб нақадар тўғри баҳо берганлар. Орадан қарийб бир ярим минг йил ўтиб мазкур атаманинг бежиз эмаслигини мусулмон бўлмаганлар ҳам англаб етмоқдалар. Аср уламоларимиз ва сиёсатдонлар ҳам хамрни ҳозирги кунда “аср вабоси” деб атаяпдилар. Ачинарлиси ёмонликларнинг онаси кундан-кунга кўпроқ болалаётир. Унинг болалари кириб бормаган юрт, шаҳар ва қишлоқни ўзи қолмади десак хато бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини бир ҳадиси шарифларида “аср вабоси”дан сақланиш, четланиш кераклигини қуйдагича уқтирганлар.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Хамрдан сақланинглар! Албатта у барча ёмонликларнинг калитидир” дедилар” (Ҳоким ривояти).

Қуйида эса, хамрнинг айнан биздаги беш унсурга нисбатан ёмонликлари ва зарарларини ўрганиб чиқамиз:


1. Хамр инсонни динидан айради


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлмас, ароқхўр ароқ ичаётганида мўмин бўлмас, ўғри ўғрилик қилаётганида мўмин бўлмас, талончи талон қилганида, одамлар унга кўзларини тикиб қараб қолганларида у мўмин бўлмас”, дедилар” (Байҳақий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда хамр ичишлик қандай катта гуноҳ эканлиги икки хил йўл билан тушунтирилмоқда:

Биринчиси – уни истеъмол қилаётган киши айни жараёнда мўъмин бўла олмаслиги;

Иккинчиси – хамрни истеъмол қилувчи киши, зинокор ва ўғри билан гуноҳда баробар эканлиги.

Худди шунга ўхшаш маъноларни бошқа ривоятларда янада аниқроқ, очиқроқ услуб билан келтирилган:


Асмо бинт Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитганман:

“Ким хамр ичса, Аллоҳ таоло ундан қирқ кеча рози бўлмайди. Агар ўлса, кофир ҳолида ўлади. Агар тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Агар яна хамрга қайтса, “хабол тийнаси” ила суғормоқ Аллоҳнинг зиммасида бўлур”.

“Эй Аллоҳнинг Расули, “хабол тийнаси” надир?” дейилди.

“Дўзах аҳлининг йирингидир”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Бу ҳадиси шарифда хамр истеъмол қилувчига ўзига хос азобу уқубат бўлиши зикр қилинмоқда. Улар:

1. Аллоҳ таоло ундан қирқ кун рози бўлмаслиги;

2. Агар шу ҳолда вафот этса, кофир ҳолида ўлиши;

3. Жаҳаннам аҳлининг йиринги билан суғорилиши.

Эътибор берадиган жойимиз учинчиси, хамр истеъмол қилувчи хамр ўта лаззатли, ёқимли ва тоза деб истеъмол қилади. Аслида эса унинг тасаввуридаги тушунчалар мутлоқо аксинча нафақат аччиқ, ифлос ва ҳаром, балки соф табиатли ҳар қандай инсон ҳазар қиладиган, истеъмол қилиш ҳақида ўйлаб кўриш ҳам мумкин бўлмаган ҳаттоки инсоннинг кўзи тушса, кўнгли айнийдиган жароҳатдан оқиб тушаётган йирингни унга жазо сифатида ичирилади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Агар банда зино қилса ёки хамр ичса, Аллоҳ таоло ундан иймонини суғуриб олади. Гўёки инсон кўйлагини бошидан суғириб ечганидек” дедилар” (Ҳоким ривояти).


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимики Аллоҳга хамр ичувчи ҳолда йўлиқса, гўёки бутга ибодат қилувчи каби йўлиқибди” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хамрхўрни ажойиб ва бир пайтни ўзида жирканч ўхшатма билан мисол қилиб, келтираяпдилар.

Афсуски, ушбу ҳолат қанчалик аччиқ бўлсада айни ҳақиқатдир. Зотан инсон дунёда нимага ёки кимга қаттиқ муҳаббат қўйса, ўшасиз ҳаётни тасаввур қила олмаса, уни ҳаётини мазмуни деб, эътиқод қилса, билингки, у инсон ўшанинг бандасидир. Шунинг учун ҳам инсон ўша нарсага эришиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. Тасаввур қилинга бир майхўрни олдига майни идиши билан қўйиб, шунга сажда қилсанг, шу сеники дейилса, сўзсиз сажда қилади. Бунга ўхшаш мисоллар ҳаётда кўп учрайди. Майхўрлик йўлида ҳар қандай тўсиқ бўлса ҳам уни бузиб ўтишликка тайёр бўлади. У тўсиқ, ота-она, оила, ватан туйғуси, бор мол-мулки, обрўси, соғлиги, тинчлиги, дўстлари, қавму қариндошлари ва ҳокозолар бўлиши мумкин.


