1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ҳазрати Умму Ҳоний бинти Абу Толиб (биринчи мақола)

19:58 / 15.07.2020 2080 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Умму Ҳоний! Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз», деб марҳамат қилдилар.

Исро ва Меърож воқеалари ҳақида гапирилганида албатта Умму Ҳонийнинг ҳам номи тилга олинади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечаси унинг уйида мусофир бўлган эдилар ва у Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож воқеасини хабар берган ровийлардандир.

Хўш, Умму Ҳоний ўзи ким? Унинг асл исми нима? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қариндошлик даражаси қандай?

Насаби

Умму Ҳоний Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибнинг Фаҳита исмли қизи бўлиб, Ҳазрати Алининг опасидир.

Исми қандайлиги ҳақида ихтилофли фикрлар бор. Ҳинд, Атиқа ёки Фотима дегувчилар ҳам бўлган. Лекин энг машҳур бўлгани Фаҳитадир.

Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ёш кичик бўлган. Гўзал ахлоқли аёл эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналари Оминанинг вафотидан сўнг Ҳадича бинти Ҳувайлидга уйлангунларига қадар амакилари Абу Толибнинг уйида яшадилар. Бу йиллар давомида ўзларини Абу Толиб оиласининг бир аъзосидек кўрар, асло ёлғизликни ҳис этмасдилар. У пайтда Фаҳита кичкина бир қиз эди.

Оила ҳаёти

Ҳубайра ибн Ваҳб Маҳзум ўғилларининг энг кўзга кўринган кишиларидан эди. Қавми ичида мавқеи улуғ бўлиб, сўзини ўтказа оларди. У Фаҳитани сўраб келганида Абу Толиб розилик билдирди. Фаҳита Ҳубайрадан икром ва эҳтиром кўрди. Унинг ҳимоясида бахтиёр ҳаёт кечирди.

Орадан кунлар, кунлар кетидан ойлар ўтди. Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик тушди. Оила аҳлини, қариндошларини ва қавмини Исломга даъват этди. Бир қисми унга ишонди ва тўғри йўлни топди, бир қисми ишонмади ва кофир бўлди. Ҳубайра адашганлар орасида эди. Бу йўлни танлаганлар имон келтирмайгина қолмай, зулм ва жафо билан, янги диннинг ёйилипшга тўсқинлик қилардилар. Аммо Ҳубайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўрталаридаги қариндошликка риоя қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсиятларини таҳқирлар, ҳурмат кўрсатар эди.

Фаҳита ҳам дастлаб эрига эргашиб, Исломга кирмади. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳоний уйида мусофир бўлиб қолдилар. Бу кеча Аллоҳ таолонинг Пайғамбармизга энг буюк эҳсон ва икромлар берган хайрли, узун бир кеча эди. Умму Ҳоний бу кеча ҳақида шундай ҳикоя қилади:

«Исро воқеаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда қолганларида бўлди. Бу кеча Аллоҳ Расули хуфтон намозини ўқиб, ухладилар. Биз ҳам ухлаётган эдик. Эрта билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни уйғотдилар ва:

— Эй Умму Ҳоний! Кўрганингдек хуфтон намозини ҳам бу ерда ўқидим. Ҳозир ҳам сизнинг ёнингизда бомдод намозини адо қилдим, — дея буюрдилар.

Сўнгра уйдан чиқиш учун ўрниларидан турдилар. Мен кетмасин деб, ридоларининг бир учини тутдим. Қоринлари кўринди. Кўйлаклари Мисрда тўқилган, катандан қилинган оҳорли кўйлакка ўхшар эди.

— Эй Аллоҳниш пайғамбари, буни инсонларга айтманг. Сизни ёлғончига чиқариб, азият беришади, — дедим.

— Аллоҳга қасамки, бу воқеани уларга айтаман, — дедилар. Шунда мен бир ҳабаш жориямга:

«Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам таъқиб эт. Инсонларга нима ҳақида гапирганларини ва уларнинг жавобларнин эшит», дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан чиқиб, бошқа кишиларга ҳам бизга айтган гапларини айтдилар. Кўпчилик ўзини йўқотиб қўйди ва:

— Буни қандай исботлайсан, эй Муҳаммад. Биз бундай нарса ҳақида ҳеч эшитмаганмиз, - дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Далил шуки, мен фалон водийда, фалон кишиларнинг карвонига дуч келдим. Уларнинг туялари бир ҳайвондан ҳуркиб, қочиб кетган экан. Мен уларга туялари турган жойни кўрсатдим. Бу мен Шомда бўлган пайтимда юз берган эди. Сўнгра йўлимда давом этдим. Макка яқинидаги Тихома деган жойда Дажнон тоғига дуч келганимда фалон-фалон кишиларнинт карвонига тўқнаш келдим. Улар ухлаб ётардилар. Сув солинган бир идишлари бор эди. Устига бир нарса ўралганди. Ёпқични олиб, ичидаги сувни ичдим. Кейин қандай бўлса, шундай қилиб устини ўрадим. Ҳозир эса уларнинг қофиласи Макка яқинида, Танъим йўлидаги Байзо тепалигидан тушяпти. Олдинда рангги қорага мойилроқ кулранг туя бор. Туянинг устида бири қора, бошқаси оқиш иккита ҳарор бор, - дедилар.

Бу гапни эшитганлар дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган йўлга югурдилар. Илк кўрганлари туя бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тасвирлаганларидек кўринишда эди. Кейин карвондан идишни сўрадилар. Улар идишда сув тўла бўлганини, сўнг устини ўраб қўйганларини, уйғонганларида эса ичида сув қолмаганини тасдиқладилар. Маккага қайтганларида бошқа карвонни ҳам учратдилар. Берилган саволга улар ҳам:

«Тўғри сўзлабди, Валлоҳи, у айтган водийда туямиз ҳуркиб қочди. Шунда бир овоз эшитдик. У овоз туямизнингг турган жойини айтди. У ерга бориб, туяни топдик», дея жавоб бердилар».

(Давоми бор)

Маҳмуд Маҳкам таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг шахсий сифатлари илоҳий ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорилфунунларида олинган дарсларга йўғрилган давоми...

2536 19:30 / 01.06.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай қилишларига сабаб бор эди. Бу сабабни у зотдан бошқа фақат Яратганнинг Ўзи билар эди.Бу сабабни билиш учун имом давоми...

4118 12:35 / 08.10.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлариникида навбати билан тунар эдилар. Ўшанда навбатлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида эди. Расулуллоҳ давоми...

3892 14:50 / 20 май
Фотима бинту Абдулмалик ҳақида .То бугунги кунимизгача бу аёл каби сифатланган аёлни билмаймиз, дейишарди. Чунки у халифа Абдумалик ибн Марвоннинг қизи, халифа давоми...

2083 16:00 / 29.11.2021