1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жаннат райҳонлари

5 ёшли боланинг Рамазон синдроми

15:00 / 23.05.2020 3443 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1 Рамазон

Бугун уйда ажойиб бир ҳолат. Ҳамма жимгина ишига, ўқишига кетмоқда. Ойижоним: «Зайнаб, келақол қизим, сенга нонушта тайёрлаб берай», – деди. Ҳеч ким ҳеч нарса емаяпти, ҳатто сув ҳам ичмаяпти. Опам ҳам!

5 Рамазон

Бошида булар парҳез қилишяпти деб ўйладим. Кечга томон ҳаммалари сокинлашиб қолишади. Дастурхонни ясатиб, азонни кутишади. Уларни бу ҳолатда кузатиш шунақа мароқлики. Бошқа пайтда жим туришни билмаган опамнинг бу ҳолидан кулгим келяпти. Лекин кулишга жасорат қаерда дейсиз.

9 Рамазон

«Нимага бундай қиляпсизлар?» – деб опамдан сўрадим. «Катта бўлганда тушунасан…», – деди.

Бошқа нима ҳам дерди…

Ойижонимдан сўрасам, Рамазон деди.

Дадамдан сўрасам, Рўза деди.

11 Рамазон

Демак, бу Рамазон ва Рўза исмли кишилар жуда қаттиққўл экан, бизникиларга ейиш-ичишни тақиқлабди.

Ўртоғим Фотимадан сўрадим, унинг оиласидагилар ҳам еб-ичмаётган эмиш.

14 Рамазон

Қошиқ товушлари, кимларнингдир гаплашаётгани қулоғимга чалинди. Уйғониб кетдим. Дадамга хабар берай деб югуриб борсам, хоналарида йўқлар. Чорасиз опамнинг хонасига югурдим. У ҳам йўқ!

Қўрқмадим! «Мен бу ўғриларнинг таъзирини бериб қўяман!» – дедим. Қўлимга супургини олдим, ошхона эшигини шиддат билан очдим. Ўғрини ураман деб супургини бошим узра кўтарганимни биламан, шу ҳолатда қотиб қолдим.

Не кўз билан кўрайки, бизникилар овқатланишяпти!

Вой шармандалар! Кундуз куни Рўза билан Рамазондан қўрқиб, кечаси овқат еб ўтиришибди. Яна устимдан кулишганиничи…

Қўрқоқлар!

17 Рамазон

Бошида шу Рўза билан Рамазонни топиб, булардан шикоят қилмоқчи бўлдим, лекин шу кунларда овқат емаган опамнинг пахтадай юмшоқ, шойидай мулойим бўлиб қолганини кўриб, фикримдан қайтдим. Дадам билан ойижоним ҳам умуман тортишмай қўйишди.

Йўқ, шундай давом этаверсин! Бу Рўза билан Рамазон амаки яхши инсонларга ўхшаяпти.

19 Рамазон

Бугун бизникига қариндошлар келишди. Эркаклар қаергадир кетишди. Эшитганим Таровеҳ деган кишиникига.

Аёллар эса ҳар доимгидай келини, қайнонаси, сериаллар ҳақида гаплашишмади. Биргаликда ўтириб Қуръон тиловат қилишди, узундан узоқ дуолар қилишди. Тўғриси, ойижонимнинг қучоқларида ухлаб қолибман.

22 Рамазон

Ҳамма нарса ўша-ўша давом этмоқда. Телевизорда ҳам фақат яхши нарсалар. Ажойиб…

Англаганим, ҳамма Ифтор-Ифтор деб кимнидир кутади, келганини ўйинга чалғибми кўрмадиму, у келгандан кейин ҳамма бирдан овқат ейишни бошлайди.

24 Рамазон

Шу Рўза деган амаки кимлигига роса қизиқиб қолдим. Тунов куни Ойша холам билан ойижоним «Мана бунақа қилса, Рўза очилиб кетадими?», «Бундай бўлса Рўза бузиладими?» – деб гаплашаётганларини эшитиб қолдим. Демак, Рўза амаки жуда ҳам нозик инсон. Инсонлар ёмон бўлса, асаби бузилиб, кетиб қолади.

Шу Рўза билан Рамазон амакининг кимлигига роса қизиқяпманда. Улар билан танишишни жуда хоҳлаяпман…

25 Рамазон

Шу кунларда ҳамманинг оғзида Қадрнинг кечаси. Энди бу Қадр дегани ким бўлди? Қандай қилиб инсонда кеча бўлиши мумкин? Яна унинг кечаси минг ойдан яхшиймиш. Қадр амакининг кечасида ухламаслик керак экан, намоз, Қуръон ўқиш керак эмиш.

27 Рамазон

Қанча қизиқувчан бўлмай, ухлаб қолибман. Қадр амаки кечаси билан биргаликда келиб кетибди. Мен кўролмай қолдим. Ҳамма осмонга қараб: «Мана Қуёшга қара, майин шамолга қара, бир-икки томчи ёмғир ҳам ёғди. Қадр кечасида бу, Қадрда», – дейишди. Умуман ҳеч нарсани тушунолмадим. Об-ҳавонинг Қадр амаки ва унинг кечасига қандай алоқаси бўлиши мумкин?!

Шу сабабли ҳам акамни жуда соғиндим. Опамдан шуларни сўрасам, тўйиб-тўйиб кулади. Камига дугоналарига ҳам айтиб беради, улар ҳам кулгидан ўзларини тўхтата олмайдилар. Жаҳлим чиқиб кетади.