2. Хамр инсонни жонидан айиради


Ҳаммага маълум Аллоҳ таоло бир неча ояти каримада қотилликнинг барча турларини харом қилган. Нафақат бошқаларни балки инсон ўзини ўзи ўлдиришини ҳам ман этган. Қотилликни эса турли услублари бор.

Тезлик билан, тўғридан-тўғри ўлдириш ёки аста-секинлик билан баъзи истеъмол қилинадиган нарсалар воситаси билан ўлдириш. Хамр истеъмол қилиш қотилликнинг барча турларини ўз ичига олади.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир” (Нисо 29 оят).


“Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг! Албатта, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўради” (Бақара 195 оят).


“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким ўшани тажовузкорлик ва зулм ила қилса, албатта, уни дўзахга киритамиз. Бу эса, Аллоҳга осондир” (Нисо 29-30 оятлар).


Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сизлардан аввал ўтганларнинг ичида бир инсон бўлган, унинг қўлида жароҳати бўлиб, у оғриганда сабр қила олмасдан пичоқ билан қўлини кесади. Натижада, кўп қон йўқотиб вафот этади.

Аллоҳ таоло: “Бандам (ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай) ўз нафси ила Менга шошипди. (Шунинг учун) Унга жаннатни харом қилдим”, дейди” дедилар” (Бухорий ривояти).

Кўпинча хамр истеъмол қиладиганлар ҳам қандайдир ташвишларни, қийинчиликларни, муаммоларни ечимини айнан хамрда деб, тасаввур қиладилар. Натижада, ҳадиси шарифда келган воқеа билан бир хил тарзда якун топади. Ҳар иккиси ҳам бошқа-бошқа йўллар билан битта манзил сари интилмоқда, у манзил эса, жаҳаннамдир!


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимики тоғдан ўзини ташлаб ўлдирса, у жаҳаннамнинг ичида абадул абад ўзини тоғдан ташлайверади. Ва кимики заҳар ичиб ўзини ўлдирса, жаҳаннамда абадул абад қўлидаги заҳарни ичаверади. Ва кимики ўзини темир (тиғ) билан ўлдирса жаҳаннамда абадул абад қўлидаги темир билан ўзини уради”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Мазкур оятлар ва ҳадиси шарифлардан билиб олдикки хамрни истеъмол қилиш ҳам ўзини-ўзи ўлдиришнинг бир тури экан. Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор эта олмайди. Ҳаттоки ҳозирги куннинг мусулмон бўлмаган шифокорлари ва сиёсатдонлари ҳам хамрни бир овоздан “аср вабоси" деб аташмоқда ва хамрҳўрликка чек қўйиш учун турли чора тадбирларни қўллашликни таклиф этишаяпди.

Улар бу чораларни таклиф этишларига етарли сабаб қилиб хамрни доимий истеъмол қилиб юриш қанадй натижаларга ва ҳалокатларга олиб боришини кўрсатадилар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра дунёдаги ўлимларнинг деярли тўрт фоизига спиртли ичимликларни истеъмол қилиш сабаб бўляпди. Бу бало одамларнинг умрига зомин бўлишда ОИТС, сил ва уришдан ҳам юқори ўринда.

Бу иллат, айниқса, ривожланган мамлакатларда касаллик даражасига етган. Даромадларнинг ошиши майхўрларнинг авж олишига олиб келмоқда. Россияда ҳар бешинчи ўлим маст қилувчи ичимлик билан боғлик.

Дунёда ҳар йили икки ярим миллион одам айни шу иллатдан вафот этади. Одам организмидаги жигарнинг қуриши, заҳарланиши, тутқаноқ, саратон каби олтмишдан ортиқ касаллик ҳамда жуда кўп йўл транспорт ходисаларининг илдизи ичкиликка бориб тақалади.


3. Хамр инсонни ақлидан айиради


Шариатимизда бирор нарса ҳаром қилинадиган бўлса унинг ҳаром қилиниши учун яроқли бир иллат бўлиши шарт қилинади. Айнан шу “иллат” ўша нарсадаги шаръий ҳукмни сабаби бўлади.

Масала:


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Қотил мерос олмайди”, дедилар” (Сунан эгалари ва Дора Қутний ривоят қилган).

Бу ҳукмнинг иллати ўзига тегиши керак бўлган нарсани вақтидан олдин олиш учун қотиллик қилиш. Шунинг учун у меросдан маҳрум қилинади.

