1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазон: Бухоро вилояти «Чор Бакр» жоме масжиди имом хатиби Азизхўжа домла билан суҳбат

11:04 / 14.05.2020 1993 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Маълумки, Рамазон ойи ойлар орасида энг фазилатлисидир. Шундай экан, бу ойнинг файзу баракотидан баҳраманд бўлиш учун алоҳида тайёргарлик кўрган афзал. Ана шу тайёргарлик нималардан иборат бўлиши керак?

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн! Вассолату вассаламу ъалаа хойри холқиҳи Муҳаммадин ва ъалаа алиҳи васҳабиҳи ажмаъин.

Келаётган ойлар султони, фазилатли ва баракотли онлар сарвари, моҳи шарифи Рамазон ҳаммаларимизга муборак бўлсин! Моҳи шарифи Рамазон, рўза, таровеҳ, ундаги ибодатлар барчамиз учун савоблар йиғиш, тақво, комиллик сари интилиш йўлидаги пиллапоядир. Илоҳо, мана шу лаҳзалардан унумли фойдаланмоғимизни Аллоҳ таоло ҳаммамизга насибу муяссар айласин!

Парвардигори олам марҳамат қилганидек, бу ой тақвога ундовчи, муттақийлар даражасига кўтарувчи фурсатдир. Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Шундай ой келдики, Аллоҳ таоло у ойнинг рўзасини сизларга фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар занжирбанд қилинади», (Аҳмад ва Насоий ривояти) дейилган.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу  алайҳи васаллам жаннат эшикларининг очилиб, дўзах эшикларининг ёпиладиган, шайтонларнинг занжирбанд бўладиган мана шу фурсатдан фойдаланиб қолинглар деган мақсадда бизга хабар берганлар. Рамазон ойида шундай фазилатлар бор экан, Рамазондан олдин унга тайёр ҳолатда кириш керак. Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом намозга югуриб, шошилиб, ҳансираб эмас, хотиржам келинглар деганлар. Демак, Рамазон ойига ҳам банда моддий, маънан, жисмонан – ҳар томонлама хотиржам бўлиб кириб бориши керак. Бунинг учун илк кун, илк соатларидан бошлаб ҳар бир лаҳзасининг қадрига етиш талаб этилади. Чунки намозга шошилиб келган киши намознинг биринчи ракъатининг баъзи арконларини шошмашошарлик билан ўтказиб юборади. Рамазонда ҳам мана шу ҳолат такрорланмасин, Рамазонга тайёргарлик билан кириб борсин. Тобеъинлар: «Рамазонгача олти ой Рамазонни кутар эдик, Парвардигор бизни Рамазонга етказ деб Аллоҳдан дуо қилиб сўрар эдик. Рамазонга етгач олти ой рўзамизни қабул эт, деб Аллоҳдан илтижо қилиб сўрардик», деб марҳамат қиладилар.

– Рамазон ойида қилинган эзгу амалларга бошқа вақтда қилинган амалларга нисбатан кўпроқ савоб берилади. Шунинг учун улуғларимиз бу ойда кўпроқ қайси амаллар билан машғул бўлишар эди?

– Дарҳақиқат, Рамазон ойидаги эзгу амалларнинг бошқа вақтларда қилинадиган савобли ишлардан фарқи бор. Аллоҳ таоло инсонга бир қанча фурсат берди, баъзан ой, баъзан вақт, баъзида эса шахс сабабидан фазилатлар ато этиб, мусулмонларга янада кўпроқ савобга эришишларини истади. Масалан, ота-онага қилинган яхшилик бошқага қилинадиган яхшиликнинг фарқи бор, Каъба ёки Равзаи муборакда адо этилган ибодат бошқа жойлардагига нисбатан ажралиб туради. Фақир ва муҳтожга берилган ёрдам ҳам бошқага кўрсатилган ёрдамдан фарқ қилади. Аллоҳ йўлида дин арконлари илмини ўрганишни ҳам шундай дейиш мумкин. Худди шунингдек, Рамазондаги ибодат ҳам бошқа ойда қилинган ибодатдан фазилатлидир. Хайрли иш йўлида мусобақалашувчилар мана шундай имкониятни қўлдан чиқазмаслик пайида бўлишади.

Рамазондаги илк адо этиладиган ибодат рўза тутишдир. Бу ибодатни Аллоҳ таоло фарз қилган, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларида таъкидлаганлар, уммат ижмоъ қилган. Шунинг учун инсон бу ойда ҳар қанча хайру эҳсон қилган, ҳар қанча хатм қилса, лекин ҳеч қандай узрсиз рўза тутмаса, бари бекордир.

Иккинчи эътибор беришимиз керак бўлган ибодат Қуръон ўқиш. Аллоҳ таоло Қуръонни ушбу ойда нозил қилганини айтиш билан бунга ишора қилган. Аввали салафи солиҳлар ҳам ушбу ойда таълим, таълиф ва тадаррисни тўхтатиб, Қуръон ўқиш, ёдлаш, такрорлаш билан машғул бўлишар эди.

Алҳамдулиллаҳ, юртимиз масжидларида ҳам таровеҳ намозларида хатми Қуръонлар қилинади. Хатм қилишга имконимиз бўлмаса ёки Қуръон ўқишни билмасак, албатта, бу хатми Қуръонларга иштирок этиб, бизга берилган имкониятдан фойдаланиб қолишимиз керак. Уламолар: «Мўмин-мусулмон лоақал бир йилда камида бир марта Қуръонни ўқиб чиқиши ёки эшитиши лозим», дейишади.

