1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Туганмас Рамазон туҳфалари

20:00 / 09.05.2020 2126 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир неча йилдирки, Рамазон ойи келганда ўзбек халқи шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳни ҳар доимгидан ҳам фарқли равишда эсга олиб, у киши билан ўтган Рамазонларни қўмсайди, соғинади. Бу ҳол бежизга эмас, албатта.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг фаолиятини набавий манҳажга мувофиқ олиб боришга бор имкониятини ишга солар экан, Рамазон ойига алоҳида эҳтимом бериш, тайёргарлик кўриш ва ҳар бир фурсатдан унумли фойдаланиб қолишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга ҳаракат қилар эди.

Шайх ҳазратларининг диний фаолиятлари асосоан 1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний бошқармасига раислик қилган кезлардан кўзга ташланди. У киши ўша пайтданоқ Рамазон ойини ўзгача кўтаринкиликда, мусулмон уммати учун илм-маърифат мавсуми ўлароқ ўтказишга алоҳида эътибор қаратган эдилар. Мамлакатнинг чекка ҳудудларига қорилар ва аҳли илмларни юбориб, у ерларда ҳам таровеҳларда хатми Қуръонлар, илмий суҳбатлар ташкиллаштиришга ҳаракат қилдилар. Шу билан бирга, маҳаллий телеканаллар орқали Рамазон суҳабатлари уюштириб, уларда ўзлари бош-қош бўлиб, диний кўрсатувлар тақдим этдилар. Ўзбекистон мустақил бўлгач, Рамазон ва Қурбон ҳайит кунларини мамлакатда дам олиш куни қилиб белгиланиши борасида давлат раҳбарига берган таклифлари инобатга олиниб, ўшандан буён ўзбек халқи бу кунларни расмий байрам тарзида нишонлаб келмоқда.

Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳнинг янги милодий аср бошланиши билан бирга намоён бўлган илмий ҳаракатида ҳам Рамазон ойига алоҳида эътибор қаратилди. У киши ҳар йили ўзбек мусулмонлари учун Рамазон туҳфаси сифатида янги китоб ёки қандайдир бир илмий хизмат тақдим қилишга бел боғладилар. Мисол учун, «Ҳадис ва Ҳаёт» номли ҳадислар таржимасига бағишланган туркум асарнинг «Рўза китоби» илк бор айнан Рамазон олдидан нашр этилган. Шунингдек, «Мўминнинг қалқони» номли рўза фиқҳига оид муфассал рўза китоби ҳам шу муборак ойда ўқувчиларга тақдим қилинган эди.

Ўзбек тилида диний мазмунда иш бошлаган илк виртуал манба ҳисобланган, шайх ҳазратлари асос солган Islom.uz порталида ҳам ҳар йили Рамазон ойини шу мавсумга хос бўлган янги илмий мақолалар, асарлар, аудио-видео дастурлар билан кутиб олиш анъанага айланган. Ушбу хизматлар орқали жуда кўп мусулмонлар Рамазоннинг асл моҳияти, рўзанинг ҳукми, одоблари ва фазилатлари борасида ўзлари учун керакли маълумотларга эга бўлар эдилар.

Шайх ҳазратлари Рамазон ойида ифторлик муносабати билан уюштирилган тадбирларда фаол қатнашиб, у ерда ҳам илмий суҳбатлар қилиб берар, динимиз таълимотларини халққа етказар, саволларга жавоб бериб, одамларга рўзага доир аҳкомларни ўргатиб борар эдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳнинг қиблагоҳи Муҳаммад Юсуф ҳожи домла Андижонга қарашли Булоқбоши туманидаги марказий масжидда 40 йилдан ортиқ имом-хатиблик қилган эди. У кишининг гўзал одатларидан бири ‒ ҳар йили Рамазон ойида масжидда хатми Қуръон ва илмий суҳбатлар уюштиришдан ташқари, Қадр кечасини топиш мақсадида Рамазоннинг 27 кечасини кўпчилик намозхонлар иштирокида саҳаргача ибодат ва мавъиза билан ўтказар эди. У киши 2004 йил вафот этгач, вафодор фарзандлари шайх Муҳаммад Содиқ марҳум отанинг чироғини ўчирмаслик учун кетма-кет уч йил Қадр кечасини болалиги ўтган гўшадаги ана шу қадимий масжидда ўтказиш учун пойтахтдан Булоқбошига келиб, қиблагоҳининг ўрнига илмий суҳбат ва хатми Қуръонларда бош бўлиб турдилар.

