1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шундай зиёфатлар борки, у ерда инсонлар гўшти ейилади

17:00 / 21.04.2022 3001 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иймон инсон табиатини йўққа чиқармайди, аксинча уни тарбиялайди. Иймон инсоннинг ғаризаларини йўқотмайди, аксинча уларни тартибга солади. Ўғли ғарқ бўлаётганида Нуҳ алайҳиссаломдаги оталик туйғусини иймон олиб ташламаган эди. Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳдан ўғлини қутқаришини  сўраганида Аллоҳ уни бундан ман қилган эди. Шундан сўнг Нуҳ алайҳиссалом жим бўлган эди!

Жоҳилият даврида қаттиққўл ва шиддатли бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу исломда ҳам ўшандай бўлиб қолди. Аммо ботилдаги шиддат ҳақдаги шиддатга айланганида бошқача бўлар экан. Иймоннинг буюклиги мана шундадир!

Инсоннинг иймони қанчалар юксалмасин инсонлик чегарасидан чиқиб кета олмайди. Аёл киши қанчалар иймонли бўлмасин, барибир эрини кундошидан рашк қилаверади. Бунинг иймонга алоқаси йўқ. Бу башариятнинг нафсига алоқадор. Аллоҳ бизни шунақа қилиб яратган!

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирганларида у кишига шундай деб қолдилар:

- Сафийянинг айблари кўп. Унинг бўйи пакана!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Эй Оиша! Шунақанги гапларни гапирдингки, агар буни денгизга аралаштирганингда аралашиб кетар эди!

Яъни, сенинг бу гапларинг денгизни рангини ва ҳидини ҳам бузиб юборар эди, демоқчилар. Аслида Сафийя онамиз пакана аёл эдилар. Оиша онамиз у кишига бўҳтон қилмаяптилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни оғир ғийбат деб ҳисоблаяптилар. Ғийбатнинг таърифи эса: «Биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан гапиришинг!», эди.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Агар мен айтаётган айблар биродаримда бўлсачи?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Агар сен айтаётган нарсалар биродарингда бўлса бу ғийбат. Агар унда бўлмаса бу бўҳтон!

Инсонлар бировни ғийбат қилаётганида буни енгил ҳисоблаб, ғийбатларини ҳақиқат ҳам деб ўйлашади. Гўё ҳақиқат бизга инсонларнинг гўштини ейишга рухсат берадигандек!

Шунақа зиёфатлар борки, у ерда фақат инсонлар гўшти ейилади. Кўнгилни хушлаш учун, сафсатабозлик учун чайнашади!

Улардан фалончининг дини, пистончининг дунёси, бошқа бировнинг обрўси, ҳаёти ҳам қолмайди. Улар гўё одамларни кузатишни вазифа қилиб олишган. Одатда бунақаларни танқид қилмоқчи бўлсангиз қаердан бошлашни ҳам билмайсиз!

Бўҳтонни эса сўраб ўтирманг!

Қизникига келган совчиларга қўшнилар томонидан қилинган бўҳтонлар сабаб қанча-қанча тузиладиган оилалар тузилмасдан қолган. Қиз бечоранинг аслида Юсуф алайҳиссаломни емаган бўри сингари ҳеч қандай айби бўлмаган!

Севимли машғулоти фақатгина одамларнинг ҳаёти ҳақида «фильм» яратиш бўлган баъзи кишиларнинг касофатидан қанча-қанча ризқлар кесилиб қолган!

Кўкси тор, қалби танг инсоннинг «фалончи фақир эмас» деган хабари сабабли садақа қилувчи бойлар қанча-қанча фақирларни садақадан маҳрум қилишган. Аслида ўша қалби тор инсон ўша фақирни фарзандларига нон кўтариб кетаётганини кўриб қолган, ёки қассобнинг олдида ёки кўкатлар сотадиган сотувчининг олдида бир мартагина кўриб қолган эди холос!

Бунақанги бўҳтончилар кишини тириклайин кўмишни исташади!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг Ўзигина давоми...

5807 15:00 / 09.01.2019
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳаммод айтади .Муҳаммад ибн Ҳумайд дунё ҳаётида Аллоҳ учун амал қиладиганлардан бири эди. Ўлимидан кейин уни тушимда кўрдим. Эгнида давоми...

2086 07:10 / 30.05.2019
Тасаввур қилинг Шунча одам қиёмат куни сиздан ҳаққини олишни кутиб, навбатда турса.Биридан қарз олиб, қайтармагансиз, бошқасидан ўғрилик қилгансиз, яна бирига давоми...

3822 11:04 / 10.10.2020
Юрагимиз шайтон ҳар томондан кириб олишга уринадиган қалъадир. У инсон қалбига эгалик қилиш учун турли найрангларга қодир. Аммо нақадар маккор бўлмасин, шайтонни давоми...

20201 14:13 / 30.05.2020