Энди асосий мақсадимиз хамрни ҳаром қилиниш иллатини билишлик. Буни Аллоҳ таоло Ўзини ояти каримасида қуйидагича баён этган:


“Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида 90-91 оятлар).

Ушбу ояти карима хамрнинг қатъиян ҳаром эканлигига далилдир. Бизни билишимиз керак бўлган нарса, яъни уни ҳаром қилинишига сабаб бўлган иллат нима эканлигидир. Нима учун бошқа ичимликлар эмас айнан хамр ҳаром қилинди экан. Жавоби ояти каримани ўзида баён этилгани, яъни хамр диний ва дунёвий, сиҳҳий ва ижтимоий зарар ҳамда фасодларни келтиради. Инсонлар ўртасида адоват ва бир-бирларини ёмон кўрсатиш каби ишларга ҳам сабаб бўлади.

Зотан “хамр” сўзи араб тилида “тўсиш”, “бекитиш” маъноларини англатади. Шундан келиб чиқиб хамрни “харомлик иллати” одатда ва ғолибан ақлни тўсувчи, яъни маст қилувчи эканлигидир.

Демак, ушбу аслга қиёсан маст қилишлик иллати бор ҳар қандай нарса ёки ичимлик ҳам ўз-ўзидан ҳаром бўлади. Чунки, буларнинг барчаси инсониятга берилган энг буюк неъматларидан бири бўлмиш “ақл”ни кетказади. Ақл кетгандан кейин нималар содир этилишини сўзлаб ўтиришга хожат бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир неча ҳадиси шарифларида ақлни тўсувчи. Танани бўшаштирувчи нарсаларнинг ҳар қандай турларини истеъмол қилишликдан қатъий қайтарганлар. Жумладан: 


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи ва (баданни) бўшаштирувчи(нарсалар)дан қайтарганлар”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ва ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир. Ким бу дунёда хамрни ичиб уни тарк қилмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмас”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилганлар).

Мазкур икки ҳадиси шарифда хамрга жуда ҳам тўлиқ таъриф берилган ва унинг ҳар қандай турини истеъмол қилишликдан қайтарилган. Биринчи ҳадиси шарифдаги “баданни бўшаштирувчи, сусайтирувчи” нарсаларни ҳозирги кунимизда “наркотик” деб аталади. Албатта унинг ҳам турлари жуда кўп бўлиб, уларнинг барчаси юқоридаги далиллар асосида ҳаром бўлади.


4. Хамр инсонни наслидан айиради


Шаръий ва тиббий жиҳатдан одатда ҳар томонлама носоғлом инсондан, носоғлом фарзандлар дунёга келишини инкор этиб бўлмайди. Ушбу ҳақиқат Аллоҳ таолонинг каломи шарифида қуйидагича ўз ифодасини топган:

“Ва Нуҳ: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин. Албатта сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар” (Нуҳ 26-27 оятлар).

Нуҳ алайҳис салом кофир қавмларни бекорга дуоибад қилмаганлар. У зот уларни ичида 950 йил яшаганлар. У қавмнинг табиатини билганлар, тажрибадан ўтказдиганлар ва ниҳоят чорасизликдан уларни ислоҳ қилишликнинг ҳеч қандай йўли қолмагандан кейин дуоибад қилганлар.

Энди мазкур ҳолат тўғрисида тиббиёт мутахасисларининг фикрларини ва уларнинг фикрларини воқеъликда қанчалик ҳақиқат эканлигини исботловчи рақамларни келтириб ўтамиз.

Тиббиёт фанининг отаси Гиппократ ақлан заифлик, тутқаноқ касаллигига чалиниш сабаблари сифатида ота-оналарнинг мастликда қўшилиши билан боғлиқ деган.

Хамрнинг наслга таъсирини олимлар жуда кўп текширишларда, кузатувларда тўла исботлашган. Жумладан, 8 ой мобайнида овқатига хамр қўшиб берилган қуёнлардан 93 та бола туғилган. Уларнинг 62 таси ўлик туғилган. Спиртли ичимлик ишлаб чиқариладиган цех ичида 160 дона тухум товуқларга бостирилган. Очиб чиққан жўжалардан 40 таси ўлик, 25 донаси турли нуқсонлар билан туғилган.

