1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Бу намознинг фазлини биламизми?

16:35 / 19.06.2020 3601 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир намоз бор. Муаззин тонг отганда азон айтиб, «Намоз уйқудан яхшидир. Намоз уйқудан яхшидир» дейди. Бу гапни эшитган ақлли инсон дарҳол ўрнидан туриб, таҳорат олиб, муаззиннинг чақириғига лаббай деб масжидга, намозга шошади. Бу шундай намозки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида тарғиб сўзларини айтиб, биз умматларини қизиқтирганлар.

Тўшагидан тургиси келмаган, танасини дангасалик эгаллаб олган киши азон пайтида кўзини бир очади-да, яна уйқуни давом эттиради ёки азонни эшитмай ухлаб ётади. Агар у мазкур намознинг қадрини, унда қандай яхшиликлар борлигини билганида эди, уни ҳеч қачон тарк қилмаган, ухлаб ётмаган бўларди. Аксинча, қўлига Қуръони Каримни олиб, тиловат қилганча ўша намозни соғинч ва шавқ билан кутиб ўтирарди.

Бу намоз бомдоднинг икки ракат суннатидир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир» деганлар. Имом Муслим ривоятлари. Бошқа бир ривоятда «У иккиси мен учун дунёдаги барча нарсадан маҳбубдир» дейилган. Ушбу ҳадисларда айтилаётган «икки ракат»дан мурод бомдоднинг фарзидан олдин ўқиладиган суннат намоздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу намозга жуда ҳарис эдилар, уни қолдирмасдан ўқирдилар.

«Дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир» дегани дунёнинг барча матосидан яхшидир деганидир. Оқил инсон охиратда ютуққа эришиш учун дунёда амал қилган, нафсига қарши курашган, Аллоҳ таолони рози қилиш сари юзланган кишидир.

Модомики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу суннат намозни ўқишга шунчалик эътиборли бўлган эканларми, демак, биз умматлари ҳам у зоти бобаракотга эргашиб, уни қолдирмай ўқишимиз керак. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга мазкур намозни ўқишга ҳарис бўлмаганлар. Унда кўп хайр-барака борлигидан шундай қилганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо «(У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўша суннатни ҳеч қачон қолдирмаганлар» деганлар.

 Яна Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафллардан ҳеч бирига Бомдоднинг икки ракъатига аҳд қилганларидек шиддатли аҳд қилмаган эдилар». Учовлари ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу таъкидланган суннатни ўқишга нақадар ҳарис бўлганларини кўринг! Нима учун? Чунки, бу суннат намоз энг афзал пайтда адо этилади. Ҳатто бомдодни қазо қилган одам ўша куни қиёмдан олдин бомдоднинг қазосини ўқиб олмоқчи бўлса, аввал суннатини ўқиб, кейин фарзининг қазосини ўқийди.

Бомдоднинг икки ракат суннатини ҳақида шунчалик тарғиб бўлгандан сўнг, унинг фарзи ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Биз нима қиляпмиз? Суннатни ўқиш у ёқда турсин, фарзларни қазо қилиб қўйяпмиз. Инсон шундай фазилатли намозни тарк қилиб, улкан савобдан қуруқ қолиши ақлга сиғадими?

Таъкидланган суннат намозлар ичида энг улуғи бомдоддан олдин ўқиладиган икки ракат суннатдир.

Ушбу мақолани ўқиганимиздан сўнг ҳам мазкур намоз ва бошқа намозларга нисбатан ғофиллик қиламизми? Улкан савобдан қуруқ қоламизми? Ваҳоланки, биз Роббимизнинг улуғ ҳадяларига, ажрларига кўпроқ муҳтожмиз-ку!

Эндиям шайтоннинг васвасасига қулоқ соламизми?!

Шундан кейин ҳам қалбимиз, танамиз ва барча аъзоларимиз ғафлат уйқусида ухлаб ётадими?!

Шундай фазилатли вақтдаги улуғ савобли намозни ўқимай, қалбимиз ва танамиз уйқу, ғафлат асири бўлиб қолаверадими?!