Рамазони шарифдаги яна бир савоб иш умматга азал-азалдан одат бўлган молнинг закотини чиқариш, камбағал, йўқсил, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг дуоларидан баҳраманд бўлишдир. Ҳадиси шарифда ижобат бўладиган дуолардан бири рўзадорнинг дуоси, хусусан, ифтор пайтдаги дуо экани айтилган.

– Рамазон ойидаги фазилатли амаллардан бири бу рўзадорларга ифторлик қилиб беришдир. Бунда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида ҳам бизга насиҳат қилсангиз, илтимос.

– Саҳарлик ва ифторлик Рамазон ойидаги хислатли амаллардан биридир. Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом бунга тарғиб қилганлар. Шунингдек, рўзадорларга ифторлик қилиб бериш фазилати ҳақида ҳам у зотдан ҳадислар ворид бўлган. У зот: «Кимки бир рўзадорга ифторлик берса, Аллоҳ таоло рўзадорнинг рўзасига қанча савоб берса, ифтор берганга ҳам шунча ажр берилади», деганлар. Ифтор бергувчи саховат соҳиблари мана шу даражотларга эришадилар. «Ҳар бир жойнинг ўз гапи бор», деганларидек, ифтор бераётганда аввало ихлосу ният бўлиши керак. Нима учун ифторлик беряпти? Ифторлик беришининг боиси нима? Аллоҳнинг розилиги бўлиши керак. Ояти каримада: «Сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун таомлантирамиз ва сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламаймиз» (Инсон сураси, 9-оят), дейилади.

Ифтор беришдан мақсад Аллоҳнинг розилигини топиш, мўмин-мусулмон бандаларни хурсанд қилиш бўлиши керак. Бунда исрофга йўл қўймаслик ҳам жуда муҳим. Пайғамбар алайҳиссаломнинг, мўминларнинг одати шу. Мўмин ҳар бир нарсада меъёрни билади. Ундан ташқари, ифтор бераман деб ўзининг ҳам, аҳли хонадоннинг ҳам ибодатига халал бермаслик керак. Мана шунинг учун «Ҳар бир нарса ҳаддидан ошса, зиддига айланади» қоидасига мувофиқ, ифтор дастурхони ҳам меъёрида тузалса, жуда чиройли бўлади. Ифтор дастурхонида шундай овқатларни танламоғимиз даркорки, ифтордан кейинги ибодатлар – таровеҳ ва кечқурунги таҳажжуд намозларини адо этишга имкон берсин. Бизларга қувват бўлсин, оғирлик эмас. Мана шу нарсаларни эсдан чиқармаслик керак, солиҳларимиз мана шу йўлда бўлишган. Шунингдек, уларнинг мақсади Рамазондан саҳарлик ва ифторлик эмас, тоат, ибодат бўлган.

– Домла, ўтган солиҳларимиз таровеҳ намозига қанчалар эътиборли эдилар? Шуларни билсак, шояд, таровеҳ намозини адо эдишга рағбатлансак.

– Шарофатли Рамазон ойи мукаммал тарбия ойидир. Кундузи одам рўза тутади, бошқа вақтда мубоҳ бўлган ейиш-ичиш каби амаллардан тийилади. Рўзадор одам рўзадорлигини ҳар лаҳза сезиб туриши керак. Ана шундай шаклга келган одамга Қуръон ярашади. Кечқурун таровеҳда Қуръон ўқийди, Қуръон билан безанади. Кундузи барча ёмонликлардан холи бўлиб, ўзини ниҳоятда ҳушёр тайёрлагандан кейин Аллоҳ таоло «Инсонлар учун ҳидоят» дея таърифлаган Қуръони Каримни тинглаб, жисму жонига сингдиради. Рамазон мана шундай мукаммал ой. Кундузи билан кечқурун яхлит бўлиб, инсонни тарбиялайдиган ой. Қулоқлар, кўзлар, тиллар ёмондан тийилган, покиза қалб, кўз, қулоққа Қуръон синггади, малҳам бўлади. Ер ҳам то етилмаса, суғорилмайди. Ботқоқ суғорилмайди, ер етилгандан кейин суғорилса, унга шифо бўлди.

– Раҳмат, домла. Аллоҳ рози бўлсин!


Ғиёсиддин Юсуф суҳбатлашди

4 (13)-сон Ҳилол журналидан олинди



Манба
«Hilol-nashr» нашриёти
Мавзуга оид мақолалар
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Табук ғазотида Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига, теридан қилинган қубба остига келдим. Бас, у зот .Қиёматдан давоми...

3866 11:00 / 09.06.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Аллоҳ таоло ажалини кечиктириб, ёшини то олтмиш йилгача етказган кишига давоми...

4482 11:20 / 15.01.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.Айт .Менга ваҳий қилиндики, албатта, жинлардан бир неча нафари қулоқ осдилар ва дедилар .Биз ажойиб Қуръонни давоми...

2211 15:35 / 20.10.2019
Валид ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Жобирдан ривоят қилади .Абу Абдурраб Дамашқнинг бойларидан эди. Бир куни у тижорат қилиш учун Озарбайжон томонга йўлга давоми...

1954 11:36 / 28.11.2020