Аммо шайх ҳазратларининг Рамазон ойидаги энг катта хизматлари – мамлакатдаги йирик жомеъ масжидларда таровеҳ намози ўртасида қилган илмий суҳбатлари бўлди. Асосан пойтахтнинг энг кўзга кўринган масжидларида бўлиб ўтган бу суҳбатлар минглаб намозхонлар орзиқиб кутадиган илмий мажлисга айланган эди. Рамазон ойи ичида бу илмий суҳбатлар ўтказиладиган 29 масжиднинг рўйхати олдиндан эълон қилинар, бу ирфоний зиёдан баҳраманд бўлиш илинжида мусулмонлар ҳар куни жамоа-жамоа бўлиб, суҳбат бўладиган масжидга ташриф буюрар, масжидлар тўлиб-тошиб, кўчаларга одам сиғмай кетар эди.

Энг асосийси, бу илмий суҳбатларда ҳар йили маълум режа асосида, муайян мавзудаги туркум мавъизалар шаклида бўлар эди. Масалан, 2006-2008 йилларда «Руҳий тарбия» мавзусида туркум суҳбатлар бўлди. Ҳар йилги Рамазон суҳбатларида руҳий тарбиянинг покланиш, тикланиш ва хулқланиш босқичлари ҳақида мавъизалар бўлди.

Шайх жанобларининг ушбу тўқсон кунлик илмий суҳбатлари асосида уч жилдли «Руҳий тарбия» китоби чоп қилинди, маърузаларнинг аудио-видео дисклари ҳам нашр қилинди. Бу суҳбатлар ўлкадаги диний-илмий ислоҳотларда тарихий бурилиш ясади.

Шайх ҳазратларининг Рамазон суҳбатлари халқимиз учун жуда манфаатли туркумга айланган эди. Кейинги йиллардаги суҳбатлар қуйидаги мавзуларда борди:

Анбиёлар қиссаси. Ҳазрат бу суҳбатларда Қуръонда зикри келган 25 пайғамбарниннг тарихи ва сийрати билан таништирганлар (2009);

Ижтимоий одоблар. Мазкур суҳбатлар асосида шу номли китоб таълиф этилган (2012);

2013 йилги суҳбатлар Рамазон туҳфалари деб номланиб, уларда ҳам рўза ибодатига хос бўлган каттаю кичик ҳикматларни, бу ойнинг, бу ибодатнинг фазилатларини ҳалққа етказдилар.

Қалблар Аллоҳнинг зикри ила ором олур. Руҳий тарбия мавзусидаги суҳбатларининг ўзига хос давоми бўлган бу мавъизаларда ахлоқни сайқаллаш бўйича тавсиялар, мўмин киши бажариши матлуб бўлган маъсур зикрлар ва дуолар атрофлича ўргатилди (2014). 

Шайх ҳазратларининг мазкур илмий суҳбатларидаги энг эътиборга молик нуқта шунда эдики, маърузалар фақат Қуръон ва Суннатга мувофиқ бўлиш билан бирга, омма халқ учун ниҳоятда тушунарли услубда, одамларнинг айни пайтдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, жонли тарзда олиб борилар эди. Шу боис, бу суҳбатларни халқ бир йил интиқлик билан кутар, жон қулоғи билан тинглар, аудио-видеоларини қўлма-қўл қилиб тарқатар эди. Шайх раҳматуллоҳи алайҳнинг йил бўйи олиб борган илмий фаолиятлари бир бўлса, Рамазон ойидагиси бир бўлар, мўмин-мусулмонларнинг қалбидан ўзгача ўрин олар эди. Бориб-бориб, мухлис кишилар қалбида Рамазон рўзасига интиқлик ёнида шайх ҳазратнинг Рамазон суҳбатларига бўлган иштиёқ ҳам бўй кўрсата бошлади. Ҳатто муҳаббатли кишилар бу ойни ушбу илмий суҳбатлардан холи тарзда тасаввур қила олмай қолди. Бир сўз билан айтганда, шайх ҳазратлари ўлка мусулмонлари учун Рамазон шукуҳига айланиб қолган эдилар.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бу муваффақиятлар ўз-ўзидан муяссар бўлмаган. Бу йўлда ўзига яраша машаққатлар, турли кўринар-кўринмас тўсиқлар, қаршиликлар ҳам бўлиб турар эди. Баъзан турли важлар билан монелик қилишга урунишлар, баъзида ҳасадгўйликнинг чиркин ҳаракатларидан юзага келган фитналар ҳам бўлиб турар эди. Бироқ, ҳар гал қаршиликдан сўнг натижа аксинча бўлиб, ихлос ила бошланган ишлар вақт ўтиши билан кутилгандан ортиқ самаралар бера бошлади, фитналар барҳам топди. Ҳатто душманлар дўстга, рақиблар сафдошга айланди. Буларнинг барчаси илоҳий иноятдан дарак берар эди.