Бугунги куннинг баъзи ёшларини кўриб, юрагим ёрилиб кетай дейди. Улар тунни телефонлари экранига термулганча, турли ижтимоий тармоқларда кезган ҳолда ўтказиб, энг фазилатли дамларда ғафлат уйқусида ётадилар. Муаззиннинг бомдодга айтаётган азонига, «Ҳаййа алас солаҳ» («Намозга келинглар!»), «Ҳаййа алал фалаҳ» («Нажотга келинглар!»), «Ассолату хойрум минан навм» («Намоз уйқудан яхшидир!») деган нидоларига қалблари сесканиб ҳам қўймайди. Телефонларидан бош кўтармайдилар. Қуёш уфқдан бош кўтариб бўлганда кўзлари уйқудан очилади, лекин қалблари ҳалиям ғафлат уйқусида ухлаётган бўлади. Уйқудан турибоқ яна телефонга термулишни бошлайдилар.

Баъзи ёшлар туни билан интернетда ўтириб ёки турли ўйинлар ўйнаб вақт ўтказиб, бомдод вақти киришига бироз қолганда уйқуга кетадилар. Катта фожиалардан бири шуки, муаззин азон айтяпти, улар эса ухлашга ҳаракат қиладилар. Бундай ҳолни, умрлари шу тарзда ўтаётганини кўриб дод деб йиғлагим келади. Агар улар ўлимни эсга олганларида, тўсатдан ўлим келиб қолишини ўйлаганларида бундай қилмасдилар. Зеро, ўлим кишининг қаришини ёки касал бўлишини кутиб ўтирмайди. Кўпчилик уйқуга ётиш асносида «Эртага туриб, намозимни ўқиб оламан», «Эртадан бошлаб бомдоднинг суннатига ва бошқа намозларга эътиборли бўламан», «Эртага тавба қиламан», «Эртадан бошлаб шайтоннинг васвасасига қарши курашаман» каби гаплар билан ўзларини овутадилар. Эрта келганда, улар тирик ҳолда турадилар деб ким кафолат берди уларга?!

Ўрнингиздан туринг-да, таҳорат олиб, намоз ўқинг! Ҳозир тавба қилинг! Ҳозирдан шайтон васвасасига қарши курашишни бошланг! Ҳозирдан намозларга эътиборли бўлинг! Чунки эрта келмаслиги ёки эрта келганда, сиз тирик бўлмаслигингиз мумкин. Надомат қилиб қолишдан олдин қалбингизни уйғотинг!

Агар футбол ўйини бўладиган бўлса, ҳамма ишингизни ташлаб уни томоша қилишга югурасиз. Аслида Аллоҳ таолонинг розилиги сари югуришимиз керак эмасми?! Аслида Аллоҳ таолонинг байтлари бўлмиш масжидлар сари мусобақа қилишимиз керак эмасми?! Нафсингизни ҳисоб-китоб қилинг ва ундан сўранг: «Мунофиқлик сенинг сифатларингдан бири бўлишига розимисан?»

Қандай қилиб мунофиқ бўлади дейсизми? Ҳайрон бўлманг, ким бомдодни такр қилса, бу нифоқ белгисидир. Эътибор берсангиз, тонг пайти ҳаво жуда тоза, соф, енгил бўлади. Биласизми нега? Чунки, бу пайтда ҳавога турли чиқиндилар, газлар қаторида мунофиқларнинг нафаслари ҳам аралашмаган бўлади.

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқидилар ва «Фалончи намозга келдими?» деб сўрадилар. Саҳобалар «Йўқ» дейишди. «Фалончи намозга келдими?» деб сўрадилар. Саҳобалар яна «Йўқ» дейишди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, бу икки намоз (хуфтон ва бомдод) мунофиқларга оғир намозлардандир. Агар улар у иккисида нималар борлигини (қандай савоблар борлигини) билганларида эди, уларга эмаклаб бўлса ҳам келардилар» дедилар. Имом Насоий ривоятлари.