Истеъмол қилинган хамр одам ҳомиласига унинг ҳамма даврларида ҳам ҳалокатли таъсир қилган. Ҳомила пайдо бўлишидан олдин ёки пайдо бўлаётган пайтида истеъмол қилинган хамр унинг ҳужайраларини изига қайтариб бўлмайдиган даражада шикастлар етказади. Бунинг натижасида бола нуқсонли бўлиб туғилади ва бу жароҳатлар унга бутун ҳаёти давомида азоб беради. Ҳомила она қорнидалигида аёл хамр ичса, у қонорқали ҳомилага дарҳол ўтади. Айниқса, ҳомиланинг 3-8 ойлигда ўта ҳавфли бўлиб, жуда катта ҳалокатли таъсир қилади. Ҳатто ҳомила ота-она маст бўлмаган пайтда пайдо бўлган бўлсаю, ҳомиладор аёл хамр ичса фарзанд ногирон бўлиб туғилиш хавфи кўпроқдир.

Олимлар 130 та ҳомиладор аёлларни кузатиш жараёнида, улардан 10 фоизи ичишга ружу қўйганлар. Натижа шуни кўрсатдики, ичувчи аёлларнинг биронтасида ҳам соғлом фарзанд туғилмаган. Улардан биттаси боласини эрта туққан, қолганлари эса турли даражада нуқсонли фарзандлар туғишган. Ақли заифлар интернатидаги 800 боланинг ота-онасидан суриштирилганда бу болаларнинг барчаси мастлик пайтида пайдо бўлган экан.

Олимларнинг кўрсатишича 1874 текширилган ичувчиларнинг 71,3 фоиз оталари, 10 фоиз оналари, 33 фоиз ота томонидан бобоси, 18,4 фоиз она томондан бобоси ичувчилар бўлишган. Шундай қилиб, бу ичувчиларни кўпчилик қисмини отаси, онаси, боболари, момолари ичувчилар бўлишган, булар орасидан отаси ичувчи бўлганлари кўпчиликни ташкил қилган. Хулоса қилиб айтганда, эркакларнинг ичувчи бўлишида отасини, қизларининг эса онасини ҳиссаси катта эканлиги аниқланган. Ичувчилар оиласининг 50 фоиз болалари ичувчи бўлиши исботланган. Бу натижа ичувчилар учун хоссатан ҳомиладорлик пайтида ичувчилар учун салбий балки ачинарли дардларнинг бошланиши холос. Қолганларини рўйхатини эса қуйида ҳукмингизга ҳавола этамиз. Охиратдаги ичувчилар дучор бўладиган аламли азобу-уқубатлар эса, Аллоҳ таолога ҳаволадир. 

Вашингтон Университетининг мутахассиси доктор Анн Стрейсгузнинг тасдиқлашича, ҳомиладорлик пайтида истеъмол қилинган алкогол ичимлиги бир қанча носоғлом болалар туғилишига сабаб бўлар экан. Питсбург Университетининг 700 бола устида ўтказган тажрибалари шуни кўрсатдики, ҳар куни бир стакан пиво ичишлик биринчи навбатда мияни заҳарлар экан.


АГАР ҲОМИЛАДОР АЁЛ ИЧКИЛИК ИЧСА


1. Меъёрига нисбатан боланинг кичик туғилиши – 98%;

2. Келгусидаги руҳий муаммолар – 89%;

3. Бошнинг кичик бўлиши – 84%;

4. Нутққа зарар етиши – 80%;

5. Тўқималарга шикаст етиши – 80%;

6. Баджаҳллик – 72%;

7. Қийшиқ бармоқлар – 51%;

8. Жинсий аъзоларнинг шаклланмаслиги – 46%;

9. Эшитишнинг шикастланиши – 46%;

10. “Қуёнлаб“ – 40%;

11. Шаклсиз кўкрак – 30%;

12. Юракда кам-кўстлар – 29%;

13. Кўзнинг шикастланиши – 25%;

14. Ортопедик шикастланиш – 24%;

15. Тирноқларнинг синиши – 16%;

16. Терининг шикастланиши – 14%;

17. Доимий чарчоқ – 12%;

18. Буйрак етишмовчилиги – 10%;

19. Суяклар деформацияси – 9%;


Жами: 850 хил камчилик ва етишмовчилик, зарарларни келтириб чиқаради.


5. Хамр инсонни молидан айиради


Шариат имизда бошқаларни молини ботил йўл билан ейишлик қандай харом қилинган бўлса, ўзини молини ҳам ботил жойларга ва зарарли нарсаларга сарф қилмоқлик шундай харом қилинган. Қолаверса, молини ҳалол йўл билан топишликка қанчалик буюрилган бўлсак, уни худди шундай ҳалол йўлга сарф қилмоқликка ҳам буюрилганмиз. Ҳалол йўлга сарф қилганда ҳам исрофгарчиликка йўл қўймаслигимиз талаб этилади. Зотан исроф шариат имизда харомдир. Хамрга сарф қилинаётган ҳар бир маблағ исроф ҳисобланади.