Бироқ, Аллоҳ белгилаган ризқ, Аллоҳ белгилаган қадар бир нафас ҳам ўзгармас экан. 2014 йилги суҳбатлар шайх ҳазратларининг сўнгги Рамазон суҳбатлари бўлган экан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ 2015 йилги Рамазондан бир неча ой муқаддам фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар. Аллоҳ таоло у зотни Ўз раҳматига олсин.

Ўзбек мусулмонлари шайх ҳазратлари тақдим қилиб келган суҳбатларга шунчалар кўнгил боғлаб қолган эдики, у кишининг вафотидан кейинги илк Рамазонда қалам аҳли тарафидан «Ҳазратсиз Рамазон» деган сарлавҳа остидаги мақолалар битилиб, уларда мухлис мусулмонларнинг шайх ҳазратлари олиб борган суҳбатларига бўлган соғинчлари, армонлари, нолалари акс этди. У кишининг вафотларидан кейин орадан беш йил ўтган бўлса-да, ҳозир ҳам одамлар шайх ҳазрат ҳаётлик пайтларидаги Рамазонни қўмсайди, ўша пайтдаги руҳий ҳаловатни қидиради. Буни уларнинг битиклари, дил сўзларининг изҳорларида яққол кўриш мумкин.

Шайх ҳазратларининг Рамазонга муҳаббатлари ва бу ойдаги хизматлари хулуси ният билан қилинган экан, даргоҳи илоҳийда мақбул бўлган экан. Бугун у зот орамизда бўлмасалар-да, Рамазонларда қилган суҳбатлари ўша пайтдагидан ҳам кенгроқ доирада халқимизга етиб бормоқда. Ўша йиллари бу суҳбатларга турли сабаблар билан бора олмаган, улардан баҳраманд бўла олмай қолган барча юртдошларимиз эндиликда халқимизнинг улкан маърифий меросига айланган бу суҳбатларни оила даврасида тинглаш имконига эга бўлдилар. Бугун у зотнинг Рамазон суҳбатлари мамлакатимиздаги етакчи телеканалларда саҳарлик ва ифторлик пайтларида, эртаю кеч эфирга узатилмоқда. Авваллари бу суҳбатлар фақат масжидларда ва интернет тармоқларида тарқаган бўлса, бугун радио ва телевидение орқали бутун мамлакат бўйлаб, бутун дунё бўйлаб тарқалиб, ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. Фурсатдан фойдаланиб, бу суҳбатларнинг республикамиз телевидениесида эфирга узатилишига бевосита ва билвосита ҳисса қўшган барча азизларимизга бутун ўзбек халқи номидан, барча мўмин-мусулмонлар номидан ташаккурлар айтамиз. Айни пайтда, барчага бу ғанимат имкониятдан тўлиқ фойдаланишни, бу суҳбатларни оила даврасида томоша қилиб, улардаги илм-маърифатни қалбга жой қилишни тавсия қиламиз.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ вафотидан кейин ҳам ўзбекзабон халқлар учун ўзларининг Рамазон туҳфаларини тақдим этишда давом этмоқдалар.

Аллоҳ таоло у зотни Ўз раҳматига олиб, қилган барча солиҳ амаллари, Ислом динига қилган буюк хизматлари учун Ислом уммати номидан беҳисоб ажру савоблар билан мукофотласин, қолдирган жорий сақадақаларини Қиёматга қадар сўнмай, бардавом бўлишини насиб этсин.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

2020 йил 5 май

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Банда бир кун келиб кексайиши бор гап. Аммо кексайиш билан кексайишнинг орасида фарқ бор. Энг яхши кексайиш яхшилик билан яшаб, яхшилик қилиб юриб кексайишдир. давоми...

3825 10:30 / 30.06.2019
Жамиятимизда мўминмусулмонлар амал қиладиган турли хил яхши хислатлар билан бирга зарарли хулқлар ҳам мавжуд. Мусулмон инсон доимо мақталган хислатларни қўлга давоми...

3578 11:40 / 19.07.2019
Доктор Мустафо Маҳмуд дейди .Аллоҳ таоло марака, жангдаги нусратни нафсни устидан нусратга эришиш билан боғлади. Бу ҳақда Ўзининг китобида баён қилиб .Толут аскар давоми...

3573 16:00 / 16.03.2023
Абдуллоҳ ибн Фараж айтади .Бир киши тушида Довуд Тоийни Ҳиро саҳросида юрганини кўриб, .Бу ерда нима қилиб юрибсиз, деб сўрабди. У .Ҳозиргина қамоқдан чиқдим,, деб давоми...

2856 08:00 / 25.04.2020