Бошқа намозлар қаторида хуфтон ва бомдод намозларини ҳам қолдирмай ўқиб юрадиган кишилар қандай фазлни қўлга киритишларини биласизми?

Улар кечани тўлиқ бедор ўтказганнинг савобига эга бўладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким хуфтонни жамоат билан адо этса, кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бомдодни жамоат билан адо этса, кечанинг ҳаммасини бедор ўтказибди» деганлар. Имом Муслим ривоятлари.

Кечани бедор ўтказиш дегани туни билан ухламасдан ибодат қилиб чиқиш деганидир.

Жаннатга киришни истайсизми? Унда бомдод намозини жамоат билан адо этинг! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким икки совуқ (намоз)ни ўқиса, жаннатга кирур», деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари. 

Баъзи уламолар ушбу ҳадисда айтилаётган намозларни бомдод ва хуфтон десалар, баъзилари бомдод ва аср деганлар.

Тун қоронғусида масжид сари юриб борар экансиз, иншаа Аллоҳ, сизга қиёмат куни тўлиқ нур ато этилишини унутманг.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидларга зулматларда юриб борувчиларга қиёмат куни тўлиқ нур бўлишининг башоратини бер», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. 

Масжидга кириб, бомдод намозини кутиб ўтирганингизда, фаришталар сиз учун Аллоҳ таолодан мағфират ва раҳмат сўраб турадилар. Фақат бунинг ўзигина эмас. Бу пайтда ўқиладиган намозга ҳамма ҳам келмайди. Аллоҳ таоло ғафлат уйқусида ётган кишилар ичидан фақат сизни танлаб олиб, Ўз ҳузурида туришингизга муваффақ қилди. Унутманг, бомдодни ўқиган киши Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади.

Жундаб ибн Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бомдод намозини ўқиса, у киши Аллоҳнинг аҳди ва омонидадир. Эй одам боласи, қарагин! Аллоҳ сени ҳаргиз аҳдидан бирор нарсани зое қилган ҳолда топмасин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар «...Киши модомики, намозхонасида таҳоратини синдирмасдан ўтирар экан, фаришталар унинг ҳаққига: «Аллоҳим, мағфират эт, Аллоҳим, унга раҳмат қил», деб дуода бўлишади. Сизлар (масжидга кириб), уни кутганингиздан бери, намозда турган ҳисобланасизлар», деб айтдилар. Муттафақун алайҳ. Бу Бухорийнинг ривоятлари.

Қолаверса, бомдод намозини жамоат билан ўқиган одамнинг ажри қуйидаги ҳадисда айтилган фазилатлар билан янада кўпаяди.

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган. 

Имом Термизий ривоят қилган.

Бомдоднинг суннати, фарзи ҳақида келган бу ҳадисларни ўқиганимиздан сўнг, барча фарзу суннат намозлар қаторида мазкур намозларга ҳам эътиборли бўлсак, уларни қолдирмай адо этиб борсак, Аллоҳ таолонинг фазли билан дунёда ва охиратда кўп яхшиликларга, баракотларга эришамиз.

Аллоҳ таоло барчамизни намозларнинг ҳаммасини қолдирмай, ўз вақтида, масжидда, жамоат билан адо этиб боришимизни насиб этсин!

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Намозхонлар орасида юз берадиган саволлардан баъзиси ушбу маънода бўлмоқда Такрори жамоат дурустми Яъни, масжидда жамоат бўлиб намоз ўқилган бўлса, кейин келган давоми...

5103 05:00 / 09.01.2017
Бир ота айтади .Бир кун менинг фарзандим кўчада ўйнаб юрган экан. Шомга азон айтилди ва ўғлим уйга чарчаб келиб .Ота, мен чарчадим намозни уйда ўқийман,, деди. давоми...

2357 11:00 / 07.10.2021
Бу ҳадисдан ҳар бир намознинг вақти алоҳида эканлиги умумий равишда айтиб ўтилмоқда. Бундан бир вақтда бир неча намозни ёки бир намознинг вақтида бошқасини ўқиб давоми...

12343 05:00 / 04.01.2017
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, давоми...

53832 05:00 / 04.01.2017