“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир” (Нисо 29 оят).


“Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф 31 оят).

Исрофчилар ношукр бўлганидан ўзларига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-харишга, маъсият ва ёмонликка сарф қиладилар. Улар бу борада шайтонга биродар бўладилар. Шайтон эса, ношукрликда донғи кетгандир. Албатта, шайтонга биродар бўлган исрофчиларнинг бошига ҳам ўз биродарлари шайтони лаъиннинг бошига тушган бало, офатлар тушиши турган гап.


Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Албатта, Аллоҳ сизларга оналарга оқ бўлишни, қизларни тирик кўмишни, (ҳуқуқларни) ман қилишни, бер-бер, дейишни ҳаром қилди. Ва яна сизларга қийлу қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди”, дедилар” (Икки Шайх ривоят қилишган).

Бу ҳадиси шарифда бизнинг мавзумизга тегишли жойи “молни зоеъ қилишни” Аллоҳ таоло ёқтирмаслиги. Молни исроф қилишликни турлари ва миқдорлари жуда ҳам кўп, лекин Аллоҳ таоло уларни барча турлари ва миқдорларини ҳаром қилган. Зотан шариат ни мақсадларидан бири ҳам айнан шу. Агар хамр учун сарфланаётган маблағларни ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак даҳшатли рақамларга дуч келамиз. 

Дунёда хамрни энг кўп истеъмол қиладиганлардан бири бўлган Россияликлар. Улардаги ҳисоб-китоб бўйича бир йилда аҳоли бошининг ҳар бирига 16 литр спиртли ичимлик тўғри келар экан. Россия аҳолиси 2010 йилга келиб 129 миллион 700 мингни ташкил қилди. Россияда 1 литр ароқ 178 рубл туради. Энди мазкур рақамларни бир-бирига кўпайтириб умумий исроф қилинаётган маблағни қийматини чиқарамиз. Ҳисоблаш қулай бўлиши учун 129 мл. аҳолига деб фараз қиламиз.

Умумий литр: 2 милрд 64 млн.

Умумий қиймат; 367 милрд 392 млн. рубл, бу қийматни АҚШ пул бирлигига айлантирсак тахминан 13 милрд 121 млн 143 минг долларни ташкил қилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2011 йилда алкогол ва саломатлик холати борасида ўзини баёнотини чоп этди. Бу баёнотномада бир киши бир йилда неча литр алкогол истеъмол қилиши тўғрисида энг кўп алкогол истеъмол қиладиган 10 давлатни рўйҳатини берди. Унга кўра аҳоли бошига бир йилда тўғри келадиган спиртли ичимликлар миқдори қуйида кўрсатилган:

1. Молдавия Республикаси 18,22 литр;

2. Чехия Республикаси 16,45 литр;

3. Венгрия Республикаси 16,27 литр;

4. Россия Федерацияси 15,76 литр;

5. Украина Республикаси 15,60 литр;

6. Эстония Республикаси 15,57 литр;

7. Андорра Республикаси 15,48 литр;

8. Руминия Республикаси 15,30 литр;

9.Словения Республикаси 15,19 литр;

10. Белоруссия Республикаси 15,13 литр.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак дунё бўйича исроф қилинаётган маблағларни ҳисоб-китоб қилиш жуда ҳам қийин . Бизнинг мақсадимиз эса уларни ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиш ҳам эмас . Балки , мазкур мамлакатлар рўйхатини тафаккур эгалари учун ибрат тариқасида мисол қилиб келтирдик холос . Аллоҳ таъоло барчаларимизни ибрат олувчилардан қилсин. Омин !


Бегматов Исҳоқжон, Тўхтабой жомеъ  масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Садақа, сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу мано закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига давоми...

19741 05:00 / 03.03.2017
Ушбу матнлар бундан тахминан минг йил аввал Андалусиядаги мусулмонлар шифохонасида даволанаётган француз йигитнинг Париждаги отасига ёзган мактубида акс давоми...

2335 16:30 / 16.10.2021
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сен биродарингла жанжаллашма ва у билан мазаҳлашма. Унга бир ваъда бера туриб, сўнг давоми...

3012 05:00 / 02.03.2017
Сўзлаётган пайтда ортиқча ҳаракатлар қилмаслик лозим.Бунга кўз, қош, қўл ва бошқа аъзоларнинг ҳаракати ҳам киради. Суҳбатлашаётганда, суҳбатдошини туртиб, давоми...

8361 11:30 / 11.05.2022