Акам катта шаҳарда университетда ўқийди. «Акам қачон келади?» – деб сўрадим ойижонимдан. «Байрам келса, у ҳам келади», – деди ойим.

Рўза, Рамазон, кечаси билан бирга келган Қадрдан сўнг энди Байрам келармиш!..

Нимага энди у келмасдан акам келолмас экан-а? Балки у акамнинг дўстимикан? Акамни жуда соғиндим. Эҳ, шу Байрамниям бирга олиб тезроқ келақолсайди. Ҳеч бўлмаса Байрам амаки билан танишардим.

29-Рамазон

Охирида бир аёл кишининг ҳам исмини эшитдим. Арафа? Ажойиб исм экан. Орифа бўлиши керакмасмикан? Келинойимнинг исмига ўхшаб…

«Арафа келяпти, ҳали ҳеч нарсага улгурмадик, ҳамма ерни тозалаб бўлмадик», деганди кеча ойижоним. Бу Арафа хола жуда тозаликсевар шекилли. Яхшигина ташвишланиб қолишди.

Бир Арафа дейишади, бир Байрам, эрталабдан бери тиним билишмаяпти. Тозалаш ишларини тугатиб, дастурхон учун тайёргарлик кўра бошлашди. Тез-тез келиб турсин-эй шу Арафа хола! У ҳам менга ўхшаб ширинликларни яхши кўради шекилли, турли-туман пишириқлар тайёрлашди.

Ойимдан: «Байрам қачон келади?» – деб сўрадим. «Арафадан кейин», – дедилар. Демак, Байрам амаки билан Арафа хола бир-бирига қариндош эмас. Умуман ҳеч нарсага тушуна олмаяпман. Акажоним тезроқ келсалар эди, ҳаммасини тушунтириб берардилар.

Ва Байрам келди!

Ойимнинг айтишига қараганда, бугун Байрам келиши керак эди, демак, акам ҳам келган. Эрталаб уйғонишим билан ошхонага югурдим. Ҳамма чиройли ясатилган дастурхон атрофида нонушта қиларди. Акам, акажоним ҳам кеча кечқурун келибдилар. Мен ухлаб қолган эканман. Хурсандлигимдан хайқириб юбордим. Унинг қучоғига ўзимни отдим, бир-биримизни жуда соғинибмиз.

«Байрам қани?» – деб сўрадим акамдан. «У билан бирга келишингиз керак эдику», – дедим. Ҳамма кулиб юборди.

Кейин бўлган воқеаларни борича акамга айтиб бердим. Мен тўлқинланиб гапирарканман, унинг юзимга қараб жилмаяётганини кўрдим. «Яхшиям опамга айтмаганим», дедим ўзимга-ўзим. Акам жилмайган жойда опам қаҳ-қаҳа отиши тайин.

Ҳафа бўлганимни кўриб, акам бир бошдан ҳаммасини тушунтириб берди, бу сафар мен ўзимни кулгудан тўхтата олмадим.

Акам бу воқеани ёзиш учун мендан изн сўради. Мен рози бўлдим. Сиз ўқиган кундалик мана шундай пайдо бўлди. Акам бунга «5 ёшли боланинг Рамазон синдроми» деб ном қўйишини айтди. Тўғриси синдром нималигини тушунмадим. Майли, акамга ишонаман.

Лекин, байрамни жуда ҳам яхши кўриб қолдим. Лекин опам яна ўша шаддод ҳолига қайтишини ўйлаб, Рамазоннинг кетганидан роса ҳафа бўлдим.

Қанийди, ҳар кунимиз Рамазон бўлса! Қандай яхши бўларди-а?!

Манба: Fitrat.uz

Шахноза Олимбой қизи таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Fir`avn Muso alayhissalomni o`ldirmoqchi bo`ldi. .Shunda Fir`avn xonadonidan bo`lgan, o`zining iymonini yashirib yuradigan bir mo`min kishi o`rnidan turib dedi.Bir kishini .mening Parvardigorim Allohdir, degani uchun o`ldirurmisizlar, holbuki u sizlarga Parvardigoringiz tomonidan aniq hujjatlar давоми...

4133 17:00 / 10.04.2022
Ey, farzandRasululloh sallallohu alayhi vasallam marhamat etadilar.Sevimli sahobalarim Qiyomatga qadar keladigan ummatlarim Tongda to`shagingizdan turarturmas shu duoni o`qing.Subhanallohi va bihamdihi subhanallohil aziym,.O`sha kuni kechgacha qilgan gunohingizni Alloh kechiradi,.Bir boshqa hadisi давоми...

41499 10:00 / 15.12.2018
Alloh taolo Bani Isroilni kitobsizhidoyatsiz qavmlar kabi adashibuloqib ketishni istamadi. Ularni ko`r tuyadek tentirab yuradigan ummatlardek bo`lib qolishdan asramoqni iroda etdi. Alloh taolo Muso alayhissalomga poklanib 30 kun ro`za tutishni, so`ngra Tur tog`iga kelishni buyurdi. Alloh taolo Tur давоми...

1718 19:00 / 22.11.2022
Ey, farzand Tongda o`rnidan turayotgan kishi, avval o`ng yoniga qaraydi va ushbu duoni o`qiydi .Bismillahi va billahi va tavakkaltu alallohi. La havla va la quvvata illa billahil aliyyil aziym,. Ko`ylak kiyayotganda .Bismilloh,ni aytib, avval o`ng qo`lni, keyin chap qo`lni yengdan o`tkazadi. Boshqa давоми...

3456 13:44 / 24.10.2018
Аудиолар

135185 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55453 14:35 / 11.08.2021